1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Мушрик онага силаи раҳм қилиш

15:39 / 01 июль 1001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги тарғиботлар кўп бўлганидан кейин, бу мавзулар бўйича саволлар ҳам кўпайиши турган гап. Ота-онага яхшилик қилиш шунчалар муҳим иш бўлса, бу гап ҳар бир ота-онага тегишлими ёки орада фарқ борми, деган савол пайдо бўлиши табиий. Мисол учун, ота-она мусулмон бўлмаслиги ҳам мумкин. Мусулмон фарзанд мусулмонмас ота-онага ҳам яхшилик қилиши шартми? Агар шарт бўлса, унинг чегараси борми?

عَنْ مُصْعَبِ بْنِ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: نَزَلَتْ فِيَّ أَرْبَعُ آيَاتٍ مِنْ كِتَابِ اللهِ: كَانَتْ أُمِّي حَلَفَتْ أَنْ لَا تَأْكُلَ وَلَا تَشْرَبَ حَتَّى أُفَارِقَ مُحَمَّدًا، فَأَنْزَلَ اللهُ: ﮋﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙﮊ. وَالثَّانِيَةُ: أَنِّي أَخَذْتُ سَيْفًا، فَأَعْجَبَنِي، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَبْ هَذَا لِي، فَنَزَلَتْ: ﮋﭑ ﭒ ﭓﮊ. وَالثَّالِثَةُ: أَنِّي مَرِضْتُ، فَأَتَانِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُقَسِّمَ مَالِي فَأُوْصِيَ بِالنِّصْفِ؟ قَالَ: «لَا». قُلْتُ: فَالثُّلُثُ؟ فَسَكَتَ وَكَانَ الثُّلُثُ جَائِزًا. وَالرَّابِعَةُ: إِنِّي شَرِبْتُ الْخَمْرَ مَعَ قَوْمِ مِنَ الْأَنْصَارِ، فَضَرَبَ رَجُلٌ مِنْهُمْ أَنْفِي بِلِحَي جَمَلٍ، فَأَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَحْرِيمَ الْخَمْرِ.

Мусъаб ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан ривоят қилади:

«Мен ҳақимда Аллоҳнинг Китобида тўртта оят нозил бўлган.

Биринчиси: Онам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тарк қилмагунимча емаслик ва ичмасликка қасам ичган эди. Аллоҳ «Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик… Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма! Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил»ни нозил этди.

Иккинчиси: (жанглардан бирида) бир қилични олиб, уни ёқтириб қолдим. Кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули, шуни менга беринг», дедим. Шунда «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» нозил бўлди.

Учинчиси: бемор бўлдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсим қилмоқчиман. Ярмини васият қилайми?» дедим. «Йўқ», дедилар.

«Учдан бирини-чи?» дедим. Сукут қилдилар. Ва учдан бир жоиз бўлди.

Тўртинчиси: ансорийларнинг бир қавми билан хамр ичиб ўтирдим. Улардан бири туянинг жағ суяги билан бурнимга урди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Шунда Аллоҳ хамрнинг ҳаромлигини нозил қилди».

Шарҳ: Бу ривоятда улуғ саҳобий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғиллари Мусъаб орқали ўзлари ҳақларида сўзлаб бермоқдалар.

«Мен ҳақимда Аллоҳнинг Китобида тўртта оят нозил бўлган».

Бу ривоят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари хусусида келади. Яъни бир киши ҳақида Аллоҳ таоло тўрт оят нозил қилиши улуғ фазлдир.

Биринчи оят қандай нозил бўлгани қиссаси қуйидагича:

«Онам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тарк қилмагунимча емаслик ва ичмасликка қасам ичган эди. Аллоҳ «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма! Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил»ни нозил этди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг оналари жуда забардаст аёл бўлган. Қурайшнинг ичида эркаклар ҳам ундан ҳайиқиб турадиган даражада забардаст бўлган. Унча-бунча эркак у аёлга гапини ўтказа олмаган.

Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломга қандай кирганларини қуйидагича васф қиладилар:

«Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимнинг қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни кўрдим. Унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда, бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқларни кўрдим. Уларга: «Бу ерга қачон келдингиз?» дедим. «Ҳозир», дейишди.

Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яширин равишда Исломга даъват қилаётганларининг хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришни ирода қилганини билдим.

Сўнг у зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа одам Исломга киришда менинг олдимга туша олмаган.

Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва маҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб, «Эй Саъд! Сен қандай динга кирдинг ўзи? У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди!? Аллоҳга қасамки, ёки янги динингни тарк қиласан, ёки ўлгунимча еб-ичмайман! Менга ачиниб, юрагинг қийма-қийма бўлади! Қилган ишингдан надомат қилиб ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблаб юришади!» деди.

«Онажон, ундай қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман», дедим».

Ҳа, бошқа барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ҳам ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъднинг онаси унга: «То динингга куфр келтирмагунингча сенга гапирмайман, еб-ичмайман ҳам», деб қасам ичди ва: «Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилибди-ку, мен эса онангман, мен сени шунга буюраман!» деди. Уч кун (шу қасамида) туриб, қийналганидан ҳушидан кетиб, йиқилди. Умора деган ўғли туриб, унга (бир нарса) ичирди».

Бошқа ривоятда: «Агар унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуойи бад қила бошлади. Шунда Аллоҳ таоло «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма! Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил!»ни нозил этди», дейилган.

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадис ўша вақтнинг мушриклари янги мусулмонларни азоблашнинг турли услубларини топганларига яна бир далилдир. Саҳоби киромларнинг ҳар бирига ўзига хос азоб ўйлаб топилган эди. Саъд ибн Абу Ваққосга эса маънавий азоб ишлатганлар. Энг азиз киши бўлмиш онанинг «Динингдан қайтмасанг, сенга гапирмайман, ўзим еб-ичмайман», деб туриб олиши ўғил учун энг оғир маънавий азоб бўлиши аниқ. Эҳтимол, калтаклаб азоб берсалар, енгилроқ бўлармиди…

Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу можаролари ҳақида имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик… Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма!» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, ҳолат яна ҳам равшанлашади.

Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга:

«Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам овқат емайман, ичимлик ҳам ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени «Эй онасини ўлдирган!» деб чақиришади», деди.

Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:

«Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлса-ю, битта-биттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хоҳласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.

Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».

Уламоларимиз юқорида зикри келган ояти карима Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу бошқа ёшларга мисол қилиб кўрсатилар эди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд розияллоҳу анҳу ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар. Аммо у киши иймонни устун қўйдилар.

Ўн етти ёшли ёш йигит Саъд ибн Абу Ваққоснинг дин йўлида қилган бу ишлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққос оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг «Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил», деган қавлига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлишни амр қилган эдилар.

Аммо Аллоҳга ширк келтириб, Унга осий бўлиб қолиш эҳтимоли бор ишларда инсон учун энг ҳақли кишилар, яъни ота-онанинг ҳам амри, истак-хоҳиши инобатга олинмайди.

Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли кишилардир. Ислом дини, ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган таълимот йўқдир. Бу ҳақда кўплаб оятлар бор. Жумладан, ушбу ояти карималарнинг аввалида ҳам: «Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия этдик», дейилмоқда.

Ота-она мўмин бўлсалар ҳам, кофир бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.

Аммо иймон масаласида, дин аҳкомлари масаласида бу қоида амалдан тўхтайди.

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма».

Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилинмайди. Жумладан, ота-она фарзандини Аллоҳ таолога ширк келтиришга ундаса, уларга итоат қилиш жоиз эмас.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».

Қиёмат куни Менга қайтурсизлар. Бошқага эмас. Шунинг учун гуноҳ бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат қилинмайди.

«Сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман».

Бу дунёда ким нима амал қилган бўлса, охиратда ҳаммасининг хабарини берурман. Ана ўшани ҳисобга олиб яшаш лозим.

Бу ерда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари катта қоида бўлган. Холиқ таолога маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Демак, отаси ёки онаси: «Кофир бўлиб, диндан чиқ, Исломда юриб нима қиласан?!» деса, узр айтилади, «Йўқ», дейилади.

«Ароқ олиб кел», «Ароқ ич» каби ва шунга ўхшаш бошқа буйруқларда ҳам уларга итоат этилмайди. Мана шу ҳолатнинг Қуръонга кириб қолишига Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу сабаб бўлган эканлар.

Иккинчи ҳолат.

«Иккинчиси: бир қилични олиб, уни ёқтириб қолдим. Кейин: «Эй Аллоҳнинг Расули, шуни менга беринг», дедим. Шунда «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар» нозил бўлди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўша қилични ўлжага тушган нарсалар ичидан олганлар. Қараб туриб, жуда ёқтириб қолганлар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, шу қилични менга беринг», деб сўраганлар.

Шунда Аллоҳ таоло Анфол сурасидаги «Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. «Ўлжалар Аллоҳ ва Расулиникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар», деб айт»ни (1-оят) нозил қилиб, ўлжаларнинг ҳукмини баён қилган.

Анфол сурасининг кўпгина оятлари Бадр ғазоти сабабли нозил бўлгандир. Хусусан, дастлабки оятлар жангдан кейин ўлжа устида мусулмонлар орасида жанжал чиққани сабабли нозил этилган.

Аллоҳ таолонинг ёрдами билан ғолиб бўлган мусулмонлар ўлжа хусусида ўзаро ихтилофга тушиб қолдилар. Бу эса инсон табиати ниҳоятда мураккаб эканини яна бир бор кўрсатади. Кофирлардан тушган ўлжани талашаётган инсонлар аслида бутун мол-мулкидан кечиб, Исломни танлаган зотлар эди. Уларнинг бир қисми мол-дунёларини, қариндош-уруғларини, азиз ватанларини ташлаб, дину диёнат йўлида ҳижрат қилганлар.

Бошқалари эса ҳижрат қилиб келган биродарларига ҳамма нарсаларини бериб, уларни ўзларидан устун кўрган ансорийлар эди. Улар Бадр урушига кираётиб, «ўлжа» деган нарсани хаёлларига ҳам келтирган эмаслар. Балки тезроқ шаҳид бўлиб, жаннатга кириш иштиёқида ёнар эдилар. Улардан бири жаннатга киришга шошилганидан қўлидаги бир нечта хурмони еб битиришга ҳам чидамаган. Аммо жанг тугаб, кўп йиллик машаққат ва қийинчиликлардан кейин дастлабки ғалаба қўлга киргач, дарҳол дунёга қизиқиш бошланди. Натижада орада низо чиқди. Бу жуда ҳам хатарли ҳол эди.

Аллоҳ таоло саҳобалар авлодининг бошига ҳар хил ишларни солиб, тарбиялаб борган. Бадр урушидан кейин ўлжа талашиш ҳам шунга ўхшаш масалалардан биридир. Аллоҳ таоло уларни амалий хато устида тарбиялади.

Ўша ҳодисанинг бевосита иштирокчиси бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бу оятлар биз ҳақимизда – Бадр соҳиблари ҳақида, ўлжа талашиб, ихтилоф қилганимизда, ахлоқларимиз бузилганида нозил бўлган. Аллоҳ ўлжани бизнинг қўлимиздан тортиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берди».

Аллоҳ таоло ояти кариманинг аввалида Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда:

«Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар».

Яъни ўлжа устида талашиб, ҳар қайсиси ўзини бошқалардан кўра ҳақлироқ билиб, соҳиблик давосини қилганидан сўнг сўрайдилар.

«Ўлжалар Аллоҳ ва Расулиникидир…» деб айт».

Ўлжалар сизники эмас. Сиз шошилиб, уни ўзингизники қилиб олмоқчисиз. Йўқ. Ўлжалар Аллоҳникидир.

Аллоҳ сизни кофирлар устидан ғолиб қилди.

Бу ғалабани сиз келтирганингиз йўқ. Аллоҳ келтирди.

Мушрикларни сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди.

Кофирларни сиз асир олганингиз йўқ, Аллоҳ асир олди.

Ўлжани сиз қўлга киритганингиз йўқ, Аллоҳ киритди.

Ўлжалар сизники эмас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламники. Ўша зот туфайли сизга Аллоҳнинг ёрдами келди.

Сиз бўлсангиз ҳаққингиз бўлмаган нарсани талашиб, бир-бирингизни хафа қилиб, ўртадаги дўстликка футур етказиб юрибсиз. Бундай қилиш сизларга ҳеч муносиб эмас.

«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар».

Қалбда тақво бўлгандагина инсон дунёнинг ўткинчи матоҳини талашиб юрмайди. Мол-дунё деб ўз биродарлари билан орани бузмайди. Қалбидан тақво жой олган инсонгина Аллоҳга ва Расулига итоат қилади.

«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар».

Демак, мўминликнинг шарти ҳар бир нарсада Аллоҳга ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишдир. Иймон амалда кўринади. Иймонни кўрсатадиган амал эса Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Иймон қалбда виқор топган ва амал билан тасдиқ этилган нарсадир», деганлар.

Учинчи ҳолат:

«Учинчиси: бемор бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўргани келдилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен молимни тақсим қилмоқчиман. Ярмини васият қилайми?» дедим. «Йўқ», дедилар. «Учдан бирини-чи?» дедим. Сукут қилдилар. Ва учдан бир жоиз бўлди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукарраманинг фатҳидан кейин ўша ерда бетоб бўлиб қолганлар. Анча оғир касал бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кўргани келганлар. Шунда у киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг анчагина молим бор, ортимдан қизлар қолади. Мана шу молимни хайрия ишларига васият қилсам», деганларида, у зот: «Йўқ», деганлар. «Ярмини васият қилай», десалар ҳам, «Йўқ», деганлар. «Бўлмаса учдан бирини васият қилай», деганларида, «Учдан бири ҳам кўп-у, майли», деганлар.

Ўлим тўшагидаги одам молининг учдан бирини васият қилиб, бошқа ишларга тайин қилиб кетишга ҳаққи борлиги шу билан собит бўлган. Яъни бунга Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу сабаб бўлганлар.

Бу масалада алоҳида оят нозил бўлмаган. Васиятнинг учдан бирга ўтиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг буни ҳам Аллоҳ таолонинг Китобида бор, дейишлари суннатдаги нарсалар ҳам ваҳий орқали бўлиши эътиборидан бўлса керак.

Тўртинчи ҳолат:

«Ансорийларнинг бир қавми билан хамр ичиб ўтирдим. Улардан бири туянинг жағ суяги билан бурнимга урди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Шунда Аллоҳ хамрнинг ҳаромлигини нозил қилди».

Бу жумлада зикри келган оят Моида сурасидаги «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» деган оятдир (90-оят).

Ҳақиқатан, бу оятлар ва уларда зикр қилинган маънолар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг катта фазлларидир. Лекин бизга бу бобда кераклиси агар Аллоҳни инкор қилсалар, гуноҳ ишларга буюрсалар, ота-онага қулоқ солинмаслиги, балки узр айтилиши ҳақидаги маънолардир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида оятлар нозил бўлгани ва киши ўзига берилган фазл ҳақида гапириб юриши жоизлиги.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг онаси уни диндан қайтишга мажбур қилгани.

Ота-она мушрик бўлса ҳам, уларга яхшилик қилиш кераклиги.

Ўлжанинг тақсимидан олдин бирор нарсани олиш мумкин эмаслиги.

Беморни кўргани бориш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани.

Бемор одам олим кишидан савол сўраши мумкинлиги.

Бемор ўлимидан олдин молининг ярмини васият қилиши жоиз эмаслиги.

Бемор молининг учдан бирини васият қилиши мумкинлиги.

Ароқ ичиш аста-секин ҳаром бўлгани.

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ أُمِّهِ قَالَتْ: أَتَتْنِي أُمِّي وَهِيَ رَاغِبَةٌ فِي عَهْدِ قُرَيْشٍ، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَصِلُهَا؟ قَالَ: «نَعَمْ».

 

Ҳишом ибн Урва отаси орқали онасидан ривоят қилади:

«Онаси айтди: «Онам ҳузуримга Қурайш битими муддатида (силаи раҳм қилишимни) рағбат қилган ҳолида келди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Унга силаи раҳм қилаверайми?» деб сўрадим. «Ҳа», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг ровийси Ҳишом ибн Урвадир. Унинг отаси – Урва ибн Зубайр. Унинг бобоси Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – машҳур саҳобий, жаннат башорати берилган ўн кишининг бири. Ривоятдаги «Онаси айтди»дан мурод Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодир. У киши Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг опалари, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг аёлларидир.

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо «онам» деб айтаётган аёлнинг исми Қайла бинти Абдулуззо бўлган. Баъзи уламолар: «Бу аёл Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг эмизган онаси бўлган», дейишади.

Ушбу ҳадиси шарифни янада тўлиқроқ тушуниш учун бошқа бир ривоятни келтирсак, яхши бўлади.

Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Онам мушрик ҳолида келди. У Қурайшнинг аҳдига кирган эди. Улар унинг отаси ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузган эдилар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Онам рағбат қилиб келди. Унга яхшилик қилайми?» деб фатво сўрадим. «Ҳа, онангга яхшилик қил», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Одатда, мушриклар ўша вақтда мусулмонлар билан уруш ҳолида бўлишган ва душман ҳисобланишган. Улар билан дўстлик ва яхшилик алоқасини қилиш мумкин бўлмаган. Аммо Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг оналари Маккадан Мадинага рағбат қилиб қизини кўргани келганида, онанинг ҳаққи улуғлигидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга силаи раҳм қилишга изн берганлар. Шундан ота-она мушрик бўлса ҳам, уларга яхшилик қилиш мумкин деган ҳукм келиб чиққан.

Демак, ота-онаси кофир бўлса ҳам, фарзанд улар билан инсонийлик алоқаларини қилаверар экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муслима қизга мушрика онасига силаи раҳм қилишни тавсия этганлар.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Абу Қурра Киндийдан ривоят қилинади.Отам Салмонга синглисига уйланишни таклиф қилди. У буни қабул қилмади ва Буқайра исмли озод қилган чўрисига давоми...

2464 09:19 / 12.09.2021
21. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин,, дедилар..Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

3608 13:03 / 12.11.2018
75. Рифоъа ибн Рофеъдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга.Менга қавмингни тўпла,, дедилар.У қавмини тўплади. Улар Набий давоми...

2081 18:00 / 07.05.2019
Муҳтарам жамоат Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, отаона ҳақларини фарзандлар давоми...

10101 10:56 / 05.10.2018