1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли дўзах...

19:18 / 02.12.2016 5057 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деган.
Куфрнинг охири яхшилика олиб бормаслиги аниқ. Куфр келтирганлар бу дунёда турли бало офатларга дучор бўлиб ўтишлари собит бўлган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Куфр келтиганларнинг охиратда нима бўлишларини ушбу ояти карима васф этмоқда.

«Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз».
Аллоҳнинг оятига куфр келтирганлар жаҳаннамга кириш билан чегараланиб қолмайдилар.
«Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз».
Уларга азобни тортиш учун терилари ҳар гал етиб пишганда, бошқа янги терилар алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул абад давом этади.
«Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир».
Шунинг учун ҳам куфр келтирганларга мазкур азобни раво кўргандир.
Уламолар ушбу даҳшатли ҳолатни тушунтириш учун бир қанча ривоятлар келтирганлар.
Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади: «Бир одам ҳазрати Умар ҳузурларида мазкур оятни ўқиган эди у киши: «Бу оятни менга яна қайтариб ўқиб бер», дедилар. У одам қайта ўқиди. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Бу оятнинг тафсирини мен биламан, бир соатда териси етмиш марта алмаштирилади», дедилар.
Ҳазрати Умар: «Худди шуни Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитганман», дедилар.
Демак, ўт-олов кучли бўлганидан, бир зумда куйдириб жизғанак қилиб ташлайди ва яна янгидан азоб чекишлари учун тезда терилари янгиланади. Аммо у терилари бу дунёдаги териларига ўхшаш бўлмайди, Аллоҳ таоло дўзахларнинг азобини янада кучайтириш учун териларини ҳам бошқача қилиб қўйган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса, Уҳуд тоғича бўлади», деганлар.
Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб алмашишини тасаввур қилиб олаверинг! Аллоҳ Ўзи асрасин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўзахда кофирнинг икки елкаси ораси тезкор отлиқ учун уч кунлик масофачаликдир», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Яна ўша кишдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кофирнинг озиқ тиши ёки кофирнинг олд тиши Уҳуд мисличадир. Унинг терисининг қалинлиги уч кунлик йўлдир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида: «Албатта, кофирнинг терисининг қалинлиги қирқ икки аршиндир. Албатта, унинг озиқ тиши Уҳуд мисличадир. Албатта, унинг жаҳаннамдаги ўриндиғи Макка билан Мадийна орасичадир», дейилган.

Яна ўша кишдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни кофирнинг озиқ тиши Уҳуд мисличадир. Унинг сони Байзо мисличадир. Дўзахдаги ўриндиғи Рабза каби жойнинг уч мислича масофадир», дедилар».
Шарҳ: Байзо ва Рабза Мадийнаи Мунаввара яқинидаги икки маконнинг исмларидир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, кофирнинг тили бир фарсах ва икки фарсахга тортиб чиқарилади. Одамлар уни босадилар», дедилар».

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар». Олов уни қовуради. Устки лабини бошининг ўртасигача, остки лабини киндигигача куйдиради», дедилар». Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.


АҲЛИ ДЎЗАХНИНГ ШАРОБИ ВА ТАОМИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, ҳамийм-ўта қайноқ сув уларнинг бошларидан қуйилур ва тешиб қорнига етиб борур. Бас, у қорнидаги нимаики бўлса қиймалаб икки оёғидан отилиб чиқади. Ана ўша саҳрдир. Сўнгра яна аввалдан бошланади», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг» оятини қироат қилдилар ва сўнгра: «Агар Заққумдан бирор қатраси бу дунё диёрига томадиган бўлса, албатта, аҳли дунёнинг маъишатларини бузар эди. У таоми бўлганнинг ҳоли нечук бўлур», дедилар».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йиринг сув ила суғорилади. Уни ютишга уринади-ю, юта олмас», деган қавли ҳақида «У анинг оғзига яқинлаштирилади. Бас, у буни ёқтирмайди. Қачон унга яқинлаштирилса юзини қовуради ва бошининг териси узилиб тушади. Қачон уни ичса ичакларини қиймалаб ташлайди. Охири орқасидан чиқади. Аллоҳ «Ва улар ўта қайноқ сув ила суғорилдилар. Бас, ичакларини қиймалади» дейди. Ва яна «Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қўғирувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!» дейди», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ояти карималарни далил қилароқ аҳли дўзахларнинг ичимликлари қандоқ бўлиши ҳақида сўз юритилмоқда.
«Йиринг сув ила суғорилади. Уни ютишга уринади-ю, юта олмас».
Йирингни оғизга олишнинг ўзи қаттиқ азоб. Уни чанқоқбосди учун ичиш икки карра азоб. Энди уни юта олмай қийналиш эса, мислсиз азобдир.
«Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қўғирувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!»
Ғоятда чанқаган дўзахилар бир томчи сувга зор бўлиб, ёрдам сўрасалар, уларга маъдан ёки қаттиқ қизитилган қора мой каби нарса сув ўрнига берилади. У шундай иссиқ бўладики, агар кишининг юзига тегса, уни қўғириб юборади. Ана шу нарсани чанқоқбости деган ният билан дўзахилар ичадилар. Бу дунёда иймонсиз кетган золимларнинг ҳоли нима кечишини шундан ҳам билиб олса бўлади. Дўзахилар ичадиган шароб ана шундай шароб, улар яшайдиган жой ана шундай жой.
«Нақадар ёмон шароб ва нақадар ёмон жой!».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кал мўҳли дегани ёғни эритилгани дегани. Қачон у анга яқинлаштирилса юзининг териси унинг ичига тушади. Агар Ғассоқдан бир пақири дунёга оқизилса аҳли дунёни сасиб кетар эдилар», дедилар». Ушбу тўртовини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ғассоқ аҳли дўзахнинг шароби бўлиб уларнинг баданларидан оққан йирингдан иборатдир.


АҲЛИ ДЎЗАХНИНГ ҚЎРҚИНЧЛАРИ ВА ЁРДАМ СЎРАШЛАРИ

Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли дўзахга очлик ташланур. Бас, у улар чекиб турган азобга тенг бўлур. Бас, улар ёрдам сўрарлар ва уларга семиртирмайдиган ва очликдан беҳожат қилмайдиган зорийъ-тикони ила ёрдам берилур. Улар яна таом берилишини сўрарлар ва уларга томоққа тиқиладиган таом берилур. Шунда улар дунёда тамоққа тиқилган нарсани шароб билан ўтказишларини эслайдилар ва шароб ила ёрдам берилишини сўрайдилар. Бас, уларга шароб ила ёрдам берилур. Уларга калолийб-темир идишларда ўта қайноқ сув кўтарилади. У уларнинг юзларига яқинлашганда юзларини қовуради. Қоринларига кирганда қоринларидаги нарсаларни қиймалайди.
Шунда улар: «Жаҳаннамнинг хазана-қўриқчи-ларини чақиринглар!» дейишади.
«Сизларга расулларингиз равшан ҳужжатлари ила келмасмиди?!» дейдилар.
«Ҳа», дейишади.
«Чақринглар! Кофирларнинг чақириши залолатдан бошқа нарса эмас», дейдилар.
Кейин улар: «Моликни чақиринглар!» дейишади-да «Эй Молик! Роббинг бизни тугатсин», дейишади.
«Албатта, сизлар кутиб турувчисизлар», деб жавоб беради.
Бундан кейин улар: «Роббингизни чақиринг. Роббингиздан ўзга бирор яхши йўқ», дейишади-да «Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз. Эй Роббимиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз», дерлар. У зот : «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!» дейди.
Ана ўшанда улар барча яхшиликдан ноумид бўладилар. Ана ўшанда улар «Зафийр», ҳасрат ва дод солишни бошлайдилар», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Зорийъ-Қуръони Каримнинг «Ғошия» сурасида қуйидагича зикр қилинади:
«Уларга Зорийъ-тиканидан бошқа таом йўқдир».
Ўша жаҳаннамийларга бериладиган таом тикон, махсус тикондир. Номи «шибриқ» деган тикон навидир. У энг ёмон, энг ифлос ва энг ёқимсиз таомдир. Зроийъни ҳатто ҳайвонлар ҳам емайди. Демак, жаҳаннамий оловда куйиб жизғанак бўлиб, ўта қайноқ булоқнинг сувидан ичиб, ички аъзолари ҳилвираб турганда, тиконни таом ўрнида ер экан. У тикон теккан ерини шилиб, титиб ўтиши муқаррар. Шу билан бирга...
«У на семиртирмас ва на очликни кетказмасдир».
Демак, у фақат жаҳаннамдаги нобакорни азоблаш учун берилади. Улар ўта оч қолганларидан ўша тиконни таом ўрнида ейишга мажбур бўладилар. Шундоқ қилиб, ўта чанқаганларидан қайнашнинг юқори нуқтасига етган сувни ичиб, ўта оч қолганларидан тиконни еб, абадий «маза» қилиб юраверадилар.
«Жаҳаннамнинг хазана-қўриқчи-ларини чақиринглар!»
Бу ҳақда «Ғофир» сурасида батафсил хабар келган.
«Дўзахда турганлар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин», дедилар».
Бир-бирлари билан даъво талашиш фойда бермаслигига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, дўзахда турган ҳолларида, шояд бирор ёруғлик чиқиб қолса, деб жаҳаннам қўриқчиларига мурожаат этадилар:
«Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин».
Уларнинг гапидан азобдан қутулишнинг ёки уни бирйўла енгиллатишнинг иложи йўқлигига ишониб етганлари кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам улар жаҳаннам қўриқчилари бўлмиш фаришталардан ҳеч бўлмаса бир кунгина азобни енгиллатишни сўраб беришни илтимос қилмоқдалар.
Уларнинг бу илтимосларига жаҳаннам қўриқчилари савол билан жавоб бердилар:
«Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар.
Булар: «Ҳа», дейишди.
Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Жаҳаннам қўрқинчлари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар. Шунда:
«Улар: «Ҳа», дейишди».
Дўзахилар: «Ҳа, Пайғамбарларимиз бизга очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келган эдилар», деб жавоб қилишади. Уларнинг бу эътирофларидан кейин жаҳаннам қўриқчилари узил-кесил жавобни берадилар.
«Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Яъни, ундай бўлса, бизга мурожаат этиб, Роббимизга дуо қилиб, сизларга берилаётган азобни енгиллаштиришимизни сўраб ўтирмасдан, ўзингиз дуо қилаверингиз. Билиб қўйингларки, кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас. Сизнинг дуоингиз залолатдадир. Азобни тортаверасиз.
Кейин улар:
«Моликни чақиринглар!» дейишади-да «Эй Молик! Роббинг бизни тугатсин», дейишади».
Бу ҳақда «Зухруф» сурасида батафсил баён келган.
«Улар: «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар. У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», деди».
Яъни, дўзахилар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб:
«Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар».
Роббинг бизни йўқ қилиб юборсин. Бу ҳолга чидай олмаймиз. Бундан кўра йўқ бўлиб кетганимиз яхши, дедилар. Дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб яхши ишлар қилишга имкон бўлмаганидан, азобни енгиллатишдан умидсизлиги сабабли шундай орзу қилдилар. Бу амалга ошадиган орзуми ўзи? Бу талабга Молик нима дейди?
«У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», деди».
Эй жаҳаннам аҳллари, бу орзу беҳуда, Роббим сизни йўқ қилиб юбормайди. Унда сиз қилмишингиз жазосини олмай қутулиб кетган бўласиз. Сиз, албатта, жаҳаннамда ва унинг азобида абадий туриб қолишингиз керак.
«Роббингизни чақиринг. Роббингиздан ўзга бирор яхши йўқ», дейишади»
Бу ҳақда Қуръони Каримда қуйидагилар айтилади:
«Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.
Эй Роббимиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз», дерлар».
Улар ўзларининг бадбахтликларини ҳам, адашганликларини ҳам тан олиш билан бирга, ўлаётган пайтдаги илтижоларини, дўзахда туриб ҳам қиладилар. Аллоҳ таолодан ўзларини дўзахдан чиқариб, дунё ҳаётига қайтаришни сўрайдилар. Агар талаблари амалга ошса, аввалги гуноҳларини такрорламасликка ваъда берадилар. Аммо уларнинг бу илтимослари бажо келтириладими?
Аллоҳ уларнинг бу гапларига нима жавоб қилади?
«У зот : «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!» дейди».
Ва, ана ўшанда улар барча яхшиликдан ноумид бўладилар. Ана ўшанда улар «Зафийр», ҳасрат ва дод солишни бошлайдилар».


АҲЛИ ДЎЗАХНИНГ ЭНГ ОЗ АЗОБЛАНАДИГАНИ

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши хутба қилаётиб «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Албатта, аҳли дўзахнинг энг оз азобланадигани бир киши бўлиб унинг икки товонидан икки чўз босилади ва ўшалардан унинг миясин қайнаб кетади» деганларини эштиганман», деди».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, аҳли дўзахнинг энг оз азобланадигани бир киши бўлиб унинг оловдан икки кавуши ва қавушбоғи бўлади. Иккисидан унинг димоғи худди қозон қайнагандек қайнайди. У ҳеч ким ўзидан кўра шиддатли азобда бўлмаса керак деб билади. Ҳолбуки, у уларнинг энг оз азоб тортгани бўлади», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли дўзахнинг энг оз азобланадигани Абу Толибдир. У икки кавуш кийган бўлиб, улардан унинг димоғи қайнайди», дедилар». Иккисини Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, дўзахга кирганлардан икки кишининг қичқириғи шиддатлашди. Бас, Робб азза ва жалла «Иккисини чиқаринглар» дейди. Уларни чиқарилганда:
«Нима учун иккингизнинг қичқириғингиз шиддатлашди?» дейди.
«Буни бизга раҳм қилишинг учун қилдик», дейишади.
«Менинг сизларга раҳматим бўлсин. Иккингиз бориб дўзахнинг қаерида бўлсангиз ўша ерига ўзингизни отинг», дейди.
Улар юриб кетадилар. Бирлари ўзини отади. Бас, У зот у ерни унинг учун совуқ ва саломатлик қилади. Бошқаси туриб қолади. Ўзини отмайди. Шунда Робб азза ва жалла унга:
«Сени худди соҳибинг ўзини отганидек ўзингни отишингдан нима ман қилди?» дейди.
«Эй Роббим! Мени ундан чиқарганингдан кейин унга қайтармаслигингни умид қиламан», дейди.
Робб азза ва жалла унга:
«Сенинг умидинг бўлсин!» дейди.
Аллоҳ таолонинг роҳмати ила иккилари биргалашиб жаннатга кирадилар», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг ҳаётларини ўрганган тарихчилар давоми...

16544 05:00 / 07.03.2017
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч бир бандага .Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман,, дейиш тўғри келмайди,, деганлар. Яъни Юнус алайҳиссаломдан давоми...

4691 19:30 / 06.01.2020
Биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим ва давоми...

4219 23:12 / 02.12.2016
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дўзах аҳлининг давоми...

3012 19:00 / 26.09.2023