1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида (давоми)

09:30 / 04.05.2019 1964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан наҳий қилинган эдик. Бизга бадавий аҳллардан бир оқил киши келиб, у зотдан савол сўраётганини эшитиб туриш ёқар эди. Бас, бир куни аҳли бодиядан бир киши келди ва:

«Эй Муҳаммад! Бизга юборган элчинг албатта, сени Аллоҳ юборганини айтаётганингни даъво қилмоқда», деди.

«Тўғри айтибди», дедилар.

«Осмонни ким яратган?» деди у.

«Аллоҳ!» дедилар.

«Ерни ким яратган?» деди.

«Аллоҳ!» дедилар.

«Мана бу тоғларни ким тиклаб қўйди ва улардаги нарсаларни пайдо қилди?» деди.

«Аллоҳ!» дедилар.

«Ундай бўлса, осмонни яратган, ерни яратган, ушбу тоғларни тиклаган Зот билан қасамки, сени Аллоҳ Пайғамбар қилиб юбордими?!» деди.

«Ҳа!» дедилар.

«Сенинг элчинг бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз эканлигини даъво қилди», деди.

«Тўғри айтибди», дедилар.

«Сени Пайғамбар қилиб юборган Зот ила қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.

«Ҳа!» дедилар.

«Сенинг элчинг бизга молу дунёмиздан закот фарз қилинганини даъво қилди», деди.

«Тўғри айтибди», дедилар.

«Сени Пайғамбар қилиб юборган Зот ила қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.

«Ҳа!» дедилар.

«Сенинг элчинг ҳар йили Рамазон ойи рўзаси фарз қилинганини даъво қилди», деди.

«Тўғри айтибди», дедилар.

«Сени Пайғамбар қилиб юборган Зот билан қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.

«Ҳа!» дедилар.

«Сенинг элчинг қодир бўлганларга Байтни ҳаж қилиш фарз қилинганини даъво қилди», деди.

«Тўғри айтибди», дедилар.

Сўнгра у киши:

«Сени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мана шуларга зиёда ҳам қилмайман, улардан кам ҳам қилмайман», деб, қайтиб кетди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар ростгўй бўлса, албатта, жаннатга киради», дедилар».

Яна бир ривоятда қуйидагилар зиёда қилинган:

«У киши:

«Сен келтирган нарсага иймон келтирдим. Мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман. Мен Бани Саъд ибн Бакр(қабиласи)лик Зимом ибн Саълабаман», деди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарсаларни ўрганишга муштоқ бўлиб яшар эдилар. Лекин воқеликда бўлмаган турли нарсаларни сўрайвериш Ислом умматига оғирлик яратиши мумкинлиги эътиборидан Аллоҳ таоло уларни:

«(Ҳар хил) нарсаларни сўрайверманглар, агар (улар) зоҳир бўлса, сизга ёмон бўладир», (Моида сураси, 101-оят) деб, ман қилган эди.

Шунинг учун улар юрак ютиб, унча-бунча нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрай олмас эдилар. Бу, албатта, ҳожат тушмаган нарсалар ҳақида эди. Ҳожат бўлса, сўраш вожибдир. Бундай вақтда саҳобаи киромлар ҳам дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берар эдилар.

Ҳожат тушмай турган нарсаларни эса аҳли бодия – саҳро аҳлидан бирор оқил одам келиб, сўраб қолса-ю, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг саволларига берган жавобларидан биз ҳам фойдаланиб қолсак, деб интизор бўлиб турар эдилар.

Бир куни Бани Саъд ибн Бакр қабиласига мансуб бўлган Зимом ибн Саълаба исмли киши келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўрай бошлади.

Унинг бу келишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган элчининг гаплари сабаб бўлган эди.

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли жойларга, жумладан, саҳройи қабилаларга ҳам Исломга даъват қилувчи ўз элчиларини юборар, улар кишиларни Исломга даъват қилар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бани Саъд ибн Бакр қабиласига юборган элчилари уларни Исломга даъват қилганларидан сўнг мазкур қабила у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўз вакиллари – Зимом ибн Саълабани юборибди. У келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан керакли нарсаларни сўраб, аниқлаб кетибди.

Агар эътибор берган бўлсангиз, биринчи ривоятда иймон, яъни калимаи шаҳодат тўғрисида ҳеч гап йўқ. Фақат намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида гап бор.

Зимом ибн Саълаба мазкур ибодатларни камитмай ҳам, оширмай ҳам адо этишга азму қарор қилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса агар у ростгўй – содиқ бўлса, албатта, жаннатга кириши ҳақида башорат бермоқдалар. Бу мўмин бўлмай туриб ҳам, ибодат қилган одам жаннатга киради, дегани эмас.

Чунки иймон бирламчи нарсадир. Иймони йўқ одам Зимом ибн Саълаба сингари аҳд қилмайди. Сўнгра Зимом ибн Саълабанинг бу саволлардан олдин иймон келтиргани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум эди. Шунинг учун бу ҳадисни ўқиб, ўрганган киши калимаи шаҳодатни айтиб, иймонга келмаган одам ибодат қилиб, жаннатга кириши мумкин экан, деган хаёлга бормаслиги ва хаёлига келган бу гапни бошқаларга айтиб юрмаслиги керак. Бу оддий ҳақиқат. Ушбу ҳақиқатни ёш болалар ҳам билади.

Яхшилаб ўйлаб кўрсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳунинг намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларини бекаму кўст адо этишга қилган аҳди эътиборидан «Агар ростгўй бўлса, албатта жаннатга киради», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Зимом калимаи шаҳодатни айтган эди, бу ибодатларни адо этмаса ҳам жаннатга кираверади», деганлари йўқ. Ушбу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатни ҳар бир инсон унутмаслиги ва шунга яраша амал қилиши лозим.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолар султони Иззуддин Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ дедилар.Бировга иззат кўрсатиш ва эҳтиром маъносида ўрнидан туришнинг зарари йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1619 12:23 / 19.02.2022
Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва давоми...

5622 09:30 / 22.04.2019
Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди. Абдуллоҳ ибн Масъуд давоми...

3008 15:00 / 24.11.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар,, давоми...

1793 17:30 / 12.05.2020