1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўзанинг фазилатлари ҳақида (тўртинчи мақола)

21:40 / 07.05.2019 1971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи боб

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?!» деди.

Ҳузайфа:

«Мен у зотнинг «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади», деганларини эшитганман», деди.

«Мен бу ҳақда сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», деди Умар.

«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди у.

«У очиладими, синдириладими?»

«Синдирилади».

«Ундай бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да».

Биз Масруққа:

«Ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканлигини билар эканми?» дедик. У сўради. Ҳузайфа:

«Ҳа, эртадан аввал тун бўлишини билгандек билар эди», деди».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Фитна» сўзи луғатда «синов», яна ўзимиз тушунадигандек, ёмонлик маъносини ҳам англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда мусулмонлар ичида фитна чиқиб, урушлар, келишмовчиликлар ва нохушликлар бўлиши ҳақида баъзи ҳадисларни айтган эдилар. Ҳазрати Умар ҳам бу нарсадан хабардор эдилар. Шу билан бирга, мазкур фитна менинг вақтимда чиқмасмикан, унга мен аралашиб қолмасмиканман, деган хаёл билан юрар эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур фитна ҳақидаги ҳадисларини яхши билган кишилардан сўраб-суриштирар эдилар. Кунлардан бир куни мана шу ривоятда зикр қилинган ҳодиса бўлиб ўтди.

«Умар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ким ёддан билади?» деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу саволларига жавобан Ҳузайфа розияллоҳу анҳу:

«Мен У зотнинг «Кишининг аҳлидаги, молидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза ва садақа ювиб юборади», деганларини эшитганман», деди.

Кўриниб турибдики, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу сўраган «фитна»дан кичик маънодаги фитна, синов ва бир хил нарсаларга чалғиб, ибодатда камчиликка йўл қўйиш маъносини тушунганлар. Шунинг учун ҳам молу дунё, аҳли аёл ва қўни-қўшни туфайли содир бўлган гуноҳларни намоз, рўза ва садақа ювиб юбориши ҳақидаги ҳадисни айтдилар. Бу ҳадис ушбу бобда келтирилишидан мақсад ҳам шу. Рўза аҳли аёл, молу дунё ва қўни-қўшни фитнаси туфайли содир бўлган гуноҳларни ювиб ташлаши учун ҳам уни ихлос билан тутиш керак.

Ҳадиснинг давомидан кўриниб турибдики, ҳазрати Умар катта фитна, яъни мусулмонлар орасида чиқадиган келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ва жанглар фитнаси ҳақида сўраган эдилар.

Шунинг учун ҳам Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидан кейин:

«Мен бу ҳақида сўраётганим йўқ. Мен денгиз мавжидек мавжланадиган (фитна) ҳақида сўраяпман», дедилар.

Мусулмонлар орасида чиқадиган фитнанинг денгиз мавжидек мавж уришини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар. Ҳазрати Умар Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга ана шу васфни эслатдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу у ҳадисни ҳам яхши билар эдилар. У киши ҳазрати Умар нима учун у фитна ҳақида сўраётганларини ҳам тушуниб етдилар. Шунинг учун у кишини тинчлантириб,

«Унинг қаршисида ёпилган эшик бор», деди.

Яъни бу «Эй Умар, ўша денгиз мавжидек мавж урадиган фитнага мен аралашиб қолмасмиканман, деб қўрқмагин, у билан сенинг орангда ёпиқ эшик бор», деганлари эди. Бу эшик ким эканлигини ҳадиснинг давомидаги

«Умар эшик ким эканлигини билар эканми?» деган жумладан ҳам билиб оламиз. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умарнинг Ҳузайфа розияллоҳу ан¬ҳуга:

«Ул очиладими, синдириладими?» деб берган саволларининг маъноси «Ўша ёпилган эшик бўлган шахс ўзи вафот этадими ёки бошқалар томонидан ўлдириладими?» дегани эди.

Бу саволга Ҳузайфа розияллоҳу анҳу «Синдирилур», дедилар. Бу эса «Ўша фитнага эшик бўладиган шахс ўлдирилади» дегани эди.

Ҳазрати Умар тушуниб етдилар ва:

«Ундай бўлса, қиёмат кунигача ёпилмас экан-да», дедилар.

Ҳақиқатда ҳам шундай бўлиб чиқди. Ҳазрати Умар даврларида ҳеч қандай фитна чиқмади. У кишидан кейин ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У зотнинг халифа бўлган даврнинг охирида фитна чиқди. Фитначилар у кишини ўлдирдилар ва шу туфайли мусулмонлар орасида фитна денгиз мавжидек мавжланди. Қанчадан-қанча буюк саҳобийлар, улуғ мусулмонларнинг қонлари тўкилди. Турли-туман фирқалар, гуруҳлар юзага чиқди. Ўша фитнанинг асари ҳозиргача Исломга, мусулмонларга зарар етказиб келмоқда. Мусулмонлар ўзларининг бир минг беш юз йиллик тарихларида ҳеч қачон ташқи душмандан мағлуб бўлмаганлар. Ҳар доим ўзларининг ичида чиққан фитна туфайли мағлуб бўлганлар.

Ушбу ҳадисни Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан эшитиб ўтирган кишилар фитнага эшик бўлиб турган одам кимлигини ҳазрати Умар билармидилар-йўқми, деган хаёлга бордилар ва машҳур тобеъинлардан Масруқ розияллоҳу анҳуга бу ҳақда Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрашни таклиф қилдилар. Улар бу ҳақда:

«Биз Масруққа «Ундан сўра-чи, Умар эшик ким эканлигини билар эканми?» дедик», дейдилар.

Масруқ Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан бу ҳақда сўраган эди, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан:

«Ҳа, эртадан аввал тун бўлишини билгандек билар эди», деди.

Демак, ҳазрати Умарнинг ўзлари билиб туриб, яна сўрашдан мақсадлари бошқаларни ҳам хабардор қилиш ва бу масалани яна ҳам таъкидлаб олиш экан.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади .Бир обид Аллоҳга эллик йил ибодат қилди. Аллоҳ унга .Сени мағфират қилдим,, деб нидо қилди. У .Роббим, мен гуноҳ қилмаган бўлсам, нима учун давоми...

2151 07:10 / 14.05.2019
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келган пайтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк давоми...

1937 09:04 / 14.06.2019
Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссалом Мадина шаҳрига кўчиб келганларидан сўнг, у ерда масжид барпо этишни ирода қилдилар. Дастлаб масжид қурилганда давоми...

6341 14:10 / 16.04.2019
Ҳар сафар илк қор ёққанда, Қуръонга оид баъзи нохуш сўзлар қулоққа чалинади. Айрим жоҳил кимсалар .Қуръон ва ҳадисда қор ҳақида маълумот келмаган,, .Расулуллоҳ давоми...

3970 15:00 / 03.12.2021