Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (143-дарс) Исломда ихлос ниҳоятда зарур!

17:00 / 30.06.2021 3338 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» маъноларини англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда:

«Бас, Аллоҳга Унинг дийнига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Холис дийн Аллоҳгадир!» деган.

Яъни, амалингда Аллоҳдан бошқани зинҳор мулоҳаза қилмагин.

Ва яна:

«Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка… буюрилган эдилар», деган.

Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага – Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва роҳибларига ҳам ибодат қилдилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тавба» сурасида:

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳбор ва роҳибларини ҳамда Масийҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Ваҳоланки, улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар», деган.

Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда этиш эмас, балки уларнинг ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиш, Аллоҳнинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Улар:

«Унинг динигагина ихлос қилишга...» буюрилган, холис шу дийнгагина амал қилишга амр этилган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳнинг дийнига турли-туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар.

Аллоҳнинг дийнига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, Унинг розилигини ўйлаб ибодат қилиш билан бўлади. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда:

«Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.

Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар:

1. Амр қилинган амаллар. Буларни адо этишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, амал риёга айланади.

2. Наҳий қилинган – қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай тарк этса, уларнинг зараридан фориғ бўлинади, аммо савоб олинмайди. Аммо мазкур ишлар ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун тарк этилса, ажр олинади.

3. Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Инсон бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳнинг розилигини топиш ниятида қилса, ажр олади. Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ният қилиш билан ҳар бир мубоҳ амал ибодатга айланади. Масалан, ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат бўлади.

Шу билан бирга, улар:

«бошқа динларга мойил бўлмасликка...» буюрилган эдилар.

Ҳа, аҳли китоб саналмиш яҳудий ва насоролар Аллоҳнинг дийнида собит туришга, бошқа дийнларга мойил бўлмасликка амр қилинган эдилар. Улар бу амрни ҳам бажо келтирмадилар. Аллоҳнинг дийни – Ислом қолиб, турли дийн ва мазҳабларга эргашиб кетдилар.

Ана ўша васфи юқорида зикр қилинган тўғри миллатнинг дийни – Ислом миллатининг дийнидир. Модомики, ўша аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар Аллоҳнинг амрини адо этмаган эканлар, тўғри йўлдаги миллатнинг дийнига юрмаган ҳисобланадилар.

Демак, Исломда ихлос ниҳоятда зарур! Ҳидоят йўлига тушган одам Аллоҳга фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб амалларни адо этиши керак. Яратган зотнинг талаби шу!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман,, деган .Аъроф, сураси, давоми...

4875 17:36 / 02.04.2018
Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини давоми...

4699 17:00 / 22.07.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғамташвиш пайтида .Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

57658 23:06 / 15.05.2017
Суннатни ўрганишдан аввал .Суннат, ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатилиб юрган истилоҳлар эканини айтиш лозимдир. давоми...

20224 17:23 / 08.01.2017