1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукмларни чиқариш усуллари

17:00 / 27.06.2019 2751 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаммага маълумки, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом инсониятни икки дунё саодатига бошлаш учун юборилгандир. Бу дин барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлидир. Унинг таълимотлари инсониятни икки дунё саодатига эриштириш учун маълум мақсадларни ва манфаатларни кўзлагандир. Ана ўша асосий мақсадларни юзага чиқаришда Қуръони Карим ва Суннат дастуруламалдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Китобини ва Набий алайҳиссаломнинг суннатларини тушунишда ҳамда уларга амал қилишда мазкур асосий ва жавҳарий мақсадларнинг юзага чиқиши кўзланади. Ҳар бир ояти карима ва ҳадиси шарифнинг сабаби, моҳияти, мақсади ва турли далолатлари чуқур ўрганилади. Агар шариатнинг асосий мақсадлари бир тарафда қолиб, ҳар бир оят ёки ҳадисни алоҳида тушунишга ҳаракат қилинса, асосий мақсад ҳосил бўлмаслиги аён.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб мўътабар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларининг асосчилари ва уларнинг издошлари бўлган мужтаҳид уламолар юқорида айтиб ўтилган ва айтиб ўтилмаган бошқа нозик тарафларни эътиборга олиб ижтиҳод қилганлар ва диний матнлар – оят ҳамда ҳадислардан ҳукмларни чиқариш қоидаларини ишлаб чиққанлар. Фиқҳ илмидаги бу мислисиз уринишлар самараси ўлароқ «усулул фиқҳ» деб аталган буюк илмга асос солинган. Бу илмни билмаган одамнинг фиқҳ билан шуғулланиш имкони йўқлигини ундан хабардор кишиларгина билишади.

Усулул фиқҳ илмининг ҳақиқатидан бироз бўлса-да хабардор бўлиш учун мазкур илм бўйича ёзилган китобларнинг биридан мужтаҳид бўлиш учун қўйилган шартлардан биттасигина – Аллоҳ таолонинг Китоби илми баён этилган жумлаларни мисол келтирамиз.

«...Қуйидаги олти илмни жамлаган инсон мужтаҳид бўлади:

1) Аллоҳ таолонинг Китоби илми;

2) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати илми;

3) Усулул фиқҳ илми;

4) Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми;

5) Луғат илми;

6) Қиёс илми.

Қуйида ана шу шартлар қисқача изоҳлаб ўтилади.

1. Биринчи шарт: Аллоҳ таолонинг Китоби илми.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг «Китоби» деганда, албатта Қуръони Карим кўзда тутилади. Қуръони Карим Исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Ушбу асосий қонунни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмайди. Бинобарин, ундай одам Ислом жамиятида олимлик ёки фақиҳлик даъвосини қила олмайди.

Демак, мужтаҳидлик ёки фақиҳлик даъвосини қилувчи киши Қуръони Каримда ворид бўлган шаръий аҳкомларни яхши билсин. Оятлардаги ҳар бир сўзнинг маъносини яхши билсин, улардан таркиб топган арабча жумлаларнинг маъносини яхши билсин. Уларнинг маънони ифода этишдаги хусусиятларини яхши билсин.

Шу билан бирга, фақатгина маънони билиб қолмасдан, ана шу сўзлар ва жумлаларнинг шаръий маъноларини ҳам яхши билсин. Уларнинг иллатини, сабабини ва нима учун улардан шаръий аҳкомлар чиқарилаётганини билсин.

Шунингдек, лафзнинг далолат қилиш тарафларини яхши билсин. Иборат юзасидан далолат қиляптими ёки ишорат юзасиданми, далолат юзасиданми ёки тақозо юзасиданми? Ҳукм мантуқдан олинадими ёки мафҳумданми? Лафзнинг оми бор, хоси бор, муштараки бор, мужмали бор, муфассали бор, муташобиҳи ва бошқалари бор. Буларнинг ҳаммасини жуда яхши билиш керак.

Аҳком оятлари кўп эмас. Уларни ибодат ҳақида келган оятлар, муомалот ҳақида келган оятлар, уқубат ҳақида келган оятлар, жазолар ҳақида келган оятлар ва оилавий аҳволлар тўғрисида келган оятлар каби қисмларга тақсимлаш ва мажмуаларини осонлик билан билиб олиш мумкин. Шу билан бирга, Ислом жамиятининг ўзидан бошқа жамиятлар билан ёки якка кишилар билан ичкарида ва ташқарида қиладиган муомалалари, алоқалари тўғрисидаги оятлар бўлади…»

Шундай қилиб, мусулмонларнинг фақиҳлари Қуръон ва Суннатни атрофлича, чуқур ва ҳар тарафдан ўрганиб чиқиб, бу ижтиҳодларининг самарасини умматга ўз дарслари ва китобларида осон йўл билан баён қилиб бердилар. Мусулмон уммати мужтаҳид фақиҳларнинг бундай хизматларини тўғри англаб етди ва уларни ўзининг имоми, яъни йўлбошчиси деб тан олди. Мазкур мужтаҳидлардан тўрттасининг – Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Ибн Ҳанбалнинг Қуръон ва Суннатдан ва бошқа эътироф қилинган манбалардан шаръий ҳукмларни чиқариш йўллари – мазҳаблари мўмин-мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Уммат уларнинг тўртовини ҳам бирдек кўрди. Мазкур тўрт мазҳабларнинг ижтиҳодидаги баъзи ихтилоф(хилма-хиллик)ни ўзи учун раҳмат деб билди. Ушбу мазҳаблар орасидаги айрим жузъий ихтилофлар жоиз деб иттифоқ қилинди ҳамда мужтаҳидларнинг мазкур ихтилофлари асосида низо чиқариш ҳаром деб эълон қилинди. Мана, бир минг тўрт юз йилга яқин вақт бўлибдики, мусулмонларнинг асосий оммаси фиқҳий масалаларда уларнинг ижтиҳодларидан фойдаланиб келмоқдалар, уларнинг ҳақларига дуолар қилмоқдалар.

“Ихтилофлар: сабаблар ва ечимлар” китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва одамлардан .Аллоҳга иймон келтирдик,, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар давоми...

3904 10:00 / 03.06.2019
Бану Исроиллик бир аёл ўғлини эмизаётган эди, олдидан хушсурат бир киши от миниб ўтиб қолди. Аёл отлиққа ҳавас қилиб, Аллоҳим, ўғлимни шунга ўхшатгинrdquo, деб дуо давоми...

7102 08:30 / 30.12.2018
Шогирдларига илм ўргатган устознинг мақом ва мартабаси шунчалар улуғ бўлганки, уларни дунёни титратган ҳукмдорлардан тортиб улуғ саркардаларгача, оддий давоми...

3179 18:05 / 24.09.2019
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуҲаким ибн Хизом ибн Хувайлид ибн Асад ибн АбдулУзза ибн Қусай ибн Килоб.Хадижа онамизнинг жияни. Хадижа онамиз унга амма эди.Фил давоми...

24715 16:45 / 20.02.2019