1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зулм

17:02 / 26.03.2022 3433 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Қутайба роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Мухталафул ҳадис» китобида зикр қилади:

«Аббосий халифалардан Мансур бир кеча суҳбат ташкил қилди. Мажлисда Умавий халифалар ва уларнинг сийрати эсланди. Умавийларнинг иши исрофгар, маишатга берилган авлодларига етиб келгунича яхши ва тўғри йўлда эди. Аммо уларнинг авлодлари шаҳватни мақсад қилишди, ўзларини бошқалардан устун кўришди. Аллоҳнинг ҳаром қилган ишларини қилишди. Маъсиятга берилишди. Аллоҳнинг истидрожидан ғафлатда қолишди. Унинг макрини англашмади. Натижада Аллоҳ улардан мулкни тортиб олди, уларни неъматларидан маҳрум қилди. Мажлисда ана шулар ёдга олинди.

Шунда Солиҳ ибн Али халифа Мансурга деди:

- Эй мўъминлар амири!  Умавийлардан Убайдуллоҳ ибн Марвон қочиб Нубия вилоятига кирганида у ернинг амири хабар топиб қолиб уларни суриштирибди. Уларнинг қаердалигини билгач, отига миниб уларнинг олдига келибди. Улар бизнинг суҳбатимизга ўхшаш суҳбат қилишибди. Мен ҳозир у суҳбатни эслай олмайман. Агар жоиз билсангиз Убайдуллоҳни ҳисбхонадан бу ерга чақиртирсангиз. Ўша суҳбатни унинг ўзидан эшитсак!

Халифа Мансур Убайдуллоҳ ибн Марвонни ҳибсхонадан чиқариб олиб келишларини амр қилди. Сўнгра ундан бўлган воқеани сўради. Убайдуллоҳ деди:

- Эй мўъминлар амири! Менга берилган уй жиҳозлари билан Нубияга келдим. Қимматбаҳо кийимларни ерга тўшаб уч кеча яшадим. Сўнгра Нубиянинг амири келди. У мен ҳақимда хабар топибди. Менинг ҳузуримга кирди. У узун бўйли, чиройли юзли инсон экан. Амир менинг ҳузуримга кириб кийимлар устига эмас,  ерга ўтирди. Мен ундан сўрадим:

-Нега кийимларимиз устига ўтирмадингиз?

У деди:

- Мен подшоҳман. Подшоҳлар Аллоҳнинг азаматига бўйсуниши лозим. Уни Аллоҳ кўтарди-ку ахир!

Сўнгра у менга савол берди:

- Китобингизда ароқ ҳаром қилинган экан. Нега сизлар ароқ ичасизлар?

Мен дедим:

- Бизнинг қулларимиз ва тобеларимиз нодон бўлишгани учун шу ишга журъат қилишган!

У яна сўради:

- Нега уловларингиз билан экинзорларни топтаяпсиз? Ахир фасод ишлар сизга ҳаром қилинган-ку!

Мен дедим:

- Бизнинг қулларимиз ва тобеларимиз нодонлигидан шундай қилишган!

У сўради:

- Нега ипак, олтин ва кимхоблар китобингизда сизга ҳаром қилинганига қарамасдан уларни киясизлар, ишлатасизлар?

Мен дедим:

- Подшоҳлик қўлимиздан кетди, ажамлар биздан ғолиб бўлишди. Биз ёқтирмасакда улар буларни кийишди, ишлатишди!

Амир ерга қараб туриб деди:

- Қулларимиз...тобеларимиз... динимизга кирган ажамлар...

Сўнгра бошини кўтариб деди:

- Иш сен айтгандек эмас. Сизлар Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санадингиз, У ман қилган нарсаларни қилдингиз, қўл остингиздагиларга зулм қилдингиз. Натижада Аллоҳ сизлардан азизликни тортиб олиб, гуноҳингиз туфайли сизни хор қилди. Ҳали сизлар етарлича жазо олмадингиз. Мен сизлар менинг диёримда турганингизда сизларга азоб тушиб, бизларни ҳам сизларга қўшиб ҳалок қилишидан қўрқаман. Меҳмондорчилик уч кун. Юкларингизни йиғиштириб дарҳол менинг юртимдан кўчиб кетинг!».

Эътибор беринг! Нубиялик подшоҳ Умавийларнинг бошига келган балони ҳақиқатини англаб етяпти. Энг катта сабаб зулмдир. Аввало, ўз нафсига журму-исён ила зулм қилиш, қолаверса, ер юзида Аллоҳнинг ҳукмини жорий қилмасдан бандаларига зулм қилиш!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда масжидларимиз хонақоҳларида бир ёки бир нечта курсилар стуллар қўйилганини кўриб қоламиз. Бу курсилар бирор узр сабабли намозни тик туриб ўқий давоми...

21857 12:00 / 05.05.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда бизгагина давоми...

4862 10:30 / 23.05.2021
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар,.Абу Довуд ривоят қилган. . давоми...

2375 10:40 / 09.08.2019
Имом Абу Довуд Ибн Абу Маликдан ривоят қилади .Оиша розияллоҳу анҳога .Бир аёл эркаклар пойафзалини кияди,, дейишди. У .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини давоми...

1837 08:00 / 21.01.2021
Аудиолар

230238 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148815 14:35 / 11.08.2021