1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ризқнинг кенгайишига сабаб бўлувчи омиллар (2)

05:00 / 17.02.2017 5517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибодатга фориғ бўлиш

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, деган).

Аллоҳ буюрган амалларни ўз вақтида ва мукаммал суратда ихлос билан амалга ошириш бандани дунё ва охират ташвишидан озод қилади. Ушбу ҳадиси қудсийда ибодатни бутун вужуди билан, хаёлини бир жойга жамлаб амалга оширишнинг манфаатлари ҳақида сўз юритилмоқда:

“Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман”.

“Фориғ бўлиш” деганда бирон ишни бажараётганда унга боғлиқ бўлмаган барча нарсани тарк этиш ва фақат муайян машғулот билан шуғулланиш назарда тутилади. “Ибодатга фориғ бўлиш” эса худди Аллоҳни кўриб тургандек, хаёли ва диққатини бир жойга жамлаб ибодатни адо қилишдир.

Бу ердаги “ибодат”дан мурод мутлоқ ибодатлардир. Аввало, намоз, рўза, закот, ҳаж, Қуръон тиловати ва Аллоҳга бандалик қилишни англатувчи ҳар қандай солиҳ амал. Лекин ҳадисдаги “ибодатимга фориғ бўл” деган жумладан, асосан “намозни тўла-тўкис адо эт, уни шошилмай, ташвишларингни хаёлдан чиқариб ташлаган ҳолда амалга ошир” деган маъно англашилади.

Яъни, Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қилиб: эй бандам, ибодат қилаётганингда, дунёвий ишларингдан фориғ бўл. Менга ихлос билан амал қил. Сени дунё ишлари ибодат қилишдан ёки ибодатни хушуъ билан бажаришдан тўсиб қўймасин. Агар сен шундай қилсанг, қалбингни хотиржам, қаноатли, ризқи ҳақида хавотирга тушмайдиган қилиб қўяман ва ҳамма ҳожатларингни раво қиламан. Фақирлигингни кетказиб, сени махлуқотларимга ялиниш ва уларга ҳожатманд бўлишдан сақлайман.

“Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!”

Агар ибодатимга фориғ бўлмасанг, дунёвий тавшвишларинг билан овора бўлиб, Менга ибодат қилишни унутсанг ёки рисоладагидек ибодат қилмасанг, сени муаммо ва ташвишлар гирдобига ташлайман. Қанча ҳаракат қилсанг ҳам, ҳожатларингни раво қилмайман.

Маъқил ибн Ясор розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Раббингиз табарока ва таоло: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка ва қўлингни ризққа тўлдираман. Эй Одам боласи, Мендан узоқлашма! Акс ҳолда, қалбингни фақирликка тўлдираман. Қўлингни эса банд қилиб қўяман”, дейди” (Ҳоким “Мустадрак”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисни ўқиб, баъзи ўқувчиларимиз “ибодатга фориғ бўлиш”ни касб-кор ва тирикчиликни йиғиштириб қўйиб, масжидда эртаю кеч ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунмасинлар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ибодатга фориғ бўлиш ибодат чоғида қалбнинг сергак ва уйғоқ туриши, хушуъ ва хузуъ билан, ўзини худди Аллоҳга хитоб қилаётгандек тутган ҳолда, ўй-хаёли чалғимасдан ибодатни амалга оширишдир. Бу нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида: “Худди Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен уни кўрмаётган бўлсанг, У Зот сени кўриб туради”, деб тушунтирганлар.

Мазкур ҳадис бизнинг хато ва камчиликларимни баён қилмоқда. Кўпчилигимиз намозни шошиб-пишиб ўқиймиз. Фикр-хаёлимизда дунё ташвиши. Ибодат лаззатини сезмаймиз. Хушуъ билан ибодат қилиш жуда кам. Оқибатда ташвишларимиз кўпайса, кўпаядики, асло камаймайди. Ҳадисда айтилганидек, агар Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлиб, бутун қалбимиз билан боғланиб, У Зотга хотиржам қалб билан ибодат қилганимизда, ҳам катта ажр-савобларга эришар, ҳам ҳаётдаги кўпгина муаммо ва ишларимизни якунлаб, кўзланган натижага эришган бўлар эдик. Бас шундай экан, дунё ва охират саодатига эришиш учун ибодат чоғида муаммоларимизни бирпас унутиб, қалбимиз билан Аллоҳга ибодат қилайлик, У Зотга хушуъ билан юкинайлик. Шунда солиҳ бандалардан бўламиз.


Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш


Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этинглар. Зеро, уларнинг ҳар иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-ғариб, деган).

Ушбу ҳадисда ҳаж ва умрани кетма-кет бажариш фақирликни кетказиши ва гуноҳларни ювиб юбориши айтилмоқда.

Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш, агар умра қилган бўлса, унинг ортидан дарров ҳаж қилиш ёки аксинча, агар ҳаж қилган бўлса, ортидан тезда умра қилишдир. Демак, ҳаж ва умра ибодатини кетма-кет адо этиш зоҳирий маънода банданинг бой бўлиши, ботиний маънода қалбининг бой бўлиши ҳамда сағийра ва Аллоҳ хоҳлаган бошқа гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлар экан.

Одатда, ҳаж ва умра амаллари йўлга қодир бўлиб, ҳам соғлиқ, ҳам моддий жиҳатдан қудрати етадиган кишиларгагина фарздир. Бу эса, банда бой бўла туриб Аллоҳнинг амрини бажарса, бойлигининг шукрини адо этса, унинг мол-мулки янада кўпайиши, қалби қаноатли бўлиши ва гуноҳларининг тўкилишига сабаб бўлади.


Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш


Аллоҳ таоло айтади:

“Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир” (Нур, 32).

Яъни, ораларингизда никоҳга қудрати етадиган ҳур эркак ва аёлларни, шунингдек, қул ва чўриларингиз орасидаги солиҳ кишиларни никоҳлаб қўйинглар. Уларга моддий ва маънавий ёрдам беринглар. Камбағаллик ва қўли калталик уларни оила қуришдан асло тўсиб қўймасин. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўяди ва ҳожатларини раво қилади. Аллоҳ хоҳлаган бандасига кенг ризқ берувчи, фазлу карами кенг ва бандаларининг ҳолларидан Хабардор бўлган, улар учун нима манфаатли эканини билувчи Зотдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳур ва қул бандаларини никоҳланишга амр қилмоқда ва бунинг эвазига бойлик ваъда қилмоқда”, деб “агар улар камбағал бўлсалар...” оятини тиловат қилган экан (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Абу Бакр Сиддиқ ҳам: “Аллоҳнинг амрига итоат этиб никоҳланинглар! Шунда сизларга У Зот ваъда қилган бойлик мукаммал қилиб берилади”, деб туриб мазкур оятни ўқиган экан (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Никоҳланиш билан бойлик талаб қилинглар. Чунки Аллоҳ: “Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади”, демоқда”, деган (Ибн Жарир ривояти).


 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир(. Булар): Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).

Ушбу ҳадисда Аллоҳнинг мадад беришига сабаб бўлувчи амаллар ҳақида айтилмоқда.

“Ёрдам бериш” деганда “ўша ишларни амалга оширишда кўмаклашиш ва осон қилиш” маънолари назарда тутилади.

Демак, Аллоҳ таоло уч тоифа кишиларга ёрдам беришни Ўз зиммасига олган. Мазкур тоифаларнинг биринчиси:

“Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилувчи”.

Яъни, Аллоҳ учун ҳаракат қилувчи, Аллоҳ розилиги учун шайтон ва нафс билан курашишга жаҳд қилувчи, илм талаб қилишга қаттиқ ҳаракат қилувчи, Ислом ва мусулмонлар душманларига қарши курашиб, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилувчи кишилар Аллоҳнинг нусрати ва мададига эришар эканлар.

Иккинчи тоифа кишилар:

“(Бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб”.

“Мукотаб” деб маълум миқдордаги пулни тўлаб, ўз хожаси билан озод бўлиш ҳақида шартнома тузган қулга айтилади. Хўжайини билан мукотаба қилгач, ҳурликка эришиб, яхши ишлар қилишга, ўзи ва дини учун манфаат етказиш учун ҳаракат қилаётган қулга Аллоҳ таоло, албатта ёрдам беради.

Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўладиган учинчи тоифа киши бизнинг мавзуга тегишлидир:

“Пок юришни ният қилиб никоҳланувчи”.

Одатда, янги оила қураётганларнинг иқтисодий ҳолатлари унчалик ҳам яхши бўлавермайди. Шу сабаб аксарият йигит ва қизлар никоҳланишни ортга суриб юраверадилар. Аммо ушбу ҳадисда айтилишича, Аллоҳ Ўзининг розилигини истаб, зино ва фаҳш ишлардан сақланиш мақсадида никоҳланувчи бандаларга ёрдам беришни ваъда қилмоқда.

Ушбу ҳадис ва юқоридаги ояти каримани (Нур сурасининг 32-ояти) ўқиб туриб, кишида: “Оила қурадиганларнинг ҳаммасида ҳам иқтисодий ҳолат яхши бўлиб кетавермайди-ку. Никоҳланишдан олдин камбағал бўлиб туриб, умрининг охиригача шу ҳолида ўтиб кетадиган қанчадан-қанча одамлар бор-ку”, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бу саволга биз ўрганаётган ҳадис жавоб беради. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳадиси шарифда “пок юришни ният қилиб” жумласи келтирилмоқда. Демак, кимки ҳаром ишлардан четда юришни ният қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш мақсадида оила қурса, Аллоҳ ана шундай бандаларга, ёрдам беради. Уларни Ўз фазли билан бой ва беҳожат қилиб қўяди.


 Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Никоҳланиш билан ризқ талаб қилинглар” (Дайламий ривояти).

Ниятни холис қилиб, Аллоҳ розилиги учун никоҳланиш бандага ризқ эшикларини очади. Бундай хонадонга барака ва раҳмат ёғилади.


Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёлларни никоҳлаб олинглар! Зеро улар сизга бойлик билан келадилар” (Дароқутний, Ҳоким, Баззор, Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти).

Ушбу ривоятда мусулмон умматининг эркакларига: мўмина-муслима аёлларни никоҳлаб олинглар. Улар оилангизга бойлик ва ризқ-насибалари билан келиб, файз-баракага сабаб бўладилар, деб хитоб қилинмоқда.

Ибн Ажлондан ривоят қилинишича, бир киши Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига камбағалликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга қарата: “Сен никоҳлангин”, деганлар (Саълабий ривояти).

Никоҳланиш билан банданинг ризқи кенг бўлишига бир неча сабаблар бор. Биринчидан, турмуш қуриб, оила бошлиғига айланган эркак энди ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарайдиган, тирикчилик ва ҳаётий юмушларига жиддий суратда эътибор берадиган, ишларини мукаммал суратда бажарадиган бўлади. Чунки энди у бир ўзини эмас, балки оиласини зарур нарсалар билан таъминлаши, бўйнидаги эркаклик-оталик вазисасини бажариши лозим. Иккинчидан, аёл бирон хонадонга келин бўлиб тушса, у ерга ўз ризқи билан келади. Агар бўлажак аёл солиҳа ва ибодатли бўлса, ўша хонадонга файз-барака ва яхшиликлар олиб келади. Йиллар ўтиб фарзандли бўлганларида, уларнинг ризқи яна ҳам кўпаяди. Бу ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир.


Омонатдорлик


Омонатдорлик деганда ишончлилик, аҳдига вафо қилиш, берган ваъдасининг устидан чиқиш ва тўғрисўзлик каби мақталган фазилатлар назарда тутилади.

Аллоҳ таоло айтади:

“(Қизларидан) бири: “Эй ота, уни ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончлидир”, деди” (Қасас, 26).

Яъни, Мадян юртидаги кекса чолнинг икки қизидан бири отасига: уни (яъни, Мусони) қўйларимизни боқишга ёллагин. Чунки у бундай ишларни қилишга ёлланадиган кишиларнинг энг яхшисидир. У кучли ва омонатдордир, деди.

Ушбу қиссанинг баъзи қисмини юқорида келтирган эдик. Мусо алайҳиссалом икки аёлга чорваларини суғориб бергач, дарахт тагига бориб Аллоҳга дуо қилади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша икки қиздан бири келиб, уни отаси чақираётганини айтади. Мусо алайҳиссалом ва кекса чол ўртасида суҳбат бўлиб ўтгач, унинг қизларидан бири отасига юқоридаги таклифни билдиради.

Мусо алайҳиссалом қария билан ўн йиллик шартнома тузди. Бу шартнома Мусо учун баракали бўлди. Бу эса, ишонч ва омонатдорлик кишининг ризқи келишига сабабчи эканидан далолатдир.


Бир ривоятда: “Омонатдорлик ризқни жалб қилади, хиёнат эса камбағалликни жалб қилади”, дейилган (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ҳасан санади билан Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Омонатдорлик бандага нисбатан кишиларда муҳаббат ва ишонч туйғусини уйғотади. Бундай одам билан ҳар қандай режа ва ишларни амалга ошириш, манфаатли лойиҳаларни биргаликда бажариш мумкин. Шунингдек, омонатдорлик ризқнинг енгил суратда келиши ва ризққа барака киришига сабаб бўлади. Хиёнат эса бунинг акси. Хиёнатчи, алдоқчи кишиларнинг ризқида барака бўлмайди. Бундай кишилар одамларнинг ишончидан қолиб, кўплаб фойда ва манфаатлардан қуруқ қоладилар. Энг асосийси, хиёнаткор банда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади.


Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатдорлик бойликдир”, деганлар” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Демак, ишончли ва омонатдор бўлиш бандага фақат фойда-манфаат, яхшилик, бойлик ва хайр-барака олиб келади.


Толиби илмларга ёрдам кўрсатиш


 Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бор эди. Уларнинг бири Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, бошқаси эса касб-кор қилар эди. Тирикчилик билан шуғулланувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” дедилар” (Термизий ва Ҳоким ривоят қилган. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ, деган).

Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бўлиб, улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, илм олиш билан машғул бўларди. Иккинчиси эса, тирикчилик қиларди. Аммо уларнинг рўзғорлари бир эди. Ака-укалар орасидаги тирикчилик билан машғул бўлгани илм олиб, оилавий юмуш ва рўзғор ишларига ёрдам бермаётгани ёки тирикчилигида ёнига кириб, пул топмаётганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилган эди. Бироқ Расули Акрам унинг шикоятига: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” деб раддия бердилар.

Яъни: ўйлашимча, у илм олаётгани сабаб сенинг касб-корингга барака кирмоқда. Бас, шундай экан биродарингга қилаётган яхшиликларингни миннат қилма!

Ушбу ҳадис илм йўлида юрганларга – илм толиби, мударрис ва шу соҳада хизмат қилувчи жонкуяр ва фидойи кишиларга ёрдам кўрсатиш ризқнинг янада кўпайишига сабаб бўлишига далолат қилади. Чунки қилинаётган яхшиликка илм учун хизмат қилаётганлар ҳам индамай қараб турмайдилар. Балки дуо қилиб, ўзларига яхшилик қилаётган кишиларнинг мол-дунёлари янада кўпайишини сўраб Аллоҳга илтижо қиладилар. Холис ният билан илм талаб қилаётганларнинг дуоси Аллоҳ даргоҳида, шубҳасиз қабул бўлади.


Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш


Мусъаб ибн Саъд  ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ерда “Саъд” деб тилга олинаётган киши Мусъаб ибн Саъднинг отаси Саъд ибн Абу Ваққос (Молик) ибн Вуҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳро ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб Абу Исҳоқ ал-Қуроший аз-Зуҳрий розийаллоҳу анҳудир. У машҳур саҳоба, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари чоғида жаннатий экани хабар қилинган ўн кишидан биридир. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк имон келтирган зотлардан ҳисобланади. У барча ғазотлардан қатнашган. Мазкур саҳобий жуда жасур ва паҳлавон мусулмонлардан эди. Айниқса, камон отишда жуда моҳир бўлган. Унинг уста камончи экани кўплаб жангларда мўминларга қўл келган.

Ривоятда айтилишича, Саъд ибн Абу Ваққос шижоатли ва кучли бўлгани сабаб ўзини бошқалардан устун деб билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бундай фикридан хабар топиб, таълим ва одоб бериш мақсадида: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар.

Бу ерда “заиф” деганда мусулмонлар орасидаги заиф тоифалар – болалар, қариялар, аёллар, беморлар, ногиронлар, моддий жиҳатдан қийналган бечораҳол кишилар, мискинлар ва шу кабилар назарда тутилмоқда.

Яъни: эй Саъд, ўзингни бошқалардан устунман, деб ўйлама! Сен ва бошқа  кучли жангчилар иштирок этган ғазотлардаги ғалабаларга фақат сизлар сабабчи бўлганингиз йўқ. Балки мана шу заиф тоифа вакилларининг дуолари ва ихлос билан қилган ибодатлари сабаб Аллоҳ сизларга душманларингиз устидан нусрат беради ва ризқингизни етказади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Саъдга камтар бўлиш ва ўзини катта олмаслик лозимлигини таълим бермоқдалар.

Ибн Баттол айтади: “Заифлар дуода ихлосли, қалблари дунё ҳою ҳаваслари ва зийнатларидан узоқ бўлгани учун ибодатда хушуъли бўладилар. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг дуою ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”.


Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти. Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ, деган).

Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда: “Албатта Аллоҳ бу умматга заифларининг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабли нусрат беради”, дейилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичидаги мискин, бева-бечора ва камбағалларга яхшилик қилиш, уларни қаровсиз қолдирмасликни тайинлардилар. Бунда у зотнинг ўзлари бошқаларга чиройли ўрнак бўлар эдилар. Ушбу ҳадисда ҳам меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини заиф кишиларга яхшилик қилишга тарғиб қилмоқдалар:

“Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар!”

Яъни, розилигимни топиш ва муҳаббатимга сазовор бўлиш учун менинг амримга бўйсуниб, мусулмон уммати ичидаги заиф ва камбағал кишиларга ёрдам беринглар. Зеро, сизлар қўлга киритаётган ғалаба ва ўлжалар, касб қилиб топаётган бойлик ва мол-дунёларингиз уларнинг дуолари шарофати билан қўлга киритилмоқда. Мол-давлатларингизда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққи ва улушини беринглар. Заифларга яхшилик қилиш менинг йўлим ва сизларга қилган насиҳатимдир.


Саъд ибн Молик ривоят қилади: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” дедим. Шунда у зот: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадисда номи зикр қилинаётган Саъд ибн Молик юқорида маълумот бериб ўтилган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу саналади. Саъд отасининг куняси Абу Ваққос, асл исми Моликдир.

Айтиб ўтганимиздек, Саъд ибн Абу Ваққос мард ва жасур кишилардан эди. Ғазотларда ўлжа тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар ўртасида тенг ва адолатли тақсим қилар эдилар. Заиф ва кучсиз, курашда унча фаол иштирок этмаган кишилар ҳам ўлжадан бенасиб қолмасдилар. Шу нарсани мулоҳаза қилиб, Саъд ибн Молик: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” деди.

Яъни, агар бир киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса ёки жангда асосий оғирликни зиммасига олиб, ғалаба қозонишда муҳим ўрин тутса, унинг ҳам, урушда қатнашмаган ёки қисман қатнашганларнинг ҳам оладиган ўлжаси бир хил бўладими? Жасур ва мард кишиларга ўлжадан кўпроқ ажратилса бўлмайдими?

Унинг бу саволини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таажжуб билан:

“Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар.

Яъни, эҳ сени қара! Ахир бу умматга Аллоҳ таоло заифларининг дуолари, ибодатлари сабабли ғалаба беради ва сизлар, эй Саъд, заифларингиз туфайли ризқланасизлар!

Шофеъийлар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Истисқо (Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш ва намоз ўқиш)да кексалар ва ёш болаларнинг бўлиши мандубдир”, деганлар.

Кўриб ўтганимиздек, юқорида келтирилган ҳадисларнинг асосий матни бир хил. Аммо уларнинг айтилишига турли ҳолатлар сабабчи бўлган. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ўзаро ёрдам бериш, заифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни қаровсиз қолдирмасликка домий тарзда даъват қилиб келганлар.

Ушбу ҳадис бошқа тузумларда мавжуд бўлган “Ишлаган тишлайди, ишламаган тишламайди” деган мантиқсиз гапнинг Ислом учун умуман бегона эканига далолат қилади. Ислом бошқа дин ва жамиятлардан фарқли ўлароқ заиф ва камбағал кишиларни қаромсиз қолдириб қўймайди. Балки уларга яхшилик қилишга тарғиб қилади. Бу эса ўша жамиятнинг тинч-тотув бўлиши ва гуллаб-яшнаши, яхшилик қилган бандаларнинг эса Аллоҳ даргоҳида мартабалари юксалишига сабаб бўлади.


 “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”ни кўп айтиш


Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашгач, икки ўғлини чақириб деди: “Мен иккингизга васият қилмоқчиман. Мен сизларни икки нарсага буюраман ва икки нарсадан қайтарман. Сизларни ширк ва кибрдан қайтараман ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ”га буюраман. Зеро осмонлар, Ер ва ундаги бор нарсалар тарозининг бир палласига ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ” бошқа бир паллага қўйилса, албатта у оғир келади. Агар осмонлар ва Ер бир ҳалқа бўлиб, унга “лаа илаҳа иллаллоҳ” қўйилса, уни узиб юборади. Мен сизларни “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”(ни кўп айтиш)га буюраман. Зеро, у барча нарсанинг “салот”идир ва у билан барча нарса ризқлантирилади” (Имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмад томонидан қилинган бошқа ривоятда: “У билан (Аллоҳнинг) махлуқотлари ризқлантирилади”, дейилган).

Ушбу ривоятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўлими олдидан ўғилларига қилган насиҳати келтирилмоқда. Унда айтилишича, Нуҳ алайҳиссалом ўғилларини икки нарса – ширк ва кибрдан қайтариб, икки нарса – “лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “субҳаналлоҳ” калималарини кўп айтишга буюрган. Ҳадисда ушбу икки зикрнинг нечоғли фазилатли экани айтилмоқда. Жумладан, “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калимаси инсон боласидан ташқари барча махлуқотлар зикри экани, унинг сабабидан махлуқотлар ризқлантирилиши таъкидланмоқда. Демак, банда юрганда, турганда, бирон иш билан машғул бўлганда ҳам ушбу зикрни доимо такрорлаб юрса, унинг ризқи келиши осонлашар ва барака ёғилар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашганида икки ўғлига насиҳат қилиб, уларни ширк ва кибрдан қайтаргани.

2. Ширк ва кибр жамики гуноҳ ва ёмонликларнинг боши экани.

3. Нуҳ алайҳиссалом икки ўғлига “лаа илаҳа илаллоҳ” ва “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калималарини кўп айтишни амр қилгани.

4. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасининг савоби Ер, осмон ҳамда улардаги бор нарсалардан ҳам оғир экани.

5. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калимаси барча нарсанинг зикри экани. Бу билан барча махлуқотлар ризқланиши.


Истиғфор айтишни кўпайтириш


Қуръони каримнинг бир нечта оятлари ва ҳадиси шарифларда истиғфор айтиш Аллоҳ таолонинг фазли билан ризқнинг кенгайишига сабаб экани айтилган.

Қуръони каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига қарата шундай хитоб қилгани келтирилади:

“Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади” (Ҳуд, 52).

Яъни: эй қавмим, Раббингиз Аллоҳга ширк амаллар ва қилган гуноҳларингиздан истиғфор айтинглар. У Зотга ихлос билан тавба қилинглар. Шунда Аллоҳ сизларнинг ризқингизни кенг, ишларингизни осон ва хотирингизни жам қилади. Истиғфорда бардавом бўлиш устларингизга раҳмат ёмғирининг тинимсиз суратда ёғилишига сабаб бўлади. Шу сабабдан куч-қувватларингизга янада куч-қувват қўшилади ва бойликларингиз зиёда бўлади.

Заҳҳок айтади: “Од қавмида уч йил кетма-кет қурғоқчилик бўлгач, Ҳуд алайҳиссалом уларга: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади”, деди” (Ибн Асокир ривояти).

Мужоҳид “қувватларингизга қувват қўшади” оятини “фарзандларингизни янада кўпайтиради” деб тафсир қилган (Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Бундан келиб чиқадики, кўп истиғфор айтиш ризқ келишининг осонлашиши, мушкилот ва муаммоларнинг ҳал бўлиши ва бараканинг тушишига сабаб бўлар экан.

Қуръони каримнинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади:

“Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим” (Нуҳ, 10-12).

Яъни, Нуҳ алайҳиссалом қавмига деди: эй қавмим, сизлар Раббингиз Аллоҳга гуноҳларингиз учун истиғфор айтинглар ва ихлос билан У Зотга тавба қилинглар. Шунда Аллоҳ устларингизга баракали ёмғир ёғдиради. Бойлик ва фарзандларингизни кўпайтиради. Турли хил мевалар берувчи боғу бўстонларни, ўсимлик ва дарахтларнинг ўсиб-унишига сабаб бўлиши учун оқар дарёларни пайдо қилади. Бу эса, яхшилик, файз ва бараканинг кўпайишига омил бўлади.

Ибн Касир тафсирида айтади: “Яъни, агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий тавба қилсангиз, истиғфор айтсангиз ва У Зотга итоат этсангиз, ризқингиз кўпаяди. Аллоҳ осмоннинг баракасидан устингизга ёмғир ёғдиради. Ернинг баракасидан ўсимликлар ва турли набототларни ундириб чиқаради. Сизларга кўп фарзанд ва бойликлар ато қилади. Шунингдек, Аллоҳ сизларга турли мевалари бор ва ўртасидан дарёлар оқиб турувчи гўзал боғлар ато қилади”.

Қавм дунё ҳаётига берилган бўлиб, мол-дунё ва фарзандларни жуда яхши кўрар эди. Шу сабаб Нуҳ алайҳиссалом уларни мана шу йўл билан имонга ва Аллоҳга итоат этишга чақирмоқда.

Айтилишича, узоқ йиллар давомида қилинган даъватларни қабул этмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғонга чиқаришгач, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмига қурғоқчилик юбориб, аёлларини туғмас қилиб қўяди. Шундан сўнг, агар имон келтирсалар, Аллоҳ уларга яна фаровонлик ато қилиб, бошларидаги оғир кунларни кетказиши маълум қилинади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берди. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси фарзандларининг камлиги, тўртинчиси эса, ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди. Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Сизнинг олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўради. Унинг саволига жавоб сифатида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан (“Тафсийрул қуртубий”, “Тафсийрун насафий”, “Тафсийрул кашшоф”).

“Тафсийрун Насафий” китобида: “Истиғфор Аллоҳнинг мағфират қилишини сўрашдир. Агар истиғфор айтувчи кофир бўлса, куфрдан истиғфор айтади. Агар истиғфор айтувчи осий мўмин бўлса, гуноҳларидан истиғфор айтади”, дейилган.

Имом Қуртубий: “Ушбу ва Ҳуд сурасидаги оятлар истиғфор ризқ келиши ва кўп ёмғир ёғишига сабаб эканига далолат қилади”, деган.


Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфор (айтиш)ни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, имом Аҳмад, имом Табароний, Насоий “Сунанул кубро”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Бошқа ривоятда: “Ким ўзига (кўп) истиғфор (айтиш)ни лозим тутса...” дейилган ).

Ҳадисда айтилишича, қайси бир банда ихлос билан кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло уни ғам-ташвиш ва муаммолардан чиқаради. Юмушларини осон қилиб, у бандани ўзи кутмаган, хаёлига келтирмаган томонидан ҳалол йўл билан ризқлантиради.

Мўмин банда сабабсиз бирор муаммо ва қийинчиликка дуч келмайди. Бунинг асосан иккита сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ қайси бир бандани яхши кўрса, уни мусибат билан синайди. Бу синовдан чиройли сабр билан чиқиб кетган банданинг гуноҳлари кечирилади, имони зиёда бўлади, қалби покланади ва Аллоҳ наздидаги даражаси кўтарилади.

Мўмин кишининг мусибатга учрашининг иккинчи сабаби эса, гуноҳ-маъсиятдир. Маъсиятга қўл урган мўминнинг гуноҳи кечирилиши учун Аллоҳ унга раҳм қилади. Мана шу дунёнинг ўзида жазосини олиб, покланиши учун унга дард, машаққат ва ғам-ташвиш бериб синайди. Иккала ҳолатда ҳам мўмин банда чиройли сабр қилиши, кўп бора Аллоҳ таолога истиғфор айтиши, У зотдан гуноҳларини авф этишини сўраши лозим. Шунда банда машаққатлардан фориғ бўлиб, ажр-савобга эришади ва ўзи ўйламаган тарафдан келадиган ризққа сазовор бўлади.

Юқоридаги ояти карималарнинг бирида (Талоқ сурасининг 2-3оятлари) Аллоҳ таолога тақво қилган бандалар ўзлари ўйламаган тарафларидан ризқланишлари айтилган бўлса, ушбу ҳадисда Аллоҳга ихлос билан истиғфор айтган бандаларнинг ризқлари кутилмаган жойдан етказилиши маълум қилинмоқда. Бу эса чин қалбдан Аллоҳга истиғфор айтиш тақводорликнинг бир кўриниши эканини англатади.


 Жаъфар айтади: Менга отам бобомдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, бас, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг бошига бирон кулфат тушса, бас: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” десин!”  (Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни дунё ҳаётига оид уч муҳим нарсалардан хабардор қилмоқдалар. Банда бирон неъматга эришганда, ризқининг келиши кечикканда ва бирон мусибатга учраганда қандай йўл тутиш лозимлигини таълим бермоқдалар.

“Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин!”

Қайси бир банда Аллоҳнинг неъматини қўлга киритса, неъматни бергани учун Аллоҳга ҳамду сано айтсин. Шунда у неъматнинг ҳаққини адо қилган, куфрони неъматдан сақланган ва ўша неъматнинг кўпайиши ва давомли бўлишини таъминлайдиган ишни қилган бўлади.

Суҳайб ибн Синон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўминнинг иши қизиқ. Унинг ҳар бир иши хайрлидир. Бу нарса фақат мўминга хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, бунга шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга бирон мусибат етса, унга сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхшидир” (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда мўминларни Аллоҳга доимий суратда ҳамд айтиб юришга ажойиб суратда тарғиб қилинмоқда: “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин!” Бир ўйлаб кўрайлик, қайси бир банда Аллоҳнинг неъматига сазовор бўлмаган?! Қайси бир банда ҳар куни, ҳар соатда, ҳар бир дақиқа ва сониядан Аллоҳнинг неъматларидан фойдаланмайди?!

Биз неъмат деганда, кўпроқ кўп миқдорда моддий бойлик, юқори мансаб ёки шу каби катта нарсаларни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Аслида ушбу ҳаётга келишимиз, имонга мушарраф бўлишимиз, ер, сув, ҳаво, баданимиз ва аъзоларимиз соғломлиги – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг неъматлари саналади. Ким буларни инкор қила олади?! Демак, биз мўминлар берган неъматлари учун доимо Аллоҳ таолога ҳамд айтишимиз ва ўша неъматларни У Зот рози бўладиган тарзда ишлатишимиз лозим.

“Кимнинг ризқи кечикса, бас, Аллоҳга истиғфор айтсин!”

Қайси бир банданинг ризқида танглик пайдо бўлса, ризқининг келиши маълум сабабларга кўра кечикса, у банда Аллоҳ таолога ихлос билан кўп истиғфор айтсин. Шунда Аллоҳ уни машаққатлардан чиқариб, ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантиради.

“Кимнинг бошига бирон кулфат тушса, бас: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” десин!”

Қайси бир банда мусибатга учраса, иши оғирлашса, машаққатлар гирдобига тушиб қолса, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” калимасини кўп айтсин. Шунда Аллоҳ унга енгиллик беради.

Мазкур калима “Аллоҳдан ўзгада куч ва қувват йўқдир” маъносини англатади. Ушбу ҳадисга мувофиқ ушбу калиманинг маъносини қуйидагича ифодалаш мумкин: “Эй Аллоҳим, Сендан ўзга куч ва қувват эгаси йўқдир. Сен барча нарсага Қодирсан. Менинг бошимга тушган ғам-андуҳлар ва муаммоларни кетказиш, уларни даф қилишга ҳам Қодирсан. Эй Аллоҳим, мени қийинчиликлардан қутқар, нажот бер. Мен фақат Ўзингдангина мадад сўрайман!”

Ушбу калималар банданинг мусибатлари енгиллашишига сабаб эканини ҳаётий воқеа мисолида кўриб ўтамиз. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Авф ибн Молик ал-Ашжаъий келиб: “Эй Расулуллоҳ, душманлар ўғлимни асир олишди. Онаси эса ўзини қўярга жой тополмаяпти!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ва хотинингга “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтишларингни буюраман”, дедилар. У иккиси мазкур калималарни кўп айтишди. Натижада душман ғофил қолиб, ўғли озод бўлиб келди. Устига-устак отасининг олдига бир тўда қўйларни ҳайдаб ҳам келди” (Ибн Мардавайҳ ривояти).


 “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтиш


 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ кимга бир неъмат берган бўлса, бас, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин! Кимнинг гуноҳлари кўпайиб кетса, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, бас, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин!” (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадис ўзидан олдинги ривоятга ўхшаб кетади. Фақат буниси бошқача сийғада келтирилган.

“Аллоҳ кимга бир неъмат берган бўлса, бас, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин!”

Юқоридаги ҳадисда “кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин!” дейилган бўлса, бунисида эса “ҳамд айтишни кўпайтирсин!” дейилмоқда. Демак, ҳамд айтишдан мурод, бирон неъматга эришгач, кўп бора Аллоҳга ҳамд, мақтов ва санолар айтиш экан.

“Кимнинг гуноҳлари кўпайиб кетса, Аллоҳга истиғфор айтсин!”  

Чунки истиғфор айтиш гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлади.

Одатда, қалби пок инсон ожизлик қилиб, бирон гуноҳ иш қилса, ўзини ноқулай ҳис қила бошлайди. Сабаби унинг қалби қорайган бўлади. Ривоятларнинг бирида истиғфор айтиш қалбни чароғон қилиши айтилган. Шу сабаб ҳам, гуноҳ қилган банда айбини тан олиб, Аллоҳга истиғфор айтади ва У Зотдан гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилади.

“Кимнинг ризқи кечикса, бас, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин!”

Юқорида келган ҳадиси шарифда “кимнинг бошига бирон кулфат тушса, бас, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” десин!” дейилган эди. Бу ривоятда банданинг ризқи кечикканда, унга мазкур калималарни кўп айтиш тавсия қилинмоқда. Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, банда бирон мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолганда, хусусан қарздор бўлиб қолганида, ризқининг келиш муддати кечикиб, моддий ҳолати оғирлашганида, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” калимасини кўп такрорласа, Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли хил қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.

Бойлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилиш


Бу ерда “бойлик” деганда ўзгаларга муҳтож ва қарам бўлиб қолмаслик назарда тутилади. “Кенг ризқ” эса фаровон ва осойишта ҳаётни англатади.


  “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилган).

Одатда бомдод намозининг икки ракъат фарзидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони ўқир эдилар. Унда ҳар бир мўмин учун муҳим бўлган қуйидаги нарсалар сўралади:

“Манфаат берадиган илм”. Бундай илм ўз соҳибига дунё ва охиратда мислсиз фойда беради. Уни хорлик ва залолатдан олиб чиқиб, Аллоҳнинг розилигига муяссар этади. Манфаат берадиган илмларнинг энг аввалида, шубҳасиз, шаръий илмлар туради.

“Кенг ризқ” банданинг ризқи кенг ва баракали, умри фаровон ва осуда, касб-кори ҳалолдан бўлишидир.

“Қабул қилинадиган амал” риё, сумъа, кибр ва шу каби иллатларсиз бажариладиган амалдир. Бу ерда қалб поклиги, ният холислиги, ихлос ҳамда хушуъ сўралмоқда. Зеро, амалларнинг қабул қилинишида ушбу санаб ўтилган сифатлар ўта муҳимдир.

Дуонинг маъноси қуйидагича: эй Аллоҳим, мен Сендан дунё ва охиратда манфаат берадиган илм, дунёда кенг ризқ, мазмунли ҳаёт ва осуда умр, қолаверса қалбимни риё, сумъа, ўз нафсидан ажабланиш каби разил касалликлардан поклаб, амалларим холис бўлиши ва даргоҳингда бенуқсон қабул қилишингни сўрайман!


 “Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман!” (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа  Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда тўртта муҳим нарсани дуо қилиб сўрамоқдалар. Уларнинг жуда аҳамиятли эканидан у зот муттасил тарзда мазкур дуони ўқиб юрар эдилар.

“Ҳидоят” Аллоҳ таолонинг йўлида бардавом бўлишдир. Банда Аллоҳнинг ҳидоятига ноил бўлганидан кейин яна ҳидоят сўраши унинг ўша ҳидоятда давомий – собитқадам бўлиши, имондан бенасиб қолмаслиги, ҳидоят ва имоннинг зиёда бўлишини сўраши каби маъноларни англатади. Мўмин кишиларга қарата: “Имон келтиринглар!” деганда ҳам Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтиринглар ва имонларингизда собитқадам бўлинглар, деган маъно ирода қилинади.

“Тақво” Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ўзини сақлаб юришдир. Бу хоҳ моддий, хоҳ маънавий нарса бўлишининг фарқи йўқ. Кўпчилик “тақво” деганда асосан ҳалол луқма ейишни тушунишади. Тўғри, луқманинг ҳалол ва покиза бўлиши тақводорликнинг боши. Аммо бундан ташқари ғийбат-туҳмат, ёлғондан сақланиш, тилни беҳуда сўзлардан тийиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш ва шу каби нарсалар ҳам борки, буларнинг ҳаммаси тақво доирасига киради. Демак, тақво умумий ва кенг тушунча. Тақво сифатига эга бўлиш ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи билан бўлади. Шу сабаб Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз дуоларида тақвони сўрар эдилар.

“Иффат” сўзи тилимизда “қалб поклиги; ор-номус, ҳаё” каби маъноларни ифодалайди. Аммо аслида бу сўз арабча бўлиб, “ҳаром сўз ва амаллардан сақланиш; баъзи мубоҳ ишлардан тийилиш” мазмунига эга.

“Бойлик” сўзи аслиятда “ғинаа” деб келтирилган бўлиб, у “бойлик, одамлардан беҳожат бўлиш, таъма қилмаслик; қалб бойлиги – қаноат” каби маъноларни англатади.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларига қай йўсинда дуо қилиш лозимлигини таълим бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони аввал ҳидоят – имондан бошладилар. Кейин тақвони сўрардилар. Демак, банда имонга мушарраф бўлганидан кейин ҳақиқий мўмин бўлиши учун тақво билан сифатланиши лозим. Шундан сўнг тақвонинг асоси бўлган ҳаром нарсалардан сақланишни сўрадилар. Дуоларининг охирида эса, қаноат, таъмадан узоқда бўлиш ва қолаверса бойлик сўрадилар. Биз дуоларимизни мана шу муборак дуога мослаб олишимиз, бу дуодан андаза олиб, аввал имон ва тақво сўрашдан бошлаб, кейин дунёга хос нарсаларга ўтишимиз керак. Зеро, мўмин банда ўртача ҳолда бўлиши керак. У дини учун дунёсини, дунёси учун динини тарк қилмайди. Аммо барибир охиратни дунёдан устун қўяди. Бу нарса унинг дуосида ҳам ўз аксини топади.


 “Эй Аллоҳим, Ўзинг динимни ислоҳ қилгин! Ўзимда кенгликни пайдо қилгин ва ризқимга барака бергин!” (Имом Аҳмад Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ривоятда келтирилган дуода ҳам аввал охиратга тааллуқли нарса сўралиб, кейин дунёга тегишлисига ўтилмоқда.

Дуонинг маъноси: эй Аллоҳим, Ўзинг имонимни комил, қалбимни пок ва саломат қилгин. Амалларимни ихлос билан қилишимга тавфиқ бер. Баданим, нафсим ва хулқимда кенгликни пайдо қилгин. Ўзинг менга берган ризқни баракали қил!

Юқорида ҳадисларда ворид бўлган бойлик ва кенг ризқ сўраш дуоларининг баъзиларини келтирдик. Қуйида эса ўзга кишилардан дуо сўраш ва аҳли фазлларнинг дуосини олиш яхши экани ҳақида бир ҳадиси шарифни келтирамиз.


Умму Сулайм розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у: “Эй Расулуллоҳ, Анас сизга хизмат қилмоқда, унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида, у зот: “Эй Аллоҳим, унинг моли ва болаларини кўпайтиргин ва Ўзинг ато этган (неъматларинг)да унга барака бергин!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Умму Сулайм (Саҳла) бинти Милҳон ибн Холид ал-Ансорийя розийаллоҳу анҳо машҳур саҳобия аёллардан, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳунинг онасидир.

Онаси Анас ибн Моликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб бориб: “Эй Расулуллоҳ, мана бу Анас, энди сизнинг хизматингизда бўлади. Унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг мол-дунёси ва фарзандлари кўп бўлиши ва берилган неъматларига барака ато қилинишини сўраб, Аллоҳга дуо қилганлар.

Имом Бухорийнинг “Ал-адабул муфрад” китобида Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умму Сулайм Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: “Анас сизнинг кичик хизматчингиз, унинг ҳаққига дуо қилмайсизми?” деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, унинг моли ва болаларини кўпайтиргин, умрини узун қилгин ва у(нинг гуноҳлари)ни мағфират этгин”, деб дуо қилганлар.

Натижада Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу беҳисоб бойлик ва фарзандларга эга бўлди. Саҳобалар ичида энг кўп фарзандли киши ҳам айнан Анас ибн Молик эди. Бу ҳақида Анас розийаллоҳу анҳунинг ўзи шундай ривоят қилади: “Аллоҳга қасамки, менинг бойлигим жуда кўпдир. Болаларим эса ўзларидан кўпайиб, ҳозирги кунда юз нафарга етишган” (Имом Муслим ривояти).

Муборак дуо шарофатидан Анас розийаллоҳу анҳунинг касб-корига ҳам барака бериб қўйилганди. Абул Олия Анас ҳақида шундай дейди: “Унинг бир боғи бўлиб, у йилига икки марта ҳосил берарди. У боғда бир райҳон бор эди. Ундан мушку анбарнинг ҳиди таралиб турарди” (Термизий ишончли ровийлардан ривоят қилган).

Баъзи уламолар, ҳаққига кўп фарзанд сўраб дуо қилиш узоқ умр берилишини сўраш маъносини англатади, дейишган. Ҳақиқатан ҳам, аксарият манбаларда Анас ибн Моликнинг 107 йил умр кўргани айтиб ўтилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган дуонинг сўзсиз ижобат бўлиши, Анас розийаллоҳу анҳунинг у зот ҳузурларида қанчалик мақомга эга экани, қолаверса, шукрини адо этиб бой бўлиш камбағалликдан афзаллиги маълум бўлмоқда. Зеро, бойлик фақат ёмонлик ва фитнадангина иборат бўлганида, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розийаллоҳу анҳунинг ҳаққига мол-давлат сўраб дуо қилмаган бўлардилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Тақводор зотлардан ўзи ёки яқин кишиларининг ҳаққига дуо қилишини сўраш яхши экани.

2. Анас розийаллоҳу анҳунинг фазилат соҳиби экани.

3. Агар имон бўлса ва шукрини адо этса, бойлик ва фарзандларнинг кўп бўлиши зарарсиз экани.

4. Бойлик сўраб дуо қилиш жоиз экани.

5. Бойлик сўраб дуо қилгач, унга қўшиб барака ва хотиржамлик ҳам сўраш кераклиги.

6. Фазилат соҳиби ва тақводор зотлар хизматида бўлиш кишига мартаба ва даража келтириши.

Ушбу бобга хулоса қиладиган бўлсак, бойлик сўраб дуо қилиш банда ҳолатининг яхши томонга ўзгариши ва моддий аҳволининг яхшиланишига сабаб бўлади. Бироқ бойлик билан бирга унинг шукрини адо этиш ва бахилликдан сақланишни ҳам сўрашимиз, бойлик фитнасига учрашдан паноҳ сўрашимиз лозим бўлади.

Камбағалликдан паноҳ сўраш


 “Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).

“Фитна” сўзи луғатда “синаш, имтиҳон қилиш; азоблаш; адашиш; васваса” каби маъноларни англатади.

“Жаҳаннам фитнаси” Аллоҳ ҳаром қилган ишларни содир этиб, дўзахда азобланишдир.

“Қабр фитнаси” қабрда бўладиган турли қийинчилик ва машаққатлардир.

“Бойлик фитнаси” бойликнинг инсонни ғурур, кибр, манманлик, Аллоҳга итоатсизлик каби разил ишларга ундашидир.

“Камбағаллик фитнаси” ўта қашшоқ бир ҳолатга тушиб, одамлар наздида хору зор бўлиш, ҳаммадан бирон нарса таъма қилиб, ўз ҳурматини оёқ ости қилиш ва қўли калталик сабабли турли хил ноқулай вазиятларга тушиб қолишдир.

“Масиҳ дажжол фитнаси” қиёмат қоим бўлишидан олдин, дажжол ер юзига чиққанида, бандаларни алдаб, эътиқодлари, имонларидан қайтариши, уларни жаҳаннам сари чорлаши ва бошқа алдовларидир.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий суратда жаҳаннам азоби, қабр азоби, бойлик ва камбағаллик фитнаси, шунингдек, масиҳ дажжол фитнаси ва алдовларидан паноҳ сўраб дуо қилар эканлар.


 “Эй Аллоҳим, Сендан (берган) неъматинг завол топиши, офиятинг (нотинчликка) алмашиниши, тўсатдан келувчи азобинг ва барча ғазабингдан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Муслим, Абу Довуд ва имом Табароний “Авсат”да Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ёмонликлардан қандай паноҳ сўраш кераклигини ўргатмоқдалар.

“Неъматинг завол топишидан...” Яъни, Ислом ва имон неъмати, менга берган бошқа кўплаб неъматларинг барҳам топиши ва улардан айрилишдан паноҳ сўрайман!

“Офиятинг алмашинишидан...” Яъни, соғлигим касаллик, тинчлигим нотинчлик, бойлигим камбағалликка алмашинишидан паноҳ сўрайман!

“Тўсатдан келувчи азобингдан...” Яъни, мен ожиз банданг гуноҳлар гирдобига тушиб қолиб, Сен томондан бирдан келувчи ғазабинг ва интиқомингга гирифтор бўлишдан паноҳ сўрайман!

“Ва барча азобингдан...” Яъни, Сенинг ғазабингни қўзғайдиган ишларни содир этиб, азобингга йўлиқишдан паноҳ сўрайман!


“Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир! Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда банданинг танаси ва қалбига тегишли икки хил иллатдан паноҳ сўраш таълим берилмоқда.

“Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир!”

Эй Аллоҳим, ибодатлар ва Ўзингга итоат этишимга тўсқинлик қиладиган, касаллик ёки ўлимга сабаб бўлувчи очликдан сақлагин. Зеро, у энг ёмон ҳамроҳдир!

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бирон нарсани ният қилмаган ҳолда оч юриш банданинг савоб қозонишига кифоя қилмайди. Балки бундай очлик унинг танасини заифлаштиради, мия фаолиятининг ёмонлашуви, унда қабиҳ фикр ва хаёлларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.

“Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир”.

Хиёнат омонатнинг аксидир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Демак, хиёнат, алдов, ёлғон инсон қалбига яширинган энг ёмон иллат бўлиб, бу нарса уни жаҳаннам сари судрайди. Ҳар бир банда қалбини ақл ойнасида текшириб, хиёнатдан заррача асорат кўрса, уни бартараф қилиш, қалбида яширинган хиёнат иллатини хулқни зийнатловчи омонат сифатига алмаштиришга ҳаракат қилиши лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда туғён ва кибрга олиб бормайдиган бойлик, фаровон ҳаёт сўраши билан бирга, ибодатига халақит берадиган, имоний ва сиҳҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзини эса хорлик ва таъмагирликка олиб борадиган камбағалликдан, ўта қашшоқликдан ҳам паноҳ сўраши керак.


Ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиш


Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида шундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Маъсуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди. Ибн Маъсуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб қилди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Маъсуд. Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди”.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу вафот этиш арафасида касалликка чалинган эди. Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу унинг зиёратига келиб, ҳол-аҳвол сўрагач, Абдуллоҳга қараб: “Нимадан шикоятинг бор?” Яъни, сени нима безовта қилаяпти, нимадан хавотирдасан, деб сўради. Ибн Масъуд унга гуноҳларидан қўрқиб турганини маълум қилди. Бу эса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг ўта тақводор, имонда пешқадам кишилардан бўлганини, айни пайтда гуноҳлари туфайли Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишдан қўрқаётганини айтди. Аксарият ҳолларда бемордан нима шикоятингиз бор, деб сўралса, у ерим оғрияпти, бу ерим оғрияпти, бу нарсани егим келяпти, у нарсани егим келяпти, деб кўп нарсаларни талаб қилади. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу дунёдан охиратни афзал кўрган ҳолда гуноҳларидан шикояти борлигини маълум қилди.

Шикояти фақат гуноҳларидан эканини билган Усмон розийаллоҳу анҳу ундан: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Масъуднинг беморлигини ҳисобга олиб, унинг нима хоҳлашини, нафси нимани истаётганини сўраган эди, Абдуллоҳ: “Раббимнинг раҳматини”, деб жавоб берди. Яъни, Раббим Аллоҳнинг раҳматини, У Зот гуноҳларимни кечириб, жаннатига киритишини хоҳлайман.

Бундан маълум бўладики, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ўлими арафасида хавф ва ражо орасида бўлган – Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб, азобидан хавфда бўлган.

Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу: “Сенга табиб буюрайми?” деб сўраганида, Абдуллоҳ буни инкор қилиб, уни Аллоҳ таоло имтиҳон қилаётгани ва бунга чиройли сабр қилишини айтди.

Ҳамма таклифларини рад қилгач, Усмон розийаллоҳу анҳу Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳуга: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” Яъни, сенга совға олиб келишларини амр қилайми, деганида ҳам у: “Унга ҳожатим йўқ”, деди. Усмон ибн Аффон Абдуллоҳга, сенинг ҳожатинг бўлмаса ҳам, мен берган ҳадя ва совғалар қизларингга мулк бўлиб қолади, деганида, Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди.

Демак, ҳар кечада Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос ва тадаббур билан ўқиш кишини турли хил машаққат, хусусан қашшоқликдан сақланиши, ризқи кенгайишига сабаб бўлар экан.


 Ибн Маъсуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор камбағалликка дучор бўлмайди” (Абу Яъло ва  Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган.  Байҳақий ривоятида: “Ибн Масъуд ҳар кеча қизларини Каҳф сурасини ўқишга буюрар эди” жумласини зиёда қилган).

Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Яна Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аёлларингизга Воқеа сурасини ўргатинглар. Зеро, у бойлик (келтирувчи) сурадир” (Дайламий ривояти).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиш Аллоҳнинг изни билан банда ҳаётига фаровонлик олиб келади ва ризқи кенг бўлишига омил бўлади.


Ризқ талабида жидду жаҳд қилиш

Аллоҳ таоло айтади:

“У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир” (Мулк, 15).

Аллоҳ таоло бандалар учун Ерни бўйсундириб, уни хокисор ва сокин қилди. Қаттиқ силкиниб устидаги махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди. Ердан сув чиқариб, анҳор, дарё ва денгизларни яратди. Махлуқотлари фойдаланиши, бандалари зироат ва чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Шунингдек, Аллоҳ Ерда турли йўлларни пайдо қилди. Бас, эй инсонлар, Ернинг турли жойларида юринглар, ризқ талабида ҳаракат қилинглар! Унутмангларки, қиёмат кунида дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳнинг даргоҳига қайтасизлар.

Аллоҳ таолонинг Ерни бўйсундириб қўйганини яна қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин. У Зот Ерни тошдек қаттиқ қилиб қўймади, балки юриш осон бўлиши учун юмшоқ қилди. Бандалар ерни кавлаб, экин экишлари, бино қуришлари учун майин қилди. Агар ер тош, олтин ёки темир каби бўлганида, ёз фаслида жуда иссиқ, қишда эса ҳаддан ташқари совуқ бўлар эди. Шунингдек, Ер ўликларни ўз бағрига олиб, атроф-муҳитни мусаффо ҳолида сақлайди ва кўплаб касалликлар тарқалишининг олдини олади. Мана шу нарсаларнинг барчаси Ернинг инсон учун бўйсундириб қўйилганини англатади.

Ушбу оятда бандаларни ризқ талабида ҳаракат қилиш, ҳаёт учун, уни обод қилиш учун интилишга тарғиб қилиниб, дангасалик ва ишёқмасликдан қайтарилмоқда.

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини азалда тақдир қилиб белгилаб қўйгани кўп бора айтилди. Махлуқотлар ўша ризққа эришиш учун лозим бўлган сабабларни ишга солишлари, ризқ талабида ҳаракат қилишлари керак бўлади. Бироқ ризқ топишда ёлғиз ҳаракатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда таваккул ҳам шартдир. Ризқ топиш учун ҳаракат қилиш ва таваккулни бир-бирига мувофиқ нарса деб билиш лозим. Зеро, таваккул қалб иши. Ҳаракат эса аъзоларнинг ишидир. Ризқ топишда, аввал Аллоҳга таваккул қилинади. Яъни, ризқ Аллоҳдан эканига тўлиқ имон келтириб, У Зотнинг ёрдами ва мададига суянган ҳолда, ишларни енгил қилишини сўраб дуо қилинади. Сўнгра ризқ талаб қилишга ўтилади. Бу иккиси асло бир-бирига зид эмас. Бири иккинчисисиз мукаммал бўлмайди. Фақат таваккул қилсаю, интилиш бўлмаса, банда текинхўрга айланиб қолади. Оқибатда қашшоқлашиб, одамлар олдидаги обрўъ-эътиборидан ҳам айрилади. Аксинча, таваккул қилмасаю, фақат ҳаракат қилишнинг ўзи билан чекланса, ризқ топиш фақат ўзимга боғлиқ, ўзимни ўзим боқаман, мана шу касбим орқасидан кун кўраман, деган нотўғри фикрга борса, киши ширк иллати томон қадам ташлаган бўлади. Демак, ризқ топишда таваккул ва ҳаракатни жамлаган ҳолда иш юритиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир.


Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний, Ибн Адий,  Ҳаким Термизий ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Банда Аллоҳ таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлиши учун, авваламбор унда имон бўлиши керак. Имон барча яхшиликларнинг бошидир. Имон бўлмасаю, бошқа “фазилат”лари бўлса, фойдаси йўқ. Ушбу ҳадисда айтилаётганидек, Аллоҳ таоло ўзига ҳақиқий имон келтирган ва ризқ талабида ҳаракат қилувчи, ҳалол касб-кор билан шуғулланувчи, бировга оғирлиги тушмайдиган, ўзгаларга қарам ва боқиманда бўлиб қолмайдиган бандасини яхши кўрар экан. Бас, биз ҳам ушбу икки фазилат билан сифатланиб, Аллоҳ яхши кўрган бандалар қаторидан жой олайлик!


Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дангаса тижоратчи маҳрум, шижоатли тижоратчи эса ризқланувчидир” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Ҳадисдаги “маҳрум бўлиш” ризқдан бутунлай ажраб қолишни англатмайди. Зеро, ҳар бир банда ўз имконияти ва лаёқати даражасида иш тутади.

Банданинг ризқ талаб қилишидаги ҳолати – ҳаракатчанглиги ёки дангасалиги унинг ризқи кенг ёки тор бўлишига таъсир қилади. Ҳадисда таъкиланганидек, ишёқмас ва дангаса тижоратчи ризқнинг баракали бўлиши ва кенг ризқдан маҳрум бўлади. У лаёқатсизлиги туфайли ўзига келиши мумкин бўлган кўплаб даромадлардан қуруқ қолади. Ҳаракатчан, уддабурон ва изланувчан тижоратчи эса, аввало нияти ва қалбини соф қилиб, яхшилик касб қилиш учун ҳаракат қилади. Ишларини пухта, мукаммал ва маромига етказиб, ўз вақтида, кўпроқ манфаат берадиган пайтда амалга оширади. Ўша ишининг орқасидан кенг ризққа эга бўлади. Ҳаракатчан бандани Аллоҳ яхши кўради. Унга Ўзи хоҳлаган тарзда кенг, баракали ризқ ва фаровон ҳаёт ато қилади.

Шу нарсани эслатиб ўтиш лозимки, бу ҳадис бутун ҳаётини тирикчилик йўлида бағишлаш ёки дунёга ташна бўлишга эмас, балки ризқ талабида ҳалол йўллар билан ҳаракат қилиш, ўз ишига пишиқ бўлишга тарғиб қилмоқда. Тирикчилик ва касб-корни ташлаб қўйиб ўзгаларга ортиқча “юк” бўлишдан қайтармоқда.

Ашуро куни аҳли-оиласига кенглик қилиш


 Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки Ашуро куни оиласига кенглик қилса, Аллоҳ йил бўйи унга кенглик қилади” (Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Имом Табароний “Кабир”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Ашуро куни аҳлига кенглик қилса, йил бўйи кенглик (фаровонлик) ичида бўлади”, деб айтганлар.

“Ашуро” сўзи луғатда “муҳаррам ойининг ўнинчи куни” маъносини англатади. Мазкур кун бир неча жиҳатларга кўра фазилатли саналади. Уларнинг энг муҳими ушбу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавн ва лашкарларининг зулм ва адоватидан халос қилганидир.

Жоҳилият даврида Қурайш мушриклари Ашуро куни рўзасини тутар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кун рўзасини тутиб келганлар. Мадинага келганларида бир йил тутганларидан кейин Рамазон рўзаси фарз бўлгач, ўз умматларига ушбу кун рўзасини тутиш ихтиёрий эканини маълум қилдилар. Шу зайл Ашуро кунининг рўзаси суннат бўлиб қолган.

Амалда Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутилади. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийлар ҳам бу кунда рўза тутишлари маълум бўлди. Табиийки, у зот аҳли китобларга тескари иш қилардилар. Шу сабаб: “Келаси йил тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Аммо келаси йил келмай туриб, у зот Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилдилар. Шундай бўлса-да, у зотнинг сўзлари мусулмонлар учун қонун бўлиб қолган.

Саҳиҳ ҳадисларда Ашуро кунининг рўзаси ўзидан аввалги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган. Бу ҳам ушбу куннинг нечоғли фазилатли эканига далолат қилади.

Биз ўрганаётган ривоятда айтилишича, Ашуро куни аҳли-аёли ва қўл остидагиларга ейиш, ичиш, кийим-кечак ва шу каби нарсаларда кенглик қилиш йил бўйи банданинг кенглик ва фаровонликка эришишига сабаб бўлар экан. Бундан келиб чиқадики, мўмин-мусулмонлар Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишлари, ўнинчи куни оила бошлиғи ота-она ва фарзандларига ёки бирон жамоатнинг раҳбари, масъул кишилар қўл остидагиларга сахийлик кўрсатишлар яхшидир. Бу нарса мўминлар ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши, меҳр-муҳаббат ришталари боғланиши ва яхшилик қилаётган кишининг ризқи ва касб-корига барака киришига омил бўлиб хизмат қилади.


Таомдан олдин ва кейин қўлни ювиш


Мусо ибн Жаъфар  отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Ҳадисдаги “кичик гуноҳлар” деб ифодалаган бирикма арабий матнда “ламам” деб келтирилган. Бу сўзнинг бундан ташқари “телбалик, мажнунлик” маънолари ҳам бор. “Ламам” сўзидан кейин “кўзни тузатади” дейилишига қараганда, у “мажнунликнинг олдини олиб, кўзни равшан қилади” маъносини ҳам англатиши эҳтимолдан холи эмас. Лекин поклик, таҳорат гуноҳларга каффорат бўлиши ҳақидаги ворид бўлган ҳадислардан қиёс қилиниб, биз бу ерда “ламам”ни “кичик гуноҳлар” деб таржима қилдик. Балки бу ерда “ламам” сўзи орқали иккала маъно ҳам ирода қилингандир.

Ислом дини поклик асосига қурилган. Ҳам маънан, ҳам моддий тарафдан пок бўлиш банда имонининг комиллигидандир. Бундай бандаларга Аллоҳ ризқ ва насибани кенг қилиб қўяди. Жумладан, таом ейишдан аввал икки қўлни яхшилаб ювиш, покликка амал қилиш фақирликнинг давосидир. Кимки шу нарсага доимо амал қилиб юрса, камбағалликдан саломат бўлади. Бу эса, унинг ризқи кенг, ҳаёти фаровон ва файзли бўлади деганидир. Бундан ташқари, таомдан кейин қўлни ювиш кичик гуноҳларга каффорат бўлади (ёки кишини руҳий хасталикка чалинишдан асрайди) ва кўзни равшан қилади. Чунки таом истеъмолидан сўнг қўлга ёғ, шира ва шунга ўхшаш нарсалар илашади. Уни ювиб ташлаш эса соғлиққа ва яна кўплаб манфаатларга сабаб бўлади.


Салмон розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин қўлни ювишда эканини ўқидим ва буни Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдим, у зот: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Таомнинг баракаси ҳам моддий, ҳам маънавий омилларга боғлиқдир. Масалан, таомдан олдин қўлларни ювиш моддий сабаб бўлса, “бисмиллоҳ”ни айтиб таом ейиш маънавий сабабдир.

Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин, яъни овқат истеъмол қилишдан олдин қўлларни ювишдадир, деб ўқиган экан. Вақти келиб буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтганида, у зот Исломнинг энг мукаммал дин ва барча шариатларни тўлдирувчи шариат эканини исботловчи жавобни бердилар.

Демак, таом ейишдан олдин ва кейин покликка риоя қилиб, икки қўлни ювиш, энг аввало соғлиққа, қолаверса, хайр-барака ва кўплаб яхшиликларга сабаб экан.

Шу ўринда ҳаммамиз учун муҳим бўлган бир жиҳатни эслатиб ўтишимиз керак. Юқорида Аллоҳ таолога тақво қилиш, намоз ўқиш ва шу каби солиҳ амаллар банда ризқининг баракали бўлишига сабаб экани айтиб ўтилди. Бу ўша амалларнинг дунёдаги манфаатидир. Аммо мўмин банда фақат мана шу нарсаларга эришаман, деб эмас, балки Аллоҳ розилиги, У Зот амр қилгани учун амалларни адо қилади. Агар кимки бойликка эришаман, ишларим юришсин, деган ниятдагина намозларини қолдирмай, вақтида ўқиб юрса, ваъда қилинган нарсага эришиши мумкин, бироқ савобдан айрилиб қолиш хавфи бор. Шу сабаб ҳар қандай солиҳ амални фақат ва фақат Аллоҳ розилигини истаб адо қиладиган бўлсак, дунёда ҳалол-пок ризқ ва осуда-фаровон ҳаётга эришамиз ҳамда охиратда жаннатни қўлга киритамиз!


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Деярли инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари йўлдан чиққан эди. давоми...

6767 05:00 / 17.02.2017
Хайриянинг исломий андозаси узоқ ва бой тарихий меросга эга бўлиб, бошқа маданиятларда ҳам шунга ўхшаш андозаларнинг барпо этилишига таъсир ўтказган. Хайрияни давоми...

5156 16:40 / 21.09.2017
Аллоҳ таоло айтади Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун давоми...

3389 05:00 / 17.02.2017
Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига қараб эмас, ўзининг билимига ва имконига қараб иш тутиши лозим. .Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топган эмиш, давоми...

3882 05:00 / 17.02.2017