1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Рафиқа... аммо…

16:40 / 19.04.2019 4443 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қизларнинг ўзига хос олами гулдек гўзал ва хушбўй орзуларга, ёрқин умидларга тўла бўлади. Айниқса бўлажак турмуш ўртоғи, умр йўлдоши ва ҳаёт йўлидаги шериги ҳақида унинг бир дунё орзулари, келажакдан умидлари бор. Қизлардан бири кўркам йигитни орзу қилади, яна бири юмшоқ табиатли йигитни, учинчиси бой-бадавлат эркак билан турмуш қуришни истайди, тўртинчиси эса ўз ҳаётини машҳур юлдуз билан тасаввур қилади.

Бироқ ҳаётда қизнинг бу каби орзу-умидларига етишишига тўғон бўладиган кўплаб тўсиқлар бор. Жумладан:

1. Ота-она.

Бир нечта фарзандлари бор ота-она моддий сабабларга кўра совчиларни қайтариши, қариндош-уруғчилик урф-одатларига кўра қиз болани бошқа бир йигитга турмушга бериш учун банд қилиб қўйиши ва бошқа турли сабаблар билан қизини турмушга узатишни кечиктириши мумкин.

Бу ҳолат бутун оилани ёмон аҳволга солиб қўяди. Қалбидан иймон ва Аллоҳ таолодан хавф қилиш маънолари йўқолиб кетган бундай отанинг ёки валийнинг қалбида инсонийлик ва раҳм-шафқат қолармиди? Албатта, отасидан бундай муносабатни кўрган қизнинг қалби синади, Аллоҳ унинг фитратига қўшиб берган буюк жисмоний неъматдан маҳрум қилинган бўлади.

Ота фарзандига раҳм қилмаса ҳам, ҳеч бўлмаса ўзининг шаънини ўйлаши керак. Бир умр «Қизининг «ўтириб қолиши»га ўзи сабабчи бўлган», «Отаси қилган», деган таъна-дашномлар юки остида яшаш осон эканми?!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир мўминга шундай хитоб қилади:

«Яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, ушлаб турманг. Сизлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар ушбу ила ваъзланади. Шундай қилишингиз сиз учун тозароқ ва покроқдир. Ва Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз» (Бақара сураси, 232-оят).

Қиз болани ўзига муносиб тенги билан турмуш қуришдан тўсиш, унга қаршилик қилиш зулмдир. Тўғри, аслида ота фарзандига меҳрибон, унинг бахти учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр бўлади. Бинобарин, агар у қизининг бахтини, келажагини ўйлаб, аниқ бир сабабга кўра совчиларни қайтарса, бу мақбул ишдир. Лекин баъзан шундай ҳолатлар бўладики, бундай пайтларда ишга бошқалар аралашиши керак бўлади. Чунки қиз бола шикоят қилишдан, қалбидаги хоҳиш-истакларини билдиришдан уялади. Отасини норози қилишдан ёки ўзи ҳақида хунук гап-сўзлар тарқалишидан қўрқади. Вақт эса кутиб турмайди, умри, ёши ўтиб боради.

Эй ота! Аллоҳ қизингни сенга бир матоҳ, мулк қилиб ёки кимнингдир кўнглини овлашинг учун восита қилиб бермаган. Унинг келажаги ҳақида фақат ўзинг истагандек қарор қабул қилишга ҳаққинг йўқ!

2. Турмуш қурмоқчи бўлган йигит. Кўпчилик йигитлар гўзал аёлга уйланишни исташади. Гўзаллик эса унинг учун фильмларда, сериалларда томоша қилиб, кўзлари ўрганиб қолган нарсадан бошқа нарса эмас. У келиннинг ёш, оппоқ, узун бўйли бўлишини, актрисалар каби чиройли бўлишини, шу билан бирга, саҳобиялардек тақволи ва бой бўлишини хоҳлайди!

Бундай томошаларга муккадан кетишнинг зарарларидан бири – йигитларнинг воқеликка умуман алоқаси бўлмагана хаёл оламида яшашлари ва уларни орзу қилишларидир. Балки, у мазкур орзуларидан кечиши ҳам мумкин, лекин бу орзулар унинг бўғзида нафасини бўғадиган ўсимта бўлиб қолиб кетиши, келажакдаги оилавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

«Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фаҳш ва мункарга буюрадир» (Нур сураси, 21-оят).

3. Йигитларга оғир келган ва уларни турмуш қуришдан четлатган ҳаддан ортиқ таклифлар ва моддий талаблар.

Баъзи маҳалла оқсоқоллари ва бошлиқлари турмуш қуриш билан боғлиқ бўлган урф-одатларни барчага маъқул бўладиган суратда чегаралашни йўлга қўйишди. Бу эса мақтов ва тақдирлашга лойиқ ишдир.

Ўттиздан ошган бир қизнинг айтишича, отаси ўзини ҳаммадан устун, обрўли инсон деб ҳисоблайди. Шунинг учун қизини турмушга бермасликка жон-жаҳди билан уринади. Ҳали қизининг тенги чиқмаган эмиш. Фақат кўзларини қувонтириб, хурсанд қиладиган одамга турмушга бериши мумкин экан. Унақаси эса ҳали учрамабди.

Турмушни кечиктириш зулм бўлиб, уни ҳал қилишда барча баробар сайъ-ҳаракат қилмоғи лозим. Ушбу муаммони очиқчасига муолажа қилиш керак. Бу ҳақда уламолар, хатиблар, муфаккирлар, нотиқлар ва ислоҳчилар гапириши зарур. Никоҳ масалалари билан боғлиқ бўлган урф-одатларни осонлаштириш, бунда эса моддий, ижтимоий ва руҳий жиҳатдан масъул муассасалар жонбозлик кўрсатишлари керак.

Ушбу муносабат билан йигит-қизлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мамлакатимиздаги оила жамиятларининг буюк уринишларини тақдирлайман. Шу билан бирга, бундай жамиятларни, марказларни янада кўпайтиришга ва уларнинг фаолиятларини кенгайтиришга эҳтиёж бор.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, у киши бу борада Оиша давоми...

2885 16:12 / 22.01.2020
Бану Ҳилол уруғида чўри бўлган Барира исмли аёл бор эди. Хожаси уни Муғис деган занжи қулга никоҳлаб қўйган эди. Чўрида танлов ҳуқуқи бўлмаганлиги учун Барира ўзи давоми...

2134 14:00 / 14.11.2023
.Ва батаҳқиқ, сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик, Аъроф сураси, 11оят дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Холиқ сифатига мос ҳамду санолар бўлсин. давоми...

1989 16:24 / 21 январь
VIIIВақтисоати етиб, Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга . Ва яқин қариндош уруғларингни огоҳлантир. Ва сенга эргашган мўминларга давоми...

2501 18:18 / 24.10.2018