1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Зино

19:10 / 17.05.2019 19264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди:

«Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир» (ал-Исро сураси, 32 оят).

«Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур» (Фурқон сураси, 68–69-оятлар).

«Зинокор аёл ва зинокор эркак – улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар...»

Бундан ташқари, улар бир йилга шаҳарларидан бадарға қилинадилар. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ворид бўлган.

«Агар сизлар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг (бу) ҳукмида (яъни, зинокорларни дарралашда) сизларни уларга нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин!»

Агар сизларнинг Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймонингиз ҳақиқий бўлса, у ҳолда секинроқ ёки камроқ уриш билан Аллоҳнинг зинокорларга белгилаган жазосини бекор қилманглар. Уларга раҳмингиз келмасин. Чунки зинокор раҳм-шафқат кўрсатишга арзимайдиган ярамас, тубан жиноятчидир.

«Уларнинг азобланишига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар!» (Нур сураси, 2 оят).

Шунда жиноятчилар ҳам жисман, ҳам руҳан қийналадилар. Бошқалар ҳам одамлар орасида шарманда бўлишдан қўрқиб, бу қабиҳ ишдан ўзларини тиядилар. Чунки айримларга жазоланишдан кўра, шарманда бўлиш кучлироқ таъсир қилиши мумкин.

Уламолар айтадилар: «Мазкур жазо бўйдоқ – оила қурмаган зинокорларга тааллуқлидир. Агар зинокорлар оилали ёки илгари оила қурган бўлишса, улар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларида бу ҳукм ўз ифодасини топган. Мабодо зинокорлар бу дунёда жазоларини олмасалар ва тавба қилмай ўлсалар, у дунёда дўзахда олов-қамчилар билан азобланадилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади. Ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ўғрилик қилади. (Ичувчи) хамр ичаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ичади» (Муттафақун алайҳ). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади» (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади» (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга қарамайди ва уларга аламли азоб бўлур. (Улар) зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал» (Муслим, Насоий ривоятлари).

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туш кўрдилар. У зотнинг олдиларига Жаброил ва Микоил алайҳиссаломлар келишди. Набий айтадилар: «Йўлга тушдик ва тандирга ўхшаган нарса олдига келдик. Ундан шовқин-сурон эшитилиб турарди. Қарасак, унинг ичида ялонғоч эркак ва аёллар бор экан. Уларга тагларидан олов келиб тураркан. Олов келганда, қичқирар эдилар... Тандирга ўхшаган бино ичидаги ялонғоч эркак-аёллар зинокор эркак-аёллардир» (Бухорий ривояти).

Зинокорлар қиёматга қадар мазкур азобга гирифтор бўлурлар.

Аллоҳдан афв ва офият тилаймиз.

Ато (раҳимаҳуллоҳ) жаҳаннам ҳақидаги: «Унинг еттита дарвозаси бўлур» (Ҳижр сураси, 44 оят), оятининг тафсирида шундай дейдилар: «Бу дарвозаларнинг энг ғам ташвишлиси, қайғулиси, энг иссиғи ва энг бадбўйи – била туриб зино қилган зинокорлар кирадиган дарвозадир».

Макҳул Димашқий (роҳимаҳуллоҳ) айтадилар: «Дўзах аҳлига жуда ҳам бадбўй ҳид келади. Шунда улар: «Биз бу ҳиддан кўра сассиқроқ, бадбўйроқ ҳидни ҳидламаган эдик», дейишади. Уларга: «Бу зинокорлар фаржларининг ҳидидир», дейилади.

Тафсир имомларидан бири Ибн Зайд (раҳимаҳуллоҳ) айтганлар: «Аниқки, зинокорлар фаржларининг ҳиди дўзах аҳлига озор беради».

Ривоят қилишларича, шайтон қўшинларини ер юзига юбора туриб: «Қайси бирингиз бир мусулмонни йўлдан оздирсангиз, унинг бошига тож кийдираман», дейди. Уларнинг энг фитнакори шайтонга энг яқини бўлади ва унинг олдига келиб: «Фалончини васваса қилаверган эдим, охири хотинини талоқ қилди», дейди. Шайтон: «Ҳеч иш қилмабсан, у яқинда бошқасига уйланиб олади», дейди. Сўнг бошқаси келиб: «Фалончини васваса қилаверган эдим, охири уни биродари билан уриштириб қўйдим», деганида, у: «Ҳеч иш қилмабсан, яқинда қайтадан ярашиб олади», дейди. Сўнгра бошқаси келиб: «Фалончини тинмай васваса қилган эдим, охири у зино қилди», дейди. Шайтон: «Жуда зўр иш қилибсан», деб уни ёнига чорлайди ва бошига тож кийдиради. Шайтон ва қўшинларининг ёмонлигидан Аллоҳ сақласин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Иймон бир либосдирки, Аллоҳ уни хоҳлаган кимсасига кийдиради. Агар банда зино қилса, ундан либос ечиб олинади. Борди-ю тавба қилса, унга (иймон либоси) қайтарилади» (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ичкиликка муккасидан кетган ҳолда вафот этса, Аллоҳ азза ва жалла уни «Гувта» дарёсидан суғоради», дедилар. «Гувта» дарёси нима?» деб сўрашди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У фоҳишаларнинг фаржларидан оқадиган дарё бўлиб, унинг бадбўйи дўзах аҳлига озор беради», дедилар» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Яъни, дўзахда фоҳишаларнинг фаржларидан қон, йиринг оқади. Сўнг маст қилувчи ичимликни ичишга одатланиб қолган кимсалар шу жирканч ичимлик билан «сийланадилар».

Ривоят қилишларича, жаҳаннамдаги бир водийда илонлар бўлади. Ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек бўлиб, улар намозни тарк қилувчиларни чақадилар. Уларнинг заҳари инсон жисмида етмиш йил ўз таъсирини кўрсатади. Сўнг унинг гўштлари шалвираб тушади. Жаҳаннамда «Жуббул ҳузн» (қайғу ўраси) деб номланган яна бир водий бўлиб, у илон ва чаёнлар маконидир. Ҳар бир чаён хачирдек келади. Унинг етмишта ниши бўлиб, ҳар бир ниши заҳарга тўла. У зинокорни чақиб заҳарлайди. Унинг оғриғи минг йил азоб беради. Сўнг зинокорнинг гўштлари титилиб, фаржидан қон, йиринг оқади. Ривоятларда келганки, ким оилали аёл билан зино қилса, уларнинг ҳар иккисига қабрда бутун ислом умматига бериладиган азобнинг ярми берилади. Қиёматда эса Аллоҳ таоло аёлнинг эри фойдасига ҳукм қилади.

Мазкур ҳолат эр бу ишдан бехабар бўлган тақдирда рўй беради. Агар эрнинг хабари ўлса-ю, сукут сақласа, эътибор бермаса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади. Чунки Аллоҳ таоло жаннат дарвозасига: «Сен даюсга ҳаромсан», деб ёзиб қўйган.

Аҳли оиласининг фаҳш-бузуқлик қилишини била туриб, сукут сақлайдиган ва рашк-ор қилмайдиган кимса даюс ҳисобланади.

Ривоят қилишларича, кимки ўзига ҳалол бўлмаган аёлни шаҳват билан ушласа, қиёмат кунида қўли бўйнига боғланган ҳолда келади. Агар ўпса, лаблари оловда қирқилади. Бордию зино қилса, қиёмат кунида сонлари тилга киради-да, унинг зарарига гувоҳлик беради: «Мен ҳаромга миндим», дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга ғазаб кўзи билан қарайди. Бу қарашдан банданидаги гўштлар эриб тушади. У саркашлик қилиб: «Мен бу ишни қилмаганман», дейди. Унга қарши тили гувоҳлик бериб: «Мен ҳалол бўлмаган сўзларни сўзлаганман», дейди. Қўллари: «Мен ҳаромни ушлаганман», деса, кўзлари: «Мен ҳаромга назар ташлаганман», дейди. Оёқлари: «Мен ҳалол бўлмаган ишга юриб борганман», дейди ва фаржи: «Мен қилганман», дейди. Елкасидаги фаришталардан бири: «Мен эшитганман», деса, иккинчиси: «Мен ёзганман», дейди. Аллоҳ таоло: «Мен билиб, уни яширганман», дейди. Сўнгра фаришталарга: «Уни ушланглар ва азобимдан тоттиринглар. Дарҳақиқат, беҳаё кимсага ғазабим кучайди», деб буюради. Қуйидаги ояти карима бу фикрни тасдиқлайди:

«У кунда – қиёматда қилиб ўтган (амаллари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 24-оят).

Айрим зинолар бошқаларидан улкандир: кишининг онаси, опа-синглиси ёки бошқа маҳрами билан қилган зиноси.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки маҳрамига яқинлик қилса, ўлдиринглар» (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолодан фазлу марҳамати ила гуноҳларимизни мағфират этишини сўраймиз. Албатта, У марҳаматли, саховатли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар Токи бу уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. давоми...

3488 16:40 / 23.05.2019
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга давоми...

4234 18:24 / 11.07.2020
Аллоҳ таоло айтади.Шакшубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас, Зумар сураси, 3оят.Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоятига муваффақ давоми...

16752 18:00 / 08.07.2019
Аллоҳ таоло .Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар...,, деди Нур сураси, 30 оят.1. Кўзни ҳаромдан сақлаш қалбни гуноҳкорлик алами ва азобидан сақлайди.2. Кўзни давоми...

2939 15:00 / 25.06.2021