1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Ер юзидагиларга раҳм қил

18:59 / 01.03.2018 4128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади:

«Умар шундай деди:

«Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.

Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.

Ким бировни афв қилмаса, у ҳам афв қилинмайди.

Ким бировни бирор нарсадан сақламаса, уни ҳам биров бирор нарсадан сақламайди».

Шарҳ: Қубайса ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадис аввалги ҳадиснинг айнан ўзи. Бироқ раҳмга даъват қилингани учун такрор келтирилибди.


373. Муовия ибн Қурра отасидан ривоят қилади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қўй сўйсам, унга раҳм қиламан ёки қўйга раҳмим келганидан сўя олмайман», деди.

«Сен қўйга раҳм қилган бўлсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади», деб икки марта айтдилар».

Шарҳ: Демак, нафақат инсонга, балки ҳайвонга кўрсатилган раҳм-шафқат ҳам вақти келганда Аллоҳ таолонинг раҳм-шафқатига сабаб бўлар экан.

Шунинг учун нафақат инсон зотига, балки ҳайвонот оламига, наботот оламига ҳам раҳм-шафқатли бўлиш, уларни қийнамаслик, қийналган бўлса, қийноқдан озод этиш, уларга озор бермаслик мўмин-мусулмонларнинг одобларидан ҳисобланади.

Бундай амални қилган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи раҳм қилади, унга Аллоҳ таолонинг раҳм-шафқати, меҳрини қозониш насиб бўлади. Бу жуда улуғ нарса.

374. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Мен содиқул масдуқ Абулқосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Раҳмат фақат бадбахтдангина суғуриб олинади», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Фақат ҳақиқий бахтсиз, бадбахт инсондагина раҳм-шафқат бўлмайди. Раҳм-шаф­қат бошқа барча инсонларда бўлади.

Кимда раҳм-шафқат бўлмаса, бу унинг бахтсизлиги, бадбахтлиги аломати бўлади.

Кимнинг мўмин-мусулмонлиги ҳақиқий бўлса, унда албатта раҳм-шафқат бўлади.

Бундай шафқат умумий бўлиб, инсон зотига, ҳайвонотга, набототга, раҳм-шафқатга муҳтож бўлган ҳар қандай нарсага тааллуқлидир.

Аллоҳ таоло ана шу раҳм-шафқатни мўмин-мусулмонларга раво кўрган экан. Уни фақат бадбахт инсондангина суғуриб олиб, уни бераҳм, бешафқат бир жонзотга айлантириб қўяр экан. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин.

375. Жарийрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга раҳм қилмаса, Аллоҳ унга ҳам раҳм қилмайди», дедилар».

Шарҳ: Демак, одамларга раҳм қилмаган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин эмас экан.

Аксинча, «мафҳумул мухолафа» қоидасига биноан, одамларга раҳм қилган одам Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиши мумкин.

Иншааллоҳ, одамларга кўрсатилган раҳм туфайли Аллоҳ таолонинг раҳматига, шафқатига сазовор бўлиш мумкин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тушлар уч хил бўлади 1. Аллоҳ томонидан бўлган солиҳ туш2. Шайтондан бўлган тушкунликка солувчи туш3. Хаёлидан ўтказган нарсаларни тушида кўриш. Солиҳ тушга оид давоми...

8632 11:30 / 16.01.2018
159. Абу Дардодан ривоят қилинади.У киши одамларга қараб шундай дер эди.Эй одамлар Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз давоми...

3367 16:37 / 26.01.2018
Инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуддир. У ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, давоми...

4976 17:05 / 16.02.2018
391. Абу Дардодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми, дедилар..Ҳа Айтиб беринг, давоми...

4761 20:07 / 04.04.2018
Видеолар

2512 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

120451 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42076 14:35 / 11.08.2021