1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Шерикчиликлар

05:00 / 17.02.2017 7887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ширкат

Мубоҳ шерикчилик, мулк шерикчилиги, шартнома шерикчилиги:

Мубоҳ шерикчилик деб кишиларнинг сув, ўт-ўлан ва оловдаги умумий шерикчиликларига айтилади. Барча инсонлар фойдаланиши мумкин бўлган сувга анҳор, дарё, денгиз, булоқлар ва қудуқлар каби ҳеч кимга мулк бўлмаган сувлар киради. Ўт-ўландаги шерикликдан мурод ҳам ҳеч ким эгалик қилмайдиган умумий ерлардаги ўтин, ўт-ўлан кабилардир. Кишиларнинг оловдаги шерикчиига оммавий ўрмонлардаги дарахтлар киради. Буларга қўшимча мубоҳ шерикчиликка ер ости бойликлари, йўллар, масжидлар каби оммавий мулклар ҳам дохилдир. 

Мулк ёки ижтимоий шерикчилик деб икки ёки ундан ортиқ кишининг эгалик сабабидан бири билан айнан бир нарсага ёки қарзга  эгалик қилишига айтилади. Олди-сотди, ҳадя қилиш, васият қилиш ва мерос кабилар шулар жумласидандир. Ушбу шерикчилик молларнинг қанчаси кимга тегишли эканини ажратиш қийин бўлган муомаладан иборатдир. 

Шартнома шерикчилиги деб икки ёки ундан ортиқ кишининг сармояда ёки фойдада шерик бўлишига айтилади. Баъзи уламолар ўтин, ўт-ўлан ва ов каби оммавий мубоҳларни ҳосил қилишликдаги шерикчиликка ижозат беришган ва бошқа уламолар эса уни ман қилишган. 

Мажбурий ширкат ва ихтиёрий ширкат:

Мажбурий ширкат деб икки ёки ундан кўп шахснинг бир нарсада ёки қарзда ва ёки манфаатда ўзи хоҳламаган суратда шерик бўлиб қолишига айтилади. Мисол учун меросда шундай бўлади. Ёки Зайднинг буғдойи Амрнинг буғдойига аралашиб кетганда ҳам мажбурий шериклик бўлади. 

Ихтиёрий шерикчилик икки ёки ундан кўп шахснинг нарсада ёки қарзда ва ёки манфаатда ихтиёрий шерик бўлишига айтилади. Мисол учун, молларни ўз ихтиёри билан аралаштириш ёки нарсани шерикчиликда сотиш ва ёки маркабни шериклик суратида ижара қилиш кабилар ихтиёрий шерикчилик жумласига киради. 

Музокарали шерикчилик ва эркин шерикчилик:

Музокарали шерикчиликда шериклар мол, уни тасарруф қилиш, фойда ва зиённи тенг кўтарадилар. 

Эркин шерикчиликда эса бу нарсалар тенг бўлмайди. 

Моллар шерикчилиги, амаллар шерикчилиги, кўриниш шерикчилиги:

Моллар шерикчилигида икки ёки ундан ортиқ киши сармоя, фойда ва зиёнга шерик бўлишади. Баъзи мазҳабларда фойда мол миқдорига қараб тақсим қилинади. Бошқа мазҳаблар эса, фойдани шерикларнинг амалдаги тафовутига қараб, келишилган асосда тақсим қилишни айтади. Шериклар фойдани ярим, учдан бир ёки тўртдан бир каби фоиз ҳисобида белгилашлари вожибдир. Шериклардан бирортаси фойдани муайян миқдорда белгилаб олиши жоиз эмас. Чунки, бундай ҳолатда баъзан белгиланган муайян фойда умумий фойдани ташкил этиб ва қолган шерикларга улуш етмай қолиши мумкин. Натижада, шериклар ўртасидаги асос бўлган адолатга халал етади. Фойданинг икки мингидан бирини олишни шарт қилиш, икки кийимдан бирини олмоқни шарт қилиш, икки сафарнинг биридан тушган фойдани олишни шарт қилиш, икки маконнинг биридан ёки икки замоннинг биридан тушган фойдани олишни шарт қилиш кабилар жоиз бўлмайди. Зарар ҳам мол миқдорига қараб тақсимланади. Бошқа турли нисбатлар билан зарарни тақсим қилиш тўғри бўлмайди. Ушбу тақсимотнинг умумий хулосаси қуйидлаги қоидада ўз аксини топган:

“Фойда келишувга кўра, зиён сармояга кўра тақсим қилинади.

Амаллар, шахслар, ҳунарлар ёки ғоялар шерикчии:

Бунда амалларнинг ғояси асосига кўра ширкат тузилади. Ҳар кимнинг имкониятига қараб келишув асосида шериклар ўртасида касб (ойлик, фойда) тақсим қилинади. Табиблар, муҳандислар ва тикувчилар шерикчилиги бунга мисол бўла олади. Баъзи уламолар макон ва ҳунарнинг турли хил бўлиши билан бирга бу шерикчиликка ижозат берганлар. 

Вужуҳ (амал), зимма (мол) ёки касодга учраш шерикчилиги:

Бунда икки ёки ундан ортиқ шахс сармоясиз насияга олиб, нақд ҳамда насияга сотиш асосида шерик бўлади. Фойда муштарий молининг мулки асосида тақсим қилинади. (Яъни унинг зомин бўлиши асосида). Ёки келишув асосида ҳам тақсим қилиш мумкин. Фойдага амал, мол ёки зоминлик сабабли мустаҳиқ бўлинади. Амал фойдага асосий сабаблардан бири бўлгани учун унга ҳақли бўлади. Молнинг ўсиши фойда бўлганидан мол ҳам унга ҳақлидир. Зоминлик ҳам фойдага ҳақли бўлади. Чунки мулкка эгалик қилган киши унга зоминликни ҳам зиммасига олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Талофатда тўлашни зиммасига олган киши, фойдани ҳам олади”, деганлар. (Имом Аҳмад. Муснад. 6/80, Абу Довуд. Сунан. 3/284, Ибн Можа 2/754, Термизий 3/573, Насоий 7/254).

    Зиён ҳар бир шерикнинг муштарак молдаги ҳиссаси асосида бўлинади. Бошқа ҳар қандай нисбат билан зийнни тақсим қилиш жоиз эмас. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зомин бўлмайдиган нарса учун фойда олишдан қайтарганлар. (Имом Аҳмад. Муснад. 3/175, Абу Довуд. Сунан. 3/283, Ибн Можа 2/738, Термизий 3/527, Насоий 7/295). 


Музораба


    Музораба, қороз ва муқороза битта маънода ишлатилади. Ироқ аҳли луғатида музораба дейилса, Ҳижозликлар луғатида эса қороз ёки музораба дейилади. Истилоҳда булар салам ёки салафга ўхшаш турли хил бўлади. 

    Музораба деб мол бир тарафдан, амал бошқа тарафдан бўлиб, фойдага шерикчилик қилишга айтилади. Фуқаҳолар музорабанинг жоизлигига Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг музораба қилганларини далил қилиб келтиришади. 

“У киши агар молларини музорабага берсалар шерикларига денгиздан юрмасликни, водийга тушмасликни ва ҳўл нарса сотиб олмасликни шарт қилиб қўяр эдилар. Агарда буларнинг бирортасини қилса зомин бўлишини айтардилар”. (Имом Байҳақий. Сунан. 6/111).

    Саҳобалар ҳам етимлар молини музорабага бериб қўйишарди. Кишилар ичида савдогарликка малакали инсонларнинг моллари бўлмаси мумкин, баъзи инсонларнинг моллари бўлиб, улар тижоратни эплай олмасликлари мумкин. Музорабанинг ҳикматларидан бири шу икки тарафнинг ҳожатини раво қилиш ва молнинг ўсишини таъминлашдан иборатдир. 

Музораба икки турли бўлади: 

Мутлақ ёки умумий музораба. Бунда амал, макон, замон ёки шахс таъйин қилинмайди;

Муқайяд ёки хос музораба. Бунда юқоридаги нарсалар таъйин қилинади.

Фуқаҳолар музораба учун тикиладиган сармояни маълум ва нақд бўлишини шарт қилишган. Бунда қарз ёки савдо молини сармоя қилиш жоиз эмас. Чунки, музораба ёки шерикчилик нақд маблағ билан бошланиб, шу билан ниҳоясига етади. Бунда ҳар икки тараф ўзининг фойда ёки зиёнинни ва ҳиссасини аниқ билади. 

Музорабада ҳам шерикчилик бобида баён қилганимиздек фойда маълум фоиз суратида бўлиши вожибдир. Икки тарафдан бири фойда учун маълум маблағни шарт қилиб қўйиши жоиз эмас. Чунки баъзида тарафлар фойда кўрмасликлари мумкин. Бунда ушбу таъйин қилинган маълум маблағ шерикчиликни бузади. Ишчи агар музораба фойдаси тахминий фойдадан ортса, маълум маблағни таъйин қилиб олиши жоиз бўлади. Мисол учун фойда юздан ошса, юз оламан дейиши тўғри бўлади. Ишчи яна ойлик ва фойдадан ҳисса олишни ҳам жамлаши жоиздир. Бунинг баёнини биз ижара бобида зикр қилдик. 

Агар фойданинг ҳаммаси ишчига дейилса, бу шартнома қарз ҳисобланади. Агар фойданинг ҳаммаси мол эгасига дейилса, бу ибзоъ (яъни хайрия учун ишлаб бериш) шартномаси бўлади. Агар фойданинг бир қисми ишчига ва бир қисми мол эгасига таъйин қилинса, ушбу шартнома музораба деб номланади. 

Ишчи фойдага шериклик сабабли ёки тақсимот сабабли ва ёки келишув сабабли эгалик қиладими, бунда ихтилоф бор. Аслида сармояга зарар етмаган тақдирдагина  фойда ҳақида сўз боради. Фойда сармоянинг виқояси, яъни қўриқчисидир. Фойда баъзан ишчининг ҳаракати билан ҳосил бўлади. (Замонавий иқтисод луғатида буни ийродий фойда, яъни кирим фойдаси дейилади). Баъзан эса фойда ишчининг ҳаракатисиз ҳосил бўлиши ҳам мумкин. (Буни сармоя фойдаси дейилади). Зиён ҳам ҳудди шундай. Ибн Ҳазм шундай дейди:

“Чорванинг боласи, дарахтнинг меваси, ҳовлининг ижараси сармоя эгасиникидир. Чунки булар унинг молидан ҳосил бўлмоқда. Ишчига эса фақатгина фойдадан насиба берилади. Буни фойда эмас, балки фақатгина савдодан ўсиб чиққан нарса деб номланади”. (Ал-Муҳалло. Ибни Ҳазм 8/249).

Бу ердаги фойдадан мурод ийродий яъни кирим фойдасидир. 

Сармояга ишчининг зомин бўлишини шарт қилишлик жоиз эмасдир. Ишчи агар сармояни қабз қилса, яъни қўлга киритса  у омонатдор ҳисобланади. Агар уни тасарруф қилса вакил бўлади. Сармояга фойда қўшилса, ушбу фойдадан шарт қилинган ҳисса миқдорида шерик бўлади. 

Музораба қилувчи ва музораба қилинувчининг нафақасини аниқлаб қўйиш вожибдир. Музораба қилувчининг нафақаси шахсий нафақа бўлиб, бу нафақани унинг молидан қилинади. Музораба қилинувчининг нафақаси тижорий нафақа бўлиб, бу нафақани ушбу молдан сарфланади. Агар музораба қилинувчининг молидан баъзи шахсий нафақалар, мисол учун сафар ва тиббий харажатлар ишлатилса, буларни низо чиқмаси учун келишув асосида чегаралаб қўйиш вожиб бўлади. 

Музораба қилувчи фақатгина сармоя эгасининг рухсати билан насия савдо қилиши жоиз. Агар унинг рухсати бўлмаса насияга сотиши тўғри бўлмайди. Баъзи фуқаҳолар агар насия сотиш тижорат одатларидан бири бўлса унга рухсат беришган. Шунингдек насияга сотиб олиш учун ҳам сармоя эгасининг рухсати лозим. Чунки насия савдода сармоя эгасининг зомини ортади. Агар сармоя эгаси ишчига музораба молини қарз асосида ишлатишга рухсат берса, унинг қарз олган нарсаси иккиси ўртасида вужуҳ (амал) шерикчии ҳисобланади. Баъзи фуқаҳолар музораба қилувчига сармоя эгасининг рухсати асосида бошқа кишилар билан музораба қилиши ижозатини берганлар. 


Деҳқончилик шерикчилиги


Музораъа зироатдаги шерикчиликдир. (Яъни, етишган ҳосилга шерик бўлиш). Бунда бир тараф ерини беради, иккинчи тараф эса деҳқончилик ишини қилади. Бу ўерикчилик жоиздир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар аҳли билан ушбу муомалани қилганлар. (Саҳиҳул Бухорий 3/137, Саҳиҳ Муслим 10/207).

Умар розияллоҳу анҳу ҳам инсонлар билан музораъа муомаласини қилардилар. Агар харажат Умардан бўлса, ҳосилнинг ярми унга, мабодо харажатни улар қилишса, ҳосилдан уларга шунча дер эдилар. (Саҳиҳул Бухорий 3/137). 

Баъзида ер эгаси деҳқончиликни уддасидан чиқа олмайди, деҳқоннинг эса қўлида ери бўлмайди. Музораъанинг ҳикматларидан бири икки тарафнинг эҳтиёжларини қондириш ва шу билан бирга ердан ҳосил олишдир. Ҳанбалийлар музораъани ижарачилик жинсидан эмас, балки шерикчилик жинсидан дейишади. Бошқа фуқаҳолар ҳам бу фикрни олға суришган. 

Музораъада ҳам икки тараф ўз ҳиссасини ярим, учдан бир ёки тўртдан бир каби фоиз асосида белгилаши лозимдир. Тарафлар ҳосилдан муайян аниқ миқдорни шарт қилиб қўйишлари дуруст эмас. Чунки, баъзида ердан кўзланган натижа чиқмаслиги мумкин. Бунда бир тараф ўзи шарт қўйган миқдорни олиб, иккинчи тараф ҳеч нарсасиз қолиши мумкин. Бу билан шерикчиликка футур этади. 

Музораъа муомаласи шахсий ерда, ижарага олинган ерда ёки ориятга олинган ерда бўлиши жоиздир. Ер эгаси деҳқонга музораъа муддати тугагандан сўнг унинг меҳнати самараси қоладиган, бино қуриш ёки анҳор қазиш каби нарсаларни шарт қилиб қўйиши жоиз бўлмайди. Агар бу ишларни деҳқон томонидан қилинса ҳам унинг сармояси ер эгаси томонидан берилади. Маҳсулотни тақсим қилиб бўлишгач музораъа муомаласи ниҳоясига етади. Ва ҳар ким ўз ҳиссасининг нафақасини ўзи кўтаради. 


Мусоқаҳ
(Дарахтни суғориб беришдаги шерикчилик)


Мусоқаҳ дарахт эгасининг бир киши билан дарахтни парвариш қилиб беришга ва бунинг эвазига мевасидан маълум қисмини беришни келишмоғидир. Бу муомала жоиздир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар аҳлига уларнинг боғлари мевасидан маълум қисмини олиш муомаласини қилганлар. Бунинг ҳикматларидан бири баъзан кишиларнинг боғлари бўлиб, уни парвариш қилиш, ундан самара олиш йўлларини улар билишмайди. Бошқа кишиларда эса ушбу салоҳият мавжуд бўлиб, лекин қўлларида боғлари бўлмайди. Бу муомала орқали шу каби кишиларнинг эҳтиёжлари қондирилади. 

Фуқаҳолар мусоқаҳ муомаласи учун дуруст бўладиган дарахт тўғрисида ихтилоф қилишган. Хурмо ва узумзорларнинг мевалари кўриниб тургани ва уни чамалашнинг имкони бори сабабли Мусоқаҳ муомаласига дурустлиги тўғрисида иттифоқ қилишган. Буларга қўшиб гул ва истеъмол қилинадиган япроқли жасмин, чой кабиларга ҳам ижозат берган фуқаҳолар бор. 

Ушбу муомалада ҳам ҳар икки тараф ўз насибасини ярим, учдан бир ёки тўртдан бир каби фоиз асосида белгилаши вожибдир. Муайян миқдордаги ҳосилни шарт қилиш ёки узумзор ва боғнинг бир тараф ҳосилини шарт қилиб қўйиш тўғри бўлмайди. Чунки баъзида дарахт кўзланган ҳосилни бермаслиги, натижада бир тараф ҳосилга эга бўлиб, иккинчи тараф ундан қуруқ қолиши мумкин. 

Боғ эгаси боғбондан мусоқаҳ амалига тегишли бўлмаган, яъни қудуқ қазиш, анҳор чиқариш, меваларни сақлаш учун омборхона қуриш, янги нав кўчат ўтқазиш каби ер егасига қоладиган ишларни талаб қилиши жоиз эмас.Чунки бу каби ишларнинг манфаати мевани ҳосил бўлиши учун эмас, балки фақат дарахтга тегишлидир. Шундай бўлгач, дарахтга ҳам, мевага ҳам манфаати бўлмайдиган қаср қуриш ёки ер эгаси учун ойлик хизмат қилиш каби ишларни шарт қилишлик бақадри авло жоиз бўлмайди. 

Баъзи уламолар боғбон бошқа киши билан мусоқаҳ шартномаси қилишига ижозат беришган. Хусусан, мусоқаҳ қилиш унинг айнан ўзида эмас, балки зиммасида бўлса унга рухсатдир. Баъзи фуқаҳолар эса бу учун ер эгасининг рухсати лозим деганлар. 


Муғораса
(Дарахт экиб беришдаги шерикчилик)


Муғораса ерни унда дарахт кўчатлари кўкартириш учун топшириш ва бунинг эвазига ундан маълум қисмини беришга келишув шартномасидир. Бу муомала моликийлар наздида бир неча шартлар билан жоиздир. Ҳанафийлар муғораса ерда эмас, балки дарахт ва мевада бўлса жоиздир деганлар. Чунки ер муғораса шартномасини қилишдан олдин ҳам мавжуд бўлиб ишчининг унга дахли йўқдир. Шунинг учун у ердан ҳиссадор бўлиши тўғри эмас. 

Моликийлар муғоросани дарахт экиб ундан ҳиссадор бўлишга кўра жуолага ташбеҳ қилишган. Улар бу муомаланинг жоиз бўлиши учун дарахт турининг бир хил ёки бир-бирига яқин тур бўлишини ва бу дарахтлар ёшининг катта бўлмасини шарт қилиб қўйишган.  


Тақсимот

(Бўлишиш)


Мулклар тақсимоти:

Араб тилида нарсани тақсим қилди деганда уни навларга бўлиш тушунилади. Истелоҳда эса, ҳиссаларни белгилаш, ҳақларни ажратиш ёки ярим, учдан бир, тўртдан бир каби фоизлик мулкни муайян аниқ мулкка айлантирмоқдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

 “Билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Росулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир”. (Анфол сураси 41-оят). 

Бу оятда ўлжа тақсимоти зикр қилинган.

 “Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир”. (Нисо сураси 7-оят).

Бу ерда мерос тақсимоти айтилган.

 “Уларнинг молу-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир”. (Маориж сураси 24,25-оят).

Бу ояти каримада молни унинг эгаси ва фақир ўртасида тақсимлаш айтилган. 

“Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у (мерос)дан ризқлантиринглар ҳамда уларга яхши гаплар айтинглар”. (Нисо сураси 8-оят). 

Бу жойда ҳам мерос тақсимоти зикр қилиниб, айнан очиқ лафз билан ﮋ ﭨ ﮊ қисмат сўзи айтилган. 

Тақсимотнинг ҳикматларидан бири, бунда шерикчилик зарари шерикдан кўтарилиб, унинг фойдаси комил бўлишидир. Фуқаҳолар тақсимот савдоми ёки фақат ҳақларни ажратишми деган масалада турли фикр билдиришган. Тақсимот ҳар икки тараф ўз ҳаққини тарк қилиш эвазига шеригининг ҳаққидан олишига кўра савдодир. Баъзи фуқаҳолар мислий қийматга эга нарсаларни тақсим қилишда ҳақларни ажратиш маъноси устунроқ, қиймати мавжуд нарсаларни тақсим қилишда эса савдо маъноси устунроқ дейишади. 

Тақсимот уч турли бўлади:

а) Навлар тақсимоти;

б) Адолат тақсимот;

в) Қайтариб бериш тақсимоти.

Муштарак молларнинг аниқ қийматини белгилашликка имкон бўлмаганда навлар тақсимоти юзага келади. Нақд пулларни тақсимлаш, бир-бирига ўхшаш навли буғдойни тақсимлаш, бир хил жинсли газламаларни тақсимлаш, барча томони бир-бирига ўхшаш бўлган ҳовлини тақсимлаш, бинолар, қудуқлар, асбоб-ускуналар каби нарсаларни тақсимлаш навлар тақсимоти жумласидандир. Демак тақсим қилинадиган нарсанинг сурати ва қиймати бир-бирига тенг бўлганда навлар тақсимоти амалга оширилади.

Нарсаларни сурати жиҳатидан эмас, балки қиймат жиҳатидан тақсим қилишликда адолат тақсимоти воқеъ бўлади. Баъзида тақсим қилинувчи нарсанинг учдан бири учдан иккининг қийматига тенг бўлиши мумкин. Ёки битта соат битта қалам ва китоб нархига тенг бўлиши ҳам мумкин. 

Қайтариб бериш тақсимоти нарсаларни мажбуран ёки ихтиёрий равишда ҳам тенглаштириб бўлмаганда амалга оширилади. Бунда ортиқча насиба эгасидан зиёда ҳақ қийматини қайтариб олинади. Бу ўринда шерикчилик молидан ташқари мол ҳам иштирок этади ва бу тақсимотнинг рўёбга чиқишида ёрдамчи бўлади. Баъзида қудуқ, бино ёки дарахт икки насибанинг бири бўлади. Яна шунингдек тақсимотда бўлиб бўлмайдиган нарсалар ҳам учраб туради. (Шундай пайтда бир тараф уни қабул қилади ва агар қиймат ошиб кетган бўлса унинг нархини иккинчи тарафга қайтариб беради).

Хулоса қилиб айтганда, агар тақсим  қилинувчи насибалар сурат ва қиймат жиҳатидан баробар бўлса, бундай тақсимотни навлар тақсимоти дейилади. Агар тақси қилинадиган насибалар баробар бўлмай, шу билан бирга уларда ошиқча қийматни қайтариб бериш мажбурияти бўлмаса, бу таъдил тақсимоти бўлади. Агар шу ўринда ошган қийматни қайтариб беришў мажбурияти туғилса, буни қайтариб бериш тақсимоти дейилади. 

Тақсимотни ўзаро ҳамма рози бўладиган суратда  ёки қуръа билан қилинса тўғри бўлади. Чунки бунда таниш-билишлик туҳматидан озод бўлинади. 

Тақсим қилувчининг ойи:

Баъзида тақсим қилувчи тарафларнинг барчасига ёки баъзисига шерик бўлади. Баъзан эса у тарафларга алоқаси бўлмай, балки бу ишни хайрия сифатида амалга оширади. Гоҳида тақсим қилувчидан ҳақ эвазига қозилик талаб этилган шахс бўлиши ҳам мумкин. Агар у муайян шерикларнинг бири бўлса унинг иш ҳақи шериклар зиммасига тушади. Агар у қози томонидан умумий тақсимловчи қилиб тайинланган бўлса, унинг ҳаққини байтул молдан берилади. Қозига жорий қилинганидек, унга ҳам ризқ жорий қилинади. Баъзан ушбу умумий тақсимловчининг иш ҳақи тарафлар зиммасига юклатилиши ҳам мумкин. Чунки тақсимотнинг манфаатини шулар кўради. Баъзида унинг иш ҳақи шу каби ишларнинг ойи мислида белгиланади. Қози тарафларга маълум тақсимловчини мажбурлаб қўймайди, балки уни танлашлик ўзларининг ихтиёрида бўлади. Хоҳласалар қози таклиф қилган кишини қабул қилишади, хоҳламасалар ўзлари бошқа тақсимотчини ижарага олишади. 

Фуқаҳолар тақсимловчиларнинг ўзаро тил бириктириб иш ҳақларини оширишларидан қайтарадилар. Яна шунингдек пора эвазига тақсимотда зулм қилишлари ҳам ҳаром эканини айтадилар. Умумий тақсимловчи бошқа тақсимловчилардан улар ўртасида қилмаган иши эвазига иш ҳақи олиши ҳам тўғри бўлмайди. 

Ушбу масалада тақсимот учун иш ҳақи олишликни макруҳ дейдиган фуқаҳолар ҳам бор. Улар тақсимот хайрия ишларидандир дейишади. 

Тақсимот иш ҳақи тақсим қилувчилар ўртасида бош ҳисобида ёки насиба ҳисобида тарқатилиши мумкин. Агар бош ҳисобида тарқатилса тақсимлаш меҳнати ҳиссалар турига қараб ўзгармасига биноан тарқатилади. Агар насибага кўра тарқатилса, бунда мулкнинг меҳнатидан келиб чиқиб тарқатилади. Шунга қараб миқдори белгиланади. 

Агар тақсимлашни шерикларнинг баъзиси талаб қилиб, бошқалари талаб қилмаса, жумҳурнинг наздида тақсимотнинг иш ҳақи барча шериклар зиммасига юкланади. Чунки уларнинг барчаси тақсимот манфаатидан фойда топади. Баъзи фуқаҳолар бунда тақсимот учун бериладиган ҳақни фақат талаб қилганлар тўлайди, талаб қилмаганлар эса тақсимотдан зарар кўриш эҳтимоли бор, шунинг учун улар бу ҳақни тўлашмайди дейишади. 

Манфаатларни тақсимлаш: 

Умумий мулкдан фойдаланиш замони ва маконининг келишуви:

Умумий мулкдан фойдаланиш замонининг келишуви деб шерикчиликдаги мулкдан ҳар икки тараф маълум муддат фойдаланмоғига айтилади. Бунда бир тараф мулкдан бир кун фойдаланса, иккинчи тараф ҳам бир кун ёки икки кун фойдаланади.  

Умумий мулкдан фойдаланиш маконининг келишуви деб шерикчиликдаги мулкдан ҳар икки тараф муайян маконда мустақил фойдаланишига айтилади. Бунда бир тараф ернинг бошини олса, иккинчи тараф охирини олади. Ёки ҳовлининг юқорисини бири олса, иккинчиси унинг пастини олади. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

“Мана бу туя. Унга бир кун сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш”. (Шуаро 155-оят). 

Бу оятда биздан олдингиларнинг шариатидаги умумий мулкдан фойдаланиш замонининг келишуви зикр қилинган. 

Агар  умумий мулкдан фойдаланиш замонининг келишувига шариат томонидан рухсат берилса, макон келишувига ҳам ҳудди шунингдек рухсат берилади. Балки баъзида бу авлороқ ҳам ҳисобланади. Чунки макон келишувида ҳар икки тараф ўз ҳаққидан тўлиқ равишда фойдалана олади. Ва бу бир тарафнинг иккинчи томон ҳаққидан кўра кўпроқ фойда олмоқидан адолатлироқдир. Чунки замоннинг фойдадан, қийматдан ёки нархдан ўзига яраша ҳиссаси бор. Шундай экан ким унга олдин эришса ўзидан кейингидан кўпроқ фойда олиши табиий. Кеч қолган эса одатда доим алданади. 

Манфаатларни тақсим қилиш пайтида замон келишуви бўлса айнан мулкни ўзини эътиборга олиш вожибдир. Хусусан, бу келишувнинг муддати деҳқончилик ери ёки ҳовлида мавсумий ва йиллик фойдаланиш каби узоқ муддатли бўлса айнан мулкнинг эътибори вақтдан кўра муҳимроқ бўлади. бунда мулкдан шерикларнинг қайси бири аввал фойдаланишини  таъйин қилмоқ учун қуръа ташлаш адолатли бўлмайди. Макондан фойдаланиш келишувида эса қуръа ташлаш орқали жой эгасини аниқлаш тўғри бўлади. 

Шерик ўз навбатини нариги тарафга қарз ёки орият қилиб бериши ва бунинг эвазига иккинчи тарафдан унинг насибасини қарз ёки ориятга олиши тўғри бўлмайди. Чунки қарз эҳсон бўлиб, тақсимот эса одил туришдир.

Бу ерда зикр қилинган манфаатдан кўзланган мақсад мулк ёки молларнинг манфаати бўлиб, ушбу манфаатдан мулкларнинг бақосида фойдаланишлик имконияти мавжуд бўлиши лозим. (Моллар ёки асбоб-ускуналар каби). 

Бу келишувни араб тилида ҳайъат келишуви деб номланди. Чунки ҳар бир шерик мулкдан бошқаси каби бир хил ҳайъатда (яъни кўринишда) фойдаланиш имконига эга бўлади. 

Манфаатларни тақсимлаш шерикларнинг розилиги асосида бўлиши ёки уларнинг бири тақсимни талаб қилиши лозим. Хусусан, мулкни тақсим қилиш имконсиз ёки имконияти бўлсада, шерикларнинг бири талаб қилиб, бошқаси рози бўлмай турганда бунга эътибор қилиш керак. 

Гоҳида замон келишувини тақсимлаш мумкин бўлиб, макон келишувини тақсимоти имконсиз бўлади. Мисол учун ижарага олинган ҳовлидан, у тор бўлгани сабабли бир вақтнинг ўзида шерикларнинг барчаси ундан фойдалана олмайди. Балки бу ҳовлига улардан фақат бири сиғиши мумкин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1648. Яна ўша кишидан ривоят қилинади .Вазн Макка аҳлининг вазнидир. Ўлчов Мадина аҳлининг ўлчовидир,, дедилар,. Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.Шарҳ давоми...

3651 18:32 / 17.09.2017
Аллоҳга тақво қилиш Тақвоrdquo сўзини уламолар турлича таърифлашган. Имом Роғиб алАсфаҳоний Тақво нафсни гуноҳдан сақлашдир. Бу ҳаром ишларни тарк этиш билан давоми...

5202 05:00 / 17.02.2017
Омонатдорлик чин мўминлик белгиси, мўмин кишининг асосий сифатидир. Аллоҳ таоло бизларни омонатдор бўлишга амр қилиб шундай деган Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз давоми...

7007 05:00 / 17.02.2017
1. Қарз берувчи қарзи ҳасан бериши лозим.Бировга қарз бериб, устига устама олмаслик, яъни судхўрлик қилмаслик .қарзи ҳасан, дейилиши юқорида айтиб ўтилган.Аллоҳ давоми...

4015 10:04 / 11.06.2019