1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

30-боб. Яхшиликни яқинлардан бошлаш

11:40 / 09.03.2019 2976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

60. Миқдом ибн Маъдийкарибдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Албатта, Аллоҳ сизга оналарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Сўнгра яна оналарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Сўнгра оталарингизга яхшилик қилишни тавсия қилади. Ундан кейин яқинидан бошлаб қариндошларга яхшилик қилишни тавсия қилади».

Шарҳ: Бу ҳадисдан аввал онага, кейин отага, кейин улардан кейин келадиган қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини тушуниб оламиз.

Демак, аввал ота-онага яхшилик қилиш керак. Ундан кейин улардан сўнгги мартабада турадиган қариндошга яхшилик қилишга ўтиш лозим. Шу тарзда қариндошлик риштасининг яқинлигига қараб яхшилик қилиш тартибини белгилаб олиш керак экан. Кишининг яхшилигига кўпроқ лойиқ қариндошнинг ҳаққи унинг қариндошлик мартабасига қараб белгиланар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аввал онага яхшилик қилиш кераклиги.

2. Онадан кейин отага яхшилик қилиш кераклиги.

3. Сўнгра ота-онадан кейинги мартабада турадиган қариндошга яхшилик қилиш кераклиги.

4. Қариндошларга яхшилик қилиш уларнинг яқинлик тартибига қараб бўлиши.

 

61. Усмон ибн Аффоннинг озод қилган қули Абу Айюб Сулаймондан ривоят қилинади:

«Пайшанбадан жумага ўтар кечаси кечқурун ҳузуримизга Абу Ҳурайра келди ва:

«Ким қариндошлик алоқасини узган бўлса, ўрнидан турсин, унинг ҳоли танглигини билдириб қўяман», деди.

Уч марта айтса ҳам, ҳеч ким турмади. Шундан кейин бир йигит аммасининг олдига борди. У икки йилдан бери аммасидан алоқани узиб қўйган эди. Аммаси:

«Эй акамнинг ўғли, нечук келдинг?» деди.

«Абу Ҳурайранинг шундай-шундай деганини эшитиб, (нотўғри иш қилаётганимни билиб, қўрққанимдан) келдим», деди. Шунда аммаси:

«Унинг олдига бориб сўра-чи, нимага бундай деди экан?» деди.

(Абу Ҳурайра:) «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар пайшанбадан жумага ўтар кечаси Бану Одамнинг амаллари Аллоҳ табарока ва таолога кўрсатилади. Шунда силаи раҳмни узган одамнинг амали қабул қилинмайди», деди».

Шарҳ: Демак, ҳар пайшанбадан жумага ўтар кечаси Бану Одам, яъни Одам болаларининг бир ҳафталик қилган барча амаллари – намозлари, хайр-эҳсонлари Аллоҳ табарока ва таолога кўрсатилади, арз қилинади. Аллоҳ таоло «Қабул қилдим» деса, қабул бўлиб, савоби ёзилар экан. Ана шу пайтда силаи раҳмни узиб юрган банданинг амали қабул қилинмас экан.

Бундан силаи раҳмни узиш нақадар оғир бир мусибат экани, бундай қилиш ҳатто банданинг бошқа амаллари қабул бўлмай қолишига ҳам сабаб бўлишини англаб оламиз. Буни ҳаммамиз ниҳоятда яхши тушуниб олишимиз лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Олим кишилар баъзи хато ишларни қилиб юрадиган кишиларни кўпчилик ичида хижолат қилиб туришлари фойдали экани. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шу ишни қилмоқчи бўлдилар. Аммо бирор киши юрак ютиб ўз айбини тан олиш учун ўрнидан туришга ярамади.

2. Таъкидли гапларни уч мартадан айтиш яхшилиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. У зотдан ўрнак олган катта саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам ўз гапларини уч марта такрорладилар.

3. Асосли гап одамларга таъсир қилиши турган гап экани. Шунинг учун ҳам икки йилдан бери аммаси билан кўришмай юрган йигит дарҳол унинг зиёратига шошилди.

4. Олим киши айтган гапларнинг ҳикматини билиш учун қайта савол бериш жоизлиги. Амма ўз жиянини мазкур гап нима учун айтилганини сўраш учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдиларига юборгани шуни кўрсатади.

5. Пайшанба куни кечқурун бандаларнинг амали Аллоҳ таоло ҳузурида намойиш қилиниши.

6. Аллоҳ таоло қариндошлик алоқасини узганларнинг бошқа яхши амалларини ҳам қабул қилмаслиги.

 

62. Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Бир киши ўзи ва аҳли-аёли учун савоб умидида нафақа қилса, мол-дунё сарфласа, Аллоҳ таоло унга албатта ажр беради. Ўз қарамоғингдагидан бошла. Агар ортиғи бўлса, яқинларингга (бер). Агар ундан ҳам ортса, беравер».

Шарҳ: Мусулмон банда «Аллоҳ таолонинг амрини бажаряпман, иншааллоҳ, савоб бўлади», деган умидда ўзигами, аҳли-аёлигами, нафақа қилган бўлса, Аллоҳ таоло унга албатта ажр беради. Ҳатто ўзига ишлатса ҳам, бола-чақасини боқса ҳам. Аллоҳ таолонинг амрини бажаргани учун, нияти соф бўлгани учун Роббимиз унга ажр-савоб беради.

Ушбу ҳадисда нафақани, хайр-эҳсонни ўзингдан, ўз аҳли аёлингдан, қарамоғингда бўлганлардан, сенинг нафақангга муҳтож бўлган кишилардан бошлашга тарғиб қилиняпти.

Улардан ортиб қолса, яқинроқ қариндошларингга бер ва шу тарзда даражама-даража давом эт.

Баъзан хўжакўрсинга, риёкорлик аралашиб, бола-чақамизга бермай, тўплаб-тўплаб, одамлар гапирсин деб, ҳар хил бошқа нарсаларга молу пул сарфлаб юборишимиз мутлақо нотўғри экан.

Аввал бола-чақани боқиб қўйиш, оилани таъминлаб қўйиш керак экан. Сўнг яқин қариндошлардан хабар олиш керак экан. Уларнинг муҳтожларини таъминлаб бўлгандан кейин, улардан ҳам ортиб қолса, истаган жойига бериш мумкин экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон инсон ниятни шариатга мувофиқ қилиб, Аллоҳ таолодан савоб умидида ўзи учун мол-пул сарф қилса ҳам ажр олиши.

2. Мусулмон инсон ниятни шариатга мувофиқ қилиб, Аллоҳ таолодан савоб умидида аҳли-аёли учун мол-пул сарф қилса ҳам ажр олиши.

3. Нафақа беришни ўз қарамоғидагилардан бошлаш кераклиги.

4. Ўз қарамоғидагилардан ортиб қолса, яқинлик даражасига қараб, муҳтож қариндошлардан бошлаш кераклиги.

5. Қариндошлардан ҳам ортиб қоладиган бўлса, хоҳлаган кишига нафақа қилавериш мумкинлиги.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва давоми...

2146 14:07 / 31 май
. , . . , . . ,. .Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот.Онанг давоми...

3015 16:10 / 24.02.2020
Кексалар уйқуга ётадилар, аммо ухлолмайдилар. Овқатланадилар, бироқ ҳазм қила олмайдилар. Куладилар, лекин хурсанд бўла олмайдилар. Табассумлари ортида кўз давоми...

5336 14:49 / 01 февраль
Ибн Умардан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз.Омонатдор масъулдир. У ўз давоми...

1423 19:00 / 12.02.2021