1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илмни ёзиб бориш ҳақида

16:10 / 13.03.2019 2906 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

II боб

Фақиҳ Абу Лайс раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Баъзи инсонлар илмни китобат қилишни макруҳ санашади. Аммо илм аҳлининг кўпчилиги мубоҳ дейишган. Макруҳ деган кишиларнинг ҳужжати Ҳасан Басрий ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, яҳудий ва насоролар баъзи ривоятларни айтишади. Уларнинг айримларини ёзиб олайликми?» деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга қарадилар, юзларида ғазаб билиниб турарди, сўнг: «Яҳудий ва насоролар боши берк кўчага кириб қолганидек, сизлар ҳам қийин аҳволга тушмоқчимисизлар? Мен сизларга оппоқ пок йўлни келтирдим. Агар Мусо тирик бўлганида, албатта менга эргашган бўларди», дедилар».

Ато ибн Ясор Абу Саид Ҳудрийдан ривоят қилади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан илмни ёзиш ҳақида изн сўраганларида, Расулуллоҳ изн бермаганлар».

Ибн Муслим айтади: «Ибн Аббос ёзишдан қайтариб: «Сизлардан олдинги қавмлар китобат сабабли адашдилар», деб айтардилар.

Ибн Абу Довуд отасидан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳоби у зотнинг ҳузурига келиб: «Сиздан илм ёзиб олган эдик, кўрсатайликми? Бизга баён қилиб берсангиз», дейишди. Абдуллоҳ: «Хўп», дедилар. Кейин китобни кўрсатишганида, китобни олдилар ва уни сув билан ювиб, қайтариб бердилар».

Фақиҳ айтадилар: «Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бундай қилишларига сабаб, улар агар китоб ёзишса, ёзувга суяниб қолиб, ёдлашни ташлаб қўядилар. Тушунмаган одам китобга мурожаат қилади. Натижада, уларнинг илми йўқолиб кетади. Чунки китобда ортиқча нарсалар ҳамда камчилик бўлади. Шунингдек, китобга қўшиш ва ундан камайтириш мумкин. Ёд олинган нарсани ўзгартириш мумкин эмас. Чунки ёд олган киши билганини гапиради. Китобдан ўрганган киши ёд олмасдан, гумон билан хабар беради».

Китобат – ёзиш жоиз деган кишиларнинг ҳужжати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоби ичида мендан кўп ҳадис билгани йўқ, магар бўлса ҳам, Абдуллоҳ ибн Амрдир. Чунки у ёзиб оларди, мен эса ёзмас эдим».

Ибн Журайж ибн Маърур айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар: «Эй Расулуллоҳ, биз сиздан ҳадисларни эшитамиз, уни ёзиб борайликми?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Мен: «Хурсанд ва ғазабланган пайтингизда ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, чунки мен иккала ҳолатда ҳам фақат ҳақни гапираман», дедилар».

Муовия ибн Ҳурра: «Кимки илмини ёзмаса, унинг илмини илм ҳисобламайман», деб айтардилар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида хабар бериб айтадики, Мусодан аввалги қабилалар ҳақида сўрашганида, шундай деб жавоб берганлар: «(Мусо) айтди:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ

«У: «Уларнинг илми Роббимнинг ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас» (Тоҳо сураси, 52-оят).

Рабийъ ибн Абу Анийс боболари Зайд ва Зиёдлардан ривоят қилади: «Улар иккаласи Сулаймон ибн Абдулмаликникига кечаси келишди. У туни билан ҳадис айтди, иккаласи ёзиб боришди».

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо: «Сизлардан биронтангиз бу илмни ёзишдан ожиз қолмасин. Чунки ёзмасликда зарар бордир. Агар ёзмаса, илм ундан кетади. Агар ёзиб олса, эсидан чиққанида мурожаат қилади», деганлар. Бу гап қуйидаги ҳикояга ўхшайди: «Имом Бу Юсуф Имом Муҳаммадни илмни ёзишда айбладилар. Шунда Имом Муҳаммад: «Мен илмнинг кетишидан қўрқдим, чунки аёллар Абу Юсуфни қайта туғмайдилар», дедилар. Дарҳақиқат, мусулмонлар илмни китобат қилишни бир-биридан мерос қилиб олди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳ ҳузурида яхшидир. Мусулмонлар ёмон деб билган нарса Аллоҳ наздида ҳам ёмондир», дейдилар. Яна айтадиларки: «Менинг умматим залолат устида жамланмайди». Чунки мусулмонлар илмни бир-биридан мерос қилиб олгани сабабли тутилажак йўл дадиллар билан тасдиқланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Асҳобларим ёрқин юлдузлар кабидир, қай бирига эргашсанглар, ҳидоят топасизлар».

Нофиъ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу илмни ҳар бир бою камбағалдан, каттаю кичикдан ёзиб олинглар, ким илмни илм соҳибининг камбағаллиги ёки ёши ўзидан кичиклиги сабабли тарк қилса, жойини дўзахдан тайёрлаб қўйсин», дедилар».

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мўмин киши биродарининг кўзгусидир. Унда бир айбни кўрса, тўғрилайди,.Шарҳ Мўминмусулмонлар бирбирларига кўзгу давоми...

3501 19:00 / 20.02.2019
Усайд ибн Абу Усайддан, у онасидан ривоят қилинади.Абу Қатодага.Сенга нима бўлган ўзи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтган одамларга ўхшаб давоми...

2442 19:10 / 11.06.2019
Исломнинг иккинчи мўътабар масжиди .МасжидунНабий, Пайғамбар масжиди Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2952 11:30 / 23.09.2019
Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир. Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида марҳамат қилади .Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар давоми...

4232 16:10 / 30.10.2018