1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари

14:00 / 09.03.2019 6002 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди» (Марям, 41-оят).

Ҳозирги кунда миллиардлаб одамлар ҳаж ибодатини адо этишлари учун зиёрат қилаётган Каъбани бунёд этган Иброҳим алайҳиссалом Қуръонда номи энг кўп зикр қилинган Пайғамбарлардан биридир. Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссалом билан бирга бир неча асрлар аввал бино қилган Каъба ҳозирги кундан бутун дунё мусулмон уммати жамланадиган масканга айланган. Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳнинг амрига бўйсуниб Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтараётиб шундай дуо қилганлар:

«Иброҳим билан Исмоил: Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг ўзинг эшитгуви, билгувчи Зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла» (Бақара, 127-оят).

Байтуллоҳ бунёд қилинган ер вақти келиб бутун дунё мусулмонлари зиёратгоҳи – диний марказига айлангани маълум. Бунинг учун Иброҳим алайҳиссалом шундай дуо қилганлар:

«...Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин» (Иброҳим, 35-оят).

«...Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин» (Бақара,126-оят).

Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар фақат ўзлари учун эмас, балки ўзларидан кейин келадиган зурриётлари учун ҳам дуо қилганлар:

«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳимли Зотсан. Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли Зотсан» (Бақара, 128–129-оятлар).

Иброҳим алайҳиссаломнинг бошқа дуолари эса Аллоҳга яқинлашиши учун қилинган:

«Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингни?» – деди. У: «Қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди. У Зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра, улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», – деди. «Ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким Зотдир» (Бақара, 260-оят).

Оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳдан ўликларни қандай тирилтиришини кўрсатишини исташи, у кишининг иймонидаги заифлик, Аллоҳнинг қудратига бўлган ишончидаги сустлик эмас. Аксинча у чин дилдан Аллоҳнинг мўъжизасини кўришни, уни кўриб иймонлари янада зиёдалашувини истаганлар. Шу сабабли Аллоҳ у зотнинг дуосини ижобат қилган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси бутпараст эди. У отасини Раҳмонга осий бўлган шайтонни дўст тутишдан қайтарган. Аллоҳнинг азоби тутишидан огоҳлантирган. Лекин отаси қабул қилмай, Иброҳим алайҳиссаломга тошбўрон қиламан деб таҳдид солган. Шундай бўлса ҳам Иброҳим алайҳисссалом оталарига шундай деганлар:

«…Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфли, марҳаматлидир. Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» (Марям, 47–48-оятлар).

Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси иймон келтирмаган бўлса ҳам ўғлининг уни ҳаққига дуо қилишининг асл сабаби Қуръонда шундай баён қилинган:

«Пайғамбарлар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир. Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда, ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир» (Тавба, 113–114-оятлар).

Бугун миллионлаб инсонлар тавоф этаётган Масжиди Ҳаром яъни Каъбага дастлаб жойлашган Иброҳим алайҳиссалом дуоларининг давомида шундай деганлар:

«Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен зурриётимдан Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар. Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши билурсан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас. Кексалик пайтимда менга Исмоил ва Исҳоқни ато қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Албатта, Роббим дуони эшитгувчидир. Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин. Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин» (Иброҳим, 37–41-оятлар).

Кўриб турганимиздек Иброҳим алайҳиссалом дуода ҳам Аллоҳнинг сифатларини ёдга оляптилар, ҳам шукр қилаяптилар. Аллоҳдан истаётган нарсалари У Зотга яқинлаштирадиган ва охиратда мағфиратга сабаб бўладиган нарсалардир.

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардо розияллоҳу анҳумоларни биродар давоми...

2798 08:00 / 04.01.2021
Халқаро конференцияларнинг бирида одам анатомияси соҳасидаги машҳур олимлардан бири, таиландлик профессор Тажасат Тажасан сўзга чиқиб, инсондаги асаб тизими, давоми...

5163 19:40 / 17.04.2019
таржимаи ҳолСамарқандда давом этаётган .Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти ўтмиш ва бугун, мавзусидаги халқаро конференциянинг мартабали давоми...

2347 09:03 / 05.03.2020
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган маъно келиб давоми...

2001 09:14 / 13.08.2019
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021