1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг аёли олдидаги бурчлари (Биринчи мақола)

18:26 / 19.06.2019 6910 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.

Эрнинг хотини олдидаги бурчлари икки қисмга бўлинади:

1. Молиявий бурчлар.

2. Муомалавий бурчлар.

Молиявий бурчлар маҳр, нафақа ва тўйдан иборат.

I. Маҳр бурчи.

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр‑хотин бўлиш баробарида эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин» (4‑оят).

Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан, гарчи қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам, эрга маҳр бериш вожиб бўлади. Лекин маҳр бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ боғланаверади, олди-берди кейинроқ бўлса ҳам, зарари йўқ.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида бундай дейди:

«Улардан баҳраланишингиз ҳисобига фарз қилинган маҳрларини уларга беринг» (24‑оят).

Маҳр келиннинг турмуш қуришга рози бўлгани, хотин бўлиб, бир ёстиққа бош қўяётганини тақдирлаш сифатида берилади. Маҳр бериш фарздир. Бусиз никоҳ никоҳ бўлмайди. Олдинми, кейинми, озми, кўпми, барибир маҳр бериш керак.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Уларни аҳлларининг изни ила маҳрларини маъруф ила бериб, никоҳингизга олинг» (25‑оят).

Жўнгина «маҳрларини беринг», деб қўймасдан, «маъруф ила»нинг қўшиб айтилиши ҳам муҳим ҳикмат аҳамият касб этади.

Маҳр тўғрисидаги маълумотларни аввал зикр қилганмиз.

II. Нафақа бурчи.

Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи луғатда «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир.

Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далиллар:

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур» (7‑оят).

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай дейди:

«У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233‑оят).

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6‑оят).

Суннатда келган далиллар:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар:

«...Бас, аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор...».

Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилганлар.

Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биримизнинг хотинининг унда нима ҳаққи бор?» – дедим.

«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, (ёки мол касб қилсанг) уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», – дедилар у зот».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинту Утба:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.

Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:

1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Ҳар иккиси бой бўлса, бойликка яраша, камбағал бўлса, камбағалликка яраша бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.

Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб, хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар талабни ҳаддан ташқари кучайтирмасликлари лозим.

Ҳозирги кунимизда эркакларнинг кўпчилиги аёлларини нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётганлари қувончли ҳолат. Лекин баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётганлиги ҳақида шикоятлар ҳам кўп. Яна айрим эркаклар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, «Бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқасан», деб телевизор кўриб ётишибди. Бу эса чидаб бўлмайдиган ҳолдир.

Фақиҳ уламолардан нақл қилинган «Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам» деган жумла ҳам бугунги кунимизда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Ота‑она, қариндошлар ёки таниш-билишлар хотини бемор бўлган эркакка: «Аёлинг бемор бўлибди, отасиникига олиб бор», дейишади. Яна келин тузалган куннинг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки бу нарса одатга айланиб қолди. Аслида, бетоб бўлган келинни отасиникига олиб бориб ташлаш ўзини билган ҳар бир шахс учун ор, номус бўлиши керак. Балки, мабодо, келин отасиникида бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига олиб келиб, даволаши лозим.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги пайтларда қулоғимизга .Фалончининг қизи қайтиб келибди,, .Пистончининг турмуши бўлмабди, каби гаплар тезтез чалинадиган бўлиб қолди. Авваллари давоми...

1854 14:54 / 07 ноябрь
Унинг вожиб қилувчиси ажралиб чиқаётганда шаҳват билан отилиб келадиган манийни тушириш. Закарнинг боши олд ёки орқа фарж ичига ғойиб бўлиши, қилувчига ҳам, давоми...

18439 21:00 / 02.04.2019
биринчи мақола Боин очиқойдин талоқ фақат талоққа ишлатилиб, ундан бошқага ишлатилмайдиган, .Сен талоқ бўлгувчисан,, .Талоқ қилингансан,, .Сени талоқ қилдим, каби давоми...

2270 15:06 / 14.12.2022
иккинчи мақола . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан давоми...

1067 10:18 / 18 ноябрь