1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Кибр ҳақида

05:00 / 28.02.2017 23269 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир.
Кибр ва манманлик бир бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир.
Кибр, такаббур, кибрё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида бу сифатни: «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таърифлаганлар.

Имом Ғаззолий кибрни: «У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаганлар.
Имом Ғаззолий «Иҳъёу улумид Дин»да кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: «Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васийла йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматиданбошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир».

Кибрнинг сабаблари.

Ўзини юқори олган одамгина кибр аҳлидан бўлади. Ўзини бошқалардан камолот сифатларидан бири соҳиби эканини эътиқод қилмаган одам ўзини юқори олмайди.
Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий бўлади. динийлари илм ва амал бўлса, дунёвийлари насаб, жамол, қувват, мол ва тарафдорлари кўп бўлишидан иборатдир. Буларнинг ҳаммаси еттитадир:
1. Илм.
Илмга уринган баъзи одамлар мутакаббирлик дардига жуда ҳам тез чалинадилар. Улар ўзича илмнинг жамолига ва камолига махлиё бўлиб ўзларини юқори олиб, ўзгаларга паст назар билан қарашни бошлайдилар.
Уларнинг кибри икки сабабга оид бўлади.
Биринчи сабаб илм деб аталаётган нарса ҳақиқий илм бўлмайди. Ҳақиқий илм орқали банда Роббисини ва ўзини яхши танийди. Ҳақиқий илм эгаси тавозуъли бўлади ва кибрга яқин ҳам йўламайди. Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида: «Албатта, Аллоҳдан Унинг уламо бандаларигина қўрқирлар», деган (28 – оят).
Иккинчи сабаб илмга уринган бўлса ҳам ўзи нафси бузуқ, хулқи ёмон одам бўлишидир. Бу каби одамлар қанча илм олсалар ҳам ўзларини ўнгламаганлари учун ёмон сифатлар уларни тарк этмайди. Нотўғри шахсда пайдо бўлган илм эгасининг мутакаббирлигига сабаб бўлиши ажабланарли эмас.
2. Амал.
Бу ердаги амалдан ибодат ҳам кўзда тутилади. Бу турдаги кибр кўпроқ обид ва зоҳидларда бўлади ва икки қисмдан иборат бўлади.
Биринчи қисм дунёвий ишларда бўлади. Унда одамлар фақат уларни зиёрат қилиши кераклигини даъво қиладилар. Одамлар уларнинг ҳожатларини чиқаришлари, улуғлашлари, жой бўшатишлари, доимо уларнинг тақволари ва ибодатларини мадҳ қилиб туришлари лозимлигини даъво қиладилар.
Иккинчи қисм диний ишларда бўлиб, унда даъвогар ўзидан бошқа барча нотўғри йўлдан бораётганларини ва ҳалокатга учрашларини даъво қилади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бир одамнинг «одамлар ҳалок бўлди» деганини эшитсангиз унинг ўзи энг ҳалок бўлганидир», деганлар.
3. Ҳасаб ва насаб ила кибрланиш.
Насаби шарафли бўлган одам ўзидан илми ва амали устун бўлган одамга такаббурли муомала қилади. Уларнинг баъзилар бошқа одамлар худди уларнинг қули ёки мадикоридек назарда бўлади. Ислом таълимотида эса, насаб кишининг амалидан устин қўйилмаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди»-дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Яъни, охиратда ҳамманинг насабига эмас, амалига қараб даража берилади. Кимнинг амали яхши бўлса, насаби қандай бўлишига қарамай олдинга сурилади, олий мартабаларга эришади. Кимнинг амали ёмон бўлса у ортга сурилади, иши чатоқ бўлади. Насаби қанчалик олий бўлмасин, иши олдинга сурилмайди. Шунинг учун ҳеч ким ишонмаслиги, мағрурланмаслигини керак. Аксинча кўпроқ яхши амал қилишга уруниш лозим.
4. Жамол ила кибрланиш.
Бу нарса одатда аёллар ўртасида кўпроқ учрайди. Улар бир – бирларидан жамоллари ила фахрланиш, бошқаларининг айбларини зикр қилишга ўч бўладилар.
5. Мол билан кибрланиш.
Молу пули кўп кишилар исломий тарбия олмаган бўлсалар, камбағаллардан кибрланишлари, ўз моллари ила фахрланишлари маълум ва машҳур. Уларнинг кибрлари гап сўзлари, ҳатти ҳаракатлари ва имо ишораларидан ҳам билиниб туради.
6. Куч қувват билан фахрланиш.
Бунда моддий ва маънавий куч, имконият, чора ва тадбилар барқаси кўзда тутилади. Мутакаббирлар ўзларидан мазкур нарсаларда паст бўлганлар устидан сани у қилиб юбораман, бу қилиб юбраман дея фахрланадилар.
7. Ўзининг тарафдорлари билан кибрланиш.
Бунда киши ўз қарамоғидагилар, шогирдлар, хизматчилар, қариндошлар, уруғ аймоқлар, ака – ука ва фарзандлар билан кибрланади.

Кибрнинг даражалари:

Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади:

1. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб тавозе кўрсатади. Бу одам қалбида кибр дарахти экилган, лекин унинг шохлари кесилган шахсдир.
2. Бир киши ўз ҳаракатлари билан мажлисларда баландпарвозликни, тенгдошлари ўртасида пешқадамликни ва ўз ҳақи камситилишига инкорни ошкор қилади. Олим бўлса, одамлардан юз ўгиргандек бўлиб афтини буриштиради. Обид бўлса, худди одамлардан жиркангандек бурнини жийиради. Бу иккиси Аллоҳ таоло Ўз набийсига «Ўзингга эргашган мўминларга қанотингни ёзгин» деб берган одобни билмаган жоҳиллардир.
3. Бир киши тили билан даъво қилароқ, фахрланиш ва ўзини мақташ ила кибр қилиши. Шунингдек насаби билан кибр қилиш ҳам.

Кибрнинг турлари:

1. Аллоҳ таолога кибр қилиш.
Бу энг ёмон кибрдир. Бу Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш.
Бу Макка кофирлари қилганга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборатдир.
3. Бандаларга кибр қилиш.
Бунда ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборатдир.

Кибрнинг ҳукми.

Имом Заҳабий ва бошқа уламолар кибр гуноҳи кабира эканини таъкидлаганлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди», деган (34 – оят).
Қаранг! Мутакаббирлик иблисни куфрга ва Аллоҳ таолонинг лаънатига олиб борди.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас», деган (22 – 23 – оятлар).
Бир тоифа инсонларнинг иймонсиз-кофир бўлишларига уларнинг ўзлари сабабчидир. Иллат, дард, фасод кофирларнинг ичларида бўлади. Уларнинг қалблари иймонга далолат қилувчи оят-белгилардан ибрат олмай, уларни инкор қилади. Ўзлари эса, Аллоҳга бўйсунишни, Пайғамбарга эргашишни ор биладилар, мутакаббирлик қилиб ўзларини юқори тутадилар.
Аллоҳ уларнинг барчасини яратган зотдир. Уларнинг барча сирларини ҳам, ошкор ишларини ҳам билади. Жумладан, Аллоҳ уларнинг қалблари ҳақиқатни инкор этаётганини ҳам, ўзлари мутакаббирлик қилаётганини ҳам билиб туради. Шу боисдан ҳам: «Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас».
Чунки мутакаббирлардан яхшилик чиқмайди. Улар куфрни ихтиёр қиладиган одамлардир.
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга аҳли жаннатнинг хабарини берайми? Ҳар бир заифҳол ва заифҳол саналгандир. Аммо Аллоҳга қасам ичса, У зот унинг қасамини юзага чиқаради.
Сизларга аҳли дўзахнинг хабарини берайми? Ҳар бир қўпол, саркаш ва мутакаббирдир», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида бир дона ачитқи уриғи оғирлигида иймони бор одам дўзахга кирмайди. Қалбида бир дона ачитқи уриғи оғирлигида кибрёси бор одам жаннатга кирмайди», дедилар». Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбида зарра оғирлигида кибри бор киши жаннатга кирмайди», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг расули! Киши кийими гўзал бўлишини, пойафзали гўзал бўлишини ёқтиради-ку?» деди бир одам.
«Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севадир. Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни уч тоифага Аллоҳ гапирмайди, уларни покламайди ва уларга назар ҳам солмайди. Уларга аламли азоб бўлади; зинокор чол, каззоб подшоҳ ва мутакаббир камбағал», дедилар».
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган ҳолларида, кишилар сувратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар макондан хорлик қоплаб олган бўлади. Бас, уларни жаҳаннамдаги Булиса номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Уларни аҳли дўзахнинг йиринги – тийнатул хабол ила суғорилади», дедилар».Термизий ривоят қилган.

Кибрнинг зарарларидан:

1. Кибр Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб борувчи йўлдир.
2. Кибр нафснинг паскашлиги ва юзтубан кетганлиги аломатидир.
3. Кибр Аллоҳ таолодан ва одамлардан узоқ бўлишга сабабдир.
4. Кибр дўзах азобига дучор қилади.
5. Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.
6. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг тоатидан узоқлаштиради.
7. Кибр ўз эгасини А-тнинг раҳматидан қувади.

Кибр ва тавозуънинг белгилари:

Такаббурлик кишининг шакли шамоилидан билиниб туради. Уни юздаги аломатлардан, назар солишдан, бошини тутишдан, ўтиришдан, овознинг оҳангидан, қадам олишдан, ўтириб туришдан ва барча ҳаракат ва саканотлардан билиб олиш мумкин. Қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин.
- Одамларнинг атрофида ёки ҳузуридан тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Ким дўзах аҳлидан бир кишига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб олдида одамларни тик тургазиб қўйган одамга назар солсин», деганлар.
- Доимо ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади», деган.
Абдрроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни қулларидан ажратиб бўлмас эди. У кишининг ташқи қиёфаси қуларидан фарқ қилмас эди.
- Дин учун фойдали бўлса ҳам бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.
Суфён Саврий Рамлага келганида Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб, келиб бизга ҳадис айтиб бер, деган. Саврий келиб илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: «Эй Абу Исҳоқ! Шундай ҳам қиласизми?» дейишганда,
«Унинг тавозуъни синаб кўрдим», деган.
- Бировнинг ёнига ўтирмаслигини хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидан биридир.
Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:
«Абдулазиз ибн Абу Раавводнинг ёнига ўтирдим. Унинг сонига соним теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб ўзига тортти – да:
«Нима учун менга жабборларга қилганларинингизни қиласизлар?! Ичингизда менда ёмон одам борлигини билмайман!» деди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа мубтало одамларни ўз дастурхонига ўтказар эдилар.
- Ўз уйида ўз хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳаводан.
Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:
«Туриб чироқни тўғрилаб қўйяйми?» деди.
«Меҳмонини хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас», деди Умар ибн Абдулазиз.
«Хизматчига бидирмайми?» деди.
«Унинг биринчи марта ухлаб қолиши» деди-да, ўзи туриб чироққа мой тўлдирди.
«Эй мўминларнинг амири, ўзингиз овора бўлдингиз – а?!» деди меҳмон.
«Борганимда Умар эдим. Қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камиб қолмади. Одамларнинг яхшиси, тавозуъли бўлганидир», деди Умар ибн Абдулазиз.
- Ўзига тегишли нарсани ўзи уйига олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Тавозуъли одамлар бундай қилмайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз матоҳлари ўзлари уйларига кўтариб борар эдилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Комил эр киши учун унинг ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига футур етказмайди», деганлар.
Имом Бухорий адабда кийимфуруш Солиҳдан у ўз момосидан ривоят қилади:
«Али розияллоҳу анҳуни бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам:
«Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнинигизга мен кўтарай», деди.
«Йўқ. Оила бошлиғи, ўзи кўтармоғи яхшидир», деди у.

КИБРНИ ДАВОЛАШ ЙЎЛЛАРИ

Кибр ҳалокатга олиб борувчи дардлардан бўлиб ундан ҳеч ким холий бўлмаслиги қийин. Кибрни йўқ қилиш фарзи айндир. Кибр ўз – ўзидан йўқ бўлмайди. Уни турли дармонларни ишлатиб қунт ва бардавомлик ила даволаш лозим.
Кибрнинг даволаш икки мақомда бўлади.
Биринчи мақом кибрни таг томири билан қўпориб ташлаш.
Бу мақомдаги даволаш илмий ва амалий бўлади. Иккисини ҳам ишга солинмаса шифо мукаммал бўлмайди.
Илмий муолажа қуйидагича бўлади.
Аввало банда ўзини ва Роббиси танисин. Шунинг ўзи ундаги кибрни йўқотиш учун кифоя қилади. Агар банда ўзининг кимлигини ҳақиқатда англаб етса, ҳар бир хордан ҳам хор эканини, ҳар бир кичикдан ҳам кичик эканини билади. Анашунда унга тавозуъли бўлиш ва ўзини ҳоки сор тутишдан бошқа нарса тўғри келмаслигини англаб етади.
Агар банда Роббисини ҳақиқий равишда таниса, улуғлик ва кибрё У зотдан бошқага тўғри келмаслигини англаб етади.
Амалий илож қуйидагича бўлади.
Бунда амалий равишда Аллоҳ таолога тавозуъ қилинади. Одамларга нисбатан доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, аҳли солиҳларнинг ва тавозуълиларнинг ахлоқи ила муомалада бўлинади.
Иккинчи мақом кибрдан вақтинча пайдо бўлганини инсонни такаббур қилайдиган даражага кетириш учун ўзига хос сабаблар ила даволаш.
Агар кибрланиш насаб туфайли бўлса, билсинки у бошқанинг камолини кўра олмай ўзини юқори тутмоқда. Шунинг учун отаси ва обосининг аслини ўргансин. Отасининг асли ифлос нутфа бўлган. Бобосининг асли тупроқ бўлган. Асли бу каби бўлганга кибрланишни ким қўйибди.
Агар кибрланиш жамол туфайли бўлса, ўзининг ичига оқиллар назари билан қарасин. Ўзининг сиртига ҳайвон кўзи билан қарамасин.
Агар кибрланиш қувват сабабли бўлса, ўйлаб кўрсин, бир кеча уйқусизлик етса қуввати кетиб ожизларнинг ожизига айланиб қолади – ку!
Бир кун иситма чиқса, қувватини бир неча кунгача қайта тиклай олмай қолади – ку!
Оёғига тикон кирса нима бўлишини ўйласин. Қулоғига бурга киришини ўйласин.
Агар кибрланиш бойлик сабабли бўлса, ўзидан олдин ўтган ва ҳалокатга учраган бойларнинг ҳолини кўз олдига келтирсин. Офат етиб бир лаҳазада бир тийинсиз қолиши мумкинлигини эсидан чиқармасин.
Агар кибрланиш илм сабабли бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳужжати жоҳилдан кўра олимга таъкидли эканини билиб қўйсин. Аҳли илмнинг масъулияти катта эканини эсига олсин.
Ҳар бир мутакаббир кибрга Аллоҳ таоло бошқа ҳеч ким лойиқ эмаслигини яхши англаб етсин. Кибр қилган банда Аллоҳ таолонинг наздида ёмон кўринишини унитмасин. Ўзидаги кибрни тавозуъ ила даволаш пайидан бўлсин.
Танбиҳ: Бошқа ахлоқлар каби кибрда икки тараф ва ўртачалик бор.
Зиёда тарафи такаббурлик дейилади.
Нуқсонга мойил бўлган тарафи хорлик дейилади.
Ўртачаси тавозуъ деб аталади. Унда ўзини хорламасдан тавозуъ кўрсатилади. Ишларнинг яхшиси ўртачасидир.
Бас, ким ўзини тенгдошларидан юқори тутса мутакаббирдир. Ким ўзини тенгдошларидан паст тутса мутавозеъдир. Чунки у ўз қардирини бир оз пастлатди.
Аммо олимнинг олдига ямоқчими ёки шунга ўхшаганлар кирганда унга ўз жойини бўшатиб берса, оёқ кийимини тўғрилаб қўйса ва эшикнинг олдигача кузатиб борса, пасткашлик ва хорликдир. Бу яхши эмас.
Мўътадил бўлиш яхши. Бунда ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақи берилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола . ,. .Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай давоми...

4071 20:04 / 04.01.2020
. . ,. . Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4548 13:30 / 04.07.2020
Аллоҳ буюради Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг закотини беришга бахиллик хасислик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзларини учун яхшилик давоми...

3417 18:09 / 17.11.2018
Бу тариқат Шоҳ Нақшбанд исми билан машҳур бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад Баҳоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳига нисбат берилади. У киши ҳижрий 717 санада Бухоро давоми...

7874 16:51 / 08.11.2018
Аудиолар

131070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51595 14:35 / 11.08.2021