1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм аҳлига маош берган мужтаҳид

09:10 / 27.02.2019 2825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саховати ўз даврида  тилларда достон бўлган. У киши тижорат билан кун кўргани, тижоратида ҳалоллиги билан эл оғзига тушгани ҳам ҳақиқат. Тижорати кенг бўлишига қарамай дунёга муҳаббати йўқ, бойликни фақат Аллоҳ йўлида сарф-харажат қилиш, бойларнинг қўлига қарам бўлиб қолмаслик учун топар эдилар. Абдураҳмон Раъфат Бошо «Тобеъинлар ҳаётидан лавҳалар» номли асарида мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ таржимасини зикр қилар экан, қуйидаги ажиб маълумотларни ҳам алоҳида қайд этиб ўтган:

«Бир куни халифа Мансур Имом Аъзам ҳазратларини чорлаб ҳурмат-иззатини жойига қўйди. Ёнидан жой бериб диний ва дунёвий масалалар юзасида турли саволлар берди, фикр алмашди, маслаҳатлар сўради. Имом қайтишга изн сўраган чоғда халифа ўттиз минг дирҳам ҳадя қилди.

Имом Аъзам халифага: «Эй амир, мен Бағдодда ғариб бир одамман. Бунча катта маблағни сақлаш имконим йўқ. Хўп десангиз шу пул байтулмолда турсин. Албатта, менинг ҳисобимда. Қачон муҳтож бўлсам сўрайман, ўшанда берасиз, – деди. Халифа Мансур рози бўлиб, мазҳаббошимиз ҳисобига хазинага 30 000 дирҳам қўйдирди.

Аммо, имомимиз шу воқеадан кейин узоқ яшамадилар. Орадан кўп ўтмасдан қазо қилдилар. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг уйидан ўттиз мингдан бир неча баробар кўп маблағ топилди. У пулларнинг ҳаммаси одамлар тарафдан омонатга қўйилган маблағлар эди.

Воқеадан хабар топган халифа Мансур: «Абу Ҳанифани Аллоҳ раҳматига олсин. Биздан бирор танга ҳам олмади, берган пулларимизни рад қилишда ҳам латифлик қилди. Қўлимизни қайтарарди-ю, аммо ранжитмасдан уддабуронлик билан қайтарарди, – деди».

Имом Абу Ҳанифанинг бу иши ажабланарли эмас, чунки ул зотнинг ҳаётдаги шиори бундай бўлган: «Ҳеч нарса ўз қўл меҳнати билан топилганидан ширинроқ бўлолмайди!». Шунинг учун ҳам у киши вақтининг бир қисмини тижоратга ажратарди. Бировдан, айниқса, бой-амирлардан асло бирор нарса олмасди.

Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг тижорат дўкони доим харидорлар билан тўла бўларди. У кишининг дўконида ҳалоллик, барака, садоқат ҳамиша ҳамроҳ эди. Имомимиз тижоратидан барака топган савдогарлардан эди. Ҳалол топиб ҳалол сарфлар эдилар.

У киши ҳақидаги машҳуру маъруф хабарлардан яна бири шуки, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ аҳли илмлар учун ўз ҳисобидан махсус нафақа тайинлаб қўйган эдилар. Йиллик даромадини ҳар йили ҳисоблар, оилавий эҳтиёжи учун етарли миқдорини олиб, ортиғини сотар ва қорилар, фақиҳлар, муҳаддислар, илм толибларига тақсимлаб берар эканлар. Уларга ҳар ойлик нафақасини беришда: «Бу сизларнинг илм йўлидаги хизматингиз учун Аллоҳ берган маош. Уни Аллоҳ менинг қўлим билан сизларга етказмоқда, – деб айтар экан. Аллоҳ мазҳаббошимиздан рози бўлсин! Баракасидан бизларни ҳам манфаатлантирсин! Омин!

Фарохиддин Холидов 

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Шаръий узрлар.Авратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ўнтадир.1. Биронтасининг зиёнига гувоҳлик қилмоқ ниятида. Масалан, зино қилувчиларни шахсини билиб олиш учун, давоми...

3373 17:10 / 13.05.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолодан кўпайтиришни истаган ёлғиз нарсалари бу ndash илм эди. Набий алайҳиссалом илм олиш учун йўлга чиққан давоми...

7655 16:00 / 13.04.2019
Абдулазиз ибн Абу Рувод айтади .Бир гуруҳ ҳожилар Каъбага кириб келишди. Уларнинг орасида бир аёл ҳам бор эди. У тинмай .Роббимнинг байти қаерда, дер, ёнидагилар давоми...

2476 08:00 / 15.06.2020
Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига давоми...

4237 21:09 / 27.11.2018
Аудиолар

227863 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146590 14:35 / 11.08.2021