1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Савдо китоби

05:00 / 17.02.2017 18241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз савдо, деб таржима қилган сўз арабчада «Байъ» дейилиб, луғатда, ўзаро бир нарсани алмаштиришни англатади. Шариатда эса, бир молни иккинчи бир мол муқобилига ийжоб ва қабул ила олишга «байъ» деб айтилади.

Бу мавзуга оид масалаларда шариатда ҳалол бўлган савдо ва ҳаром бўлган рибо ҳамда уларга ўхшаш турли молиявий муомалалар баёни келади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳга, зуҳд ҳақида бир нарса таълиф қилсангиз, дейилганда, мен «китобул байъ»ни ёзиб қўйдим, деганлар. Яъни, ҳалол ва ҳаромнинг нима эканини баён қилиб қўйдим. Зуҳд ҳаромдан четда бўлиш ва ҳалолга рағбат қилишдан бошқа нарса эмас, дегани. Савдонинг ҳукми Қуръони Каримда баён этилгандир. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди», деган (275 - оят). Суннатда савдо тўғрисида кўплаб ривоятлар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари аввал тожирлик билан машғул бўлганлар.

Абу Саъиддан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Мусулмон уммати қадимдан савдо сотиқнинг жоизлигига иттифоқ қилиб келганлар. Чунки бу нарсага доимий равишда инсонларнинг ҳожати тушиб туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳий қилган ва ўша наҳий қилинганга ўхшаган савдодан бошқа барча савдолар мубоҳдир.
Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, ўртадаги муомалага сабаб нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:
1. Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мавжуд бўлиши керак. 
Йўқ нарсани муомолага қўйиб бўлмайди. Мисол учун, етилмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки, у ҳали униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми маълум эмас.
Шунга ўхшаш, онасининг қорнидаги ҳайвонни, елиндаги сутни ҳам сотиб бўлмайди.
2. Муомалага қўйилган нарса муомалага қўювчининг шаръий ҳаққи бўлиши керак. Яъни, муомалага қўювчига мулк бўлиши ва сақлаш ва манфаатланиши мумкин нарса бўлиши керак. 
Бир киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.
Шунингдек, шариат бўйича сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқага ўхшаш нарсаларни муомалага қўя олмайдилар.
3. Муомалага қўйилган нарсани келишув вақтида топширилиши имкони бўлиши керак. 
Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни ёки сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар қўйилса муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди.
4. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак. 
Яъни, икки томон ҳам муомалага қуйилаётган нарсани яхши билиши, кўрган бўлиши, зарур маълумотларга эга бўлиши керак. Агар ундоқ бўлмаса муомала жорий бўлмайди. Чунки, бундоқ ҳолларда кейин уруш-жанжал чиқиши осон бўлиб қолади.
5. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак. 
Яъни, шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши керак. ¤лимтик, қон, ахлат каби шариат ҳаром қилган нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундоқ бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.
Савдо сотиқнинг одоблари кўп бўлиб улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Муомалада ростгўй бўлиш.
Бунга савдо молини ҳақиқий сифати ила сифатлаш, унинг нави, жинси ва тайёрлаган тарафи ва сарф-харажати ҳақидаги ахборотда ёлғон ишлатмаслик.
Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб:
«Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. Шунда у зот:
«Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».Термизий ривоят қилган.

2. Муоамалада саховатли бўлмоқ.
Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилади. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса саховатли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

3. Қасам ичишдан четда бўлиш.
Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

4. Садақани кўп қилиш.
Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларни ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим.
Қайс ибн Fазара розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, даллол, деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар:
«Эй, тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

5. Молиявий муомалаларни ва қарзни ёзиб бориш ва гувоҳ келтириш.
Тожир одам савдо шартномасини ва қарзни ёзиши лозим. Бировга насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиши мандубдир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир», деган (282 оят).

6. Фойда олишда ҳаддан ошмаслик.
Албатта, тожир ўз ишидан фойда кўриши лозим. Лекин устама нарх қўйишда ҳаддан ошмагани маъқул. Моликий мазҳаб уламолари фойданинг кўпи мол таннархининг учдан бирига тенг бўлиши керак деганлар. Чунки мерос ва васият бобларида молнинг учдан бирига рухсат берилган.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни ўрганишга киришайлик.

Байъ ўзаро розилик ила бир молни иккинчи молга алмаштиришдир. 
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг мол ларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
Савдонинг шариатга киритилиши Қуръони Каримда баён этилгандир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди», деган. (275-оят)
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Суннатда савдо тўғрисида кўплаб ривоятлар келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари аввал тожирлик билан машғул бўлганлар.
Савдонинг жоизлигига Ислом умматининг ижмоъи доимо собит бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларида одамлар савдо –сотиқ қилишар эди. Ислом уларнинг бу ишларини тасдиқлади ва унга ўз қоидаларини киритди.
Катта саҳобалардан ҳазрати Абу Бакр ипак, ҳазрати Усмон ипак ва хурмо, ҳазрати Умар озиқ – овқат, ҳазрати Аббос атр савдоси билан шуғулланганлар. Баъзи уламолар тижорат ироатдан ҳам олдин турадиган афзал касбдир, деганлар.

У ўтган замон феълидаги ийжоб ва қабул ила ҳамда барча нарсаларда олди – берди ила юзага келади.
Яъни, савдо тўла равишда собит бўлиши учун сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида ийжоб ва қабул ёки савдо моли ва унинг нархини бир – бирларига бериш амалга ошиши лозим.
Ийжоб – савдо қилаётган икки тарафдан бирининг савдо ҳақида аввал айтган гапидир. Мисол учун, сотувчиниг мана шу нарсани сенга бир сўмга сотдим дейиши. Бу билан у сотиш ниятини исбот қилди.
Қабул – икки тарафдан бирининг савдо ҳақида кейин айтган гапи ёки унинг ўрнига ўтадиган ишидир. Мисол учун, сотувчининг юқорида айтилган гапидан кейин харидорнинг сотиб олдим дейиши ёки пулни бериб молни олиши.
Савдо пайтида айтилган ийжоб қабул сўзлари сотдим, олдим каби ўтган замонда бўлиши шарт.
Шунингдек, байъ гапсиз фақат савдо ёки мулк қилиб бериш маъносидаги олди – берди билан ҳам собит бўлади. Мисол учун, биров маълум молни маълум нархга сотаётган бўлса харидор ўша нархни индамай бериб молни олиб кетаверса савдо собит бўлади.
Бунда «барча нарсалар» қиммати ҳам, арзони ҳам бари бир. Чунки савдодаги асосий шарт икки тарафнинг розилигидир.
Қабул қилиш ихтиёри савдо мажлисида бўлади.

Икки тарафдан бири ийжоб қилса сотилаётган нарсанинг ҳаммасини барча баҳоси ила иккинчи тараф қабул қилади ёки қилмайди. 
Савдо қилмоқчи бўлган икки тараф – сотувчи ва хардордан бири, айтайлик, сотувчи байъни ийжоб қилса, яъни, бир тўп молни маълум баҳога сотишини айтса ва харидор тараф унинг ҳаммасини ўша баҳога олишни қабул қилса байъ собит бўлади, қабул қилмаса собит бўлмайди.

Илло агар ҳар бир донасининг баҳосини алоҳида айтган бўлса бундан мустасно.
Мисол учун, сотувчи ушбу тўпдаги нарсалар улгуржи баҳоси бунча, ҳар бирининг баҳоси бунча деган бўлса, харидор мана бунисини олдим деб айтса ҳаммаси эмас ўша кўрсатган нарсасининг савдоси собит бўлади.

Иккинчи тараф қабул қилмасдан аввал ийжоб қилган тараф гапидан қайтса ёки икковларидан бири ўрнидан туриб кетса ийжоб ботил бўлади.
Мисол учун, сотувчи ушбу нарсани фалон сўмга олсанг сотаман деди. Харидор ўйланиб турганда, гапимдан қайтдим, энди сотмайман деди ёки савдо бўлиб турган жойдан туриб бошқа тарафга кетди ёхуд суҳбатни савдодан бошқа мавзуга буриб юборди. Бу каби ҳолатларда ийжоб бузилади ва мазкур ишлардан кейин харидор сотиб олишини айтса ҳам савдо собит бўлмайди.

Қачон ийжоб ва қабул мавжуд бўлса байъ лозим бўлади.
Савдодаги икки тарафнинг ҳам ихтиёрига фурсат қолмайди. Чунки савдонинг рукни ва шарти тўлиқ юзага келди. Ийжоб ва қабул содир бўлди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таом сотиб олса, то уни тўлиқ олмагунча сотмасин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифдан қўлида тўлиқ турмаган нарсани сотиб бўлмаслик ҳақидаги сўз борган. Бир нарсанинг савдоси битгандан кейин сотувчи уни олувчига тақдим этиб топшира олиш керак. Тўлиқ равишда қўлида турган нарсани мажлисда бўлса ҳам, бошқа ерда бўлса ҳам сотса бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар». Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда, менинг уч кунгача ихтиёр ҳақим бор, дегин, дейилган.
Шундан ийжоб ва қабул билан савдо лозим бўлиши ва икки тарафдан бирига савдони бузиш ихтиёри берилса иккинчи тарафнинг ҳақи ботил бўлиши тушунилади.
Қисқача қилиб айтиладиган бўлса, ҳанафий мазҳабида савдода бир тарафдан ийжоб собит бўлганидан иккинчи тарафга қабул қилиш ихтиёри берилади. У дарҳол қабул қилса, байъ лозим бўлади. Иккинчи тарафга мажлис тамом бўлгунча ихтиёр қилиш ҳақи берилмаган.
Агар ийжобдан кейин орага савдодан бошқа масалага ўтиш содир бўлса ихтиёр ҳақи қолмайди.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотувчи ва олувчи, модомики айрилиб кетмасалар ихтиёрлари ўзлари биландир. Агар улар рост гапириб, очиқ-ойдин баён қилсалар, икковларига ҳам савдоларида барака бўлади. Агар ёлғон гапирсалар ва беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади», дедилар».

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳар бир сотувчи ва харидор орасида токи улар ажрашмагунларича савдо (ҳукми) лозим бўлмас. Магар ихтиёр савдоси мустасно, дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадислардаги ихтиёр ҳақи ҳам ҳанафий мазҳаби бўйича қабул қилиш ихтиёридир, мажлис тамом бўлгунча чўзиладиган ихтиёр эмас.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:«Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг!» деган (1-оят).
Ийжоб ва қабул собит бўлгандан кейин савдо аҳдномаси охирига етган бўлади. Бу ҳолдан кейин айниган одам аҳдномага вафо қилмаган бўлади. Мўмин кишига бу ишни қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
¤заро розилик ила ийжоб ва қабул орқали бажарилган тижоратдан кейин айниш ушбу ояти каримага хилоф бўлади.
Шунинг учун ийжоб ва қабулдан кейин фақат савдо молидаги айб, уни кўрмаганлик ёки шарт вужудга келмагани учунгина байъни бузиш мумкин. Бошқа ҳолатларда байъ лозим бўлади.
Савдо моли ва баҳони аниқ билиш лозим.

Сотилаётган нарсани ишора билан билинади. Миқдорини ёки сифатини зикр қилиш билан эмас.
Албатта, савдоси бўлаётган молни очиқ – ойдин ҳеч бир ноаниқлик қолмасдан билиниши шарт. Шу билан келгусида бўлиши мумкин низонинг олди олинади. Агар мол мавжуд бўлса уни кўрилади ва текширилади.
Агар савдо моли мажлисда йўқ бўлса ва уни намуна орқали таниш имкони бўлса, намунаси ўрганилади. Мисол учун мисол учун буғдой, асал, ёнғоқ ёки бодом кабилар. Агар савдо моли намунага ўхшаш чиқмаса, харидорнинг айбга биноан ихтиёр қилиш ҳақи бўлади.
Агар савдо моли ҳайвонга ўхшаш намунасидан билиб бўлмайдиган нарса бўлса, унинг ҳамма сифатлари батафсил зикр қилиниши шарт. Харидор молни кўрганда айтилган сифатлардан камчилик чиқса унга айбга биноан ихтиёр қилиш ҳақи берилади.

Илло салам савдоси бундан мустасно. 
«Салам»да олувчи сотувчига: «Мен сенга бу дийнорни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.
Шунинг учун бу савдода ўзини ёки намунасини кўриш имкони бўлмаганидан сотилаётган нарсанинг миқдори ва сифатлари батафсил баён қилиниши лозим.

Баҳони иккисидан бири – ишора ёки миқдор ва сифатини зикр қилиш ила билинади.
Демак, тўланадиган баҳо, унинг миқдори ва сифати ҳам аниқ билиниши лозим. Нақд пул биланми, ўтказиш йўли биланми, қайси пул бирлиги билан ва ҳоказолар батафсил келишиб олинмоғи лозим.

Байъ баҳони ўрнида тўлаш ёки маълум вақтдан кейин тўлаш билан тўғри бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга қўйдилар».Икки Шайх ва Насаий ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар мевани бир йил, икки йилга «салаф» савдо қилар эдилар. Бас, у зот:
«Ким хурмони (бошқа ривоятда, бир нарсани) салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан маълум муддатга салаф қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Чамалаш ила бўлса зарари йўқ. Илло бир жинсдаги нарсани ўз жинсидагига бўлса бундан мустасно.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тиллога тилло, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига ўхшаш, тенгма тенг, қўлма қўл. Қачон ушбу аснофлар ихтилофли бўлса, агар қўлма қўл бўлса, қандоқ хоҳласангиз сотаверинглар», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Чамалаб сотиш сотилган нарсани харидорга топширишни ман қилмайди. Шунинг учун бу хилдаги савдо зарарсиздир.

Баҳони умумий тарзда айтилганда ривож топган турга бурилади.
Мисол учун асосий пул бирлиги сўм ва яна бошқа пул ҳам муомалада бўлган юртда молнинг баҳоси минг дейилса, ўша мингдан ғолиб пул бирлиги, сўм кўзда тутилгани эътиборга олинади.

Агар пулларнинг ривожи баробар бўлса ва уларнинг қуввати турлича бўлса, байъ фосид бўлади. 
Бир юртда турли пул бирликлари баробар равишда муомалада бўлса ва уларнинг қуввати бир хил бўлса молнинг баҳоси минг дейилса, хоҳлаган пул бирлиги билан тўлса бўлаверади. Аммо пулларнинг қуввати турлича бўлса, ўртада низо чиқиши юзасидан мазкур байъ бекор қилинади. Чунки минг деганда қайси пулдан минг экани билинмай қолган бўлади.

Доналаб сотиладиган нарсани ҳар донаси бунча деб сотса ва уларнинг орасида тафовут бўлмаса бир донасининг савдоси тўғри бўлади. 
Юқоридаги гап Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга оиддир.
Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар мазкур ҳолатда савдо молининг ҳаммасининг савдоси тўғри бўлади деганлар ва фатво шу қавлга берилган.
Биров доналаб сотиладиган нарсадан бир тўпини донасининг баҳоси бунча деб сотиб ўтирган бўлса, харидор ундан хоҳлаган миқдорини ўша баҳода олаверса бўлади.

Ундоқ бўлмаса асло тўғри бўлмайди.
Яъни, доналаб сотиладиган нарсанинг доналари бир бирига нисбатан тавофутли – катта кичик ёки бошқача бўлса якка доналарни олиш ҳам, ҳаммасини олиш ҳам тўғри бўлмайди.

Агар бир тўп нарсани юз соъ юз танга деб сотса ва кам чиқса, харидор хоҳласа ҳиссага қараб олади, хоҳласа савдони бузади. Агар кўп чиқса сотувчига бўлади.
Бир киши бир тўп тортиб сотиладиган нарсани мана шу юз соъ баҳоси юз танга деса ва харидор олишга рози бўлиб уни тортиб кўрганда кам чиқса ҳиссага қараб пул беришга ёки олмай кетишга ҳақли. Агар сотилаётган нарса юз соъдан кўп чиқса ортиғи сотувчига қолади.

Зироъ билан ўлчанадиган нарсада камни харидор келишилган баҳонинг ҳаммасига олади ёки тарк қилади. Кўпи эса унга қолади. 
Авваллари узунлик бирлиги ҳозирда метрда бўлгани каби зироъ билан бўлган. Сотувчи бир тўп газмолни бу ўн зироъ чамаси, баҳоси ўн дирҳам деса ва харидор рози бўлиб ўлчаб кўрганда кам чиқса хоҳласа ўн дирҳамга олади, хоҳламаса ташлаб кетади. Агар газмол ўн зироъдан кўп чиқса харидорга қолади. Чунки бундай нарсаларда зироъ сифатга айланади ва баҳо тақсимланмайди.

Агар ҳар зироъи бир дирҳам деган бўлса икки ҳолатда ҳам ҳиссасига биноан бўлади.
Яъни, кўп чиса ҳам, оз чиса ҳам ўлчовга қараб пул тўлайди.

Буғдойни сунбулида, полиз экинлари ва унга ўхшаш нарсаларни устки пўстлоғи билан сотса бўлади.
Донли ва полиз экинлари ҳамда шоли, нўхот, ёнғоқ, бодом, писта каби иккита пўстлоғи бор нарсаларни устки пўстлоғи билан сотса жоиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмони пишгунча, сунбулни оқаргунча ва офатдан эмин бўлгунча савдо қилишдан наҳий қилдилар; сотувчини ҳам олувчини ҳам наҳий қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «Узумни қорайгунча, донни қотгунча савдо қилишдан наҳий қилдилар», дейилган. Ушбу тўртовини Бешовлари ривоят қилишган.

Кўзга кўринмаган ёки кўриниб қолган мевани сотиш ҳам дуруст. Бунда уни узиб олиш вожиб бўлади. 
Чунки фойдаси кўзга кўринмаган мевадан ҳам манфаат олса бўлади.

Агар мевани дарахтда қолдириш шарт қилинса байъ бузилади. 
Чунки бу шарт нотўғри. Унда бировнинг мулкини машғул қилиш бор.

Шунингдек, маълум миқдорни истисно қилиш ҳам байъни бузади.
Яъни, дарахатда турган мевани сотиш жараёнида ундан бир қисмини истисно қилинса савдо жоиз бўлмайди. Чунки истиснодан кейин қанча қолишини аниқ билиб бўлмайди.

ИХТИЁР ШАРТИ

Бунда савдо жараёнида савдолашувчи тарафлар бир муддатдан кейин ҳам савдони қабул қилиш ёки тарк этиши ихтиёри ўзида қолишини шарт қилиб қўяди.

Икки тарафдан бирига ёки иккисига уч кунгача ёки ундан камга ихтиёр шарти тўғри бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот:
«Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар».
Учовлари ва Насаий ривоят қилган.
Ушбу ривоятда зикри келаётган саҳобий розияллоҳу анҳунинг исмлари Ҳиббон ибн Мунқи бўлиб, у кишининг бошлари ёрилиб, бир оз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган эди. Тутилиб гапирар ва олди-сотдида алданиб қолар эдилар. ¤зларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-соттидан олдин савдолашаётган одамга, алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилдилар ва уч кунгача ихтиёр ҳақини бердилар. Яъни, Ислом динида савдо-сотиқда бир-бирини алдаш йўқлигини эслатиб қўйишни ўргатдилар. Шояд шунда бошқа томон ўзига алдашни эп кўрмаса. Бундан савдо-сотиқда, молиявий муаммоларда бир-бирини алдаш ҳаром экани кўриниб турибди.

Ундан кўпга мумкин эмас. Илло уч кун ичида йўлга қўйса жоиз бўлади.
Ихтиёр шартини уч кундан кўпга қўйиш мумкин эмас. Аммо уч кундан ортиқни ихтиёр шарти қилиб қўйган бўлса ҳам уч кун ичида ихтиёр қилса жоиз. Уч кундан ўтиб кетса бўлмайди.

Шунингдек, харидор уч кунгача ёки кўпроқда баҳосини бермаса, байъ бўлмаслигини шарт қилса бўлади.
Бунда ихтиёр шартини сотиб олинган нарсанинг пулини беришга боғлб қўйган бўлади. Агар пулини берса байъ собит бўлади, бермаса бўлмайди. Фақат бу иш уч кун ичида бўлиши керак.
Имом Муҳаммад уч кундан кўп бўлса ҳам жоиз деганлар.

Сотилган нарса сотувчи ихтиёрни шарт қилган бўлса унинг мулкидан чиқмайди.
Чунки сотувчи ҳал қилувчи ихтиёрни қилмагунча сотишга рози бўлмаган бўлади. Унинг розилигисиз эса савдо ўтмайди.

Савдо моли харидор қўлида ҳалок бўлса, худди баҳолашиб сотиб олган нарсага ўхшаш бўлиб, қийматини тўлайди.
Ихтиёр қилиш даврида сотилаётган нарса харидор қўлида туриб талофатга учраса харажат унинг зиммасига тушади. Бунда худди сотиб олган нарса харидорнинг қўлида ҳалок бўлганданги каби қоидага амал қилинади. Қийматини тўлайди деганда мазкур нарсанинг баҳоси қанча турса ўшани ортиқ камсиз тўлаш англанади.

Агар ихтиёр харидор тарафда бўлса сотилган нарса сотувчининг мулкидан чиқади ва унинг қўлида талофатга учраса худди айбга учрагандаги каби баҳолашиб тўлайди. 
Яъни, молнинг аниқ қиймати тўлаши шарт эмас.
Бунда молнинг харидорнинг айби билан талофатга учрадими, бошқа шахснингми ёки табиий офатга учрадими фарқи йўқ.

Аммо у харидорнинг мулкига кирмайди. Бас, қариндошини қулликдан озод қилиш ва шунга ўхшашдаги каби мулк ҳукмлари собит бўлмайди.
Бир киши қул бўлиб турган қариндошини сотиб олса оддий ҳолатда қариндош қул ўз ўзидан озод бўлиб кетади. Уни сотиб олган қариндоши озод қилиши шарт эмас. Аммо қариндош уни сотиб олсаю ва ихтиёр шартини қўйса мазкур қул ўша ихтиёр муддатида озод бўлмай туради. Чунки у ҳали қариндошининг мулкига киргани йўқ.
«Шунга ўхшаш»да эса бир киши агар қулга молик бўлсам, у ҳурдир, деб қўйган бўлади. у қул сотиб олиб ихтиёр шартини қўйса, ихтиёр муддатида қул озод бўлмай туради. Чунки у ҳали сотиб олувчининг мулкига кирмай туради. Худди шунга ўхшаб харидор ихтиёр шартини қўйганда савдо моли ҳалокатга ёки айбга учраса уни баҳолашиб тўлаб беради ва ихтиёр мудддати ўтмагунча мол унинг мулкига кирмай туради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қарз, луғатда .қирқиш, деган маънони билдиради. Чунки қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб, қарзга беради.Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг давоми...

8439 17:25 / 20.09.2017
Эҳтикорнинг маъноси халқнинг ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларни сотиб олиб, ўз вақтида сотмай, сақлаб қўйиб, қимматбаҳога сотишдир. Эҳтикорни дин нуқтаи давоми...

5056 05:00 / 17.02.2017
Саноатчидан нарса ясашни талаб қилиб, уни сотиб олишга истисноъ дейилади. Саноатчидан талаб қилинган нарса аслида тайёр бўлмайди. Истисноъ муайян харидор учун давоми...

3226 05:00 / 17.02.2017
ШИРКАТ ВА МУЗОРАБАБисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Расулига салоту саломлар бўлсинСўнгМусулмон инсон Аллоҳ таолонинг буюрган ибодатларини вақтида давоми...

3761 05:00 / 17.02.2017