1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

24-боб. Отасини унинг куняси билан чақирадими?

09:30 / 02.02.2019 3286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Куня» – арабларда исмни айтишдан кўра енгилроқ саналади ҳамда ота-онага ҳурмат маъносида кўпроқ бош фарзанднинг исми олдига отага «Абу», онага «Умму» қўшимчаларини қўшиб мурожаат қилинади.

Масалан, оилада фарзанд туғилди. Унга Аҳмад деб исм қўйишди. Энди отасининг куняси Абу Аҳмад, яъни «Аҳмаднинг отаси» бўлади. Онаси эса Умму Аҳмад, яъни «Аҳмаднинг онаси» бўлади.

Арабларда эр-хотин ҳам бир-бирини «Абу Аҳмад», «Умму Аҳмад» деб чақиради. Дўст-ёрлар, қўни-қўшнилар ҳам, бошқалар ҳам ўғилнинг исми ёнига Абу ёки Умму қўшимчасини қўшиб чақираверади.

Ҳозирги кунда ҳам нотаниш, лекин ҳурматли бир одам билан гаплашиб ўтиришган бўлса, «Исмингиз нима?» дейишга бир оз тортинишса, «Ўғлингизнинг исми нима эди?» деб сўрашади. Шунда у киши мисол учун, «Аҳмад», деса, сўровчи унга «Абу Аҳмад», деб мурожаат қилиб, суҳбатлашиб кетаверади.

Мазкур бобда бола отага ана шундай мурожаат қилса бўладими, исмини айтиш жоиз бўлмаса, отани унинг кунясини айтиб чақирса бўладими, деган савол қўйиляпти.

45. Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар билан сафарга чиқдик. Шунда Солим у кишига «Эй Абу Абдурраҳмон, намозга!» деди».

Шарҳ: Солим – Абдуллоҳ ибн Умарнинг кичик ўғиллари, Абдурраҳмон – катта ўғилларининг исми. Кичик ўғил отасига «Эй Абу Абдурраҳмон»? деб мурожаат қилибди.

Демак, бола отасини унинг куняси билан чақирса бўлар экан, чунки ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар улкан саҳобалардан биридир. У кишининг фарзандлари ҳам чуқур илмга эга бўлганлар.

Агар фарзанд бироз илмсизлик қилган тақдирда ҳам, Ибн Умар розияллоҳу анҳу унинг хатосини тўғрилаган бўлар эдилар. Лекин Солим деган ўғиллари «Эй Абу Абдурраҳмон», деб мурожаат қилганида ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу индамай кетавердилар. Бундан фарзанд отанинг кунясини айтиб чақирса, мурожаат қилса бўлар экан, деган хулоса келиб чиқади.

46. Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади:

«Ибн Умар: «...лекин Абу Ҳафс Умар ҳукм қилди», деди».

Шарҳ: Яъни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз оталари ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг куняларини айтяптилар. Яъни Абу Ҳафс мана бундай ҳукм чиқарди, қозилик қилди, деяптилар. Бу ҳам фарзанд ўз отасининг кунясини айтиши мумкинлигига далилдир.

...Ҳозиргача йигирма тўрт бобда келган қирқ олтита ҳадис ва ривоятларда ота-оналарга нисбатан фарзанднинг одобига оид турли масалалар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Албатта, Исломда бу масала бўйича келган таълимотлар жуда кўп. Имом Бухорий ҳам қисқача, амал қилишга қулай ва ўзларига етиб келган ривоятлардан келтирганлар, холос. Аммо шунинг ўзи ҳам олам-олам маъно касб этишини кўриб турибмиз. Бу одобларни, ота-она билан бўладиган муносабат маданиятини Исломдан олдинги ёки унга ҳамаср тузумлар, «дин»лар, маданиятлар, фалсафаларга таққослашни бир тарафга қўйиб, бугунги кунимиздаги ҳолатга солиштириб кўрайлик.

Бугунги кунимизда ота-онасининг ҳурматини жойига қўйиб, уларни етарли даражада эъзозлаётган шахслар бўлса, албатта, булар мусулмонлар бўлишади.

Бугунги кунимизда ота-онасининг дуоси ва розилигини олиш учун роҳатидан кечаётган, бу иш учун бор имкониятини ишга солаётган шахслар ҳам мусулмон фарзандлардир.

Бугунги кунда қариб қолган ота-оналарини қаровсиз қолдирмай, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган вафодор фарзандлар бўлса, улар ҳам мусулмон фарзандлар бўлади.

Бугунги кунда дунёдан ўтган ота-онасини йўқлаб, ортидан дуо қилаётган, садақа атаётган, ҳар куни бир неча бор ибодатда уларга мағфират тилаётган, Аллоҳнинг Китобидан тиловат қилиб, савобини бағишлаётган фарзандлар ҳам мусулмонлардир.

Бугунги кунда ота-онага тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш фарзанднинг бурчи экани ҳақида Аллоҳ таолонинг Китобидан, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан маълумотлар олаётган, китоблар ёзаётган, ваъзлар қилаётган, шеър ва қўшиқ айтаётганлар ҳам мусулмонлардир.

Ҳа, дунёда ота-онага энг яхши муомалада бўлиш маданиятининг соҳиблари ҳам мусулмонлардир!

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг ибодатига чақиради. У томондан буюрилган амалларни бажаришга ва қайтарган ишларидан қайтишга тарғиб қилади. Яратган Роббимиз давоми...

1749 14:00 / 09.12.2023
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2248 09:05 / 06.08.2019
Онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан устун экани кўпчилик биладиган маълумот. Аммо ўша ҳукмнинг далили, ҳужжати қайси оят ёки ҳадисда келганини билиш ушбу давоми...

1244 11:46 / 04 июнь
176. Ҳилол ибн Ясофдан ривоят қилинади.Сувайд ибн Муқарриннинг ҳовлисида ипак сотаётган эдик. Шу пайт бир жория чиқиб, бир кишига ниманидир айтди. У киши эса унинг давоми...

1662 18:30 / 06.08.2020