Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун кўплаб яхшиликларнинг манбаидир. Ота-онага яхшилик қилиш ила эришиладиган яхшиликлар бу дунё ва охиратнинг яхшиликларидир. Жумладан, фарзанд ота-онага яхшилик қилиш орқали гуноҳларининг мағфират қилинишига эришиши мумкинлигини ушбу ҳадиси шариф ва ривоятлардан билиб олинади.
عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ قَالَ: صَعِدَ رَسُولُ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ذَاتَ يَوْمٍ الْمِنْبَرَ فَلَمَّا وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الدَّرَجَةِ قَالَ: «آمِين»، ثُمَّ وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الثَّانِيَةِ فَقَالَ: «آمِين»، ثُمَّ وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الثَّالِثَةِ فَقَالَ: «آمِين»، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْ خُطْبَتِهِ وَنَزَلَ ذَكَرُوا ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ: «إِنَّ جِبْرِيلَ اسْتَقْبَلَنِي حِينَ وَضَعْتُ رِجْلِي عَلَى الدَّرَجَةِ الأُولَى فَقَالَ: مَنْ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ أَوْ أَحَدَهُمَا فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ فأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِين، فَقُلْتُ: آمِين. فَلَمَّا صَعِدْتُ إِلَى الثَّانِيَةِ قَالَ: مَنْ أَدْرَكَ شَهْرَ رَمَضَانَ فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ فَأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِين، فَقُلْتُ: آمِين. فَلَمَّا صَعِدْتُ إِلَى الثَّالِثَةِ قَالَ: وَمَنْ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْكَ فَأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِين، فَقُلْتُ: آمِين».
Саъид ибн ал-Мусайябдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир куни минбарга чиқдилар. Поғона оёқларини қўйганда «Омийн» – дедилар. Оёқларини иккинчи поғонага қўяётиб яна «Омийн» – дедилар. Учинчи поғонага оёқларини қўяётиб яна «Омийн» – дедилар.
Хутбаларини тугатиб, тушганларида у зотга ўшани зикр қилишди. Бас, у зот:
«Жаброил биринчи поғонага оёғимни қўяётганимда рўпарамга келди-да: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини топса-ю, уни мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» – дегин», – деди. Бас, «омийн» – дедим.
Иккинчи поғонага кўтарилганимда:
«Ким Рамазон ойини топса-ю, уни мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» – дегин», – деди. Бас, «омийн» – дедим.
Учинчи поғонага кўтарилганимда:
«Кимнинг ҳузурида сен зикр қилинсанг-у, у сенга саловот айтмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» – дегин», – деди. Бас, «омийн», – дедим».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмон киши гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан учтаси ҳақида сўз бормоқда. Гуноҳсиз банда бўлмас. Ҳамма ҳам гуноҳларининг мағфират қилиниши йўлларини ахтариб юради. Мазкур йўллардан учтаси ушбу ривоятда зикр қилинмоқда.
1. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиб, дуоларини олишдир. Бу ҳақиқатни ҳадиси шарифдаги қуйидаги жумла ифодалайди.
«Ким ота-онасини ёки улардан бирини топсаю, уни мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».
Ота-онанинг иккови бўлса, яхши, бири ўтиб кетиб, бири қолган бўлса ҳам, яхши. Уларнинг дуоларини олиб, фарзанд ўзининг гуноҳлари мағфират бўлишини таъминлаб олиши керак.
Агар шу ишни қилмаса, ота-онаси ёки улардан биттаси бўла туриб уларнинг розилигини ва дуосини олиб гуноҳлари мағфират қилинишига эриша олмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзидан узоқ қилар экан.
2. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири Рамазон рўзасини ихлос билан тутиб, у ойнинг ибодатини қилиб, баракотидан фойдаланиб қолишдир:
«Ким Рамазон ойини топсаю, уни мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».
Рамазон ойи ҳам ҳар бир банда учун гуноҳларидан тозаланиб оладиган қулай бир фурсат. Рамазон келса-ю, гуноҳлари мағфират қилинишига астойдил ҳаракат қилмай ҳар хил ҳолда ўтган бўлса, у одам ҳам катта бир бахтдан, саодатдан маҳрум бўлади, Аллоҳдан узоқлашган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», – дедилар».
Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган. У: «ва қолганлари ҳам»ни зиёда қилган.
3. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдир. Бу ҳақиқатни ҳадиси шарифдаги қуйидаги жумладан тушуниб олиш мумкин:
«Кимнинг ҳузурида сен зикр қилинсанг-у, у сенга саловот айтмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».
Набийимиз алайҳиссолату вассалломнинг исми шарифлари ўқилганда, эшитилганда «соллаллоҳи алайҳи вассалам» деб саловот айтиш керак.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарга чиқиб хутба қилганлари.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётганларида ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келганлари.
3. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етказиб туриб «омийн» – дейишни амр қилганлари.
4. Катта кишилардан одатдан ташқари иш ёки гап содир бўлса, нима учунлигини сўраш мумкинлиги.
5. Ким ота-онасини ёки улардан бирини топса, уларни рози қилиб гуноҳларининг ювилишига эришиши кераклиги.
6. Ким Рамазон ойини топса, унда ихлос билан ибодат қилиб гуноҳларининг мағфират қилинишига эришишга ҳаракат қилиш лозимлиги.
7. Кимнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у ул зотга саловот айтиши кераклиги.
8. Мазкур ишларни қилмаганлар зиддига Жаброил алайҳиссалом дуо қилганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «омийн» – деганлари.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китобидан