1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нима қилмоқ керак? (давоми)

21:10 / 13.01.2019 2443 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

ﯣﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ

«Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (28-29-оятлар).

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга мансуб эканининг ва руҳ Ўзига мансуб эканининг хабарини берди.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, яхши хулқ деб, ёмон бўлса, ёмон хулқ деб аталади.

Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар: «Худди ташқи суратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўз-гартиришни тасаввур қилиб бўлмайди», дейдилар.

Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насиҳатларнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб, қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай, тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди деган хаёлда бўладилар. Билиш керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас. Аксинча, риёзат чекиб уринишдан мақсад, шаҳватларни ифрот ва тафрийтнинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.

Зотан, асл яратишда шаҳватни фойда учун зарур бўлганидан яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ

 

«Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар» (31-оят).

Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадилликка қайтариш учун мазкур икки нарсани мутлақо ёмонлаб ташлаши керак.

Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шулки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб, у ўта мумсиклик билан исрофчиликнинг ўртасидаги бир ҳолдир.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ

 

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Ушбу мўътадиллик баъзан Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болалар биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш керак бўлади. Бунда нафсни кўзланган хулқни жалб қилувчи амалларни қилишга мажбурлаш керак бўлади.

Бас, ким олий ҳимматлилик хулқини ҳосил қилишни ирода қилса, бир нарсаларни сарфлашда олий ҳимматлилар қиладиган ишларга ўзини мажбурласин, токи табиати ўша хулққа мослашсин.

Шунингдек, тавозели бўлишни истаганлар ўзини тавозелиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшаш. Чунки одатланиш ва бардавомликнинг бу ишларда таъсири кучли бўлади.

Аксинча, яхшиликни тарк қилиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.

Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир қилиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин.

Гоҳида аҳли фазл кишиларнинг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқларни касб қилинади. Чунки инсон та-биати яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ўғирлайди…»

Имом Ғаззолий ғазабнинг даражалари ҳақида шундай дейди:

«Одамлар ғазабнинг қувватида уч даражада: тафрийт (камчилик), ифрот (ортиқчалик) ва мўътадилликда бўлурлар».

«Тафрийт» (камчилик) – ғазаб қувватининг бутунлай йўқ бўлиши ёки заифлигидир. Бундай инсонни ҳамиятсиз одам дейилади ва жуда ҳам мазаммат қилинади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий «Кимнинг ғазаби қўзғатилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.

Бу даражанинг самараси аччиқ бўлади. Бундай одамлар ўзига номуссизлик ва хорликни раво кўрадиган бўладилар.

«Ифрот» (ортиқчалик) даражасида ғазаб сифати ғолиб бўлиб, ақл, дин ва тоатнинг чегарасидан чиқиб кетишигача олиб боради. Ундай ғазабда одамнинг қалб кўзи ҳам, назари ҳам кўр бўлади. Унда тафаккур ва ихтиёр қолмайди.

Ғазабда мўътадиллик мақталган ҳолат бўлиб, унда киши ақл ва диннинг ишорасига мунтазир бўлиб туради ва ҳамият лозим бўлганда қўзғалади, ҳилм керак бўлганда босилади.

Ғазабни мўътадил ҳолда ушлаб туриш Аллоҳ таоло бандаларидан талаб қилган мустақимлик ҳолатидир. Ана ўша ўртачаликдир.

Бас, ким ўзида ғазабда футурга кетишни, ҳатто рашки сусайиб қолганини ёки ўзига мос бўлмаган хорликни ҳам қабул қилишга мойилликни ҳис қилса, нафсини даволаши керак.

Ким ўзида ноўрин ғазабни, бу борада ҳаддан ошишини, ман қилинган гап ва ишларни қилишга боришини ҳис қилса, ўзидаги ғазаб оловини ўчириш ҳаракатида бўлсин.

Банда ғазаб масаласида икки нотўғри ҳолатнинг ўртасини тутишнинг пайидан бўлсин. Мана шу васа-тийлик – мўътадиллик, яъни сиротул мустақиймдир».

«Қалб хасталиги ва тузалгани аломатлари» бобида имом Ғаззолий шундай дейди:

«Қалб хасталиги яширин бўлади. Уни беморнинг ўзи ҳам сезмайди. Сезганда ҳам даволаш қийинчиликларига сабр қила олмайди. Чунки уни даволаш учун ҳавойи нафсга хилоф қилиш лозим. Сабр қилса ҳам, ҳозиқ табиб топиш керак бўлади. Қалб беморликларининг табиблари уламолардир.

Қалбнинг беморлиги даволаниб, соғайиши қандай бўлади? Бунда унинг қайси хасталикдан даволанишига қаралади.

Мисол учун, бир қалбни бахиллик хасталигидан даволаш керак. Уни мол-мулкни сарфлашни ўргатиш ила даволанади. Аммо эҳтиёт бўлинмаса, сарфлаш ҳаддидан ошиб, исроф даражасига ўтиб кетиши мумкин. Исроф ҳам дард. Демак, бир дарддан бошқа дардга ўтилибди.

Мақсадга эришиш учун эса мўътадил бўлиш керак. Ана ўшанда бахиллик ва исрофчилик дардларидан фориғ бўлиб, соғайган бўлади.

Икки салбий тараф ўртасидаги мўътадиллик жуда ҳам нозик нарса. Уни аниқлаб олиш қийин. У соч толасидан ингичка ва қиличнинг тиғидан ўткирдир. Ана ўша сиротул мустақиймда юрган одам бу дунёда ғам қилмаса ҳам бўлади. У охиратда ҳам ўша сиротда бўлади. Мазкур истиқомат қийин бўлганидан бандага ҳар куни кўп марта «иҳдинас сиротол мустақийм»ни такрорлаш амр қилинган.

Фақатгина яхши ахлоқлардан яхши амаллар содир бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг сифатлари ва ахлоқларига диққат билан назар солсин. Нуқсонларини бирин-кетин тузатишга ўтсин ва бу ишнинг аччиғига азм ила сабр қилсин. Кейинроқ қилган иши ўзига ёқиб қолади. Бу худди кўкракдан ажратилган бола олдин ажрашга кўнмай, ажрагандан кейин кўкрак тутилса, афтини буриштириб қочганига ўхшайди».

«Қорин ва фарж шаҳватини синдириш» бобида имом Ғаззолий билдирган фикрлар янада эътиборга лойиқдир:

«Баъзи бир зоҳидлар оз таом емоқда ва очликка чидашда муболаға даражасига ўтиб кетганлар. Бу нотўғри ва мўътадилликдан оғиш даражасига етган ишдир. Таомланишдаги мўътадиллик бир оз иштаҳа қолганда ейишдан тўхташдир. Бундаги энг гўзал ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва ҳавоси учун учдан бир», деганларидир.

Мўътадил овқатланиш ила бадан соғ бўлади ва беморликнинг олди олинади. Сурункали камовқат бўлиш қувватни олади. Баъзи қавмлар таомини озайтиравериб фарз амалларда ҳам нуқсонга йўл қўядиган бўлиб қолганлар. Ўзларича, жоҳилликлари туфайли буни фазилат деб ўйлаганлар. Аслида ундай эмас. Улуғларимиздан қайси бирлари очликни мадҳ қилган бўлсалар, албатта, ўртача – мўътадил бўлишни кўзда тутганлар.

Ўта тўйиб юришга одатланиб қолган кишиларнинг қорин шаҳватини синдириш бўйича риёзатлари қуйидагича бўлади: у одам вақт ўтиши билан оз-оздан таомини камайтириб боради. Аввал айтиб ўтилган мўътадиллик ҳолатига етганда тўхтайди.

Зотан, ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Яхшиси ибодатдан ман қилмайдиган ва қувватнинг боқий қолишига сабаб бўладиган таомларни емоқдир. Овқатланувчи очликни ҳам, тўйганликни ҳам сезмайдиган бўлсин. Ана ўшанда бадан соғ, ҳиммат жам ва фикр соф бўлади. Кўп овқатланиш уйқуни кўпайтиради ва зеҳнни пасайтиради ҳамда бошқа хасталикларга сабаб бўлади».

 Кўриниб турибдики, бу борада ҳамма нарсани йўлга қўйса бўлади. Киши одатланиб қолган ёмон хулқини йўқотиши ҳам мумкин, билмай қолган яхши хулқни касб қилиши ҳам мумкин. Муҳими, инсонда яхши ният ва азми қарор, уриниш бўлиши лозим.

Энг яхшиси эса ахлоқий тарбияни болаликдан яхшилаб йўлга қўйиб бориш керак.

Аллоҳ таоло жамиятимиздаги барча инсонларга гўзал ахлоқли бўлишни насиб этсин!

 «Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бандаларини ёлғондан қайтарган Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинУмматларига ёлғон нималигини батафсил тушунтириб, унга йўл қўймаслик қандай давоми...

2776 19:17 / 20.10.2018
Мужоҳиддан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизга суиқасд уюштирилди. Хизматкори унинг таомига заҳар солган эди. Умар ибн Абдулазиз мени чақириб, .Одамлар мен давоми...

1592 08:35 / 13.04.2020
Нуҳ ибн Иброҳим қизини турмушга бермоқчи бўлиб, мажусий қўшнисидан маслаҳат сўради. Қўшниси .Во ажабо Ҳамма сендан маслаҳат сўрайди, сен бўлса мендан маслаҳат давоми...

2364 07:10 / 19.07.2019
Бир одам солиҳлардан бирига .Аллоҳдан узоқлашиб кетяпман. Бунинг давоси, чораси нима, деди. Солиҳ киши деди .Ихлоснинг томири, сабрнинг япроғи, хокисорлик давоми...

1197 08:24 / 25.10.2020