1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Закариё алайҳиссаломнинг дуолари

11:45 / 14.04.2019 10434 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонда пайғамбарлар дуолари

(давоми)

Қуръоннинг уч сурасида Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо баён этилган. Кекса Закариё алайҳиссалом бефарзанд эдилар. Аммо бу хусусда Аллоҳдан умидлари узилмаганди. Ўзлари ва ва аёллари фарзанд кўриш ёшидан ўтиб қолган бўлсалар ҳам сабр билан Аллоҳдан фарзанд сўраб дуо қилардилар.

Имрон алайҳиссаломнинг ҳомиладор аёли туғилажак фарзандини холис ният билан ибодатхона хизмати учун назр қилади. Вақти-соати келиб қиз фарзанд дунёга келади. Унга Марям деб исм қўйишади. Аллоҳ уни жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстиради ва Закариё алайҳиссаломни унга кафил қилади. Ўша пайт ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссалом эди. Закариё алайҳиссалом доимо Марямнинг озиқ-овқатидан хабардор бўлиб турар эдилар. Ҳар сафар Марямнинг олдига кирсалар унинг ҳузурида ризқ кўрар эдилар. Хайрон бўлган Закариё алайҳиссалом Марямдан: «Сенга бу қаердан келди?», деб сўрайдилар. Марям эса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилган. Буни кўриб бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонади ва Аллоҳга рағбат ва қўрқув билан дуо қилади:

«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан» (Оли Имрон сураси, 38-оят).

Бошқа сурада Закариё алайҳиссалом ўзларидан кейин қавмнинг дину диёнатда собит қолишини истаб Аллоҳдан меросхўр сўраб дуо қилганлар. У зот алайҳиссалом тилидан қилинган ушбу дуода дуонинг бир нечта одоблари мужассамлашган:

«У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман. Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий-ортдан қоладиган ато эт. У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди» (Марям сураси, 3–4-оятлар).

Ушбу оятда Аллоҳга хуш келадиган дуо шакли қандай бўлиши кераклиги яққол кўриниб турибди. Энг аввал, оламларнинг Роббисига камтарлик ҳис қилиб махфий дуо қилиш. Сўнгра У Зотнинг қаршисида ўзини ожиз билиш, У Зотнинг эшитувчи, қабул қилувчи эканлигини тилга чиқариш, ўз истакларини баён қилиш, ноумид бўлмаслик. Албатта, Пайғамбарларнинг ҳар бир ҳаракатида одамларга буюк ахлоқ намунаси бор. Закариё алайҳиссаломнинг дуолари ҳам бизларга қандай дуо қилиш кераклигини ўргатган.

Яна бир сурада Закариё алайҳиссалом тилидан қилинган дуо шундай баён қилинган:

«Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди» (Анбиё сураси, 89-оят).

Албатта, Закариё алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Буни Аллоҳ таоло қуйидаги тарзда билдирган:

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликка шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).

«Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз» (Марям сураси, 7-оят).

Оятнинг давомида билдирилишига кўра ёши улғайиб қолган Закариё алайҳиссалом ўғиллик бўлиш хушхабарини эшитиб бир оз ҳайратланади:

«У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!», деди» (Марям сураси, 8-оят).

Шунда Аллоҳ бу ишнинг Ўзи учун жуда осонлигини қуйидаги тарзда маълум қилди:

«... Роббинг айтдики, бу Мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг» (Марям сураси, 9-оят).

Ҳурматли ўқувчи, аввалги саҳифаларда ихлос билан қилинган дуо қабул бўлишини айтиб ўтган эдик. Аллоҳ Ўзига қалбан юзланган бандаларининг илтижоларини жавобсиз қолдирмаслигини, иложсиз кўринган ҳар бир нарса оламлар Роббисига осон эканлигини ҳам айтгандик. Кўриб турганимиздек, фарзандлик бўлиши имконсиз кўринган Закариё алайҳиссаломга ҳам Аллоҳ ўғил фарзанд ато этди. Яхё алайҳиссалом ўз дуоларида: «Сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман», деб Аллоҳнинг дуоларни қабул қилишига мустаҳкам ишонч билан илтижо қилганлар. Натижаси ҳаммамизга маълум. Хулоса қилиш ўзингизга ҳавола.

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатда Одам алайҳиссалом қизларининг бир хил ёшда бўлиши, аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай ndash кичик ёки катта давоми...

17581 08:45 / 17.01.2019
Абу Абду Робб Макҳул Шомийдан .Жаннатни яхши кўрасизми, деб сўради. .Жаннатни ким яхши кўрмайди, деди Макҳул. Абу Абду Робб .Ундай бўлса, ўлимни яхши кўр, чунки давоми...

2501 08:00 / 26.11.2019
Бундан тахминан 700 йил олдин, шайх Суютий Дамашқда яшаб, .Тавба, масжидида дарс берар эдилар. Илгари бу масжиднинг ўрнида фоҳишахона бўлган, бироқ ҳижрий 700 йилда давоми...

3304 13:00 / 04.11.2021
Бишр Ҳофий бир жамоанинг олдидан ўтиб қолди. Одамлар уни кўриб, .Бу одам кечаси билан ухламайди, ҳар уч кунда бир марта ифторлик қилади,, дейишди. Бишр Ҳофий давоми...

2279 07:10 / 05.07.2019