1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Умар розияллоҳу анҳунинг тинчлик жабҳасидаги оламшумул ишлари

10:58 / 25 май 1007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар халифаси, уларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолиятлари намозга ўтиш, узоқдан туриб шимол тарафда кетаётган фатҳ ишларини бошқаришдангина иборат бўлмаган. У кишининг мақсадлари Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, шариат таълимотлари асосида дунёдаги энг мукаммал, ҳаётнинг барча соҳаларида энг намунали жамият қуришни таъминлаш ҳам эди. Мана шу мақсадга эришиш йўлида у киши ҳар тарафлама ва серқирра фаолият олиб борар эдилар. Милодий XX асрнинг охирларида ғайримусулмон мутахассислар томонидан инсоният тарихида жамиятларга энг кўп фойда келтирган шахсларнинг исм-шарифларидан тузилган рўйхатнинг тўртинчи ўрнида Умар розияллоҳу анҳунинг исмлари келтирилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Инсон илм-маърифатга эга бўлмасдан туриб, дунё халқлари ичида пеш­қадам бўлишни хаёлига келтирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва инсониятга то қиёматгача икки дунё саодатига эришиш йўлларини кўрсатиб борадиган динини, яъни Исломни илм дини қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида бу маънони ҳатто энг нозик жойларигача, тўлиқ ҳис қилар эдилар. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ва хусусан, ўзларининг даврларида илмга алоҳида эътибор бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари бежиз бўлмайди. У зот тушларида косада сут ичганлари, ортиб қолганини эса ҳазрати Умарга берганларини кўрганлари ва саҳобаи киромлар бунинг таъвилини сўраганларида илмга йўйганлари ҳаммага маълум. Шу боис ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу илмга ниҳоятда ҳарис эдилар.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у киши ҳазрати Умардан ривоят қиладилар:

«Менинг Бану Умайя ибн Зайд уруғидан ансорий бир қўшним бор эди. У Мадинанинг юқори тарафидан эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушар эдик. Бир кун у, бир кун мен тушар эдим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирар эди. Мен ҳам унга шундай хабарларни келтирар эдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўладиган илмга қизиқиш бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Ибн Абдулбарр Ҳилол Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Огоҳ бўлинглар! Энг рост гап Аллоҳнинг каломидир. Энг яхши йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганларидир. Огоҳ бўлинглар! Илм одамларга уларнинг улуғларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар», дер эдилар».

Ҳазрати Умар раҳбар сифатида аҳолининг таълим-тарбиясига катта эътибор берар эдилар. Вақт­лари бор бўлса, кишиларга шахсан ўзлари таълим берганлар.

Абдурраззоқ, Ибн Абу Шайба ва Ибн Жарир Табарийлар Ибн Сириндан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо одамларга «Аллоҳга ибодат қиласан. У Зотга ҳеч кимни шерик келтирмайсан. Аллоҳ сенга фарз қилган намозни ўз вақтида ўқийсан. Унга бепарво бўлиш ҳалокатдир. Закотни чин кўнгилдан чиқариб берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Волий этиб тайинланган одамга қулоқ осиб, итоат қиласан» деб Исломни ўргатар эдилар».

Имом Байҳақий ва Асбаҳонийлар Ҳасандан ривоят қиладилар:

«Бир аъробий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: «Эй Умар! Менга динни ўргат!» деди. У: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирасан. Намоз ўқийсан. Закот берасан. Байтни ҳаж қиласан. Рамазон рўзасини тутасан. Ошкораликни лозим тут. Сирдан сақлан. Уятга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадан сақлан. Аллоҳга йўлиққанингда «Умар менга шуни амр қилди» деб айт», деди».

Дорақутний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, менга ташаҳҳудни ўргатди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, «Ат-таҳийяту...» деб ўргатганларини айтди».

Имом Молик, Шофеъий, Таҳовий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Абдурраҳмон ибн Абдул Қориъ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбарда туриб, одамларга «Ат-таҳийяту лиллааҳи...» деб ташаҳҳудни ўргатаётганларини эшитганини айтган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида аҳолининг таълим борасидаги ишларига катта аҳамият берар эдилар. У киши аввало пойтахтнинг ушбу соҳадаги ишларига алоҳида эътибор қаратганлар.

Ибн Саъд Басрий Қосимдан ривоят қилади:

«Умар барча сафарларда ўз ўрнига Зайд ибн Собитни қўйиб кетардилар. У киши одамларни турли юртларга муҳим ишлар билан юборар эдилар. Одамлар у кишидан Зайд ибн Собитни сўрашса: «Зайднинг мартабаси эсимдан чиққани йўқ. Лекин юрт аҳли Зайдга муҳтождир. Улар Зайднинг айтиб берадиган нарсаларини бошқа одамдан топа олмайдилар», дер эдилар».

«Ислом тарихи» китоби биринчи жузи

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зулқаъда ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан умрага отландилар.Зул Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, давоми...

2419 16:32 / 12.09.2021
Бани Ҳашиш қабиласининг раисларидан бири қўшнисининг ерини эгаллаб олади. Улар қозига шикоят қилиб боришади. Қози имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ эди. Шавконий давоми...

3132 17:00 / 12.04.2022
Ушбу соф олтин динорлар тарихдаги энг кучли қийматдаги олтин тангалар ҳисобланиб, Муробитлар давлати томонидан зарб қилинган. Ушбу тангалар билан Андалусия, давоми...

1408 11:00 / 14.02.2023
Ҳижрий 658 йил, Рамазоннинг 25куни, милодий 1260 йил 3 сентябр.Бу кун Ислом тарихидаги машҳур жанглардан бири бўлиб ўтди.Муғуллар сабабли Хоразмшоҳлар давлати қулади, давоми...

4347 09:30 / 06.10.2021
Аудиолар

137612 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57679 14:35 / 11.08.2021