1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яхшилик қилувчининг мукофоти

17:30 / 09.07.2020 3318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2013 йилнинг июль ойида Глин Жеймс исмли кўчаларда санғийдиган бир дайди очликдан овқат қидириб ахлат қутисини титаётиб девор ёнида турган бир жомадонни топиб олади. Жомадонни очиб қараса унда 40.000 доллар пул бўлади. Глин фақирлиги, пулга муҳтожлигига қарамасдан жомадонни энг яқин жойдаги полиция идорасига олиб бориб топширади.

Ҳукумат Глиннинг фақирлигини билгач ишонарли инсон эканлигини тақдирлаш мақсадида хайрия ташкил қилади. Инсонлар бундан таъсирланиб хайрияда иштирок этишди. Қисқа муддатда 85.000 доллар маблағ йиғилди. Яъни, жомадондаги пулдан икки баробар ортиқ пул йиғилди.

Бундан ҳар бир шахс ўзи учун бир неча дарс олиши мумкин:

1. Инсоннинг инсонлиги чўнтагига қараб эмас, қалбига қараб экан. Гоҳида фақир киши қалбан ва ахлоқан бой бўлади. Ўзиники бўлмаган нарсага қўл чўзмайди. Гоҳида эса Қоруннинг мулкига эга бўлган бойнинг ғами бойлигини ҳалол-ҳаромга парво қилмасдан янада кўпайтириш эканини кўрасан. Қорун Бани Исроилда яшаб, мутакаббирлиги туфайли ер ютиб юборган бир бой кишининг исми.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Ибн Абу Ҳотим саҳиҳ санад билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг амакиваччаси бўлган. Қорунга Аллоҳ таоло шу даражада бойлик берган эдики, хазинасининг калитларини бир гуруҳ бақувват кишилар зўрға кўтаришар эди».

Унинг ҳаддидан ошиши ҳақида бир қанча фикрлар бор. Жумладан, у Мусо алайҳиссаломга ҳасад қилган, бир фоҳиша аёл билан келишган ҳолда Мусо алайҳиссаломни зинода айблаган. Лекин Аллоҳ таолонинг амри билан фоҳиша бу ишни Қорун қилганини тан олган. Унинг ҳаддидан ошиши мутакаббирлик деб ҳам тафсир қилинган. Ривоятларга қараганда, такаббурлик қилиб кийимни ерга судраб кийиш одатини Қорун пайдо қилган. У мутакаббирлик қилиб, ўзидан бир қарич узун кийим кийиб юрар экан.

Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Қоруннинг ҳаддидан ошиши шундай изоҳланади: «Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга Аллоҳ таолонинг буйруқларини етказар эди. Бу буйруқлар уларнинг мол-мулкларига ҳам тааллуқли бўлиши Қорунга оғир ботди. Шунда у қавмидан бир гуруҳ инсонларга: «Мусо «зино қилган киши тошбўрон қилинади», демоқда. Келинглар, бир фоҳишага бироз пул берайлик. У: «Мусо мен билан зино қилди» – деб айтсин. Шунда Мусо тошбўрон қилинади ва шу тариқа ундан қутиламиз» – деди ва биргаликда шундай қилдилар ҳам. Мусо алайҳиссалом одамлар ичида зинонинг ҳаромлиги ва бу ишни қилган киши тошбўрон қилиниши ҳақида хутба қилиб турганларида Қорун тил бириктирган инсонлар Мусо алайҳиссаломдан сўрашди:

– Агар сиз зино қилсангизчи?

– Мен қилсам ҳам, – дея жавоб берди Мусо алайҳиссалом.

– Ахир, сиз зино қилдингизку?!

Бу гапни эшитган Мусо алайҳиссалом ҳайратдан ёқа ушлаб қолдилар. Одам юбориб, ҳалиги фоҳиша олиб келинди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроил учун денгизни иккига бўлган Зотни ўртага қўйиб, ундан фақат ростини айтишини қаттиқ талаб қилдилар ва фоҳиша бўлиб ўтган ишни айтиб берди. Шунда Мусо алайҳиссалом сажда қилиб йиғлади. Аллоҳ таоло у зотга: «Мен ерни сенга итоат қилишга буюрдим, унга хоҳлаган буйруғингни бер» – деб, ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом ерга буйруқ берди ва ер Қорун ва унинг ҳамтовоқларини ютиб юборди».

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: «У ернинг еттинчи қаватига кириб кетди».

Қорунни ер ютишига сабаб фақат унинг бу иши эмасди. Қавми унга такрор ва такрор насиҳат қилиб, уни манмансирамаслик, Аллоҳ таоло ато этган бу молу давлатдан Аллоҳ йўлида садақа қилишга, ерда фасод тарқатмасликка чақирганида унинг жавоби қуйидагича бўлди:

«Мен бу нарсаларга ўз илмим билан етишганман». Лекин Аллоҳ таолонинг азоби олдида на молу мулк, на мансаб ва на насаб фойда бермайди. Қорун йиққан молу давлати билан фахрланиб, ер юзида манмансирагани боис Аллоҳ таоло қиёмат кунигача уни барча мол-мулки билан одамлар оёғи остига чўктириб юборди. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак.

Инсон зоти шунақа нонкўр бўлар экан. Аллоҳ таоло унга илм-маърифат, молу давлат ёхуд куч-қувват берса, уни Аллоҳ йўлида ишлатиш у ёқда турсин, ҳатто бу неъматларни ким берганини ҳам унутиб қўяр экан. Ҳар биримиз ўзимизга бир назар солайлик, илмлиларимиз «ўз ҳаракатим билан бу илмга етишганман» деса, кучлиларимиз «кўп шуғулланиш эвазига мана шундай кучга эришганман» деса, бойларимиз «уддабуронлигим туфайли шу мартабага етишганман» деса, бизни Қорундан нима фарқимиз қолади?! Тўғри, Қорун жуда ақлли ва доно эди. Бироқ у оддий ва муҳим бир эътиқодни: унга бу неъматларни ким ато этганини унутди. У одамлар қадр-қимматини мол-мулк билан ўлчай бошлади. Унинг бу нодонлиги мутакаббирликка сабаб бўлди ва мутакаббирлиги туфайли ҳалок бўлди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин, кибр балосидан Ўзи сақласин!

2. Инсонларни ташқи кўринишига қараб билиб бўлмайди. Гоҳида эски кийимнинг ичида эҳтиромингга лойиқ хазина ҳам бўлиши мумкин. Гоҳида эса гўзал кийимлар остида инсон суратидаги шайтон ҳам бўлиши мумкин.

3. Аллоҳнинг ердаги қонунларидан бири шуки, яхшилик уни ким қилишидан қатъий назар зое бўлмайди. Яхшилик қилувчи яхшилигининг мукофотини албатта кўради. Охиратда ҳисоб бошқача бўлади. У ерда дин фақат Ислом. Яъни, мукофот фақат мусулмонларгадир!

4. Инсонлар фитратида яхшиликни севиш бор. Ҳатто умуман яхшилик қилмайдиган ёмон инсон ҳам яхшиликни яхши кўради, яхшилик қилувчини эҳтиром қилади. Ишон! Сен ўз тузуминг ва ахлоқингда маҳкам турар экансан, эҳтимол кўп инсонларни йўқотасан. Аммо билгинки, улар гарчи бунинг аксини зоҳир қилишсада уларнинг эҳтиромини албатта қозонасан.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Роҳиба ndash художўй, таркидунё қилган зоҳида аёл деган маънода ишлатиляпти.Абулфараж ва бошқаларнинг ривоят қилишича, Маккада бир гўзал аёл яшарди. Бир куни у давоми...

2847 08:00 / 30.12.2020
Савол Намознинг динимиздаги энг улуғ ибодат эканини яхши биламиз. Аммо сайтлардан бирида унинг инсон саломатлигига ҳам фойдаси борлигини ўқиганимдан сўнг шу давоми...

3256 19:28 / 27.06.2020
Иброҳим ибн Адҳамнинг ходими Иброҳим ибн Башшор айтади Бир куни хожамга Эй Абу Исҳоқ, бу ҳолатга қандай етишгансизrdquo дедим. У киши ҳаётларини ҳикоя қилиб давоми...

2629 08:30 / 16.12.2018
Ҳозирги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари америкача маданият, маънавият ва ахлоқий кўринишларни дунё миқёсидаги маданият ўлароқ тарғиб этишга давоми...

5441 08:45 / 16.01.2019