Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (229-дарс) Аллоҳга таваккул қандай бўлади?

19:00 / 08.05.2023 1781 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таваккул» луғатда «вакола» (вакил қилиш) сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб, бошқага эътимод қилиш таваккулдир.

Аллоҳ таолога таваккул қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир», деб астойдил ишониш ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир.

Таваккулни Ибн Ражаб «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди:

«Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича Аллоҳ азза ва жаллага сидқидилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини Унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзгаси бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига бўлган иймонни рўёбга чиқаришдир» (409-бет).

Журжоний «Таърифот»да:

«Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74-бет).

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солиш таваккулдир. Бунга: оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади.

Банда бу ишларни фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса, Аллоҳ таолога таваккул қилмаган бўлади.

Таваккул ҳақидаги оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Улар учун мағфират сўра ва улар билан ишда машварат қил. Қачонки азму қарор қилсанг, Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккул қилиш лозим. Бу қоидага Набийимиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Шунга азму қарор қилганларидан сўнг, кўпчилик ўз фикридан қайтса ҳам Набий алайҳиссалом қайт­мадилар. Аллоҳга таваккул қилдилар.

Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо у зот шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар.

«Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир».

Аллоҳга таваккул қилиш улуғ сифат. Аммо таваккул, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккулни нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни «таваккул» деб тушунувчилар кўп.

Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккулларини олиб кўрайлик. Мушрикларнинг аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, ҳужраи саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.

Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккул қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, иккита совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, йўл бошловчиликни унга топширдилар.

Етиб боргандан кейин ҳам душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар.

Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хуллас, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратдан ёқа ушлашмоқда.

Аллоҳга таваккул бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ип, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир, ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккул деб бўлмайди.

Афсуски, кўпчилик таваккулни дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўз-ўзидан бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

7330 16:05 / 05.10.2019
Ҳозирги кунда кишилар орасида ахлоқсизлик, разолат ва турли жиноятлар шу даражада кенг тарқалдики, бутун олам аянчли аҳволда қолди. Аллоҳни эсдан чиқариш, Унинг давоми...

3227 05:00 / 06.03.2017
Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Агар Аллоҳ бир бандага неъмат берса, унинг асари ўша бандада зоҳир бўлишини яхши кўради,, давоми...

5278 19:00 / 30.04.2022
Иффат..Иффат, сўзи луғатда .қабиҳ нарсадан тийилиш, деган маънони англатади.Уламолардан Роғиб .Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг давоми...

3646 05:00 / 06.03.2017