1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Тиловат саждаси ҳақида

05:00 / 09.01.2017 20022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу фаслда Қуръони каримдаги сажда оятлари тиловат қилинганда сажда қилиш, унинг фазли, ҳукмлари ва бошқа шунга оид масалалар баёни келган ҳадиси шарифлар ўрганилади.

Аввал одатга кўра ушбу масала ҳақидаги ояти карима келтирилмоқда:


Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Албатта, Бизнинг оятларимизга қачон улар билан эслатилсалар, кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида саждага йиқиладиганлар ва Роббиларига тасбиҳ ила ҳамд айтадиганларгина иймон келтирурлар», деган (Сажда: 15).

Шарҳ: Ушбу оятда сажда оятларини эшитиш билан кибр қилмасдан саждага йиқилиб, Аллоҳга тасбиҳ ва ҳамд айтадиганлар ҳақиқий мўминлар, деб васф қилинмоқда. Бу орқали сажда оятларига амал қилиб, улар тиловат қилинганда саждага йиқилиш шариатга киритилмоқда.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон одам боласи сажда оятини қироат қилиб, сажда қилса, шайтон четга чиқиб йиғлайди: «Вой, шўрим қурсин», дейди» дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Вой, шўрим! Одам боласи саждага амр қилинди ва сажда қилди. Энди унга жаннат берилур. Мен саждага амр қилиндим ва бош тортдим. Менга дўзах берилур», дейди
» дейилган.

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Шайтоннинг бадбахт бўлиб, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашининг асосий сабаби, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилмагани эканлиги маълум ва машҳур.

Одам боласининг бахт-саодати эса Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилишидадир. Ана ўша саждалар ичида тиловат саждаси ҳам бор. Чунки ҳар бир тиловат саждасида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақидаги амрига бўйсуниш бор.

Ушбу ҳадиси шарифда баён қилинишича, мусулмон инсон қачон тиловат саждасини қилса, Шайтони лаъиннинг дарди янгиланиб, ҳасади қўзиб четга чиқиб йиғлар экан. Одам боласининг Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб сажда қилиб, жаннатга ноил бўлишидан афсус қилиб, ҳасаддан куйиб ёнар, ўзининг саждага бормагани учун дўзахга тушишига афсус надомат қилар экан.

Демак, инсон боласи бахт-саодатининг асосий манба унинг ўз Роббига қилган саждаси экан.

Шайтон Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди, аммо Аллоҳнинг сажда қилиш ҳақидаги амрини қилмагани учун лаънатга учраган, дўзахи бўлган.

Энди мен ҳам Аллоҳга ишонаман, деб унга сажда қилмай юрган одам болаларининг шайтондан нима фарқи борлигини ўйлаб кўрайлик. 

Эҳтимол, улар шайтондан ҳам бадтардирлар? Чунки Аллоҳ шайтонни саждадан бош тортиши билан дарҳол лаънатлаб, даргоҳидан қувган. Одам боласидан бўлган шайтонлар эса ўзлари учун берилган фурсатдан ҳам фойдаланмай юраверадилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Сажда оятини тиловат қилганда сажда қилиш кераклиги.

2. Одам боласи тиловат саждасини қилганда Шайтон четга чиқиб афсус-надомат қилиши.

3. Тиловат саждасининг фазли.

4. Сажда жаннатга киришнинг омили экани.

5. Саждадан бош тортиш дўзахга кириш омили экани.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ояти бор сурани қироат қилиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам У зот билан сажда қилар эдик. ҳаттоки, биримиз пешонасига жой топа олмай қолар эди».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Сажда оятини тиловат қилган одам сажда қилиши лозимлиги.

2. Сажда оятининг тиловатини эшитган одам ҳам сажда қилиши лозимлиги.

3. Саҳобаи киромларнинг тиловат саждасини тезроқ қилишга ошиқиб, одам кўплигидан пешоналарини саждага қўярга жой топа олмай қолишлари.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, қачон сажда оятидан ўтсалар, такбир айтиб сажда қилар эдилар. Биз ҳам у киши билан сажда қилар эдик. 

Абу Довуд ва ал-ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Қуръон қироат қилиб, сажда оятидан ўтган киши тиловат саждаси қилмоғи лозимлиги.

2. Сажда ояти тиловатини эшитган киши ҳам тиловат қилиши саждаси лозимлиги.

3. Тиловат саждасидан олдин такбир айтилиши.


Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинад: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаж сурасида иккита сажда борми?» дедим. У зот:
«Ҳа ким у икковига сажда қилмаса, уларни қироат қилмасин», дедилар
». 

Абу Довуд, Термизий, ал-ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан ҳаж сурасида икки дона сажда ояти борлиги билинади. Шу билан бирга уларни ўқиган одам сажда қилиши лозимлиги, сажда қилмаса, ўқимаслиги кераклиги билинади. 

Ҳанафий мазҳабида «ҳаж» сурасида битта сажда бор, дейилган. Улар ушбу ривоятда айтилаётган икки саждадан, фақат биттасини олганлар. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни тиловат саждаси вожиб эканига далил ҳам қилганлар.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума куни Бомдод намозида «Алиф лам, мийм танзийлус сажда» ва «ҳал ата алал инсони ҳийнун» сураларини ўқир эдилар». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Жума куни бомдод намози фарзининг биринчи ракатига Сажда сурасини ва иккинчи ракатига Даҳр сурасини ўқиш.

2. Имом фарз намозига сажда ояти бор сурани зам қилса, жоиз бўлиши.

3. Сажда ояти намозда келганда ҳам сажда қилиш.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Сод азийматли» – таъкидланган саждалардан эмас. Батаҳқиқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим». 

Бухорий, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Сод сурасидаги «Бас рукуъ қилган ҳолида йиқилди ва тавба қилди» деган маънодаги оят ҳақида сўз бормоқда. Бу ояти каримада азму-қарор ила сажда қилиш ҳақида амр келмаган. Балки Довуд алайҳиссаломнинг сажда қилганлари ҳақида хабар келган. Шунинг учун уни таъкидланган саждалардан эмас, деб айтилмоқда. 

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни ўқиб сажда қилган ҳоллари ҳам бор. Демак, бу оятни ўқиганда сажда қилиш ихтиёрий бўлади. Кейинги ҳадисда бу масала яна ҳам кенгроқ баён қилинади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб Сод сурасини қироат қилдилар. Сажда оятига етганларида тушиб сажда қилдилар. Одамлар ҳам у киши билан сажда қилдилар. Бошқа бир куни уни қироат қилдилар. Саждага етганларида одамлар саждага тайёрлана бошладилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, у бир Пайғамбарнинг тавбаси, холос. Лекин мен сизни саждага тайёрланганингизни кўрдим», дедилар-да тушиб, сажда қилдилар. Одамлар ҳам сажда қилдилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни саҳобаи киромларга етказишга жуда ҳам ҳарис эдилар. Шу маънода баъзи вақтларда минбардан туриб ҳам уларга Қуръон тиловат қилиб берар эдилар. Баъзи вақтларда Жума намози хутбасида Қуръон суралари ўқиганлари, мисол учун Қоф сурасини тиловат қилганлари маълум.

Ушбу ривоятда ана шундоқ муносабатларнинг баъзиларида минбардан туриб Сод сурасини қироат қилганлари ва унга боғлиқ ишлар ҳақида сўз бормоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, у бир Пайғамбарнинг тавбаси, холос», деганлари, Сод сурасидаги сажда қилинадиган оят Пайғамбарлардан бири, Довуд алайҳиссаломнинг тавбаси ҳақида сўз юритади, холос, деганларидир.

Айнан ушбу жумлага урғу бериб, Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари бу оятда сажда йўқ, деганлар.

Лекин ҳанафий ва Моликий мазҳаблари сажда бор, деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганлар дейишган. 

Имом Термизий баъзи саҳобий ва тобеъинларни ушбу оятда сажда қилганлари кўрилганини ривоят қилган. 

Бошқа бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Довуд тавба учун сажда қилган эди, биз шукр учун сажда қилдик», деганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Минбарда туриб, Қуръон қироат қилиш мумкинлиги.

2. Минбарда туриб, қироат қилаётган одам сажда ояти келгач тушиб, сажда қилиши кераклиги.

3. Минбарда туриб, қироат қилаётган одам сажда оятини қироат қилганини эшитганлар ҳам тиловат саждаси қилиши лозимлиги.

4. Имом ва раҳбар кишилар яхши маънодаги ишга шайланиб қолганларини кўрганда уларга ўзи бош бўлиши.

5. Сод сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловат саждаси қилганлари.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада «Нажм» сурасини қироат қилиб, сажда қилдилар. У зот билан бўлганлар ҳам сажда қилдилар. Фақат бир чол кафтига майда тош ёки тупроқ олиб пешонасига кўтарди ва: «Менга шу ҳам кифоя қилади», деди. Шундан кейин уни кофир ҳолида қатл бўлганини кўрдим». 

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу воқеа Исломнинг дастлабки вақтида, Қуръони карим янги нозил бўлаётган пайтда содир бўлган машҳур ҳодиса. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Маккада мушриклар ва мусулмонлар тўпланиб турган жойда Ван-нажм сурасини қироат қилиб, сажда оятига келиб сажда қилганларида ҳамма у кишига қўшилиб сажда қилган. Мушриклар ҳам Қуръон таъсиридан ўзларини билмай қолиб, сажда қилиб юборганларини сезмай қолганлар. Фақат, Валид ибн Муғийра деган чол кафтига тупроқ олиб туриб, ўшанга пешонасини теккизиб сажда қилган. Бу хабар ҳамма томонга тарқалган. ҳатто, мушрикларнинг зулмидан қочиб ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетган Усмон ибн Мазъун бошлиқ муҳожир мусулмонларга ҳам етиб борган. Улар аҳли Макка мусулмон бўлибди, уларнинг катталаридан бўлган Валид ибн Муғийра ҳам сажда қилибди, деб эшитишган ва тезда Маккага қайтиб келишган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Ван-нажм сурасида сажда ояти борлиги.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша Ван-нажм сурасидаги сажда оятига келганда сажда қилганлар.

3. Ван-нажм сурасидаги сажда оятини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганларида мушриклар ҳам сажда қилгани.

4. Сажда оятига сажда қилмаслик ёмонлигини Валид ибн Муғийрани кофир ҳолида ўлиб кетганидан биламиз. Чунки ҳамма сажда қилганда у кафтига тупроқ олиб пешонасига теккизиш ила кифояланган эди.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ван-нажмда сажда қилдилар. У зот билан мусулмонлар, мушриклар, жин ва инслар ҳам сажда қилдилар». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келмоқда. Фақат бунда жин ва инслар ҳам сажда қилганлари таъкидланмоқда. 

Ушбу икки ривоятда мушрикларнинг сажда қилганларидан баъзи бир кишилар тиловат саждасини таҳоратсиз қилса бўлади, деган фикрни ҳам айтишган. Аммо жумҳур уламолар, тиловат саждаси, худди намоз каби ибодат бўлганидан унга ҳам таҳорат, ҳам сатри аврат, ҳам қибла шарт дейдилар.


Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Абу ҳурайра розияллоҳу анҳу билан Хуфтон намозини ўқидим. Бас, у киши «Изас самааун шаққот»ни қироат қилди ва сажда қилди. Мен:
«Бу нима?» дедим. У киши:
«Бу саждани Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан қилганман ва токи У зотга йўлиққинумча қилавераман», деди
». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойидалар: 

1. Иншиқоқ сурасида сажда ояти борлиги.

2. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисгача Иншиқоқ сурасида сажда ояти борлиги ёки уни намозда ўқилганда сажда қилиш кераклигини билмаганлиги.

3. Сажда ояти намозда тиловат қилинганда унинг учун сажда қилиш кераклиги.

4. Намоз ва бошқа ибодатларда ўзи билмаган нарсани мулоҳаза қилган одам сўраб олиши кераклиги.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ишда ўлгунича эргашиш лозимлиги. Чунки, Абу ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Токи у зотга йўлиққинумча қилавераман» деганлари, ўлгунимча шу саждани қилавераман деганларидир.


Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга «Изас самаъун шаққот» ва «Иқроъ бисми Роббика»да сажда қилганмиз».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоятдан «Иншиқоқ» ва «Алақ» сураларида сажда оятлари борлигини билиб оламиз.


Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Қуръонда ўн бешта сажда оятини ўқитган эканлар. Улардан учтаси «Муфассал»да ва «ҳаж» сурасида иккита сажда бор экан».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: «Муфассал»даги учтаси: Нажм, Иншиқоқ ва Алақ сураларидир.

Ушбу ривоятда келган ўн бешта сажда ояти қуйидагилар суралардан келган:

Аъроф, Раъд, Наҳл, Исро, Марям, ҳаж, Фурқон, Намл, Сажда, Сод, Ҳаа мийм сажда, Ван-нажм, Иншиқоқ ва Алақ.

Ҳанафий мазҳабида ушбу ўн тўртта сурада биттадан ўн тўртта сажда бор, дейилади. 

Ҳаж сурасида иккита сажда борлиги ҳақидаги ривоят улар наздида кучли эмас.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари эса ўн бешта сажда бор дейдилар.


Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн битта (тиловат) сажда қилдим. «Нажм»даги ўшалардан биридир». 

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сажда қилган тиловат саждалари ҳақида сўз юритмоқдалар. Бу бошқа сажда ояти йўқ, дегани эмас. Балки Абу Дардо розияллоҳу анҳу бошқа саждаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилмаганини билдиради, холос.


ТИЛОВАТ САЖДАСИ ҲУКМИ


Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ван-нажмни ўқиб бердим. Бас, у зот унда сажда қилмадилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Имом Дора Қутний:

«Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб биздан бирор киши сажда қилмади» деган жумлани зиёда қилган.


Робийъа ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилди. Бас, сажда оятига етганида тушиб, сажда қилди. Одамлар ҳам сажда қилдилар. Келаси жума бўлганида яна ўша сурани қироат қилди. Сажда (ояти) келганда:
«Эй одамлар, албатта, ҳозир сажда оятидан ўтамиз, бас, ким сажда қилса, батаҳқиқ, тўғри қилган бўлади. Ким сажда қилмаса, унга гуноҳ йўқ», деди.
Умар розияллоҳу анҳу ўзи сажда қилмади
».

Шарҳ: Ушбу ривоятдан кўпчилик уламолар тиловат саждаси суннатдир, деган хулосага келганлар. Уларнинг бу фикрга келишларига қироат саждасига бўлган амрлар фарз даражасига етмагани ҳам сабаб бўлган. Чунки аввал ҳам бир неча бор кўриб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фақат фарз ва суннат бор, вожиб йўқ. Уларда фарз бўлмаган нарса суннат бўлади. Аммо ҳанафий мазҳабида фарз билан суннатнинг орасида вожиб бор.

Тиловат саждасида ҳам ҳанафийларнинг ҳукмни шу тарзда бўлиши иш берган. Улар тиловат саждаси вожиб, деганлар. Чунки сажда оятларининг ҳаммасида қатъий амр сийғаси ёки маъноси бор. Шунингдек, юқорида ўрганган ҳадисларимизда зикри келган амрлар, мушриклар, жин ва инсларнинг сажда қилишлари, ким сажда қилмаса, сажда оятини ўқимасин, дейилишлари, шуни тақозо қилади.


Ибн Умар: 

«Аллоҳ бизга саждани фарз қилмаган магар хоҳласак (қиламиз)», деди». 

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоят тиловат саждаси фарз эмаслигини таъкид қилади ва ҳанафийларга ҳам, бошқаларга ҳам далил бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон (оятлари) саждасида қайта-қайта: «Юзим ўзини куч ва қудрати ила халқ қилган, қулоқ ва кўзини ёрган зотга сажда қилди», дер эдилар».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда тиловат саждаси қилиб турганда ўқиладиган дуо ҳақида сўз бормоқда.

ҳанафий мазҳаби бўйича тиловат саждаси қилмоқчи бўлган одам қўлини кўтармай такбир айтиб, сажда қилади.

Саждада ушбу ривоятда келган дуони ўқийди ва яна такбир айтиб бошини кўтаради. Ташаҳҳуд ва салом бўлмайди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни бомдод билан пешин давоми...

8945 05:00 / 04.01.2017
1. Сувни исроф қилиш.Шаръий ҳожатдан ёки етарлидан зиёд сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув таҳорат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо, кўпчилик давоми...

4768 05:00 / 09.01.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар. Қачон фарз давоми...

3699 05:00 / 09.01.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўқийдиган намозимиз биз учун охирги намоз бўладигандек, дунё билан видолашмоқчи бўлган одамнинг намозидек намоз давоми...

1618 15:36 / 04 октябрь