1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Тижорат молидан қийматини закотга чиқариш

16:22 / 06.06.2018 3861 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сотиб олинган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди, чунки уларнинг орасида шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақатгина сотиш, фойда олиш ниятида харид қилинган нарсагина тижорат моли ҳисобланади.

Уламоларимиз: «Тижоратда иккита асосий унсур: ният ва амал бор», дейишади. Ният – фойда кўриш мақсади бўлса, амал – олди-сотдидир. Ушбу икки унсур бир бўлгандагина, тижорат бўлади. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса, тижорат бўлмайди.

Шунга кўра, биров ўзи учун бирор нарса олиб, уни ишлатиб юрса-ю, яхшироқ фойда чиқса сотиб ҳам юбориш мақсади бўлса, у нарса тижорат моли бўлмайди. Чунки уни аслида ўзи учун олган. Аксинча, сотиб, фойда кўриш ниятида олган нарсасидан ўзи вақтинча, яхшироқ харидор чиққунча фойдаланиб турса ҳам, у нарса тижорат моли ҳисобланади. Аммо ушбу нарсани «Сотмайман, ўзим фойдаланаман», деб ният қилса-ю, фойдаланиб юрса, ўша мол тижорат моли бўлмайди ва ундан закот ҳам бермайди.

Тижорат молларидан закот фарз бўлишининг шартлари ҳам худди пулдаги шартларга ўхшайди, яъни бунинг учун мол нисобга етиши, бир йил тўлиши, қарздан холи бўлиши ва ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши лозим.

Закот бериш вақти келганда тожир қўлидаги ва ҳисоб рақамидаги пулларини, савдога қўйилган молларидан бир йил тўлганини ва одамларга берган қарзларидан қайтиб келишига кўзи етганларини жамлаб ҳисоблайди, сўнгра бунинг икки ярим фоизини закотга чиқаради.

Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбоб-анжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар ҳисобга олинмайди. Тижорат молларининг қиймати закот чиқарилаётган кундаги баҳосида ўлчанади. Закотни тижорат молларининг ўзидан ёки қийматидан чиқарса ҳам бўлади. Аммо камбағалларга фойдалироқ бўлгани учун қийматидан чиқарилса, яхши бўлади.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларда уларнинг қийматини бериш ҳам жоиз. Бир йил тўлгандан кейин камайса, закотнинг ўша камайган миқдордаги улуши соқит бўлади. Закот нисобдадир, афв қилинган нарсада эмас. 

Агар қирқта туяга бир йил тўлгандан кейин ўн бештаси ҳалок бўлса, бинти махоз бериш вожиб бўлади.

Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади. 

Нисобни мукаммал қилиш учун тилла кумушга ва тижорат моллари қиймати ила иккисига қўшилади. 

Нисобнинг йил давомида ноқис бўлгани (камайгани) ҳисоб эмас. Закотни бир йил ва ундан ҳам аввалроқ бериш жоиз.

Шунингдек, бир нисобга соҳиб бўлган киши бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса бўлади («Кифоя»дан).

Бу ерда закотга оид бир неча масала муолажа қилинмоқда. Аввало, закот ва унга ўхшаш молиявий ибодатда бериладиган нарсаларнинг ўзини бермай, қийматини берса ҳам бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларнинг қийматини бериш ҳам жоизлиги ҳақида ҳанафий мазҳабининг уламолари: «Қийматини чиқарса яхши бўлади, баъзи вақтларда қийматини бериш мискин ва фақирлар учун манфаатлироқ бўлади», дейишади. Замондош уламоларимиз бу борадаги барча маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳанафий мазҳабининг тутган йўли ҳозирги замон учун муносиб, деган фикрга келишган.

Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қийматини берса бўладими? Ҳанафий мазҳабида: «Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қиймати берилса бўлади», дейилади. Қиймат ҳар юртнинг ўз нархида ва закот берилаётган куннинг баҳосига қараб бўлади.

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам закотга олинган туялар ичида ўркачи баланд туяни кўриб қолиб, закот йиғувчига аччиқ қилиб, «Сизларни одамларнинг яхши молларини олишдан қайтармаганмидим?» дедилар. «Мен уни садақа туяларидан иккитасининг ўрнига олдим», деди закот йиғувчи».

Бошқа бир ривоятда: «Икки туянинг ўрнига қайтариб олдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар», дейилган. 

Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилган.

Икки туя ўрнига бир туяни олиш қийматни олишга рухсат борлигига далолат қилади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яман аҳлига уларнинг закотлари ва бошқа нарсаларини олгани юборганларида, Муоз уларга: «Менга закотда арпа ва жўхори ўрнига хамийс ёки лабийс кийимларидан беринглар. Бу сизлар учун енгил, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги саҳобалари учун хайрлидир», деган».

Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида зикр қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги кунимизда сут ва сут маҳсулотларидан олинган фойда орқали мол боқаётганлардан кўпроқ бой бўлаётганлар оз эмас. Яйловда мол боқиб бой бўлишдан кўра, бир давоми...

3080 05:00 / 14.01.2017
Бу икки тоифа бирбирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар давоми...

3515 14:30 / 13.04.2022
Фуқаҳоларимиз, .Закот мусулмон, балоғатга етган, оқил, ҳур, махсус нисобга ва шартларга эга мол соҳибига фарз бўлади,, деганлар. Мусулмон, балоғатга етган, оқил давоми...

6097 05:00 / 14.01.2017
Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади Унинг шартлари қандайНақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим1. Пул нисобга давоми...

7437 16:57 / 05.06.2018
Аудиолар

135368 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55616 14:35 / 11.08.2021