1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (IX)

14:05 / 29.10.2018 3951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

IX

Қамал тамом бўлиши биланоқ Хадийжа онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай, қарар эдилар. Аммо Хадийжа розияллоҳу анҳо кун сайин оғирлашиб борардилар.

Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган, Ислом учун ўта нозик бир пайт эди. Ҳар қандай шахс бир оз мойиллик кўрсатса ҳам мусулмонлар учун катта хурсандчилик бўладиган бир кезлар эди. Ўшандоқ бир пайтда Исломнинг биринчи куниданоқ мусулмонларга, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мададкор бўлиб келаётган киши, у зотнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида бу дунёни тарк этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларини доимий равишда кўтариб тургувчи бош маслаҳатчиларидан, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмас улкан матонатли кишисидан айрилган, уйларида етим болалари билан ёлғиз қолган эдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳони ўз қўллари билан Маккаи Мукарраманинг юқори тарафидаги Ҳажун қабристонига қўйдилар.

Ўша йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ҳам вафот этди. Ўзи мусулмон бўлмаса ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг доимий ҳуружларидан ҳимоя қилиб келаётган одам ёруғ дунёдан кўз юмган эди. Бу йўқотиш ғоятда катта мусибат эди.

Мана шу икки улкан мусибат туфайли ўша йилни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «маҳзунлик йили» деб атадилар.

У зот Хадийжа онамизни жуда яхши кўрар ва қадрлар эдилар. У зотнинг Хадийжа онамизга бўлган улкан эҳтиром ва эъзозларини сўз билан ифода қилиш қийин. Яхшиси, у зотдан бу ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифларга мурожаат қилайлик.

3069. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Хадийжадан бошқа аёлларидан рашк қилмадим. Албатта, мен уни кўрмаганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қўй сўйсалар, «Хадийжанинг дугоналарига юборинглар», дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб:

«Хадийжа!» дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Гоҳида у зотга:

«Гўё дунёда Хадийжадан бошқа йўқдек», дер эдим.

У зот «У ундай эди, бундай эди. Менинг болаларим ундан бўлган», дер эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг аёлларидан бирортаси ҳақида Хадийжага рашк қилганимдек рашк қилмадим. (Бу рашк) у зот уни кўп зикр қилганлари учундир. Мен уни ҳеч ҳам кўрмадим. Чунки у менга уйланишларидан уч йил аввал вафот этган».

Бу ҳадиси шарифдан Хадийжа онамизнинг фазллари равшан намоён бўлмоқда. Оиша онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг бошқа аёлларидан рашк қилмаганлари уларнинг бу кишидан устун бўлмаганларидандир.

Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳога келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қўй сўйсалар, «Хадийжанинг дугоналарига юборинглар», дер эканлар. Бундан у зотнинг Хадийжа онамизнинг ҳурматларидан у кишининг яқин одамларини эҳтиром қилиб юрганлари келиб чиқади. Бу ҳол, албатта, рашкни келтирадиган нарсадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг ҳурматларидан у кишининг дугоналарини бошқа пайтларда ҳам йўқлаб турганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, «Буни Фулонанинг уйига олиб бориб беринглар. У Хадийжанинг дугонаси эди», дер эдилар», дейилган.

Имом Ҳоким Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимда эканларида у зотнинг ҳузурларига бир кампир келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен кимсан?» дедилар.

«Мен Жассома Музанияман», деди.

«Йўқ. Сен Ҳассона Музаниясан! Қандайсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея кетдилар.

«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.

У чиқиб кетганидан кейин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик эҳтиром қилдингиз?» дедим.

«Хадийжанинг вақтида у ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамиз ҳақларида:

«Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», деганлари катта гапдир. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Хадийжа онамизнинг муҳаббатларини солиб қўйганлиги маълум бўлади. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамизга бўлган соф муҳаббатлари илоҳий иноят ила бўлган муҳаббатдир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамизга бўлган муҳаббатлари ва эҳтиромларининг яна бир сабаби у зотнинг:

«Менинг болаларим ундан бўлган», деган гапларида яққолроқ намоён бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум ҳикматга биноан, у зотнинг барча фарзандлари Хадийжа онамиздан бўлган. Бошқа аёллари у зотдан бола кўрмаган. Бу ҳол ҳам, албатта, Хадийжа онамизнинг фазлларига фазл қўшади.

3070. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мана, Хадийжа ҳузурингизга келди. У билан идиш бор. Унда хўрак ёки таом ёки шароб бор. Қачон у ҳузурингизга етиб келганда унга Робби азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги луълуъ (ва дуру ёқутлар ила безатилган), шовқин-сурони ҳам, чарчоғи ҳам йўқ уйнинг башоратини беринг», деди».

Бу ҳадиси шарифда, аввало Хадийжа онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган катта хизматларидан бир намуна кўрмоқдамиз. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сидқидилдан хизмат қилиб, орқаларидан озиқ-овқат кўтариб, маълум масофа йўлни босиб келмоқдалар. Хадийжа онамиздек обрўга, жамиятда алоҳида ўринга ва ҳадсиз-ҳисобсиз бойликларга эга бўлган қай бир аёл тоғу тошлар орасида эрининг орқасидан озиқ-овқат кўтариб юради? Албатта, у кишининг бу ҳолатлари жуфти ҳалолларига хизмат қилишни ўзларининг бурчлари деб билганларидан ва бу хизмат ила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ниятларининг кучли эканидандир.

Аллоҳ таоло Хадийжа онамизни ниятларига яраша мукофотлаганини шу ҳадиси шарифнинг ўзидан кўриб турибмиз. Жаброил алайҳиссаломнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг келаётганлари хабарини беришларининг ўзи катта гап. Бу у кишининг илоҳий иноят ва эҳтиром остида юришларидан дарак беради.

Жаброил алайҳиссаломнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо ҳақларида:

«Қачон у ҳузурингизга етиб келганда унга Робби азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги луълуъ (ва дуру ёқутлар ила безатилган), шовқин-сурони ҳам, чарчоғи ҳам йўқ уйнинг башоратини беринг», дейишлари бошқа бирор одам боласига берилмаган фазл бўлса ажаб эмас.

3071. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрондир. (Дунё) аёлларининг энг яхшиси Хадийжа бинти Хувайлиддир», деганларини эшитдим».

Ушбу учовини икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифдан Марям бинти Имрон ўз замонларида аёлларнинг энг афзали бўлганлари каби, Хадийжа бинти Хувайлиднинг ҳам ўзлари яшаган замоннинг энг афзал аёли бўлганларини билиб оламиз.

3072. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:

«Хадийжанинг синглиси Ҳола бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. (У зот) бундан Хадийжанинг изн сўрашини эслаб, орзиқиб кетдилар ва:

«Аллоҳим, Ҳола бинти Хувайлид бўлсайди», дедилар.

Мен рашк қилиб:

«Қурайшнинг милклари қизил (тишлари тўкилиб) кампирларидан бирининг нимасини эслайсиз?! Унинг ўлганига анча бўлди. Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан яхшисини берган!» дедим».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамизни бир лаҳза ҳам ёдларидан чиқармай, эъзоз ила эслаб юрганларини билиб оламиз. У кишининг сингиллари Ҳола бинти Хувайлид у зотнинг ҳузурларига кириш учун изн сўраганида унинг овозини эшитишлари билан у зот Хадийжа онамизнинг овозларига ўхшаш овозни таниб:

«Аллоҳим, Ҳола бинти Хувайлид бўлсайди», дедилар».

Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг овозларига ўхшаш овоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шунчалар ҳаяжонга солишидан ҳам у зотнинг Хадийжа онамизни қанчалар эҳтиром қилишларини билиб олиш қийин эмас.

Бадр урушида асир тушган мушриклар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, яъни қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эри Абул Ос ҳам бор эди. У мусулмон бўлмагани учун Зайнаб розияллоҳу анҳо у билан яшамасалар ҳам, бутунлай ажрашиб кетмаган эдилар.

«Асирларни қариндошлари товон тўлаб, озод қилиб олишлари мумкин», деган амр чиққанидан кейин одамлар ўз яқинларини озод қилиб ола бошладилар.

Абул Оснинг укаси ҳам бир халтача олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тутқазди ва акасининг тўлови эканини айтди. У зот халтани очиб, қизлари Зайнабнинг тақинчоқларини кўрдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо эри Абул Осни озод қилиш учун ўз тақинчоқларини юборган эдилар. Тақинчоқлар ичида бир мунчоқ ҳам бор эди. Уни Зайнаб розияллоҳу анҳога тўйи куни онаси Хадийжа бинти Хувайлид совға қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша мунчоқни кўриб, кўнгиллари ғалати бўлиб, туриб қолдилар. Бу ҳолни сезган саҳобаи киромлар ҳам жим бўлиб, бир-бирларига қарадилар. «Агар унинг асирини бўшатиб, мунчоғини қайтариб беришни раво кўрсангиз, ўшандоқ қилинглар», дедилар. Саҳобалар рози бўлдилар.

Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиш куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа онамизнинг қабрлари ёнига келиб туриб, иш қандай боришини кузатиб турганлар.

Бошқа ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа зикр қилинса, унга мақтов ва ҳаққига истиғфор айтишдан зерикмайдиган одатлари бор эди. Бир куни у зот уни яна эслаб қолдилар. Менинг рашким келиб:

«Аллоҳ сизга ўша қари хотин ўрнига бошқасини берган», дедим. Бас, у зотнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрдим. Ҳушим бошимдан учиб кетди. Ичимда: «Аллоҳим! Агар Расулингнинг ғазабини мендан кетказсанг, энди ҳеч қачон уни ёмон зикр қилмайман», дедим.

Менинг ҳолимни кўрганларида у зот:

«Нима дединг?! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхшироғини бермади. Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганида, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, ундан фарзанд берди», дедилар».

3073. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Оламнинг аёлларидан Марям бинти Имрон, Хадийжа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё сенга етарлидир», дедилар».

Термизий, Насаий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Яъни «Фазлли бўлишда ушбу исмлари зикр қилинган аёллар етарлидир», дедилар.

Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг аёллар ичида камолга етган ва ўз замонида энг афзал аёл бўлганликлари ҳақида ҳужжат ва далиллар кўп.

Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан рози бўлсин! Омийн!

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламолардан бири шундай ёзади.Бир йил олдин саксон ёшли бир қария зиёратимга келди. Унинг худди ёш йигитлардек зиналардан чаққонлик билан сакрабсакраб давоми...

13441 10:00 / 06.10.2020
Аёллардан бири айтади .Мен билан дугонам .Набаъ, яъни, амма порасини ёдлаш учун мусобақа уюштирдик. Мусобақа шартлари шундай эди. Ким биринчи бўлиб ёд олса, иккинчи давоми...

5564 09:00 / 03.12.2023
Хурмо меваси инсон саломатлиги учун кони фойда. Айниқса, ҳомиладор аёллар хурмо мевасини истеъмол қилиши улар учун муҳим озуқа ҳисобланади. Шифокорлар ҳомилали, давоми...

3532 11:28 / 16.07.2022
VIIIСавда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб давоми...

2480 17:00 / 24.02.2019