1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Икки дунё саодати учун

20:47 / 05.06.2017 7595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Иймон ва солиҳ амал дунё ва охират саодатига эриштирувчи энг муҳим омил ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Наҳл» «»2211 «Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси,  97-оят).

Иймон тақозоси ила қилинадиган амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминлайди. Албатта, мўмин кишининг яхши амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади. Охиратда чиройли ажру савоблар билан мукофотланади. Бунинг сабаби маълум. Чунки солиҳ амал берадиган, қалблар ва ахлоқ, дунё ва охират ўртасини мутаносиблаштирадиган соғлом иймон билан, Аллоҳ таолога иймон келтирган мўминларда ўзларига қувонч ва яйраш сабаблари ҳамда безовталик ва қайғу сабабларини олиб келадиган барча асослар бордир.

 Мўминлар қувончни илтифот ва шукроналар билан қабул қилади. Фойдали бўлган йўлларда истеъмол қилади. Бу услубда истеъмол қилиш ушбу қувонч билан ҳаяжонланиш, унинг давомийлиги, баракоти ва шукроналар айтган кишиларнинг савобларини умид қилишнинг кўплаб яхшиликлари ва баракотларини пайдо қилади.

Мўминлар қийинчилик, зарар, қайғу ва ғамларни имкони бориша қаршилик кўрсатиш, енгиллаштириш ва сабр қилиш билан қаршилайдилар. Уларда бу қийинчиликлар оқибатида фойдали қаршилик, тажриба, қувват, сабр ва савобларни умид қилиш ҳосил бўлади. Савоблар эса, қаршисида барча машаққатлар йўқ бўлиб, ўрнига қувонч, ширин орзулар ва Аллоҳнинг фазли ва савобига бўлган умид тушадиган буюк нарсалардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Мўминнинг барча ишлари хайрли эканига ҳайрон қоламан. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу у учун хайрлидир. Агар мусибат етса, сабр қилади ва бу ҳам у учун хайрлидир. Бу фақат мўмин учунгинадир» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминнинг бошига қувонч ва қайғуларнинг келишига қараб, яхшиликлари ва амалларининг самаралари кўпайиб боришидан хабар бердилар. Шунинг учун ҳам, одамлар иймон ва амалларда фарқли бўлганлари каби яхшилик ва ёмонлик етган пайтларда ҳам фарқли ҳолатларда бўладилар. Мўминлар яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам сабр ва шукроналар билан кутиб олади. Натижада қайғу, алам ғамлари ундан арийди, бу дунёда осуда ҳаёт кечиради.

Қалбида иймони бўлмаган кимсалар яхшиликларни кибр ва туғён билан қарши олади. Ахлоқида, муносабатларида ўзгаришлар пайдо бўлади. Дунёга ҳарислик ва очкўзлик унинг нафсини безовта қилади. У нафсининг чегара билмаслиги оқибатида  ҳосил бўладиган ёки бўлмайдиган дунё ишлари билан туну кун овора бўлади.  Боши тушган ёмонликларни эса, қайғу, алам ва доду фарёдлар билан кутиб олади. Ташвишлар, фикрий ва асабий хасталиклар, ишларида савоб умид қилмагани, сабрли бўлмагани уни бу дунё ҳаётида азоб-уқубатлар чекишига олиб келади.

Иймони тақозо этган нарсаларга амал қилган мўмин билан, амал қилмаган киши ўртасидаги фарқни янада яхшироқ тушунишимиз учун мисол келтирамиз. У ҳам бўлса, диннинг Аллоҳ берган ризқи, бандаларига берган турли-туман фазли ва карамига қаноат қилишга ундашидир.

Мўмин касаллик, камбағаллик ёки шунга ўхшаш ҳолатларда ўз иймони, қаноати ва Аллоҳ таолонинг берган қисматига рози бўлгани учун ҳам доимо хурсанд бўлади. Унинг нафси ўзи учун тақдир қилинмаган нарсаларни талаб қилмайди. Шунингдек, иймон тақозоси билан амал қилмаган киши камбағал бўлса ёки дунёвий манфаатлардан бирортасини йўқотса, ўта бахтиқаро бўлганини кўрасиз.

Бошқа бир мисол: мўмин хатарли ва аламли лаҳзаларда иймони соғлом, иродали, ўзининг фикрлари, сўзлари ва бошқа ҳаракатларини тадбирлаш ва юритишда саботли бўлади. Бу эса, инсоннинг қалбини хотиржам қилиб, қувонтиради.

Иймони бўлмаган кишида эса бунинг акси бўлади: хатарли пайтларда сиқилади, асаблари бузилади, фикрлари парчаланади, вужудини қўрқув эгаллаб олади. Бунинг сабаби эса, уларни оғир ва қайғули лаҳзаларда сабрли бўлишга ундайдиган иймоннинг йўқлигидир.

Яхши ва ёмон, иймонли ва кофир бўлган инсонлар жасурликни касб қилиш ва хатарларни енгиллаштирадиган хилқатда муштаракдирлар. Лекин мўмин иймоннинг қуввати, сабри, Аллоҳга бўлган таваккули ва суяниши ҳамда Аллоҳнинг савобини умид қилиши каби шижоатини зиёда қиладиган, хатарнинг юкини ва мусибатларни енгиллаштирадиган нарсалар билан ажралиб туради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар сизлар аламни чексангизлар, улар ҳам сизлар каби аламни чекадилар. (Лекин), сизлар Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсаларни умид қиласизлар» (Нисо сураси, 104-оят).

Мўминлар билан хатарларни парчалаб ташлайдиган Аллоҳ таолонинг ҳамроҳлиги, ёрдами ва мадади давомийдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этинглар! Тортишманглар, шавкатингиз йўқолади. Сабр қилинглар, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир» (Анфол сураси, 46-оят).

2. Безовталик, қайғу ва аламни кетказадиган сабаблардан бири, сўз, ҳаракат ва барча яхшиликлар билан эҳсон (яхшилик) қилишдир. Аллоҳ таоло яхши одамдан ҳам, ёмон одамдан ҳам қилган яхшиликларига қараб қайғу ва ғамларини кетказади. Бироқ, мўминнинг бу борада ҳам кўп насибаси бор. Унинг яхшиликлари самимийлик ва савобни умид қилиш билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мўминга, яхши нияти сабаб  яхшилик қилишни енгил қилади. Ихлос ва савобни умид қилишига қараб зарарларни даф қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Уларнинг пичирлаб қилган маслаҳатларида яхшилик йўқдир. Яхшилик, фақатгина, садақага, яхшиликка буюрган кишилардагинадир. Аллоҳнинг розилигини умид қилиб, шу ишларни қилган кишиларга тез кунда катта ажрлар берамиз» (Нисо сураси, 114-оят).

Аллоҳ таоло бу ишлар, шу ният билан қилган кишилардан содир бўлсагина яхшилик бўлишидан дарак берди. Яхшилик яхшиликни келтиради ва ёмонликни даф қилади. Савоб умидида бўлган мўминга Аллоҳ таоло катта ажр беради. Алам, ғам ва қайғунинг йўқолиши ҳам катта ажрлардандир.

3. Асабларнинг таранглиги ва баъзи мусибатлар сабабли қалбнинг машғул бўлишидан вужудга келган безовталикни даф қилиш сабабларидан бири, фойдали бўлган иш ва фикрлар билан машғул бўлишдир. Бу қалбни безовта қилган нарсалардан чалғитади. Гоҳида у шу сабабли қайғу ва аламга сабаб бўлган нарсаларни унутади ва қувониб, ишлардаги фаоллиги ортади. Бу сабаб мўмин ва кофир ўртасида муштаракдир. Бироқ, мўмин иймони, ихлоси (самимийлиги), ўргатиш, ўрганиш ва қилаётган хайрия ишлари: ибодат бўлса ибодат, дунёвий ишлар ёки одатлар, яхши ният ва Аллоҳ таолодан Ўзи учун бўлишида ёрдам сўраши билан ажралиб туради.

Шунинг учун ҳам, буларнинг ғам, қайғу ва аламларни кетказишда катта таъсири бордир. Безовталик ва мусибатлар сабабли турли касалликларга мубтало бўлган қанча-қанча одамлар борки, унинг фойдали давоси − шу безовталикка олиб келган сабабларни унутиш ва муҳим ишлар билан шуғулланишдир.

Табиийки, шуғулланиладиган иш одамнинг қалби ҳоҳлаган ва муштоқ бўлган иш бўлиши керак. Шундагина фойдали мақсадга эришиш осон бўлади.

4. Безовталик ва ғамни кетказадиган сабаблардан бири, фикрни кундалик ишлар учун жамлаш, келажакда бўладиган нарсалар ва ўтмишда бўлган қайғулар ҳақида ўйламасликдир. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам ва қайғудан паноҳ сўрадилар. «Қайғу» − қайтариш ва топиш мумкин бўлмаган ва ўтмишда бўлиб ўтган ишлардир. «Ғам» эса, келажакда бўладиган хавф сабабли пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам, банда бугунининг кишиси бўлиб, у куннинг ислоҳи учун барча куч-қувватларини жам қилади. Зеро, бунинг учун қалбни жам қилиш амалларни жам қилишни тақозо этади. Банда шу билан ғам ва қайғуларидан тасалли олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар ёки умматларига дуо ўргатмоқчи бўлсалар, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш ва унинг фазлини умид қилиш билан бирга дуода ҳосил бўлишини умид қилган нарса ва даф бўлишини умид қилган нарсасидан қутулиш учун ҳаракат қилишга ундар эдилар. Чунки дуо ва ҳаракат бир-бирига боғлиқдир. Банда дин ва дунёда фойдали бўлган нарсаларга интилади. Роббисидан мақсадининг муваффақияти учун ёрдам сўрайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сизга фойдали бўлган нарсалар учун тиришинг. Аллоҳдан ёрдам сўранг ва қўрқманг! Сизга бирон бир мусибат этса: «Агар ундай қилсам, бундай бўлар эди» деб айтманг. Балки Аллоҳ шундай тақдир қилибди, У ҳоҳлаган нарсасини қилади», деб айтинг. Чунки «агар» сўзи шайтоннинг ҳаракат йўлларини очади".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ҳолатда фойдали ишларга буюриш, Аллоҳдан ёрдам сўраш ва зарарли ялқовлик бўлган ожизликка бўйинсунмаслик билан ўтган ишларга бўйинсуниш ва Аллоҳнинг қазо ва қадарини мушоҳада қилиш ўртасини жам қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни икки қисмга айирдилар.

Биринчи қисм, банда бутунлай ёки қисман эришиш ёки даф қилиш ёки енгиллатиш учун ҳаракат қилиши мумкин бўлган ишлар. Банда бу ишларда ўз ҳаракатларини қилиши ва Роббисидан ёрдам сўраши мумкин.

Иккинчи қисм, банда ҳаракат қилса-да, бўлиши муқаррар бўлган ишлар. Банда бу ишлар учун рози ва таслим бўлади. Шубҳасиз, бу асосга риоя қилиш қувониш ҳамда ғам ва қайғуларнинг йўқолиш сабабларидандир.

5. Хотиржамлик ва қалбнинг сурурига сабаб бўладиган нарсалардан бири, Аллоҳ таолони кўп эслашдир. Кўп эслашнинг хотиржамлик, қалбнинг сурури ва қайғу ва ғамларни кетказишда катта таъсири бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Билингларки, Аллоҳни эслаш билан қалблар хотиржам бўлади» (Раъд сураси,  28-оят).

Банда Аллоҳ таолонинг савоби ва розилигини умид қилгани учун ҳам,  У Зотнинг зикрини бу ишларда катта фойдаси бор.

6. Аллоҳнинг зоҳирий ва ботиний неъматлари ҳақида гапириш ҳам қалбнинг хотиржамлиги ва суруридир. Бу неъматларни билиш ва улар ҳақида гапириш билан Аллоҳ таоло ғам ва қайғуларни даф қилади. У Зот неъматларига шукр қилишга ундайди. Зеро, шукр неъматларнинг энг олий мақомларидан биридир. Ҳатто фақирлик, касаллик ва бундан бошқа мусибатлар ичида бўлса-да, банда Аллоҳ таолонинг берган ҳисобсиз неъматлари билан бошига етган мусибатни таққослар экан, мусибатнинг неъматлар олдида асари ҳам қолмайди. Яратганнинг имтиҳон учун берган қийинчилик ва мусибатлари сабрли, тақдирга бўйинсунган банда учун енгил бўлади. Банданинг мусибатлар эвазига ажру савоблар олиши, Аллоҳ таолога сабр ва розилик каби вазифаларни ибодат қилиб адо этиши, аччиқ нарсаларни ширин нарсаларга айлантиради. Ажру савобнинг ҳаловати сабрнинг аччиқликларини унуттиради.

7. Бу мавзудаги энг фойдали бўлган нарса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган ҳадиси шарифдир: «Сизлар ўзингиздан пастдагиларга қаранглар, ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Чунки Аллоҳнинг сизга берган неъматларини камситишингиз мумкин». Банда ўзидан пастдагиларга қараса, ўзини махлуқотлар ичида қандай ҳолатда бўлмасин, нақадар юксак эканини билади. Унинг безовталиги, қайғуси ва ғамлари йўқолиб, Аллоҳ таолонинг буюк неъматларига бўлган сурури ва қувончи зиёда бўлади. Банда Аллоҳ таолонинг зоҳирий ва ботиний, диний ва дунёвий неъматлари ҳақида тафаккур қилар экан, Роббисининг кўп яхшиликларни бериб, кўп ёмонликларни даф қилганини билади. Шубҳасиз, бу нарса ғам ва қайғуларни кетказиб, қувончларни келтиради.

8. Инсон қувончини тақозо этиб, ғам ва қайғуларни кетказадиган сабаблардан бири, ғам ва қайғуларга сабаб бўлувчи омилларни йўқотиш ва қувончни келтирадиган сабабларни ҳосил қилишга интилишдир. Бу эса қайтариш мумкин бўлмаган нарсаларни унутиш ва улар билан фикрни чалғитмаслик билан бўлади. Шундагина инсон қийинчиликлар ҳақида фикр юритиш ўрнига келажакда дуч келиши мумкин бўлган камбағаллик, хатар ва бундан бошқа нарсалардан безовталанишга қарши курашади. Натижада, келажакда рўй берадиган яхшилик ёки ёмонлик, умид ёки аламлар номаълум экани, уларнинг барчаси Азиз ва Ҳакийм бўлган Аллоҳ таолонинг қўлида эканини тушунади. Бандалар эса яхшиликларга эришиш ва ёмонликларни даф қилиш учун тиришишлари, ишини ислоҳ этиши учун Роббисига таваккул қилишлари ва хотиржам бўлишлари керак эканини англаб етади.  Шундагина қалби хотиржам, ишлари ислоҳ бўлиб, қайғу ва безовталаниши йўқолади.

9. Ишларнинг оқибатини мулоҳаза қилиш ҳақидаги энг фойдали нарса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган ушбу дуодир:

«Илоҳим, ишларимнинг асоси бўлган динимни, ҳаётим бўлган дунёимни ва оқибатим бўлган охиратимни мен учун ислоҳ қил! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларда зиёда, ўлимни эса барча ёмонликлардан ширин қил!

Илоҳим, мен сенинг раҳматингни умид қиламан. Мени бирон лаҳза нафсим ихтиёрига ташлаб қўйма! Менинг барча ишларимни ислоҳ қил! Сендан ўзга илоҳ йўқдир!»

Агар банда бу дуони чин дилдан ва содиқ ният билан ўқиб, Аллоҳ таоло умид ва ишларини ҳақиқатга айлантиради. Қайғу ва аламларини даф қилиб, қалбларига қувонч, шодлик улашади.

10. Бандага мусибат етган пайтда қайғу ва ғамларни кетказадиган фойдали сабаблардан бири, ишнинг етиб борадиган ниҳоясининг ёмон эҳтимолларини қиёслаб, шу мусибатни енгиллатишга ҳаракат қилиб, сабот билан туришдир. Сабот ва фойдали ҳаракат билан банданинг қайғу ва ғамлари йўқолади. Бу ҳаракат банда учун фойдаларни келтириш ва зарарларни даф қилишда амалга ошади.

Банда хатар, касаллик, фақирлик ва севган нарсаларни йўқотиш сабабларини хотиржамлик ва сабр билан кутиб олсин. Чунки нафсни чиниқтириш мусибатларни енгиллаштириб, шиддатини сўндиради. Хусусан, бу нарса, нафс ўзини имкони борича ҳимоя қилиш билан чалғитганида яққол намоён бўлади. Натижада, бандада чиниқиш билан мусибатларга эътибор беришдан чалғитадиган фойдали ҳаракат бирлашади. Банда Аллоҳ таолога суяниб ва ишониб, мусибатларга қарши бўлган кучини янгилаш учун ўз нафси билан курашади.

Шубҳасиз, бу ишларнинг ҳозир ва келажакдаги савобларга умидлантириш билан қувончни ҳосил қилишда катта фойдалари бор. Бунинг ҳаётда ва тажрибада кўплаб намуналари бор.

11. Юракнинг асаб касалликлари, балки баданнинг барча касалликлари учун энг катта даво  − қалбнинг қувватли бўлиши, ёмон фикрлар вужудга келтираётган ваҳима ва хаёллар билан сиқилмаслик,  таъсирланмасликдир. Чунки хаёл ва ваҳималарга берилган инсоннинг қалби касалликлар ва бошқа нарсалардан хавф қилиш, ғазабланиш, аламли сабаблардан ташвишланиш, ёмонликларнинг ҳосил бўлиб, яхшиликларнинг йўқолиши каби таъсирлар билан таъсирланади. Бу таъсирланиш эса, инсонни қайғу, ғам, қалб ва бадан касалликларига, руҳий хасталикларга дучор қилади.

Инсоннинг қалби Аллоҳ таолога суяниб, таваккул қилиб, ваҳима ва ёмон хаёлларга берилмай, У Зотга ишониб,  У Зотнинг фазлу карамидан умидвор бўлса, ундан қайғу ва ғамлар, бадан ва қалб касалликлари йўқолади. Қалб учун қувват, кенглик ва таъбир қилиб бўлмайдиган қувонч ҳосил бўлади

Аллоҳ таоло офият берган ва қалбини кучайтирадиган, безовталигини кетказадиган фойдали сабабларни ҳосил қилиш учун ўз нафси билан курашишга муяссар бўлган бандагина бахтлидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга таваккул қилган кишига Аллоҳ кифоя қилгувчидир» (Талоқ сураси, 3-оят). Банданинг бошига келган диний ва дунёвий барча нарсалар учун Аллоҳ таоло кифоядир.

Аллоҳ таолога таваккул қилган кишининг иймони кучли бўлиб, унга ваҳималар таъсир этмайди, уни ҳодисалар безовта қилмайди. Чунки бундай одам таъсирланиш нафснинг заифлиги, хўрлик ва асли бўлмаган хатардан келиб чиқишини билади. Шу билан бирга, у, У Зотга таваккул қилган кишиларга кифоя қилишини билади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолога ишонади.  У Зотнинг ваъдаси билан хотиржам бўлади. Унинг безовталиги ва ғамлари йўқолади, қийинчилиги енгилликка, қайғулари қувончга ва хавфлари хотиржамликка айланади.

Аллоҳ таолодан офиятни, бизларга ўзига таваккул қилиш билан қалб қуввати ва матонатини беришини сўраймиз. Чунки у ўзига таваккул қилган кишиларга барча яхшиликларни беришни кафолатлади ва улардан барча ёмонликларни даф қилди.

12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин (эр) мўмина (хотин)дан нафрат этмасин. Унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқа хулқидан рози бўлар», дедилар. Бу ҳадиснинг иккита катта фойдаси бор:

Биринчиси, хотин, қариндош, дўст, ҳамкасб ва орангизда боғлиқлик бўлган барча кимсалар билан муомала қилишга йўллаш ҳамда уларда айб, нуқсон ва сиз ёқтирмаган ишлар бўлиши мумкин эканини билдириш. Агар сиз уларда шу нарсалардан бирини топсангиз, у билан сиз учун зарур бўлган ёки сиз учун лозим бўлган алоқа ва муҳаббатни сақлаб қоладиган нарса ўртасини таққосланг ҳамда улардаги яхшилик ҳамда умумий ва хусусий яхшиликларни эсланг. Ёмонликлардан кўз юмиш ва яхшиликларни мулоҳаза қилиш билан дўстлик алоқалари давом этади, сиз эса роҳат ва фароғатда бўласиз.

Иккинчиси, ғам ва безовталикнинг йўқолиши, софликнинг қолиши, икки тараф ўртасида роҳатнинг ҳосил бўлиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эслатган нарсаларини қилмаган, балки бунинг аксини қилган, натижада, ёмонликларни мулоҳаза қилиб, яхшиликларни кўра олмаган кимсанинг безовта бўлиши муқаррардир. Шунинг учун ҳам, у ўзи билан ўзига боғланган кишилар ўртасидаги муҳаббатни булғаши, икки тараф муҳофаза этиши керак бўлган ҳуқуқларнинг кўпини поймол этиши мумкин.

Олийҳиммат одамларнинг кўплари мусибат ва қийинчилик пайтларида матонатли ва хотиржам бўладилар. Бироқ, арзимас ва оддий ишлар олдида безовталанадилар. Бунинг сабаби эса, улар нафсларини кичик ишлар учун саботли бўлишга ўргатмадилар. Натижада, кичик ишлар ҳам уларнинг роҳатларини бузади.

Тадбирли одам нафсини катта ва кичик ишлар учун чиниқтириб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, ўз нафсига бирон лаҳза ҳам ташлаб қўймаслигини сўрайди. Шундагина кичик ишлар катта ишлар каби енгил, банда эса хотиржам бўлади.

13. Ақлли одам ўзининг соғлом ҳаёти − бахт ва хотиржамлик ҳаёти эканини ва бу ўта қисқа бўлиб, уни ғам ва қайғу аламлар билан қисқартириши мумкин эмаслигини, чунки бу, соғлом ҳаётга зид бўлишини, натижада, ҳаёти қайғу-аламлар учун майдонга айланиб қолиши мумкин эканини билади.

Бу масалада яхши ва ёмон одамлар ўртасида фарқ йўқдир. Бироқ мўминнинг бу сифатларда ҳозир ва келажакда катта насибалари бордир.

14. Банданинг бошига мусибат тушса ёки келишидан қўрқса, ўзидаги диний ва дунёвий неъматлар билан шу иш ўртасини таққосласин. Таққослаш билангина ўзидаги неъматларнинг кўплиги ва бошига келган ишнинг арзимас экани маълум бўлади.

Шунингдек, банда, келиши мумкин бўлган зарарнинг хавфи билан, шу зарардан қутулишнинг кўп эҳтимоллари ўртасини таққосласин-да, заиф эҳтимолни кўп ва кучли эҳтимол устига афзал қўймасин. Шундагина унинг ғам ва қайғулари йўқ бўлади ва у ўзини қилиши мумкин бўлган эҳтимолларга қарши чиниқтиради. Агар этмаса, у эҳтимолларни даф қилишга, этган бўлса, енгиллаштириш ва кўтаришга ҳаракат қилади.

15. Фойдали ишлардан яна бири, одамларнинг сизга берган озорлари, хусусан, ёмон сўзлари сизга эмас, уларнинг ўзларига зарар эканини, агар сиз уларга эътибор берсангиз ва ўз ҳиссиётингизга эга бўлишни кўрсатмоқчи бўлсангиз, сизга зарар беришини билишингиздир.

16. Ҳаётингиз фикрларингизга тобе эканини билинг. Агар фикрларингиз дин ва дунёда фойда келтирадиган бўлса, ҳаётингиз ширин ва бахтли бўлади. Акс ҳолда, ҳаётингиз нотинч бўлади.

17. Ичингиздаги ғамни кетказадиган сабаблардан бири, миннатдорчиликни Аллоҳ таолодан бошқасидан умид қилмаслигингиздир. Агар сиз зиммангизда ҳаққи бўлган ёки бўлмаган бандаларга яхшилик қилган бўлсангиз, бу муомалангиз Аллоҳ таоло билан бўлган муомаладир. Шунинг учун ҳам, ўзингиз яхшилик қилган кишидан миннатдорчилик кутманг. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўзининг хос бандалари ҳақида шундай дейди: «(Улар): «Биз сизларга Аллоҳнинг юзи учунгина таом бермоқдамиз. Сизлардан бирон бир мукофот ёки миннатдорчилик истамаймиз» (дедилар)» (Инсон сураси, 9-оят).

Бу иш рафиқа, фарзандлар ва алоқаси кучли бўлган кишилар ҳақида янада таъкидлидир. Сиз улардан қачон ёмонликни даф қилишга нафсингизни чиниқтирсангиз, уларни ҳам, ўзингизни ҳам роҳатлантирган бўласиз.

Роҳатланиш сабабларидан бири, фазилатли ва бошқа амалларни ўзингизни безовта қилмайдиган даражада қилишингиздир. Агар бу даражадан ортиқча бўлса, қинғир йўлдан кетиб, фазилатли ишларни қилишда муваффақиятсизликка учрайсиз. Бу ҳам бир ҳикматдир.

Сабаблардан яна бири, бошингизга етган ёмон ишларни гўзал ишлар каби қабул қилишингиздир. Бунда лаззатнинг софлиги зиёда бўлиб, ғамлар йўқолади.

18. Фойдали ишларни мақсад қилиб, уларни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилинг. Сиз ғам ва қайғуларни келтирадиган сабаблардан чалғиш учун зарарли ишларга боқманг! Роҳатланиш ва нафсни муҳим ишларга қаратиш билан ёрдам олинг!

19. Фойдали ишлардан яна бири, ишларни ўз вақтида бажариш ва келажак учун қолдирмасликдир. Чунки ишлар ўз вақтида қилинмаса, қолган ишлар уюми бошингизда турган бир пайтда, келгуси ишлар етиб келади-да, ўз оғирлигини беради. Агар ишларни ўз вақтида бажарсангиз, келгуси ишларга фикрлаш ва ишлаш қуввати билан бел боғлаб турасиз.

20. Фойдали ишларни энг муҳимларидан бошланг. Нафсингиз мойил бўлган ишлар билан рағбатингиз кучли бўлган ишлар ўртасини айиринг. Чунки рағбатингиз бўлмаган ишлардан тезда малол олиб, безасиз. Бунинг учун соғлом фикр ва маслаҳат билан ёрдам сўранг. Зеро, маслаҳат қилган афсус чекмайди. Бажармоқчи бўлган ишингизни тўла ўрганинг. Агар унда манфаат бўлса, Аллоҳ таолога таваккул қилинг. Аллоҳ таоло таваккул қилувчиларни яхши кўради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили турли миллат вакиллари бўлган мусулмонлар дунё бўйлаб ўзлари учун жуда муҳим бўлган муқаддас ой Рамазон ойини интиқлик билан кутадилар. Нега Рамазон ойи давоми...

4642 17:30 / 16.06.2017
Ҳилолнинг, янги ойнинг чиқишидаги фарқлар борлигида ихтилоф йўқ. Икки юртнинг ораси узоқ бўлса, янги ҳилол бирида кўриниб, бирида кўринмаслиги мумкин. Масалан давоми...

3153 12:06 / 30.05.2017
Аллоҳ таоло инсонни икки олам орасида яратди. Уларнинг биринчиси руҳоният олами бўлиб, бу фаришталар дунёсидир. Чунки фаришталар овқат емайдилар, ичимлик давоми...

3853 15:37 / 29.05.2017
1 Рамазон ойи фарзандларимизга рўза, намоз ва Қуръон тиловати каби ибодатларни ўргатиш учун жуда қулай фурсатдир.2 Болалар билан кўпроқ муомала қилайлик, чунки давоми...

4405 17:20 / 01.06.2017
Аудиолар

135070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55349 14:35 / 11.08.2021