1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм йўлида тиламчилик қилган зот ёхуд Бақий ибн Махлад

11:00 / 25.06.2019 2811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Абдураҳмон Бақий ибн Махлад Андалусий (хозирги Испания 201-276 ҳ.ж). У киши йигирма ёшида илм талабида Боғдодга пиёда сафар қилади. Унинг бу сафаридан мақсади, буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ билан учрашиб, у кишидан дарс олиш эди.

Бақий ибн Махлад роҳиматуллоҳи алайҳ айтади: Мен Боғдодга яқинлашиб қолган эдим. Тўсатдан, менга Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳнинг бошидан ўтган мусибати ҳақидаги хабар етиб келди. У шундай хабар эдики, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳни уй қамоғида экани ва дарс бериши ман қилиб қўйилгани ҳақидаги хабар эди. Бу хабарни эшитиб қаттиқ ғамга ботдим. Бир мехмонхонани банд қилиб, у ерга матоларимни қўйдим ва шаҳардаги «ал-Жомеъ ал-Кабир» масжидига бордим. Мен масжиддаги дарс ҳалқаларига ўтириб, улар айтаётган ваз-насиҳатларга қулоқ солдим. Бу дарс ҳалқаси эътиборимни тортди. У ҳалқада дарс бераётган киши ҳадис айтувчи замондош ровийлар ҳақида гапираётган эди. Мен ёнимда турган кишидан:

— Бу киши ким?, дея сўрадим. Ёнимда турган киши:

— Бу Яҳё ибн Майн роҳиматуллоҳи алайҳ дея жавоб берди. Мен Яҳё ибн Майн роҳиматуллоҳи алайҳнинг дарс ҳалқаларига бориб у кишига: «Эй Абу Закариё Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Мен бу диёрдаги бир ғариб кишиман. Сизга савол беришга ижозат беринг», деб айтдим. У киши менга: «Сўра» дея жавоб берди. Мен у кишидан менга ҳадис айтган ровийлар ҳақида сўрадим. Саволларимнинг охирида Ҳишом ибн Аммор роҳиматуллоҳи алайҳ ҳақларида сўрадим. Чунки, мен у кишидан жуда кўп ҳадис эшитган эдим. Шунда Яҳё ибн Майн роҳиматуллоҳи алай: «Абу Валид Ҳишом ибн Аммор намози кўп бўлиб, Дамашқнинг энг ишончли кишиларидандир. Фаразан, ридоларининг остида заррача кибри бўлганида эди, ҳаргиз у кибри қилган яхшиликлари ва фазлларининг олдида бирор нарсада зарар бера олмас эди», деб сифатлаб берди. Шу пайт ҳалқа орасидан бир киши қичқириб:

«Аллоҳ сени раҳмат қилгур, сендан бошқаларнинг ҳам саволлари бор» деди.

Мен яна: «Мен узоқ жойдан пиёда келган бир ғариб инсонман яна бир киши ҳақида сўрайман, у ҳам бўлса Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ ҳақларида?» дедим.

Яҳё ибн Майн роҳиматуллоҳи алайҳ менга таажжуб билан назар солиб: «Бизга ўхшаган кишилар Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ ҳақларида гапиришга ожиз. Чунки, у киши мусулмонларнинг имоми, уларнинг яхшиси ва фазилатлисидир», деди.

Масжиддан чиқиб, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳнинг уйларини суриштириб топиб бордим. Эшигини таққиллатдим. У зот эшикларини очдилар ва эшикни олдида турган мен ғарибга назар солдилар. Чунки, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ мени танимас эдилар. Шунда мен Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳга:

«Эй Абу Абдуллоҳ мен бу шаҳарга биринчи маротаба келган бир ғариб одамдурманки, сизнинг олдингизга ҳадис ўрганиш учун келдим», дедим.

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ менга:

«Ичкарига кир, сенга бирор кимсанинг кўзи тушиб қолмасин» деди ва сўзларида давом этиб:

«Қаердан келдинг?» деб сўради.

Мен: «Мағрибдан» дея жавоб бердим.

У зот яна: «Африкаданми (ифриқийя)» дея сўради.

Мен: «Унданда узоқроқ бўлган Андалусдан» дея жавоб бердим.

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ: «Манзилинг узоқ экан. Менга сенга ўхшаган толиби илмларга дарс беришданда бахтли иш йўқ. Аммо, мени бошимдаги мусибатдан хабаринг бўлса керак» деди. Мен У зотга: «Бўлган ишларни шаҳарга келгандан сўнг билдим. Аммо бу ерга фақат сиздан ҳадис эшитиш учун келдим» дедим ва яна Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳга: «Эй Абу Абдуллоҳ, мен бу шаҳарда янгиман. Мени ҳеч ким танимайди. Агар изн берсангиз ҳар куни уйингизни олдига тиламчи кўринишида келиб, тиламчи нима сўзларни айтадиган бўлса, мен ҳам шу сўзларни айтаман. Сиз мени олдимга чиқиб, битта бўлса ҳам ҳадис айтиб берсангиз бўлди» дедим. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ менга айтиб берадиган ҳадисларини дарс ҳалқаларида ва ҳадис асҳобларининг хузурида хозирча айтмаслигим шарти билан рози бўлди. Мен ҳам рози бўлдим. Қўлимга ҳасса, бошимга латта ўраб, енгимга қоғоз пулларни солиб олдим. Шу холатда Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳнинг эшикларини олдига бориб:

«Аллоҳ сизга раҳим қилсин, садақа беринг?», дея қичқирдим. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ мени олдимга чиқиб, ховлини эшигини одамлар шубҳаланмаслиги учун ёпиб қўйди. Менга иккита, учта ва бундан ҳам кўпроқ ҳадис айтиб бердилар. Шу тариқа ҳадис дарси давомий бўлиб, мен у кишидан уч юзга яқин ҳадис жамладим. Вақтлар ўтиб Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳнинг бошларига келган бало даф бўлди. У киши озодликка чиқдилар ва номлари яна улуғликда бўлди. Мен қачон у кишининг дарс ҳалқаларига борсам, дарсларини тўхтатиб, менга ўзларининг олдиларидан жой берар эдилар ва мен ҳақимда ҳадис асҳобларига:

«Мана бу кишини толиби илм деса бўлади» деб, у кишидан ҳадис ўрганган қиссамни айтиб берар эди. Кунларнинг бирида бир оз тобим қочиб дарс ҳалқасига бора олмай қолдим. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ мени дарс ҳалқасида йўқлигимни кўриб, мен ҳақимда сўрабди. Мени бетоб бўлиб қолганим ҳақидаги хабарни билгач, барча асҳоблари билан мени кўргани келаётган эди. Мен хонамда бетоб бўлиб ётар эдим. Шу пайт мехмонхона шовқун-сурон бўлиб кетди. Қулоқ солсам, мехмонхонадаги инсонлар:

«У ким? Қаранглар, бу ахир мусулмонларнинг имоми Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ биз томонга қараб келяпти», дея қичқиришар эди. Шу пайт мени олдимга мехмонхона ходими кириб:

«Эй Абу Абдураҳмон, мусулмонларнинг имоми Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ сени кўргани келяпти» деб огоҳлантирди. У хонамга қириб, бош томонимда ўтирди. Хонам у кишининг асҳобларига тўлиб кетди ва ҳатто бир қанча кишилар меҳмонхона ташқарисида қолиб кетдилар. Уларнинг қўлларида қаламлари бўлиб, имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳнинг сўзларини ёзиб турар эдилар.

Шу пайт у киши менга: «Эй Абу Абдураҳмон, Аллоҳнинг савобидан ҳушхабар бераман. Саломатлик кунларида касаллик йўқдир, касаллик кунларида эса, саломатлик йўқдир.

Изоҳ: Яъни инсон саломат бўлиб юрган пайтида касал бўлиб қолиш ҳақида ҳеч ҳам ўйлаб кўрмайди. Ўзининг орзулари оғушида маст бўлиб юраверади. Тўсатдан касаллик келиб қолганда эса, тушкунликка тушиб қолади ва ношукр бўлишни бошлайди.

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ бу сўзларини Аллоҳ таолонинг Каломидан иқтибос қилиб келтирган эди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни (роҳатни) тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур. Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта (инсон): «Мендан ёмонликлар кетди» дейдир. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир. Магар сабр қилганлар ва яхши амал қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор» (Ҳуд сураси, 9-10-11 оятлар).

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳиматуллоҳи алайҳ дуои хайрлар қилиб чиқиб кетгач, меҳмонхона аҳли менга илтифотли бўлиб қолдилар. Мени хизматимда қоим бўлдилар. Бирлари ўзининг тўшагини олиб келса, бирлари ўзи яхши кўрган нарсаларини олиб келар эди. Бу эҳтиромнинг барчаси, Аллоҳ азиз қилган бир инсоннинг мени касаллик ҳолимда кўргани келишлари сабаб бўлди.

Маълумот ўрнида Бақий ибн Махлад 276-ҳижрий санада Андалусда вафот этган.

Хулоса: Ҳа азизлар, илм жуда катта машаққатни талаб қилади. Гувоҳи бўлдикки, Бақий ибн Махлад ҳадис илмини ўрганиш учун қанча машаққатни бошидан ўтказди ва ҳатто тиламчи бўлишга ҳам рози бўлди. Шундай экан, биз аҳли илмларимизни хурматида қоим бўлайлик. Уларни илм йўлида чеккан машаққатлари Аллоҳ таолонинг Ўзигагина аёндир. Улар Аллоҳнинг динини сиз-у бизга тўғри етказишда асосий сабабчилардир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят).

Азизлар уларни бехурмат қилиб қўйишдан сақланайлик! Чунки, улар дуолари ижобат бўлишга яқин зотлардир.

Элёр Эркинбек таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Бир киши Муовиянинг эшигига келиб, унинг хизматкорига .Муовияга айт, туғишган акаси келди,, деди. Хизматкор .Халифанинг сендақа акаси йўқ,, деяётган эди, Муовия буни давоми...

1706 08:00 / 10.11.2020
Абу Жаъфар Варроқнинг набираси бор эди. Унинг исми Салима бинт Жаъфар бўлган. У бобосидан китобга меҳрни, ўқишга муҳаббатни ўрганди. Унга бобосидан жуда катта давоми...

2228 11:00 / 10.08.2020
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади .... Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилинглар,, Ҳаж сураси, 28оят. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу .Маълум давоми...

5092 15:00 / 02.07.2022
Аллоҳ таоло дейдиquotУлар жаннатларда ипак шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб...quot Қаҳф, 31.quotЛибослари эса ҳарир ипак бўлурquot Ҳаж, 23.Барро ибн Озиб давоми...

3804 21:00 / 30.11.2018