1446 йил 18 жумадул аввал | 2024 йил 20 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонга кирган кишилар учун дарслар (1-дарс)

17:25 / 31.05.2017 3981 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи дарс

Кун-у тунларни бошқариб, ой-у йилларни алмаштириб турувчи Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Набийларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оилаларига ва барча асҳобларига салоту саломлар ёғилсин.

Бу рисола улуғ Рамазон ойида қалбларни тирилтиришни, нафсларга кўрсатмани ва қатъиятлиларга тақво қилишни осонлаштирадиган эслатмадир.

Биринчи эслатма 

Эй биродарим! Мен сенга яратилишинг ва борлигингнинг асл сабабини эслатаман. Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зарият сураси, 56-оят).

Имом Нававий айтишларича, бу оят бандалар нима учун яратилганини очиб берган. Ибодатга эътиборли бўлиш ва зоҳидлик билан дунёдаги ҳузур-ҳаловатдан юз ўгириш бандалар устидаги Аллоҳнинг ҳаққидир. Чунки дунё абадий бўлмай, йўқ бўладиган ҳовли, шодлик бўлмайдиган манзилга элтувчи маркаб, ҳайвонлар маскан қилмай, йўлида учратиб, ундан сув ичиб кетадиган кўлмак кабидир.

Эй мусулмон биродарим! Аллоҳнинг сенга кўрсатган фазлининг буюклигини тафаккур қил.

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмассизлар» (Наҳл сураси, 18-оят).

Ушбу неъматларнинг энг улуғи – Ислом неъматидир. Ер юзида қанча одам «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва элчисидир», деб айтиладиган шаҳодатдан маҳрум ҳолда яшамоқдалар. Бу фазлни Аллоҳ Ўзи истаганига беради. Шундай экан, ҳидоят ҳамда тавфиқ неъмати учун Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айт. Қанча кишилар борки, Исломни қабул қилиб, ошкора ёки махфий бу диннинг таълимотига мухолиф, вожиботларига эътиборсиз, гуноҳ ва маъсиятларга ғарқ бўлгандирлар.

Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин.

Эй мусулмон, сенда Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ўзгариб туради. Ватанда омонликда яшаш, ризқдаги кенглик ва таннинг саломатлиги... Булар учун сен сўзинг ва амалингда шукр қилишинг вожиб. Шукр қилиш турларининг катталари – Аллоҳ азза ва жаллага тоатда бўлиб, қайтариқларидан четланишдир. Неъмат шукр қилиш билан, албатта, давомли бўлади. «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят), деган Аллоҳ таоло.

Иккинчи эслатма 

Сендаги Аллоҳнинг яна бир неъмати – умрингни узайтириб, бу улуғ ойга етказганидир. Қанча одамларни ўлим Рамазонга йўлиқтирмади. Мазкур ҳаётда яшаш – тоатни кўпайтириш ва Аллоҳга солиҳ амал билан яқин бўлишдаги бир фурсатдир. Инсондаги давлатнинг боши бу – унинг умридир. Шундай экан, вақтларингга, соатларингга эътиборли бўл. Фурсатни бекорга зое қилма. Ўтган йили биз билан бирга рўза тутиб, ҳайит намозини ўқиганларни эсла. Бу йилга ўлим сабабли етиб келмаганлар ҳозир қаерда? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан ўзингга ибрат ол: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил:

*Ҳаётингни ўлимингдан аввал ғанимат билиб, қадрла.

*Касалликдан олдин соғлигингни ғанимат бил.

*Банд бўлишингдан аввал бўш вақтингнинг қадрига ет.

*Кексаликдан олдин ёшлигинг ғаниматдир.

*Фақирликдан аввал бойлигингни ғанимат-ла қадрла» (Ҳоким ривояти).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, инсонларнинг яхшиси бўлишга харис бўл.

Бир киши: «Ё Расулуллоҳ! Қандай одамлар яхши одам бўлади?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умри узун бўлиб, амали яхши бўлгани», дедилар. «Қандай инсонлар ёмон бўлади?» дейилди. «Умри узун бўлиб, амали ёмон бўлгани», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Учинчи эслатма 

Ниятда ихлос вожиб бўлади. Аллоҳ азза ва жаллага юзланишда содиқ бўл (сидқидилдан қил). Тоат-ибодатингга риё (хўжакўрсин), сумъа (хўжаэшитсин) киришидан сақлан. Чунки риё ва сумъа амални йўқ қиладиган хатарли касалликдир. Хато-айбларингни беркитганингдек, яхши амалларингни ҳам яшир. Яхши (солиҳ) амалларингни яширин қилки, фақат Аллоҳгина билсин (нафл намозларни, тун қоронғусида кўз ёш тўкишингни, садоқатинг сирини). Билгинки, Аллоҳ азза ва жалла фақат тақводорлардан амални қабул қилади. Шундай экан, тақво қилишга харис бўл.

«Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади» (Моида сураси, 27-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари каби жаннатни рад этувчилардан бўлма: «Умматимнинг барчаси жаннатга тушади, фақат рад этувчи киши бундан мустасно», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса (эргашса), жаннатга киради. Ким менга осий бўлса (эргашмаса), дарҳақиқат, жаннатни рад этибди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Тўртинчи эслатма 

Ҳар вақт ва ҳар жойда Аллоҳни зикр қилишни ўзингга одат қил, тилинг Парвардигор зикри билан намланиб турсин. Маъруф  буйруқларга ва шариат манбаларига риоя эт. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (Аҳзоб сураси, 41–42-оятлар).

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақт Аллоҳни зикр қилар эдилар» (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

Муфарридлар ўзиб кетишди.

Ё Расулуллоҳ, муфарридлар ким? – дейишди.

Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп зикр қилувчи) аёллар, – дедилар у зот алайҳиссалом.

Қисқа қилиб айтганда, банда агар Аллоҳдан юз ўгирса, маъсият-гуноҳ ишлар билан машғул қилинади. Ҳаётининг кунлари унда зое бўлади. Топадиган ҳақиқати эса қиёмат кунида «Афсуски, охират ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан», деб айтадиганларникидек оқибат бўлади.

Эй дўстим! Билгинки, ўлимингдан кейин бирор киши сен учун рўза, намоз ёки бошқа амалларни қилиб беролмайди. Аллоҳ азза ва жаллани кўпроқ зикр қилишга, тоат ва қурбатдан озуқа олишга киришгин.

Бешинчи эслатма 

Ҳар куни Қуръони Каримни ўқишга харис бўлиб, ҳаракат қил. Агар ўзингга жадвал қилиб, тартиблаб олиб, ҳар намоздан кейин бир жуз (пора)дан Қуръон ўқисанг, бир кунда беш жузни тамомлайсан. Бу сенга  Аллоҳнинг буюк фазлидир. Баъзилар ойнинг бошида жидду жаҳд, ғайратли бўлиб, кейин сусайиб қоладилар. Кўпчилик бир-икки кун ўтса ҳамки, Қуръондан бирор саҳифа ҳам ўқимайди. Нафсларда қурбат бўлиши ва қалблар роҳатланиши Қуръоннинг ворид бўлган фазилатидандир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки Қуръондан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик бўлади. Бир яхшилиги ўн баробар бўлади. Алиф, лам, мим – бир ҳарф, демайман. Лекин алиф – бир ҳарф, лам – бир ҳарф, мим – бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).

Умома Боҳилий айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Қуръонни ўқинглар. Албатта, у эгасига қиёмат куни шафоатчи бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Олтинчи эслатма 

Рамазон Аллоҳга даъватни жонлантирадиган фурсатдир.

Қариндошларинг, қўшниларинг, яхши кўрганларингни китоблардаги ибратлар, насиҳатлар билан тўғри йўлга чақириб, Аллоҳ азза ва жаллага қурбат ҳосил қил. Даъват ишидан бир кунинг ҳам холи бўлмасин. Бу иш расуллар, набийлар ва солиҳларнинг муҳим ишларидан эди. Ушбу улуғ ойда сен ҳам бундан улуш олиб қол, чунки бу ойда нафслар чанқоқ, қалблар очиқ ва ажр-савоб буюкдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен сабабли бир одамни ҳидоят қилиши сен учун неъматларнинг энг яхшисидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳга чақиришнинг даражаси бандалик даражасидан юқоридир».

Еттинчи эслатма 

Фойдасиз мажлислардан эҳтиёт бўл. Тилингни ғийбат, чақимчилик ва фаҳш сўзлардан сақла. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ҳар бир нарсадан тилингни ҳибс эт. Чиройли, яхши сўзларни ўзингга лозим тут. Тилинг Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин. Бу ўзингни тоат билан таъминлайдиган, ибодатга бағишлайдиган ва гоҳо такрор келмайдиган фурсатдир. Балки бу фурсат яна келишидан олдин сенга ўлим етар. Билки, мўмин яшаётган ҳар бир кун ғаниматдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Қузоа қабиласидан икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Исломга кирди. Улардан бири шаҳид бўлди. Бошқасининг шаҳодати бир йилга кечикди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ айтадилар: «Жаннат менга (тушда) кўрсатилди. Шаҳиддан олдин кейин қазо қилган (одам) жаннатга кирганини кўрдим. Бундан ажабландим. Тонг отгач, бу ҳақда Набий алайҳиссаломга айтдим. У зот дедилар: «Ундан сўнг бу (кейинроқ қазо қилган) одам Рамазонда рўза тутмаганмиди, олти минг ракат намоз ўқимаганмиди ёки шунча-шунча суннат намозларни адо этмаганмиди?» (Имом Аҳмад ривояти.)

Саккизинчи эслатма 

Манзилинг аввалги йўлингга боғлиқдир. Аввало, нафсингни ушлашга ва уни яхшилик билан тарбиялашга харис бўл. Кейин атрофингдаги аҳли аёлинг, ака-укаларинг, опа-сингилларинг ва болаларингга бу ойнинг улуғлигини эслат. Уларни намозни муҳофаза қилишга ва кўп Қуръон ўқишга ундагин. Уйингда яхши, тўғри сўзлар билан банд бўлиб, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрувчи бўл. Бу амалларнинг ҳар бири кетидан уларга ҳидоятни сўраб дуо қил. Мазкур ой камчиликка йўл қўйган ва ҳаддан ошганларга насиҳат қилинадиган бир фурсатдир. Шояд, Аллоҳ азза ва жалла атрофингдагиларни ҳидоят этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, сенга улуғ ажр бўлса: «Ким бир яхшиликка йўлласа, унга яхшиликни қилувчининг савоби мислича ажр бўлади».

Мусулмон биродарим! Агар сени кунлар айланиши ташвишга солса, охират ишларининг ғамида бўл. Амал қилишни хоҳласанг, амалингни қусурли қилма. Тавба эшигини қасд эт. Қайтадиган эшикни тақиллатиб айт: «Балки бу ҳаётимдаги охирги Рамазондир, эҳтимол, келгуси йил мен ҳаёт бўлмасман».

Ишингни охиратдаги хурсандчиликка боғла. Аллоҳга қасамки, сен фақат яхшиликка муҳтожсан. Жаббор ва Улуғ Зотнинг ҳузурига ҳамда ёш болаларни кекса қиладиган қиёмат кунига тайёргарлик кўр. Тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмону ерчалик бўлган жаннатни тафаккур эт.

«Бошнинг терисини сидириб олувчидур. (У) чақирадир орқага кетган ва юз ўгирганни» (Маъориж сураси, 16–17-оятлар).

Буларнинг барчасини эсда тутиб, ибодатларни давомли қилиб, тоатингни муҳофаза этсанг, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан сенга тайин қилинган нарсани, албатта, кўрасан. Агар ўтган умрингни дунё учун садақа қилсанг, бас, у кўпдир. Қолган умрингни охират учун садақа қилишинг эса оздир.

Аллоҳдан Унинг улуғ исму сифатлари билан дуо қилиб, мазкур ойни барча яхшиликлари ва офияти билан қайта келтиришини, бизга бу охирги рўза тутадиган ой бўлмаслигини сўраймиз.

Аллоҳим! Рўзаларимиз ва намозларимизни қабул эт. Аввалги ва кейинги гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен кечирувчи, раҳмли Зотсан.

Роббим, бизга аҳлимизни ва зурриётларимизни кўзимиз қувончи қилиб бер. Бизни тақводорларга имом қил.

Аллоҳим, бизни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўзинг кечир. Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оилаларига ва барча саҳобаи киромларга салоту саломлар бўлсин.

Ҳумайро тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўза энг улуғ ва фазилатли ибодатдир. Аллоҳ таоло рўзани барча умматларга фарз қилган .Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга давоми...

4668 16:26 / 22.06.2017
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

9879 00:46 / 26.06.2017
Исломга бизни ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин Аллоҳ бизни тўғри йўлга бошламаганида биз ҳидоят топмас эдик. Набий ва расулларнинг шарафлиси бўлган давоми...

4011 14:39 / 05.06.2017
Рамазон ойи ойларнинг энг фазилатлисидир. Рамазоннинг охириги ўн кечаси Зулҳижжа ойининг илк ўн кечасидан кўра фазилатлироқдир. Чунки ушбу кечаларда Қадр кечаси давоми...

4885 18:40 / 10.06.2017
Аудиолар

134932 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55218 14:35 / 11.08.2021