1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аввал оғиз очиладими ёки шом ўқиладими?

10:00 / 13.05.2019 6002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Аввал оғиз очиладими ёки шом ўқиладими?

Жавоб: Оғиз очиб, шом намози ўқилади, сўнг таом ейишга ўтирилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз очишни шошилтириш ва шомни кечиктирмаслик ҳақидаги ҳадисларига амал қилинган бўлади.

Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масруқ билан бирга Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ унга: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан яхшиликка интилувчи икки киши бор, бири шомни ҳам, ифторликни ҳам тезлаштиради, бошқаси шомни ҳам, ифторликни ҳам кечиктиради», деди. Оиша: «Шом билан ифторни шошилтирадиган ким?» деб сўради. У: «Абдуллоҳ», деди. Шунда у «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар», деди

Муслим ривоят қилган.

Савол: Саҳарлик ва ифторлик вақтга қараб белгиланадими ёки қуёш ҳаракатига қарабми?

Жавоб: Саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқ кирган-кирмагани ва қуёшнинг ботган-ботмаганига боғлиқдир. Бир киши субҳи содиқ киришидан бир соат аввал саҳарликни самолётда қиламан, деган ниятда осмонга кўтарилса ва у ерда субҳи содиқ кирганига гувоҳ бўлса, саҳарлик қилмасдан рўза тутиши керак. Агар самолётда учиб кетаётганда субҳи содиқ кирганини кўриб, саҳарлик қилган бўлсаю, ерга қўнганда ҳали субҳи содиқ кирмагани маълум бўлса, яна еб-ичиши мумкин бўлади. Бир киши ифторликка оз вақт қолганда осмонга кўтарилса ва ҳали қуёш ботмаганига гувоҳ бўлса, қуёш ботмагунча ифторлик қилмайди. Лекин ерда оғзини очгандан кейин осмонга кўтарилганда қуёшни қайта кўрса, рўзаси дуруст бўлади, аммо қуёш ботгунча емай-ичмай туради.

Савол: Бир шаҳарда бўла туриб баландликда турган киши билан ерда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бўладими?

Жавоб: Рўзани очиш-очмаслик қуёшнинг ботган-ботмаганига боғлиқ. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақат ердаги кишилар учундир. Шунинг учун баланд уйларда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир хил вақтда оғиз очишмайди, балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очишади. Самолётда кетаётганлар ҳам соатга қараб эмас, балки қуёшнинг ботганига қараб оғиз очадилар.

Минора каби баланд жойда турган одам қуёш ботганини кўрмай туриб ифторлик қилмайди. Лекин шу шаҳар аҳли учун қуёш ботган заҳоти ифторлик қилиш жоиз бўлади. Саҳарлик қилиш ва бомдод намозини ўқишда субҳи содиқ киришига қараш ҳам худди шундай йўл тутилади.

Савол: Халқ орасида олов теккан нарса билан оғиз очиб бўлмайди, деган фикрлар бор. Бу тўғрими?

Жавоб: Бу нотўғри фикр.

Савол: Баъзилар қуёш ботди деса, бошқалар ботмади деса, қуёш ботди деган сўзни инобатга олиб, рўзасини очиб юборган киши қуёш ботмаганини билиб қолса, каффорат лозим бўладими?

Жавоб: Қазо лозим бўлади, каффорат эмас.

Савол: Саҳарлик вақти тугай деб қолган пайтда жунуб ҳолатда уйғонган киши аввал саҳарлик қиладими ёки ғусл қиладими?

Жавоб: саҳарлик вақти оз қолган бўлса, оғиз-бурунни яхшилаб чайиб, саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзага путур етказмайди.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръон каримда дуо қилиш одобидан таълим берган оятларга кўра мўмин Аллоҳ уни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилиб Унга умид ва қўрқув билан дуо қилади. давоми...

2024 11:00 / 25.12.2022
ndash Инсон танасининг тахминан 60 фоизи, чақалоқ танасининг 75 фоизи сувдан иборат, эркак вужудида 47, аёлникида 30 литр атрофида сув бўлади. Бир инсон олтмиш йиллик давоми...

6718 17:09 / 13.07.2020
Анас розияллоҳу анҳу деди .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан йўлда кетар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгниларида четлари дағал давоми...

4221 21:08 / 01.12.2018
Америкада икки аёл бир вақтнинг ўзида фарзанд кўришибди. Бири ўғил, бири қиз туғибди. Ҳамшираларнинг хатоси сабаб ким ўғил, ким қиз туққанини адаштириб қўйишибди. давоми...

4072 08:10 / 28.04.2019
Видеолар

1013 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216647 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135806 14:35 / 11.08.2021