1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўза тутишни бошлаш ва тугатиш ҳилолни кўриш билан бўлур

18:00 / 18.04.2020 5687 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1210. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Уни кўрмагунингизча оғиз очманглар. Агар сизлардан у булут билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб, рўза тутинглар ва уни кўриб, очинглар. Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, ўттиз кунни тамомланглар», дейилган.

Бухорийнинг лафзида эса: 

«Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, Шаъ­бонни ўттиз (кун)ни тамомланглар», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: 

«Агар сизлардан булут-ла тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятлардан Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда.

Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб, янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойи тўлиқ ўттиз кунга етказилиб, кейинги кундан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, рўза тугагани ва эртасига ийд эканлиги эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, ўттизинчи кун ҳам рўза тутилиб, кейин ийд қилинади.

Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таолонинг иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Айни шу ишни мусулмонларгина амалга оширадилар. Улар йилнинг ўн икки ойини ҳисоблашни ҳам ҳилолни кўриб бошлайдилар, ҳилолни кўриб, унинг тамом бўлганини эътиборга оладилар. Ойнинг ер куррасига ва ундаги мавжудотларга, жумладан, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши ҳаммага маълум. Шундай экан, нима учун ойларни ҳисоблашда унинг таъсири бўлмаслиги керак?

Энди мусулмонлардан бошқаларнинг ой ҳисобида мантиқ бор ёки йўқ эканлигини бир ўйлаб кўрайлик. Бир йил, балки бир неча йил олдин қайси ойнинг қачон бошланишини белгилаб қўйиб, ўша кунни ойнинг охири, ўртаси ёки бошқа пайти бўлишига қарамай, «ой боши» деб аташлари мантиққа тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди.

Шунинг учун фақат мусулмонча ой ҳисобинигина тўғри ва табиий, дея оламиз. Вақт ҳисобига ойни ўлчов қилиб олишда кўплаб ҳикматлар бор.

Аввало, ой борлиқдаги энг катта аломатдан бири ҳисобланади. Ўшандай катта аломатни кўриб, рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф унга ўзгартириш кирита олмаслигини таъминлайди. Ҳамма бандалар баробар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри бўлмиш рўзани бошлаш ёки тамомлаш учун Аллоҳнинг ана шу буюк белгисига – ойга қараб турадилар.

Иккинчидан, ой йилида янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар йилги Рамазон ойи аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йил давомида йилнинг ҳамма вақтида Рамазон рўзаси тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада доим қулай, бошқасида эса доимо ноқулай шароитга тўғри келиб қолмайди.

Учинчидан, ойни кўриб, рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирликлари рамзи ҳамдир. Яна бошқа ҳикматлар ҳам кўп. Лекин ҳақиқий ҳикматларини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

1211. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, биз уммий умматмиз, ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ой мана бундай, мана бундай бўлур», дедилар.

Яъни бир марта йигирма тўққиз, бир марта ўттиз, (демоқчилар)». 

Учовлари ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Уммий» дегани «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ёзмаймиз» деганлари ўша пайтдаги арабларнинг умумий ҳолини эътиборга олиб айтилгандир. Аслида эса араблар ичида ўша вақтда ҳам ўқиш-ёзишни биладиган кишилар бўлганлиги маълум ва машҳур. Ана шу оз сонли кишилардан баъзиларининг Қуръони Каримни Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзиб борганликлари ҳам собит ҳақиқатдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳисобламаймиз» деган сўзни мунажжимлик ҳисобларини эътиборга олган ҳолда айтганлар.

Шунингдек, бу ҳадиси шарифдан ой баъзида йигирма тўққиз кун, баъзида ўттиз кун бўлишини билиб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни икки қўлларининг бармоқлари билан ишора қилиб англатганлар. Бир марта ўнта бармоқларини уч марта қайта-қайта кўрсатиб, ўттиз кунни, иккинчи мартасида икки марта тўлиқ ва бир марта бир бармоқларини букиб, йигирма тўққизни ифода қилганлар.

1212. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга хотинларидан ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга: 

«Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?» дейилди. У зот: 

«Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлади», дедилар». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Имом Муслим: 

«Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини уч марта – икки мартасида ҳамма бармоқларини, учинчисида эса тўққиз бармоқни букиб кўрсатдилар», деган жумлани зиёда қилган.

Шарҳ: «Ийло» сўзи шариатда эркак кишининг маълум вақт хотини олдига кирмаслик ва унга яқинлик қилмаслик ҳақида қасам ичишини англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида оналаримиз розияллоҳу анҳоларнинг олдиларига бир ой давомида кирмасликка қасам ичганлар. Йигирма тўққиз кун улардан бирорталарининг ҳам олдиларига кирмаганлар.

Сўнгра эса мана шу ривоятда баён қилинганидек, кириб келганлар. Шунда «Бир ой ўттиз кун бўлади-ку. Нима учун бир ойга ийло қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у муддат тамом бўлмасдан, аёллари олдига кириб келдилар?» деган савол пайдо бўлган. Баъзи кишилар буни Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эслатганларида У зот ой гоҳида йигирма тўққиз кун бўлишини, ўша ой йигирма тўққиз кунлик бўлганлиги туфайли бир ойга қилган ийлолари бузилмаганини билдирганлар.

Демак, Рамазон ойи ҳам гоҳида йигирма тўққиз, гоҳида ўттиз кун бўлар экан. Буни эса ҳилолни кўриш билан аниқланади.

1213. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят іилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Икки ийд ойлари – Рамазон ва Зулҳижжа (биргаликда) нуқсонли бўлмас», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида бир неча хил таъвиллар айтганлар. Биз ўрганаётган ушбу бобга тегишли таъвилда эса икки ийд ойлари – Рамазон ва Зулҳижжа бир йилда баробарига нуқсонли, яъни йигирма тўққиз кунлик бўлмаслиги айтилган. Бири йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин, лекин иккаласи ҳам баробар бўлмайди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар .Заҳабаз замаъу ва баталлатил уруқу ва сабатал ажру иншааллоҳ,, яъни давоми...

4480 05:00 / 11.01.2017
Ўн бир ой кутганди ташрифингни жон,Ўн бир ой безанмиш сен учун Жинон,Соғинчинг қонмасдан, тушдику ҳижронАлфироқ, кечалар Алфироқ, айёмАлвидо, Рамазон Алвидо, давоми...

3818 05:00 / 14.01.2017
Янги ойни кўриш ва рўзани бошлашСАВОЛ Мусулмонлар Рамазон рўзасини янги ойни кўриб тутадилар. Янги ойни, ҳилолни кўришнинг нима ҳикмати борЖАВОБ Мусулмонларнинг давоми...

6815 05:00 / 13.01.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва давоми...

3983 05:00 / 14.01.2017