1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Витр ҳақида

05:00 / 09.01.2017 12989 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарҳ: «Витр» сўзи луғатда «тоқ» маъносини англатади. Ушбу фаслда ўша намознинг ҳукми, фазли, ракатлари сони ва унга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз боради.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй аҳли Қуръон, витр намози ўқинг. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур», дедилар
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳ тоқдир, дегани шериги йўқдир, жуфт эмасдир, маъносидандир. Шу маънода Аллоҳ таоло витр – (тоқ) намозни яхши кўрар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, мўмин-мусулмонларга «Эй аҳли Қуръон», деб мурожаат қилишлари, «Витр намозини ўқинг», деб амр қилишлари бу намознинг вожиб эканини, ўқимаса бўлмаслигини кўрсатади. 

Ортидан «Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўрур!» дейишлари ҳам шу маънони таъкидлайди. 

Шунинг учун ҳанафий мазҳаби витр намозини вожиб, деган. Бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, деганлар. Аввал кўриб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга борганлар.

ҳанафийларда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейилган. Уларнинг битта далиллари ҳам ушбу ҳадисдир.


Хорижа ибн ҳузофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга бир намозни зиёда қилди. У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир. У ҳам бўлса, витрдир. У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», дедилар
».

Абу Довуд, Термизий ва ал-ҳоким ривоят қилди.

Шарҳ: Ўша пайтда қизғиш туялар арабларнинг энг обрўли моли мулки бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, 

«У сизлар учун қизғиш туялардан ҳам яхшидир», деганлари витр намози қанчалар фазлга эга эканига яна бир далилдир. 

Шу билан бирга у ҳанафийларнинг бу намозни вожиб дейишларини қувватловчи кучли далилдир.

Ушбу ривоятдаги «У зот сизларга уни хуфтондан то тонг отгунча қилди», деган жумладан витр намозининг аввалги ва охирги вақтлари ҳам билинади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечасидаги охирги намозингизни витр қилинглар», дедилар
».

Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Шунинг учун ҳар бир мусулмон кечаси уйқуга ётишдан олдин витр намозини ўқиб ётишни, агар ухлаб қолишдан қўрқмаса, витрни кечаси туриб ўқишни йўлга қўймоғи керак.


Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Оишага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон витр ўқир эдилар?» дедим.
«У зот ҳаммасини ҳам қилганлар: кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам витр ўқиганлар. Вафотларидан аввал у зотнинг витрлари саҳар яқин қолганда эди», деди
».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Мана шу ривоятдан тоқати етган одам витрни тонг отишига оз қолганда ўқиса, афзаллиги келиб чиқади. Тоқати етмаган одам хуфтондан кейин, қачон иложини қилса ўқиб олса бўлаверади.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида Витр ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар
».

Муслим ва Термизий ривоят қилган.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: «Қачон витр ўқийсан?» дедилар. Кечанинг аввалида Витр «ўқийман», деди у. У зот Умарга: «Қачон Витр ўқийсан?» дедилар. «Кечанинг охирида витр ўқийман», деди у. Бас, у зот Абу Бакрга, бу эҳтиёт тарафини олибди, дедилар. Ва Умарга: бу қувват тарафини олибди, дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: ҳа, ким қувват тарафини оладиган бўлса, кечанинг охирида витр ўқийди. Ким эҳтиёт тарафини оладиган бўлса кечанинг аввалида витр ўқийди.


ВИТРНИНГ БАЁНИ


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечасининг намози икки ракат, икки ракатдир. Агар тугатишни хоҳласанг, бир ракат ила витр қил. У сенга ўқиган намозингни витр қилиб беради», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Мана шу ривоят асосида Шофеъий мазҳаби витр намозини аввал икки ракат ўқиб салом бериб, кейин бир ракат ўқиш ҳолатида олган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Витр кечанинг охирида бир ракатдир», деганлар
». 

Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Шофеъий мазҳаби ушбу ривоятни ҳужжат қилиб, витр намозини бир ракат қилиб олганлар. Шу билан бирга витр намози кечанинг охирида ўқилиши афзал экани келиб чиқмоқда.


Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир. Ким беш ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким уч ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин. Ким бир ракатли витр қилмоқчи бўлса, қилсин», дедилар
». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақдир» деганлари, вожиб, маъносидадир. 

Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳанафий мазҳабининг энг кучли далилларидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам витр ҳар бир мусулмон зиммасидаги ҳақ эканини таъкидлаш билан бирга уни неча ракат бўлишига кенг йўл очиб, бир, уч ёки беш ракат бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар. Шулардан бир ракатини Шофеъий мазҳаби, уч ракатини ҳанафий мазҳаби олган.


«Бошқа бир ривоятда: 

«Витр ҳақдир. Бас, ким хоҳласа, етти ракатли витр қилсин, ким хоҳласа, беш ракатли витр қилсин, ким хоҳласа, уч ракатли витр қилсин, ким хоҳласа, бир ракатли витр қилсин», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятни аввалгисидан фарқи, витр намозини етти ракатли бўлиши ҳам мумкинлигидир.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн уч ракатли витр қилар эдилар. Ёшлари катта бўлиб заифлашганларида, етти ракатли витр қилдилар».

Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ушбу ўн уч ракат ичида бомдоднинг икки ракат суннати ҳам бор. Унда витр ўн бир ракатли бўлиб қолади. Ушбу адад бу борада маълум ва машҳурдир.


Толқ ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Бир кечада икки витр бўлмас, деганларини эшитдим
». 

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, бир кечада фақат бир дона Витр намози ўқиш лозим. ҳанафий мазҳаби витр намози вақти хуфтон намози вақтидир, деганлар. Шу билан бирга, аввалги ўтган ҳадисларда ҳам айтилганидек, витр намози кишининг ётишдан олдин ўқийдиган намози бўлиши, агар кечаси туришга ишончи бўлмаса, ўқиб ётиш кераклиги таъкидланган.


ВИТРДАГИ ҚИРОАТ


Абдулазиз ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Оишадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима ила Витр ўқишларини сўрадик. У киши:
«Биринчи ракатда «Саббиҳисма Роббикал аъла»ни, иккинчи ракатда, «Қул йа айюҳал кофирун»ни, учинчи ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Муъаввазатайни»ни ўқир эдилар», деди
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бошқа ривоятлар учинчи ракатда фақат «Қул ҳуваллоҳу аҳад»нигина ўқишлари айтилган.

«Муъаввазатайни» – Фалак ва Ан-Нос сураларидир.

Ушбу ҳадисдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг одатда кўпроқ уч ракат витр ўқиганлари очиқ-ойдин кўринмоқда.


Насаий ва Абу Довуд: 

«Салом берганларидан кейин «Субҳанал маликил қуддус»ини уч марта айтар ва учинчисида овозларини кўтарар эдилар» деган жумлани зиёда қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда витр намозини тамомлагандан кейинги айтиладиган дуо ҳақида сўз бормоқда.


Оиша розияллоҳу анҳодан: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Витрда қироатни ошкора қилар эдиларми ёки махфийми?» деб сўралди. У киши:
«Ўшанинг ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар, гоҳида ошкор қилар эдилар», дедилар
». 

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: ҳадиснинг маъноси аниқ. Витрни таровеҳ намозида ошкора ўқиш тарқалгани ҳаммамизга маълум.


 Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Витрлари нинг охирида, салом берганларидан кейин:
«Аллоҳумма инни аъузу биризока мин сахотика ва бимуъафаика мин уқубатика ва аъузу бика минка. Ла уҳси санаан алайка анта кама аснайта ала нафсика», дер эдилар
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: 

«Эй бор Худоё, албатта, мен Сенинг розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан, паноҳ тиламайман. Сенга мақтовни санай олмайман. Сен Ўзинг Ўзингни қандоқ мақтасанг шундоқсан».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ва Асрда .ВасСамаи ват Ториқ, ва .ВасСамаи затил Буруж, ва шунга ўхшаш давоми...

3872 05:00 / 09.01.2017
1. Ғусл қилиш. 2. Энг яхши кийимларни кийиш. 3. Намозга чиқишдан олдин тоқ ададда хурмо ейиш. 4. Ҳайитни намозгоҳда ёки масжидда адо этиш. 5. Намозга юри6 бориш ва давоми...

989 14:59 / 09 апрель
Намозни қуйидаги нарсалар бузадиМутлақ калом, қасддан берилган салом ва унга алик олиш, ингираш ва унга ўхшаш овозли нарсалар, охират ишидан бошқа сабабла овозли давоми...

14452 05:00 / 04.01.2017
Қози бир йигитни масжидда зуҳд ҳақида гапираётганини эшитиб, шогирдларига quotҚани бу йигитни олдига бориб сўрайликчи Агар бизга жавоб бера олса у билан бирга давоми...

4055 05:00 / 09.01.2017