1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусо алайҳиссалом (давоми)

18:00 / 19.05.2019 2208 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ҳолат ҳақида имом Ибн Жарир Табарий Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Мусо алайҳиссалом фиръавннинг ҳузурига келиб, «Бану Исроилни мен билан қўйиб юборгин» деганида, фиръавн кўнмади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг устига тўфон – шиддатли ёмғир юборди. Устларидан сел қилиб қуйди. Улар «Бу илоҳий азоб бўлса керак», деб қўрқишди ва Мусога: «Роббингга дуо қил, биздан ёмғирни даф этсин. Биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дейишди. Мусо алайҳиссалом дуо қилган эдилар, ижобат бўлди. Бироқ улар иймон келтиришмади, Бану Исроилни қўйиб ҳам юборишмади. Ўша йили Аллоҳ уларга бундан олдин етишмаган турфа зироат, мева ва ўт-ўланларни ўстирди. Улар: «Биз орзу қилган нарса шу эди», дейишди. Аллоҳ уларнинг устидан чигиртка балосини юбориб, ўсимликларга завол етказди. Улар чигирткалардан ўсимликларга етаётган зарарни кўриб, набототнинг уруғи ҳам қолмаслигига ишонишди ва: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан чигиртка балосини даф этсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дейишди. Мусо алайҳиссалом дуо қилдилар. Аллоҳ уларни чигиртка балосидан халос этди. Улар эса яна иймон келтиришмади, Бану Исроилни ҳам қўйиб юборишмади. Улар донларни уйда сақлашни ўрганиб олишди ва хотиржам: «Энди сақлаб олаверамиз», дейишди. Шунда Аллоҳ уларга митани (доннинг ўзидан чиқадиган қурт) юборди. Улардан бир киши тегирмонга ўн жариб (дон) олиб борса, ўн қафиз ҳам ун чиқмайдиган бўлди . Шунда улар: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан митани даф этсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дейишди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилдилар ва улардан бу азоб йироқлашди. Аммо улар Бану Исроилни қўйиб юборишдан яна бош тортишди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом фиръавннинг ҳузурида ўтирганларида бирдан бақанинг овозини эшитиб қолдилар ва фиръавнга: «Сен ва қавминг буни нима деб ўйлайсан?» дедилар. У (фиръавн): «Бу ҳам бир бало бўлмаса эди», деб жавоб берди. Кечга бориб уларнинг ҳар бири томоғигача бақага кўмилиб ўтирар, гапирмоқчи бўлишса, оғизларига бақа кириб кетар эди. Улар яна Мусога: «Роббингга дуо қил, биздан манави бақаларни даф этсин. Кейин биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дейишди. Аллоҳ улардан балони даф этди, лекин қавм яна иймон келтирмади. Сўнг Аллоҳ уларнинг устига қон балосини юборди. Анҳорлардан, қудуқлардан, идишларидан сув олмоқчи бўлишса, янги қон чиқар эди. Улар бу ҳақда фиръавнга арз қилиб: «Биз қон балосига учрадик. Тоза ичимлик қолмади», дейишди. Фиръавн: «У (Мусо) сизларни сеҳрлаб қўйган бўлса, ажаб эмас», деди. Улар: «Қаердан сеҳрлайди? Биз идишларимизда сув топа олмаяпмиз, янги қондан бошқа ҳеч вақо йўқ!» дейишди. Сўнг келиб: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан қон балосини кўтарсин. Кейин биз сенга иймон келтирамиз ва Бану Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дейишди. Бало даф бўлди. Улар яна иймон келтиришмади, Бану Исроилни қўйиб ҳам юборишмади».

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида хабар берган:

«Мусога «Бандаларим ила кечаси йўлга туш, уларга денгиздан қуруқ йўл оч, етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма», деб ваҳий қилдик» (77-оят).

Фиръавннинг зулми ва туғёни яна ҳам авжига чиқди. Ўшанда Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссаломга ўз қавми билан Шом диёрига ҳижрат қилишни буюрди. Фиръавн ва унинг одамларидан қочиб, Қизил денгизнинг шимолидаги тор қисмига етганларида Аллоҳнинг изни билан Мусо алайҳиссалом ҳассалари билан денгизни урдилар. У ердан осон ўтадиган йўл очилди. У зот қавмлари билан мана шу йўл орқали ўтиб олдилар.

«Фиръавн лашкарлари билан уларнинг ортидан таъқиб этди. Денгиз уларни ўраганича ўраб олди» (78-оят).

Фиръавн ўз аскарлари билан Бану Исроилни қувиб келиб, ортларидан денгизга тушди. Улар денгиз тубида кетишаётган бир пайтда тўхтаб турган сув бирдан ҳаракатга келди ва барчалари тўлқинлар остида қолиб кетишди. Аллоҳ таоло уларни шу зайлда ҳалок қилди. Мусо алайҳиссалом ва у зот билан бирга бўлганлар эса қирғоқнинг нариги томонига эсон-омон етиб олишди.

«Фиръавн ўз қавмини адаштирди, тўғри йўлга бошламади» (79-оят).

Оқибат шу тарзда якун топди. Худога эмас, фиръавнларга эргашганлар доимо шундай оқибат топадилар.

Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг лашкарини ғарқ этиб, Бану Исроилни зулм, жабр-ситамдан озод қилди.

Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан егулик-таом сўрашди. Аллоҳ таоло уларга осмондан манн (ширинлик, таом) ва салво (пиширилган бедана) туширди. Мусо алайҳиссалом улар билан юришни давом эттириб, ниҳоят Сийно минтақасига етиб бордилар. Мусо алайҳиссалом тоққа чиқиб, у ерда қирқ кун турдилар. Ўшанда Аллоҳ таоло у зот билан бевосита гаплашди ва Тавротни нозил қилди, тошдан бўлган лавҳларга ёзилган васиятларни берди. Сўнг Мусо алайҳиссалом ўз қавмларига қайтдилар. Уларнинг тилладан ўзлари ясаб олган бузоққа ибодат қилаётганларини кўриб, жуда қаттиқ ғазабландилар. Сўнг иқоб тарзида уларга бир-бирларини ўлдиришга амр қилдилар. Бу амр Аллоҳдан бўлган эди. Шундан сўнг у зот қавмларига Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга тийҳни, яъни адашиб-улоқиб юришни, зое бўлишни ёзгани, бу ишлар Сийно саҳросида қирқ йил давом этиши ҳақида хабар бердилар.

Мусо алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломдан кейин вафот этдилар. Бану Исроилни Муқаддас заминга у зот эмас, Юшаъ ибн Нун олиб кирдилар. Мусо алайҳиссалом бу дунёни 120 ёшларида тарк этдилар ва Ўлик денгизининг шимоли-шарқий тарафида, Муоб минтақасидаги Нибу (Небо) тоғига дафн этилдилар.

Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони каримда энг кўп келган қиссадир.

Мулоҳаза қилинса, Мусо алайҳиссалом инсоният илоҳий таълимотлардан жуда ҳам узоқлашган бир пайтда пайғамбар бўлганликлари англашилади.

У зот пайғамбар бўлиб келган қавм подшоҳни «илоҳ» деб эътиқод қилган, жамият эса ўзида барча нобакорликларни мужассам этган эди. Улар ҳар бир каттаю кичик масалада илоҳий таълимотдан узоқлашиб, ўзлари ихтиро қилган нобакорликларга амал қилишга ўтиб олишганди.

Шунинг учун Мусо алайҳиссалом уларга кўплаб тушунтириш ишлари олиб борган бўлсалар ҳам, у зотнинг қавмларидан бўлган бир гуруҳ ёшлардан бошқа ҳеч ким илоҳий йўлга юрмади. Аксинча, улар ўзларига пайғамбар бўлиб келган зотни ўлдиришга қасд қилишди.

Мусо алайҳиссаломнинг фиръавн ва унинг аҳли билан бўлган курашлари кофир қавмнинг Аллоҳ таоло томонидан ғарқ қилиниши ила якунланди.

Бошқа пайғамбарларнинг қиссаларида кофир қавм ҳалок бўлади, пайғамбар ва унга иймон келтирганлар нажот топадилар, аммо Мусо алайҳиссалом қиссасида асосий воқеалар кофир қавм ҳалок бўлганидан кейин бошланади. Фиръавн ва унинг қавми ҳалок бўлганидан кейин Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг акалари Ҳорун алайҳиссалом ўз қавмлари билан юзма-юз қоладилар.

Узоқ муддат қулликда, азоб-уқубатда яшаган бу қавм Аллоҳ таоло озод қилиб, Ўз неъматларини ато қилганидан кейин турли ношукрликлар қилишни бошлади.

Мусо алайҳиссалом уларни инсофга, шукр қилишга чақириб, даъват қилиб, кўп уриндилар. Аллоҳ таоло ҳам уларга танбеҳ учун турли азоб-уқубатларни йўллаб турди. Аммо халқ инсофга келмади. Бану Исроилнинг нобакорлиги борган сари кучайиб бораверди. Охир-оқибат Аллоҳ таоло уларнинг ёш болаларидан бошқа барчаларини доимий адашувда ўлиб кетишларини ирода қилди.

Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони каримда бунчалик кўп келишининг асосий сабабларидан бири Бану Исроил илоҳий китобга – Тавротга амал қилиб яшаши талаб этилган қавм эди. Мусулмонлар ҳам охирги илоҳий китоб – Қуръони каримга амал қилиб яшашлари лозим ва лобуд умматдир. Ана шу маънода улар ҳаммадан кўра Бану Исроилдан кўпроқ ибрат олишлари ва улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликлари керак. Шунинг учун ҳам Қуръони карим бу масалага алоҳида эътибор берган.

(тамом)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима давоми...

5220 05:00 / 06.01.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганиш АХЛОҚ Ва, албатта, Сиз улкан хулқ узрадирсизrdquo Қалам сураси, 4оят. Мен ахлоқ гўзаллигини тамомига давоми...

3825 05:00 / 06.03.2017
Саъид ибн Усмон уларни Мадинага келтирди. Аммо бухоролик асирлар тутқунликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўришди ҳамда Саъиднинг саройида уни ўлдиришди ва ўзларини давоми...

2264 11:00 / 17.12.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш10қисмАХЛОҚдавомиОЖИЗЛАРГА ЁРДАМРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорга кирдилар. Абу давоми...

3429 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

137660 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57722 14:35 / 11.08.2021