1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

ЛАЙЛАТУЛ ҚАДР ҲАҚИДА

05:00 / 11.01.2017 28974 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

....Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир. Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар. Исломда эса, байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биттаси....

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида тушурдик. Қадр кечаси қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни ила барча иш билан тушурлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турур», деган (Қадр. 1-5).
Шарҳ: Сураи кариманинг номи ҳам биринчи оятдаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи «Лайлатул Қадр»дан олинган.
Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.
Чунки Лайлатул Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Лайлатул Қадр кечасига бағишлангандир.
Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, арақхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.
Исломда эса, байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш «Лайлатул Қадр» кечаси шулардан биттаси.
Чунки худди шу кечада Қуръони карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.
«Қадр» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмат - уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ


1. «Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».
Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир.
Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Лайлатул Қадр кечасида содир бўлганини ушбу ояти карима очиқ-ойдин айтиб турибди.
Қуръон Карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.
Демак, бу ояти кариманинг маъноси - Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Лайлатул Қадр кечасида туширдик, дегани бўлади.


2. «Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?»
Яъни унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.


3. «Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир».
Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.
Шу оят тафсирида Аллома Ибн Касир жумладан қуйидагиларни ёзганлар:
«Бир киши силоҳ олиб, минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб:
«Эй, Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.
«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».
Лайлатул Қадрнинг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:


4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».
Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Лайлатул Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилинган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Лайлатул Қадр кечасининг шарафини оширади.
Лайлатул Қадрнинг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:


5. «У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».
Яъни Лайлатул Қадр кечаси тонг отгунча салом-тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар.
Бу кечани бедор ўтказиш–намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кечани қоим бўлиб ўтказишдаги «қоим» лафзи луғатда тик туриш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, кечани ибодат ила ухламай ўтказишга айтилади.
Лайлатул Қадрни бедор ўтказиш қандоқ бўлади, деган саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар.
Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак.
Чунки ҳадисда ким Хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган.
Бошқа бир ҳадисда эса, ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечанинг яримини бедор ўтказган бўлади, дейилган.
Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикру дуо қилиб чиқиш керак.
Ана шунда кечани бедор ўтказилган бўлади ва ҳадисда Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда - ўтган гуноҳларнинг мағфират бўлишига эришилади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, у зот худди ўз умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда, Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди». Имом Молик ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлгани учун кўп амали солиҳ қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билганларидан кейин, у зотга ўз умматларининг умри қисқа кўриниб кетган. Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлганида улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Лайлатул Қадрни берган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Лайлатул Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни уммати Муҳамммадия биргина Лайлатул Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.
Уламоларимиз уммати Муҳамадияга Лайлатул Қадрнинг берилиши ва «Қадр» сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни келтирганлар. Биз ҳам ўшалардан баъзиларини эслаб ўтсак фойдадан холи бўлмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларга қўйидаги ривоятни айтиб берибдилар:
«Аллоҳ таоло ўтган подшоҳлардан бирига мингта ўғил берган экан. У ўз ўғилларидан бирини жиҳодга тайёрлар ва жангга юборар эди.
Ўғил чиқиб, бир ой жиҳод қилиб, шаҳид бўлар эди. Сўнгра подшоҳ бошқа ўғлини жиҳодга юборар эди. У ҳам чиқиб, бир ой жиҳод қилгандан сўнг шаҳид бўлар эди.
Шундай қилиб, ҳаммалари шаҳид бўлибди. Подшоҳнинг ўзи эса, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр-қилар экан. У катта лашкар тўплаб, ўзи бошлиқ бўлиб жиҳодга чиқибди. Ва ниҳоят ўзи ҳам шаҳид бўлибди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қиссани эшитган саҳобалар ҳалиги подшоҳга ҳавас қилибдилар. Ўшанга ўхшаш улуғ ишлар қилишни хоҳлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга минг ойдан яхши қилиб, Лайлатул Қадрни берди.
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил Пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлмаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда У зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва:
«Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди. Ва У зотга: «Иннаа анзалнаҳу фии Лайлатул Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:
«Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».
Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан.
Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда, Аллоҳ Лайлатул Қадрни нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу уларнинг умрлари қисқа бўлгани эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».
Демак, Лайлатул Қадр кечасини топишга жиддият ила ҳаракат қилмоғимиз лозим. Хўш, у кеча қайси кечадир?

У РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЎН КЕЧАСИДАДИР

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Лайлатул Қадр борлигидандир.
Биз ҳам ўз севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечаси ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:
«Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Лайлатул Қадр борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Лайлатул Қадрни топиши муқаррар.
Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Имкони бор ҳар бир киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Лайлатул Қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўрдилар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Мўмин кишининг туши ваҳий кабидир. Азон саҳобалар кўрган туш сабабли шариатга киритилганини аввал ўрганиб ўтган эдик. Мана энди саҳобаи киромларнинг тушлари Лайлатул Қадр кечасини аниқлашга ёрдам бермоқда. Шу туфайли ўн кечадан етти кечага қисқартириб, ўша етти кечадан Лайлатул Қадрни излашга тарғиб қилинмоқда.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга биноан Лайлатул Қадрни топиш учун Рамазони шарифнинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларида излаш керак бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадрни Рамазонни охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда», дедилар. Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятга биноан Лайлатул Қадрни йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларда излаш керак бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. Сўнгра ўрта ўн кунликда эшиги бўйрадан бўлган кичик қубба ичида эътикоф ўтирдилар. Кейин бўйрани қўллари билан олиб, қуббанинг бир томонига сурдилар-да бошларини чиқариб, одамларга гапирдилар. Улар у зотга яқинлашдилар. Шунда, у зот:
«Мен ушбу кечани излаб аввалги ўн кунликда эътикоф ўтирдим. Сўнгра ўрта ўн кунликда эътикоф ўтирдим. Кейин туш кўрувдим, менга у (кеча) охирги ўн кунликдадир, дейилди. Бас, сиздан ким эътикоф ўтирмоқчи бўлса, ўтирсин», дедилар.
Шунда одамлар у зот билан эътикоф ўтирди. У зот:
«Менга тушимда унинг тоқ кеча экани ва унинг тонгида лой ва сувга сажда қилишим кўрсатилди», дедилар.
Бас, йигирма биринчи кеча тонги отиб, Бомдод намози бўлганида осмондан ёмғир ёғди. Масжидга чакка ўтди. Лой ва сувни кўрдим. Бас, у зот масжиддан пешоналари ва бурунларининг учи лой ва сув бўлган ҳолларида чиқдилар. Қарасам, у охирги ўн кунликдан йигирма биринчи кеча экан». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бошқа бир ривоятда:
«Менга Лайлатул Қадр кўрсатилди. Сўнгра эсимдан чиқарилди. Менимча, унинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Йигирма учинчи кечада ёмғир ёғди».
Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг бир бурчагида бўйраларни тиклаб, бир кишилик қубба ясаб олиб, эътикоф ўтирганлар. Жамоат намози вақти бўлганда чиқиб, намозга ўтганлар ва яна қуббага кириб, ибодатда давом этганлар.
Ушбу ривоятда келишича, бир йили Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида кичик қубба ичида эътикоф ўтирганлар. Учинчи-охирги ўн кунлик келганда эса, қуббанинг бўйрадан бўлган эшигини очиб бошларини ташқарига чиқарганлар. Масжидда ўтирган кишилар бу ҳолни кўриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келганлар.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Лайлатул Қадрни излаб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирганлари, аммо тушларида у кеча охирги ўн кунликда экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ У зот тонгда лой ва сувга сажда қилишлари кўринганини сўзладилар. Сўнгра одамларни ҳам эътикоф ўтиришга тарғиб қилдилар.
Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавийнинг томига хурмо шохлари ёпилган эди, холос. Ёққан ёмғирнинг кўп қисми масжиднинг ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари ва бурунлари учига лой ва сув тегди. Кишилар дарҳол Лайлатул Қадр аломатини эсладилар. Қарашса, йигирма биринчи кеча экан.
Бу ҳолдан воқиф бўлган уламоларимиз Лайлатул Қадр бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар. Шунинг учун у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат ила ўтказса, шубҳасиз, уни топган бўлади. Зотан, Лайлатул Қадрни маълум бир кечага тайин қилмасликдан мурод ҳам, кишилар бир кечага эътимод қилиб қолмасдан Рамазони шарифнинг барча кечаларида ибодат қилиб, кўпроқ ажри савобга эришсинлар, дейишликдир.

У ЙИГИРМА ЕТТИНЧИДА ЭКАНИ МАШҲУР

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Убай ибн Каъбдан: «Биродаринг Ибн Масъуд, ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади», дейдими?» деб сўрадим.
«Унга Аллоҳ раҳм қилсин. Одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида у батаҳқиқ у(кеча)нинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини билган», деди.
Сўнгра, иншааллоҳ, демасдан қасам ичиб, у йигирма еттинчи кеча эканини айтди.
«Буни нимага асосланиб айтмоқдасан, эй Абу Мунзир?» дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқадир», деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Абу Довуднинг лафзида: «Аломати нима?» дедим.
«Ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб ёғду сочмай чиқади, деди», дейилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зирр ибн Ҳубайш ибн Ҳабаша ибн Авс ал-Асадий. Улуғ тобеъинлардан бўлиб, жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам яшадилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмадилар.
Қуръон олими ва фозил зотлардан эдилар. Ҳатто Ибн Масъуд ҳам араб тили ҳақида шу зотдан сўрар эдилар.
У киши Куфада истиқомат қилдилар. Ҳаммаси бўлиб 120 йил умр кўрдилар.
У зот ҳижратнинг 83-йили Жаможим воқеасида вафот этдилар.
У зот ҳадисларни Умар, Усмон, Али, Абу Зарр, Ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Авф, Аббос, Убай ибн Каъб, Сафвон ибн Ассол, Оиша онамизлардан ривоят қилдилар.
Одатда қасам ичганда, иншааллоҳни қўшиб қўйиш орқали бироз енгиллик яратиш, мабода гап нотўғри бўлиб қолса, гуноҳкор бўлмаслик кўзда тутилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Лайлатул Қадр кечаси Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида эканига иншааллоҳни қўшмай қасам ичишлари эса, бунга қаттиқ жазмлари борлиги, масалани аниқ билишларига далолат қилади.
Абу Мунзир, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Абдуллоҳ ибн Масъуд одамларга Лайлатул Қадрни йил давомида излаш керак, деб айтар эканлар. Ушбу фикрни бошқа кишилар ҳам айтганлар.
2. Бу фикрни айтишдан мақсад кишилар маълум бир кеча ёки кечаларга эътимод қилиб, ўшаларнигина бедор ўтказиб, йилнинг бошқа кечаларини ибодатсиз, бепарво бўлиб ўтказмасин, деганлари экан.
3. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Лайлатул Қадр Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечаси эканига жазм қилганлар.
Бутун Ислом уммати ичида ҳам ушбу фикр машҳур. Бу фаслнинг номи ҳам шунга далолат қилмоқда.
4. Ўзи аниқ билиб, жазм қилган нарсага иншааллоҳ, демай қасам ичса ҳам бўлавериши.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Лайлатул Қадрнинг аломати борлиги ҳақида хабар берганлари.
6. Лайлатул Қадр бўладиган кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга ёғду сочмай чиқиши.
Чунки ўша пайтда фаришталар кўплаб чиқиб-тушиб турганлари учун, қуёшнинг ёғдусини тўсиб қўяр эканлар.
Демак, Рамазони шарифнинг барча кечаларида бедор бўлиб, ибодат қилишга уриниш билан бирга йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор бериш керак.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Рамазони шарифнинг йигирма еттинчи кечасида бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим.
Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак.
Ўша кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, тиловати Қуръон ҳам илтижо, тазарруъ дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак.
Бу ишни ҳар бир шахс, ҳар бир оила, ҳар жамоа, ҳар бир қавм яхшилаб йўлга қўйиши керак. Зотан баъзи бир ҳолларда Лайлатул Қадр кечасини бедор ўтказишга уринишлар йўқ ҳам эмас. Аммо ўша уринишларда таом, шароб, бекорчи гап-сўзлар ғолиблик даражасига кўтарилиб қолмаслиги керак.
Лайлатул Қадр кечасида намозларни, албатта, жамоат билан ўқиб, қолган вақтда нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикру дуо қилиш, диний илм ўрганиш билан машғул бўлмоқ керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон рўзаси ҳақидаСАВОЛ Рамазон нима дегани, унинг рўзаси қачон фарз қилинганЖАВОБ Рамазон сўзини араблар қадидан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий давоми...

13624 05:00 / 13.01.2017
Рамазон ойида нотўғри овқатланиш инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, рўзадорлар соғлом овқатланиш давоми...

2507 09:31 / 11 март
Ассалому алайкум. Ва алайкум ассалом. Қалайсиз ака... Яхши, уфф чанқаб кетдим, анаву крандан бир пиёла сув қуйиб узатиб юборинг. Ия, рўзамасмисиз ака Рўза фарзку Э, давоми...

5493 13:58 / 06.04.2022
Ўзбекистон радиосининг .Оқшом тўлқинларида, ахборотмусиқий эшиттириши орқали берилган ушбу ваъз, Тошкентдаги .Тилла Шайх, масжидида ийдmdash Рамазон намози олдидан давоми...

3559 05:00 / 14.01.2017