1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Худбинликнинг касри

12:25 / 15.03.2017 3368 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Худбинлик инсоннинг ўз “мени”ига тобеъ бўлишидир, қуллик қилишидир. Инсон ўз  нафсини, ҳою ҳавасини, истакларини Аллоҳга бўйсундирмаса, Унга қуллик қилмаса, Унга итоат эттирмаса, у худбиндир, худбинлик тўрига илингандир. Худбинликнинг асл маъноси ҳар ишда, ҳар бир ҳаракатда “Ўзим бўлай”, “Фақат менга бўлсин,  менинг айтганим бўлсин”, “Бошқалар билан нима ишим бор” қабилида фикр юритиш ва шунга интилишдир.


 Худбинликнинг яна бир номи “манмансираш”, “кеккайиш”дир. Манмансираш, кеккайиш, ўзини бошқалардан устун кўриш худбинликнинг ноқобил фарзандларидир. Булар эса улғайгани сари Аллоҳ лаънатлаган, У зот суймайдиган кибр деган чоҳ томонга судрайди, охири ҳалок қилади.

Ҳаётда худбинликнинг кўринишлари турли ҳолатларда намоён бўлади. Фараз қилинг, бирор ноёб нарсани харид қилиш ёки муҳим бир ишингизни битириш учун навбат кутиб турибсиз. Шу пайт олифталарча кийинган бир йигит қўлидаги калитини ўйнаб кириб келади-да, атрофидагиларга менсимайгина кўз қирини ташлайди ва уялиб ё тортиниб ўтирмай, тўғри навбатнинг бошига юради. У навбатда соатлаб турганларнинг норозиларча билдирган ҳақли эҳтирозларига ҳам, аччиқ-тизиқ дашномларига ҳам парво қилмай ишини тезроқ битирмоқчи бўлади. Чунки унинг хаста миясида биргина фикр: “Бошқалар билан нима ишим бор, менинг ишим битса бўлди, мен навбатда туришга мажбур эмасман!”

Ёки мана бу воқеага нима дейсиз: яқинда юмушим билан машинада кетаётган эдим. Бирдан йўлни кесиб ўтувчи темирйўлнинг шлагбауми ёпилиб, қатнов бир неча дақиқага тўхтаб қолди. Йигирма чоғли машинадаги одам бир қатор саф тортиб, поезднинг ўтиб кетишини кутиб турибмиз. Шу пайт “Мерседес” минган бир йигит бошқалар қатори сафланиб туришга сабри чидамади шекилли, чап томонга ўтиб, қаршидан келадиган машиналарнинг йўлига чиқиб олди ва тўғри шлагбаум томонга қараб юрди. Кўп ўтмай унинг худбинлиги қимматга тушди: поезд ўтиб кетди ҳамки, машиналар жойида жила олмай ҳалак. Сабаби, бояги “Мерседес” ҳайдовчиси қаршидан келаётганларнинг йўлини тўсиб қўйган. Бунинг оқибатида қарши томондагилар йўл тополмай биз томондагиларнинг йўлига ўтиб кетибди. Хулласи калом, торгина темирйўл ўтиш жойидаги машиналар “тўпалони” ярим соатча давом этди. Бир кишининг худбинлиги натижасида қанча одам юмушидан кечикди, нечасининг асаби қон қақшади, қанчасининг дили хуфтон бўлди.

Кўпинча машина ҳайдовчилар худбинликда бошқа касбдагиларни бир чўқишда қочиришади. Тўхташ жойига машинангизни қўйиб дўконга кирсангиз, бир худбин чиқиб кетишингизга жой қолдирмай машинасини қўйиб кетади. Ёки торгина йўлда қарама-қарши томондан келаётган икки ошна ҳаммани куттириб қўйиб, шахсий масалаларини муҳокама қилишга тушиб кетади, сиз эса қимматли вақтингизни совуриб, уларнинг “суҳбати” тугашини кутишга мажбурсиз. Ёки айримлари қизил чироқ ёниб турганига ёки ўзгаларнинг ўтиши кераклигига қарамай, йўл беришни истамайди. 

 Худбин одамдан яхшилик, меҳр-оқибат, одамгарчилик, инсоф кутиш мушкул иш. У арзандасини ўқишга ёки ишга киритишда бунга ҳақли кишиларнинг риоясини қилиб ўтирмайди, барча воситаларини ишга солиб, ўз мақсадига эришади. У ўзининг минг сўм фойда кўриши эвазига давлатга, халққа миллионлаб сўм зарар келтиришдан ҳам қўрқмайди. У чет эллик манфаатпарастлардан озгина чўтал олиш учун юртимизга ғаразли мафкураларнинг, зарарли маҳсулотларнинг, бузуқ эҳтиқодларнинг киришига дарвозани ланг очиб беради. У охири пул ёки амал илинжида ватанини, иймон-эҳтиқодини, халқини сотишдан ҳам ор қилмайдиган бўлиб қолади. 

Худбин кимса янги уй қураётганида кўпчилик фойдаланадиган кўчадан юлиб қолишга уринади, оқавасини, тарновининг сувини кўчага ёки қўшнисиникига чиқаришга ҳаракат қилади. Дўконининг пешайвонини кўчага чиқариб, одамларнинг йўлини торайтиради, ўтишига қийинчилик туғдиради. Ўзидан илмда, касб-ҳунарда пешқадам бўлганлар билан холис рақобат қилиш ўрнига уларга душманлик қилишга ўтади, ҳатто касодга учратиш ёки жиддий зарар келтириш пайидан бўлади. У ночор ҳаммаҳалласининг илтимосини рад этади, муҳтож кишига ёрдамга ошиқмайди, қийинчиликка тушган биродарининг оғирини енгил қилмайди, бемор қариндошининг ҳолидан хабар олмайди. Худбин киши ярим кечаси мусиқани варанглатиб қўйишдан ийманмайди, уйидан чиққан ахлатни қўшнининг гулзорига улоқтиради, дўстининг ютуғидан асло қувонмайди. Худбин киши ҳатто хотинию фарзандларидан ҳам яхшилигини, ёрдамини, меҳрини қизғанади. Хулласи, худбин киши одамларга фойда келтириш ҳақида мутлақо бош қотиргиси келмайди. Чунки у худбин, манмансираган, кеккайган, унинг нафси, шайтони, ҳою ҳаваси одамлардан ўзини устун кўришга, уларни менсимасликка тинмай тарғиб этиб туради.  

Худбинлик оқибатида катта-катта хайрли ишлар амалга ошмай қолади, улуғвор лойиҳалар қоғозларда қолиб кетади, қанчалаб муҳим ишлар ўз аҳлларига, шу ишга муносиб одамлар қўлига топширилмайди. Бу дарднинг касридан давлатларга, жамиятларга, халқларга жиддий иқтисодий ва маданий зарарлар етади. 

Динимиз худбинликни, кеккайиш ва манмансирашни қаттиқ қоралайди. Чунки бу иллатлар Аллоҳ ёқтирмайдиган мутакаббирликка олиб боргани учун мусулмонлар булардан қайтарилган. Банда худбинлик, кеккайиш туфайли Аллоҳ таолонинг азамати ва қудратига нисбатан исён қилган бўлади, Унга итоатсизлик кўрсатган бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларини Ўз ҳузурида ҳамиша ҳоксор, итоатли, қуллик қилган ҳолда кўришни истайди. Худбин кимсада эса буларнинг акси бўлади. Ҳадиси қудсийда бундай дейилган: “Эй одам фарзанди, Менинг азаматимга (улуғворлигимга) бўйни эгилган кишилар орасидаги яратганларимга манманлик кўрсатма! Кунларини Менинг ёдим (зикрим) билан ўтказганларнинггина намозлари қабул қилинади”.

Абу Яъло Шаддод ибн Авсдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оқил ўз нафсини доимо ҳисоб қилиб, вафотидан кейинги фойда берувчи ҳаёти учун амал қилувчи, ожиз эса ҳавойи нафсига тобеъ бўлатуриб, яна Аллоҳдан мағфират умид қилувчи кишидир», деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти). 

Худбин бўлмаслик учун одамлар билан муносабатларда жуда эҳтиборли бўлиш лозим. Бошқаларнинг айбини улар олдида ҳам, ортидан ҳам гапирилмайди. Агар ҳеч ким бўлмаса, бировнинг айбларини ўзига билдирса бўлади. Чунки Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Киши биродарининг кўзгусидир”, дейилган. Одамларга рад жавобини айтишдан, бефойда баҳслашиш, тортишиш ва муноқаша этишдан тийилиш зарур. Биродари билинишини истамайдиган ҳолатлардан савол этмаслик, унга йўлиққан вақтда “Қаерга кетяпсиз?” деб сўрамаслик керак, балки у бораётган жойини билдиришни истамас.  

 Имом Муслим ривоятидаги саҳиҳ ҳадиси шарифда: “Мусулмон мусулмонга дўст-биродар, унга зулм ҳам этмайди ва уни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймайди”, дейилган.  Юқорида айтганимиздек, худбинликнинг охири кеккайиш, манмансираш, ўзини бошқалардан устун қўйишга олиб боради. Шундан кейин эса кибрга, калондимоғликка бир қадам қолади.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят этилади: “Икки нарсада ҳалокат мавжуд: манмансираш ва ноумид бўлишда”. Умидсиз киши ҳеч қачон талаб қилмайди (интилмайди.) Манмансираган киши муродимга етдим, деб гумон қилиб саъй-ҳаракат қилмайди. Чиндан ҳам манмансираш, худбинлик инсонни кибрга даъват қилади, зеро у кибрлиликнинг бир сабабидир. Манмансирашликдан кибр туғилади. Кибрдан эса жуда кўплаб офатлар вужудга келади. Кўплар ота-боболарининг насаби ва машҳурлиги, бойлиги ёки мансаби билан кеккаяди. Булар асло фахрланишга. манмансирашга сабаб бўла олмайди. 

Абу Ҳомид Ғаззолий ёзади: «Кеккайишлик жумласидан яна хато фикри билан кеккайишни зикр қилиш мумкин. Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: “Қабиҳ амал қилган билан чиройли амал қилган баробар-тенг бўладими? Ҳақни ботил ва ботилни ҳақ деб билиш билан ҳақни ҳақ деб ва ботилни ботил деб билувчилар баробарми? Лекин ҳидоят ва залолат Аллоҳнинг қўлидадир” (Фотир сураси, 8-оят).  

Бу дарднинг иложи бошқаларига қараганда қийин ва қаттиқроқдир. Зеро, бу дардга мубтало бўлган одам ўзининг фикри билан кеккаяди ва унга қойил қолади. У насиҳат этувчининг насиҳатига қулоқ солмайди. У нажот деб эътиқод этган нарсани қандай қилиб тарк этади? Бу дарднинг умумий муолажаси шуки, бу дард соҳиби ўз фикрини доимо танқид-тафтиш этиши, фикрига ғурурланмаслиги лозим. Қуръони карим, Суннати набавия ёки далиллар шартларини ўзида жам қилган ақлий далилни ўзининг фикрига қатъий далил қилиб келтириши лозим. Бунга у илм аҳли мажлисларида иштирок этиш ва Қуръони карим, Суннат  билимларида кўп тажриба ҳосил қилиш орқали етишади». 

Хулласи калом, худбинлик, манмансираш мусулмонлар қайтарилган зарарли иллатлардандир. Унинг зарарини барча инсонлар ҳар қадамда, ҳар лаҳзада ўз тажрибаларида кўришади. мусулмонларимиз шу боис ҳам худбинлик, манмансираш хасталигидан тезроқ қутулишлари, бу иллатлардан узоқроқ юришлари лозим.


Аҳмад АХСИКАТИЙ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган асрда овруполиклар орасида, Ислом дини фикрий ҳаракатларнинг душмани бўлган, барча илмий ва фалсафий ҳаракатларга қарши кураш очган, деган нотўғри фикр давоми...

4285 05:00 / 13.03.2017
Аллоҳ таолонинг китобида икки қоида бор бири Аллоҳ таолонинг Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга давоми...

3638 12:13 / 15.03.2017
Меҳроб шаҳиди, аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мелодий 1984 йил 2 мартда қилган жумъа хутбалариАлҳамдулиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ таолога давоми...

5148 12:29 / 15.03.2017
Ўтган кишиларга сиғиниш, барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақидадир. Одамлар ўтиб кетганларга ўзларича худонинг сифатларини беришади. Кимки бу эътиқод давоми...

2411 05:00 / 13.03.2017