1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг нияти

07:10 / 09.05.2019 9531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниятнинг ўрни қалбдир. Қалбда ният йўқ бўлса, тил билан айтиш кифоя қилмайди. Ниятни тил билан талаффуз қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлмаган бўлса-да, машойихларнинг шогирдларга таълим бериш мақсадида жорий қилган суннатларидир. Барча турдаги рўзалар учун тонг отиш пайтида ёки кечаси ният қилиш афзалдир.

Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади:

1. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлган рўзалар. Бундай рўзалар «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорат учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.

2. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлмаган рўзалар. Бундай рўзалар «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси ва барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг ярмидан олдин қилинган ният билан тўғри бўлаверади.

Рамазон рўзасини нафл нияти билан ёки мутлақ ният ёхуд бошқа вожиб рўза нияти билан адо қилса ҳам бўлади. Фақат сафарда ва беморликда бўлмайди.

Бир киши Рамазон куни нафл рўза тутишни ният қилса ҳам, фарз рўзани тутган бўлади. Бошқа бири «Рамазон рўзасини тутишни ният қилдим» дейиш ўрнига «Рўза тутишни ният қилдим» деса ҳам фарз рўзани тутган бўлади. Яна бир киши Рамазон куни «ўтган йилги қазони» ёки «каффорат учун тутишим лозим бўлган рўзани» ёхуд «назр қилган рўзамни ният қилдим» деса ҳам, Рамазоннинг фарз рўзаси ўрнига ўтаверади, чунки Рамазон ойи фарз рўзани тутиш учун тайин қилинган, бу ойда ана шу фарз рўзадан бошқа рўза бўлмайди.

Рамазон ойида сафарга чиққани ёки бемор бўлгани учун рўза тутмасликка рухсати бўлган одам ўз ихтиёри билан бошқа вожиб рўзани тутишни ният қилса, ўша ният қилган рўзаси ўтади, Рамазоннинг фарзига ўтмайди. 

Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният билан тутса бўлади. Фақат нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти билан тутиб бўлмайди, чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.

Қазо, каффорат ва мутлақ назр рўзалар учун уларни кечаси тайин қилиб, ният қилиш шарт қилинган, чунки бундай рўзалар учун муайян вақт тайин қилинмаган. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини тайин қилиш вожиб бўлади.

Нафл рўза учун кечаси ният қилиш шарт эмас. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни олдимга кириб, «Бирор нарсанг борми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Ундай бўлса, мен рўзадорман», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади, чунки ўша кун шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними деган шак, иккиланиш бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам ой кўринмаса, шак бўлмайди.

Шак куни нафл рўза тутиш фақат доимий тутадиган рўзаси шу кунга тўғри келиб қолганлар ва хос кишилар учун афзалдир.

Бир киши маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишни одат қилган бўлса ва бу кунлардан бирортаси шак кунига тўғри келиб қолса, рўзасини Рамазондан бир кун деб ният қилмай тутса бўлади. Шунингдек, шаъбоннинг охирги уч кунини тутса ҳам жоиз. Аммо охирги бир ёки икки кунни алоҳида тутиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонни бир ёки икки кун рўза тутиб кутиб олманглар. Фақат бир кишининг тутиб юрадиган рўзаси бўлса, тутаверсин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рамазондан олдинги куннинг рўзасини тутишга одатланилса, бир кун зиёда тутиш шарт экан, деган гумон пайдо бўлиши хавфи бор. Шунинг учун шак куни шаръий кундузнинг ярми ўтгунча ҳам ўша кун Рамазоннинг биринчи куни экани аён бўлмаса, одатдаги нафл рўзасини тутаётганлар шаръий кундузнинг ярмидан кейин оғизларини очадилар.

Шак куни Рамазондан бошқа вожиб рўзани ният қилиш макруҳдир. Агар ўша кун Рамазондан бўлиб чиқса, нияти борлиги учун рўзаси дуруст бўлади. Агар ўша кун шаъбондан бўлиб чиқса, Рамазонни ният қилган бўлса ҳам, нафл рўза ўрнига ўтади. Агар оғзини очиб юборса, қазосини тутмайди, чунки у гумон билан рўза тутган эди.

«Агар эртага Рамазон бўлса, рўза тутдим, бўлмаса йўқ» деб ният қилса, рўзаси дуруст бўлмайди, чунки бу ҳолда жазм билан ният қилмаган.

Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш пайтида эртанги куннинг рўзасини ният қилишдир. Рамазон ойида рўза кунлари эканини билса-да, рўза тутишни ҳам, тутмасликни ҳам ният қилмай тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро, рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолинмайди. «Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман» дейиш билан ҳам ният дуруст бўлаверади, чунки рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади.

Бир киши ҳар куни рўза тутмоқчи бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам, дили билан ҳам рўзани ният қилмаса ҳам, саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик қилаётган вақтда рўза тутмасликни ният қилса ёки одати ҳар куни ўша вақтда таомланиш бўлса ёхуд ҳамма қатори саҳарликка турсаю, ўзи рўза тутмайдиган киши бўлса, унинг саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтмайди. Саҳарлик ниятнинг ўрнига ўтиши Рамазоннинг рўзасида, тайин қилинган назрда ва нафл рўзалардадир. Бундан бошқаларда эса саҳарлик қилиш билан биргаликда қайси рўзани тутаётганини дил билан ният қилиши зарур. Кечанинг аввалида «саҳарликка тураман» деб ният қилиш рўза ниятининг ўрнига ўтмайди.

Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасдан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг қазоси лозим бўлади, каффорати эмас.

Агар кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирганидан кейин ниятини бекор қилса, нияти бекор бўлмайди, рўзадор бўлаверади. Мабодо еб-ичиб юборса, ўша кунги рўзанинг қазоси ва каффорати лозим бўлади.

Бир киши кечаси саҳарликка тура олмаслигини ўйлаб рўзани ният қилсаю, сўнг саҳарликка туриб қолса, саҳарлик қилаверади ва ниятини янгилаб олади. Рўзадор рўзасини бузишни ният қилсаю, бирор нарса еб-ичмаса, рўзаси бузилмайди.

Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса, нияти дуруст бўлади. Масалан, бир киши шундай ният қилиб, беҳуш бўлиб қолсаю, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этса ҳам, у ўша куни рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишидан аввал ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиш зарур.

Ният қилишнинг охирги вақти қачонлиги ҳақида уламолар турли фикрлар айтишган. Ҳанафий уламоларнинг қарашлари бу борада икки қисмга бўлинади:

Биринчиси: рўзага кечаси ният қилиш шарт эмас. Лекин Рамазон рўзасини, тайин қилинган назрларни ва нафл рўзаларни адо қилиш каби ният қилиб олса афзал.

Иккинчиси: кечаси ният қилиши шарт. Юқоридаги рўзаларнинг қазоси ва бошқа барча рўзалар каби. Шунинг учун Рамазон рўзасини тутаётган киши кун ярим бўлишидан аввал (шаръий кундузнинг ярмигача) ният қилиб олса ва бу орада еб-ичиб қўймаган бўлса, рўзаси дуруст бўлаверади.

«Шаръий кундузнинг ярми»ни билиш учун субҳи содиқдан қуёш ботгунга қадар бўлган муддат иккига бўлинади. Агар куннинг тенг ярмидан кўпроғида ният қилинган бўлса, рўза дуруст бўлади. Тенг ярмида ёки тенг ярмидан озроғида ният қилинган бўлса, рўза дуруст бўлмайди.

Рамазон рўзасини адо қилиш учун умумий қилиб, «рўза тутишни ният қилдим» дейиш кифоя. Мусофир ва беморлардан бошқалар қайси турдаги рўза тутишни ният қилмасинлар (назрми, нафлми, барибир), барчаси Рамазон рўзасидан ҳисоб қилинаверади.

Рамазон рўзаси ва ундан бошқа рўзанинг ниятида иккиланиш макруҳдир. Агар эртасига Рамазонлиги аён бўлса, рўза Рамазон рўзаси бўлади, бўлмаса нафл бўлади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ Мусойсада жанозага қатнашдилар. У зот қабристонда Абу Исҳоқ Фузорий билан Махлад ибн Ҳусайннинг қабрлари давоми...

1385 08:02 / 25.05.2020
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Рукн билан Мақом1 ўртасида Аллоҳ таолодан таом, шароб, либос, хушбўй ва аёллар шаҳватини давоми...

1984 09:05 / 25.08.2019
Язид ибн Ҳорун айтади .Восит шаҳрида қозиликка ишончли бир муҳаддис тайинланди. У қозилик қилаётган даврда бир киши усти ёпиқ, муҳрланган ҳамён бир одамга давоми...

2501 08:00 / 22.09.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар,, дедилар. Одамлар .Эй давоми...

5755 09:10 / 04.03.2019
Аудиолар

134203 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54543 14:35 / 11.08.2021