1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ибодатларни бошқанинг номидан ўташ

18:48 / 24.05.2017 4477 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибодатларни бошқанинг номидан ўташ

Закот, садақа ва каффоротлар каби соф молиявий ибодатларни бошқанинг номидан ўташ жоиздир. Хоҳ зиммасига ўташ тушган киши бунга қодир бўлсин, хоҳ қодир бўлмасин, фарқи йўқ. Чунки ундаги вожиб бўлган нарса молни чиқаришдир ва бу эса ўринбосарнинг амали билан ҳам ҳосил бўлаверади.

Аммо намоз ва рўза каби соф баданий ибодатларни иттифоқ ила тирик шахснинг номидан ўташ жоиз эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг:

«Инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ» (Нажм сураси, 39-оят) ояти далилдир. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ««Бир киши бошқа бир кишининг ўрнига рўза тутмайди. Бир киши бошқа кишининг ўрнига намоз ўқимайди», деганлар [1]. Яъни масъулиятдан чиқиши ҳақида гап кетяпти, савоб борасида эмас.

Лекин вафотдан кейин ҳанафий ва моликийларда ҳам айни ҳукм бирдир, яъни бошқанинг номидан ўташ жоиз эмас. Фақатгина моликийлардан бўлмиш Ибн Алдулҳакам маййитнинг номидан қазо намозларини ўқийдиган кишини тўлов бериб ёллаш жоиз, деган [2].

Шофеъийлар наздида эса маййитнинг номидан намоз ўқиш жоиз эмас. Аммо рўза масаласида, уларнинг қавлига биноан, бир киши Рамазондан қазоси бўлса, уни адо этиш имконидан аввал вафот этса, ўша маййитга ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Яъни, унинг номидан фидя чиқарилмайди, унга гуноҳ ҳам бўлмайди. Аммо қазосини адо этиш имконини топган бўлса-ю, ўлгунича қазосини тутмаган бўлса, бу ҳақда икки қавл бор:

1) Унинг номидан рўза тутиб бўлмайди. Чунки у баданий ибодатдир, унинг учун ҳаётлик чоғида, шунингдек, вафотидан кейин ҳам номидан ўташ тўғри келмайди.

2) Валий унинг номидан рўза тутиши жоиз, балки мандубдир. Бунга далил икки саҳиҳдаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким зиммасида рўза бўлиб вафот этса, унинг номидан валийси рўза тутади», деган сўзларидир [3]. Мана шу фикр зоҳирроқдир. Субкий: «Мана шу гап ихтиёр қилингани ва шунга фатво берилгани тайиндир. Шу икки гап адо этилмаган назр рўзаларга ҳам ўтади» [4].

Ҳанбалийлар наздида эса фарз намоз ва рўзани маййит номидан ўтаб бўлмайди. Чунки бу ибодатларни тириклик чоғида биров биров учун адо этолмайди, шунингдек, вафотидан кейин ҳам. Лекин инсон ўзига намоз ёки рўзани назр қилган ва ўша назрини адо этиш имконини топа олмаган бўлса (мисол: муайян ой рўзасини тутишни назр қилган бўлса-ю, ўша ой киришидан аввал вафот этса), унинг зиммасида ҳеч нарса қолмайди. Аммо уни адо этиш имконияти бўла туриб вафот этгунича бажармаган бўлса, валийсига унинг номидан назрни адо этиб қўйиш суннатдир.

Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам вафот этди. Унинг зиммасида назр рўзаси бор эди. Онамнинг номидан мен рўза тутсам бўладими?» деб сўради. «Айт-чи, агар онангнинг қарзи бўлса-ю, уни сен берсанг, у онангдан адо этилган бўлармиди?» дедилар Набий алайҳиссалом. «Ҳа», деди аёл. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, онангнинг номидан рўза тутавер», дедилар [5]. Чунки ибодатларни бошқанинг номидан ўташ ўша амалнинг енгиллигига қараб бўлади. Назрнинг ҳукми енгилроқдир. У шариатда вожиб бўлмаган. Маййитнинг зиммасидаги назрни ўз изни ёки изнисиз валийдан бошқаси ўтаб қўйса ҳам жоиз [6].

Ҳаж ибодати хусусида ҳам молиявий, ҳам баданий томонларини ҳисобга олган ҳолда фуқаҳолар ихтилофга боришган. Моликийлар ўзларидаги машҳур қавлга кўра ҳажни бошқанинг номидан қилиш жоиз эмаслигини айтадилар. Аммо қолган фуқаҳолар наздида бу амал дурустдир. Лекин улар буни узр билан қайдлайдилар. У ҳам бўлса, ҳажни ўзи адо этишдан ожиз бўлмоғидир.

Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда айтилишича, хасъамлик бир аёл келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг бандаларга фарз қилган ҳажи отамга у ўта қариб, улов устида тура олмайдиган бўлганида етди. Мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деб сўради. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар [7].

Бошқа бир ҳадисда: «Айт-чи, агар отанг зиммасида қарз бўлса-ю, унинг номидан ўтасанг, сендан қабул бўладими?» дедилар. У: «Ҳа», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ раҳмлироқдир. Отанг номидан ҳаж қил», дедилар [8].

Бошқанинг номидан ўташ дуруст бўлишдаги ожизлик то вафот бўлгунга қадар давом этадиган ожизликдир. Бунга фоний қария, сурункали бемор, тузалиши умид қилинмайдиган касаллар мисол бўлади. Улар маблағ топсалар, ўзларининг номларидан ҳаж қилишни талаб этишлари лозим.

Кимки доимий узр сабабли ўз номидан ҳаж қилдирса, сўнгра вафотидан аввал узри кетса, ҳанафийлар наздида унинг номидан бошқанинг ҳаж қилиши жоиз бўлмай қолади. Ўзи ҳаж қилиши фарз бўлади. Чунки номидан бошқанинг ҳаж қилиши қиёсга хилоф равишда собит бўлди. Унда кетиши умид қилинмаган ожизлик зарур эди. Жоизлик мана шу билан қайдланади [9].

Ҳанбалийларда эса бошқанинг ҳажи жоиз ва номидан ҳаж қилинганнинг фарзи соқит бўлади. Чунки ўзига буюрилган ишни қилди ва масъулиятдан чиқди, худди тузалмагандаги ҳолати каби. Лекин бу ҳукм номидан ҳаж қилаётган киши ишини тугатиб бўлганидан кейин тузалишига боғлиқдир. Номидан адо этаётган одам ҳали ҳаж қилишдан фориғ бўлмай туриб, бемор тузалиб қолса,  ҳажи жоиз бўлмайди. Чунки у бадал тугал бўлишидан аввал аслига қодир бўлиб қолди. Жоиз бўлиш эҳтимоли ҳам бор. Ноиб эҳромга киришидан аввал тузалиб қолса, жоиз бўлмайди. Бу борада шофеъийлар икки хил гап айтганлар:

Беморлиги кетиши умид қилинган касал ҳамда маҳбус ва шунга ўхшашлар ўз номларидан бошқани ҳаж қилдирсалар, ҳанафийларда бу ҳаж мавқуфдир (тўхтатилган). Агар номидан ҳаж қилинётган бемор ёки маҳбус ўлиб қолса, ҳажи жоиз бўлади. Мабодо, ўлимдан аввал беморлик ёки ҳибс кетса, ҳаж жоиз бўлмайди. Ҳанбалийлар наздида ва шофеъийлар қавлида бундайлар номларидан ҳаж қиладиганни асло ёлламаслик керак. Чунки бундай шахслари ўзлари ҳаж қилишдан ноумид бўлмаганлардир, шундай экан, соғлом киши каби ҳаж қилдиришлари жоиз бўлмайди. Агар хилоф қилиб, номидан ҳаж қилдирса, жоиз бўлмайди, тузалмаган тақдирида ҳам. Чунки у ўзи ҳаж қилишга қодирликни умид қилади, бошқанинг ҳаж қилиб беришини талаб қила олмайди. Ўзи ҳаж қилиши фарз бўлади.

 Шофеъийларнинг иккинчи қавлига кўра, вафот этса, жоиз бўлади. Чунки вафот этганида ҳаж қилишга қодир бўлишдан ноумид бўлгани аён бўлади [10].

Моликийлардаги машҳур гап – ҳажни бошқанинг номидан ўташ мутлақо жоиз эмас. Қудрати етмаганнинг номидан қилиш дуруст, дейилган ҳам. Божий: «Сурункали бемор ва қария кабиларга ҳам номидан ўташ жоиз», деган.

Ашҳаб дейди: «Соғлом киши номидан ҳаж қиладиганни ёлласа, хилоф қилгани учун ўзи ҳаж қилиши лозим бўлади» [11]. Мазҳабларда айтиб ўтилган гапларда фарз ҳажи билан назр ҳажи баробардир. Бундаги умра ҳаж кабидир [12].

Аммо нафл ҳажини ҳанафийлар наздида узр бўлса-ю бўлмаса, номидан бошқага ўтатиш жоиздир. Ҳанбалийларда эса узри бўлганда жоиз, узр бўлмаса, икки қараш мавжуд:

1) Жоиз, чунки у ўзи адо этиши лозим бўлмаган ҳаждир. Шундай экан, ғасб қилинган каби унинг номидан ўтатиш мумкин.

2) Жоиз эмас. Чунки ҳажни ўзи қилишга қодирдир. Фарз каби уни ҳам номидан бошқаси ўташини талаб қила олмайди.

Узр билан бўлгандагига шофеъийларда икки қавл бор:

Жоиз бўлмайди. Чунки у ўз номидан ўтатишга мажбур эмас. Шу сабаб соғлом кишидек ўтатиш жоиз саналмайди.

Жоиз. Мана шу тўғридир. Чунки фарзини бошқага ўтатиш жоиз бўлган ҳар бир ибодатнинг нафлини ҳам ўтатиш жоиздир. Моликийларда нафл ибодатни ўтатиш макруҳдир [13].

Айтиб ўтилган гаплар тирик шахсга оиддир. Аммо маййит ҳақида ҳанбалий ва шофеъийлар: «Кимки ҳажни адо этиш имконига эга бўлмай вафот этса, ундан фарз соқит бўлади. Номидан қазосини адо этиш вожибмас. Адо этишга имконият топгандан кейин адо этмай туриб вафот қилса, фарзи соқит бўлмайди. Меросидан олиб, қазоси адо этилади».

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилмай туриб ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деди. «Ҳа! Онангнинг номидан ҳаж қил!» дедилар [14].

У ҳаёт пайтида номидан ўташга кира оладиган ҳақ бўлгани учун вафот ила соқит бўлмайди. Бу худди одамлар орасидаги қарз кабидир. Назр қилинган ҳаж ҳам шунингдекдир.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Синглим ҳаж қилишни назр қилганди. У вафот этди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қарзи бўлганида тўлармидинг?» дедилар. «Ҳа», деди. У зот: «Унда Аллоҳнинг қарзини адо эт, У Зот қазосини адо этишга ҳақлироқдир», дедилар [15].

Ҳанафий ва моликийларда кимки ҳаж қилмай вафот этса, унинг номидан ҳаж қилиш вожиб бўлмайди. Агар васият қилган бўлса, вожибдир. Мабодо, васият қилган бўлса, меросидан маблағ олиб, ҳаж қилинади. Васият қилмаган бўлса-ю, меросхўри ўзи унинг номидан ҳаж қилса ёки бошқага қилдирса, жоиз. Лекин моликийларда бу макруҳдир [16].

Бошқанинг номидан ҳаж қилишнинг шариатга киритилиши

Жумҳур уламолар, ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалийлар бошқанинг номидан ҳаж қилиш шариатда бор, деганлар [17]. Имом Моликнинг мазҳабидаги мўътаман (суянилган) қавл шуки, ҳажни тирикнинг ҳам, маййитнинг ҳам номидан қилиш, хоҳ узрли бўлсин, хоҳ узрсиз бўлсин, қабул қилинмайди. Афзали валий унинг номидан ҳаждан бошқасини бажарсин, мисол учун садақа чиқарсин, дуо қилсин, қул озод этсин, дейилган [18].

Уламолар инсон номидан ҳаж қилиш шариатда борлигига машҳур ҳадисни ва ақлий далилни келтирганлар.

Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда айтилишича, хасъамлик бир аёл келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг бандаларга фарз қилган ҳажи отамга у ўта қариб, улов устида тура олмайдиган бўлганида етди. Мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деб сўради. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар [19].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Жуҳайнадан бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилолмасдан ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа! Унинг номидан ҳаж қил! Айт-чи, унинг қарзи бўлса, сен адо қилармидинг? Аллоҳнинг ҳаққини адо қилинглар! Аллоҳ вафога ҳақли Зотдир!» дедилар [20].

Ақлий далил қуйидагича: Камол ибн Ҳумом айтади: «Қиёснинг тақозосига кўра, ҳажни бошқанинг номидан ўташ жоиз эмас эди, сабаби у баданий ва молиявий машаққатни ўз ичига олган. Биринчиси (баданий ибодат) буйруқ билан бўлмаяпти. Лекин Аллоҳ таоло бошқа машаққатни кўтариш эвазига (яъни, ўлимга қадар давомли ожизлик бўлганида мол чиқариш эвазига) уни соқит қилишга рухсат берган. Бу ҳам Ўз раҳмати ва фазлидандир. Бу амал номидан ҳаж қилувчига ҳажнинг нафақасини бериш билан ҳосил бўлади. Аммо мазкур иш қудрати етган ҳолатда мумкин эмас. Чунки бунда ожиз бўлмайди. Агар хилоф қилса, унда Роббининг амридан кўра ўзининг роҳатини устун қўйган бўлади. У шу сабаб иқобга лойиқ саналади. Бунда ҳажни ўзидан соқит қилиш йўлидаги енгиллаштириш ҳосил бўлмайди. Узрнинг ўлимгача давомли экани шарт қилиниши ҳажнинг умр бўйи бир бора фарз эканидандир» [21].

Ибн Қудома дейди: «Бу ибодатни бузиш каффоротни вожиб қилади. Шундай экан, уни ўзи адо этолмаса, бошқаси ўташи ўрнига ўтади. Худди рўзага ўхшаб: уни тутишга ожиз бўлса, ўрнига фидя чиқаради. Бу намоз борасида хилофдир».

Бошқанинг номидан ҳаж қилиш шартлари

Ҳаж қилдиришнинг вожиб бўлиш шартлар фарз ҳажи номидан бўлаётган асил шахснинг шартларини ўз ичига олади. Бунга қуйидагилар киради:

А. Ҳаж фарз бўлган ҳар бир шахс ўзи ҳаж қилишга қодир бўла туриб вафот этиб қолса, ҳанафийлар наздида унинг номидан ҳаж қилдирилади. У Ислом ҳажи ёки назр ҳаж ё қазо ҳаж бўлса ҳам, фарқи йўқ.

Шофеъийлар эса маййитнинг номидан ҳаж қилдиришнинг вожиблигини қарз каби васиятга боғламаганлар.

Моликийлар маййитга васиятни вожиб, демайдилар. Бошқанинг унинг номидан ўташи билан фарз ҳаж ундан соқит бўлмайди. Мана шу уларнинг мазҳабидан биз билган асил нарсадир. Лекин агар васият қилган бўлса, уни амалга оширади. Васият қилмаган бўлса, номидан ҳаж қилиш учун бирор шахс юборилмайди.

Б. Кимда ҳаж фарз қиладиган барча шартлар топилса-ю, ўзи бориб адо этиши учун керакли шартлардан бирортаси бўлмаса, бошқасига номидан ҳаж қилдириш вожиб бўлади [21].

 

Манбалар:

1. Абдурраззоқ бу ҳадисни «Дироя» китобининг биринчи жуз, 283-бетида Ибн Умардан мавқуфан ривоят қилган.

Имом Молик ҳам «Муватто» китобининг (Муҳаммад Абдулбоқий таҳқиқ қилган) биринчи жуз, 303-бетида  ушбу ҳадисни Ибн Умардан ривоят қилганлар.

2. «Бадааиъ», иккинчи жуз, 212-бет. «Ширкатул матбуаатил илмийя» нашри.

«Ибн Абидин». «Булақ саалиса» нашри, биринчи жуз, 514-бет, иккинчи жуз, 121–130-бетлар, бешинчи жуз, 96-бет.

3. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган муттафақун алайҳ ҳадис. «Талхисул-ҳабийр», иккинчи жуз, 209-бет.

4. «Ниҳааятул-муҳтааж», учинчи жуз, 184–187-бетлар.

5. Ибн Аббоснинг «Бир аёл келиб...» ҳадисини Имом Муслим ривоят қилганлар («Саҳиҳи Муслим», иккинчи жуз, 804-бет. Муҳаммад Абдулбоқий таҳқиқ этган).

6. «Шарҳ мунтаҳал иродаат», биринчи жуз, 121-417-418-457-458-бетлар. «Ал-Муғний», тўққизинчи жуз, 31-бет.

7. Ибн Аббоснинг «Хасъам қабиласидан бир аёл келиб...» ҳадисини Имом Муслим «Саҳиҳи Муслим», иккинчи жуз, 973-бетда, Имом Бухорий «Талхисул-ҳабийр», иккинчи жуз, 224-бетда ривоят қилишган.

8. «Агар отангнинг қарзи борлигини билсанг...» ҳадисини Имом Аҳмад «Муснад», олтинчи жуз, 429-бетда келтирган.

9. «Бадааиъ», иккинчи жуз, 212-бет. «Ибн Абидин», иккинчи жуз, 244-245-247-бетлар.

10. «Ал-Муғний», учинчи жуз, 227–230-бетлар, «Ал-Муҳаззаб», биринчи жуз, 206-бет, «Муғнил-муҳтааж», биринчи жуз, 469-бет.

11. «Минаҳул-жалийл», биринчи жуз, 449–455-бетлар. «Ҳошиятуд-дусуқий», иккинчи жуз, 17–18-бетлар.

12. «Бадааиъ», иккинчи жуз, 212-бет, бешинчи жуз, 96-бетлар. «Ибн Абидин», тўртинчи жуз, 244 ва ундан кейинги бетлари. «Ал-Муғний», учинчи жуз, 227 ва ундан кейинги бетлари, «Муғнил-муҳтааж», биринчи жуз, 469-бет ва тўртинчи жуз, 364-бетлар.

13. «Ибн Абидин», биринчи жуз, 515-бет ва  иккинчи жуз, 244-бетлар, «Ал-Муғний», учинчи жуз, 230-бет, «Ал-Муҳаззаб», биринчи жуз, 306-бет, «Минаҳул-жалийл», биринчи жуз, 449-бет.

14. Имом Муслим ривояти, «Саҳиҳи Муслим», иккинчи жуз, 805-бет. Исо Ҳалабий матбааси.

15. «Синглим назр қилган эди...» ҳадисини Имом Бухорий «Саҳиҳи Бухорий» (Муҳаммад Али Субайҳ матбааси)нинг саккизинчи жузи, 177-бетида ривоят қилганлар.

16. «Ибн Абидин», биринчи жуз, 514–515-бетлар ва иккинчи жуз, 245-бетлар, «Ал-Муғний», учинчи жуз, 241–243-бетлар, «Муғнил-муҳтааж», биринчи жуз, 468-бет, «Ал-Муҳаззаб», биринчи жуз, 206-бет, «Минаҳул-жалийл», биринчи жуз, 451-бет.

17. Бу ерда  ( أل)   изофадан бадийл бўлиб, иборанинг асли " عن غيره "   бўлган. Музоф ҳазф қилиниб, ундан  ( أل)  эваз қилинган.                                                                       

18. «Фатҳул-қодийр»нинг иккинчи жузи, 308-бети, «Муғни муҳтож»нинг биринчи жузи, 468–469-бетлари, «Ал-Муғний»нинг учинчи жуз, 227–228-бетлари, «Мавааҳибул жалийл»нинг иккинчи жуз, 543-бети, «Ҳошиятуд-дусуқий»нинг биринчи жуз, 18-бетига қаранг.

19. Ибн Аббоснинг «Хасъам қабиласидан бир аёл келиб...» ҳадисини Имом Бухорий «Ал-Фатҳ» (тўртинчи жуз, 66-бет, «Салафийя» матбааси)да, Имом Муслим эса «Саҳиҳи Муслим» (иккинчи жуз, 973-бет, «Ҳалабий» матбааси)да ривоят қилганлар.

20. Ибн Аббоснинг «Жуҳайна қабиласидан бир аёл келиб...» ҳадисини Имом Бухорий ривоят қилганлар. («Ал-Фатҳ», тўртинчи жуз, 64-бет, «Салафийя» матбааси.)

21. «Фатҳул-қодийр», иккинчи жуз, 310-бет.

22. «Ал-Муғний», учинчи жуз, 228-бет.


Ислом институти талабаси  Муҳаммад Саид Раҳматуллоҳ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Албатта, бу давоми...

5005 23:52 / 02.12.2016
Қуръон ва Суннат уламолари наздида тавҳиднинг қисмлари Тавҳид уч қисмдан иборатдир Сифатлар тавҳиди, рубубият тавҳиди ва улуҳият тавҳиди. Улуҳият тавҳидининг давоми...

1228 19:00 / 22 апрель
Энди қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Шу билан бирга, ушбу аломатлардан баъзиларини қиёматнинг катта аломатларидан санаган давоми...

2504 19:00 / 01.05.2023
Модомики ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқари олам ndash ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз, давоми...

6784 10:07 / 16.11.2018