1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон кечасидаги бедорлик

20:10 / 19.05.2019 2132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот: 

«Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар. Иш шундайлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб кетдилар. Сўнгра Абу Бакрнинг халифалигида ва Умарнинг халифалиги бошида ҳам иш шундай эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Рамазон ойи кечаларида ибодат қилиш жуда ҳам фазийлатли иш. Гуноҳларнинг мағфират бўлиши ҳам шу иш туфайли бўлади.

Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга тарғиб қилиш билан бирга, маълум бир ибодатга қатъиян амр қилмаганлар. Балки умумий тарғиб қилиш билан кифояланганлар.

Худди шу ҳолат ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик даврларида ҳам давом этган. Кишиларга Рамазон кечаларида маълум ибодатни тайин қилмаслик ҳазрати Умари одил халифаликларининг дастлабки даврида ҳам давом этган. Кейин нима бўлганини навбатда келадиган ривоятлардан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у кишига иқтидо қилдилар. Тонг отгандан сўнг одамлар (бу ҳақда) гапирдилар. Кейин улардан ҳам кўп тўпланишди ва у зот билан намоз ўқишди. Одамлар (бу ҳақда ҳам) гапирдилар. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилдилар. Тўртинчи кеча бўлганида масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва:

«Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин мен (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳодиса ҳақида келган бошқа ривоятларда таъкидланишича, Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидда нафл намоз ўқиётганларини кўриб, баъзи саҳобалар у зотнинг намозларига қўшилиб, иқтидо қилганлар. Эртасига бу гап одамлар орасида тарқалгач, эшитганлар кечаси келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги нафл намозларига қўшилганлар. Эртасига яна одам кўпайган. Тўртинчи кечаси масжидга одам сиғмай кетган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу куни тунги нафл намози ўқиш учун масжидга чиқмай, бир йўла Бомдод намозига чиққанлар ва нима учун тунги намозни одамлар билан ўқиш учун чиқмаганларини тушунтириб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳали Ислом ҳукмларининг ҳаммаси жорий бўлиб битмаган, секин-секин жорий бўлиб турар эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, «Ушбу намоз сизларга фарз бўлди» деган амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар Рамазон кечалари бу намозни ўқий олмай, гуноҳкор бўлиб қолишларидан қўрққанлар.

Шундай. Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига нисбатан ўта меҳрибон эдилар. Уларнинг тоқатларидан ташқари таклифлар билан қийналишларини асло хоҳламас, доимо енгиллик томонини кўзлар эдилар. У зоти бобаракотга Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазон (рўзаси)ни тутдик. У зот то етти (кеча) қолмагунча ой давомида биз билан қоим бўлмадилар. Сўнг эса кечанинг учдан бири ўтгунича биз билан бирга қоим бўлдилар. Олти (кеча) қолганда эса биз билан қоим бўлмадилар. Беш (кеча) қолганда эса кечанинг ярмигача биз билан бирга қоим бўлдилар.

Шунда мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу кеча бизга нафл намоз ўқитсангиз», дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир одам имом қайтиб кетгунича у билан намоз ўқиса, ўша одам кечани қоим бўлиб ўтказган ҳисобланади», дедилар.

Тўрт (кеча) қолганда қоим бўлмадилар. Уч (кеча) қолганда эса аҳлларини, аёлларини ва одамларни жамлаб, биз билан шундай қоим бўлдиларки, ҳатто «фалаҳ» ўтиб кетармикан, деб қўрқдик. Мен:

«Фалаҳ нима?» дедим. У (Абу Зарр):

«Фалаҳ саҳарликдир. Ойнинг қолган қисмида Расулуллоҳ биз билан бирга қоим бўлмадилар», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг йигирма учинчи кечаси келгунича кечани ўзлари ёлғиз ҳолда ибодат билан ўтказганликлари.

2. Йигирма учинчи кечада саҳобалар билан кечани ибодат билан ўтказганликлари.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кечасининг жуфт эмас, тоқ кечаларида жамоат бўлиб ибодат қилишга аҳамият берганликлари.

4. Қадр кечаси аҳли аёлини, ўзига қарашли одамларни тўплаб, тунни ибодат билан ўтказиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эканлиги.

5. Рамазон кечасида имом билан маълум нафл намозни ўқиган одам бутун тунни қоим бўлиб ўтказгандек ҳисобланиши.

Зикр қилинган бу амалларни қилишга ҳаракат этишимиз жуда ҳам зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Бас, у билан Қуръонни (бир-бирларига) ўқиб беришар эди. Шунда қачон Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган.

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий одам эканликлари.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида яна ҳам сахий бўлиб кетишлари.

3. Жаброил алайҳиссаломнинг Рамазон ойида ҳар кеча Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб турганлиги.

4. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олишлари. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳам Рамазонда Қуръони каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим.

5. Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом Қуръон ўқишлари. Яъни аввал Қуръонни Жаброил алайҳиссалом ўқиб бериб, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб ўқиб беришлари. Демак, Рамазонда устозлардан шу тарзда Қуръонни ўтказиб олишга ҳаракат қилиш лозим.

6. Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.

Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўз рўзасини ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам мана шу амалига яраша савоб олади.

1239. Умму Имора ал-Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом тақдим қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Сен ҳам) егин», дедилар.

«Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон рўзадорнинг олдида таом ейилса, то еб бўлгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадорга саловот айтиб туради», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга саловот айтурлар», дейилган.

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида сўз кетаётганлиги шубҳасиз. Мусулмон инсон нафл рўза тутган бўлса-ю, унинг ҳузурида оғзи очиқ кишилар таом еса, у эса сабр қилиб, рўзасини давом эттирса, фаришталарнинг саловотига эришар экан. Бу нафл рўза тутиб, уни очиб юбормай, охиригача етказадиган кишилар учун улкан башоратдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Махзумий айтади .Бир киши Ибн Оиша Таймийни тушида кўриб, .Роббингиз сизга қандай муомала қилди, деб сўради. Ибн Оиша .Фақат Уни, яхши давоми...

1392 07:02 / 14.10.2019
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар доим Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб эт ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгинrdquo деб дуо қилар давоми...

4327 07:45 / 14.03.2019
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким .Каҳф, сурасининг аввалидан ўн оятини ёдласа, Дажжолдан сақланади,, давоми...

14422 16:40 / 12.04.2019
Аллоҳ таоло .Анбиё, сурасида.Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида. Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр давоми...

2779 15:00 / 03.07.2020