1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дуо ва сабабият қонунлари

21:15 / 21.04.2017 2691 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда, “ банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши, дуо деб аталади”.    

Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ « لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Аллоҳ таолога бирор нарса ҳам дуодан кўра икромлироқ эмасдир.  Термизий ривояти.

Чунки дуо қилувчи ўзининг ожиз банда эканини изҳор қилиш билан биргаликда Роббисининг кўплаб сифатларини эътироф этаётган бўлади:

 1. Борликлигини, чунки йўққа дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;

2. Бойлигини, чунки ҳожатларни раво қилиш фақирдан сўралмайди;

3. Эшитувчилигини, чунки карга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;

4. Сахийлигини, чунки бахилга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;

5. Раҳматини, чунки бераҳмга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди;

6. Қодирлигини, чунки ожизга дуо қилиб ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуога беэътибор кимса Аллоҳ таолонинг мазкур сифатларга эътиборсиз қарайдиган кимсага айланади. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. 

Шунингдек банда ўзига манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилишда имкониятидаги зоҳирий сабабларни яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир.

Шунга кўра сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин:

1.    Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш , беодобликдир. 

Масалан: мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширсаю, дуога бепарво бўлса,  мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади,  деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. 

2.    Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир.

Масалан: Мадомики мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатни кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. 

Бу ҳақида Саҳл Тустарий роҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”.

3.    Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. 

Масалан: мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқаришни, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. 

Демак дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.   


Абдулқодир Абдур Раҳим


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни тергаш, уни солиҳ бўлиши учун доимо интилиш банда қилиши лозим бўлган энг муҳим ишлардандир. Инсон доим хато қилади. Нафсни текшириш орқали мана шундай давоми...

2291 10:26 / 27.03.2017
Энг афзал касблар Кишининг ризқ топадиган касбу ҳунари, иши ва хизматининг тури қанақалигидан қатъи назар, ҳалол бўлиши, юритаётган касби корида ҳалоллик ва давоми...

8137 21:42 / 21.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз. Боқийлик Аллоҳга хос,.Ҳижрий 1436 сана 5 жумодулаввал, 2015 йил 10 март сешанба давоми...

2980 16:42 / 27.03.2017
Фотиҳа сурасида Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бештаси Аллоҳ, АрРобб, АрРаҳмон, АрРаҳийм, АлМалик зикр қилинган. Шунингдек, ушбу сурада АлҲамийдrdquo ҳамду санога давоми...

4237 14:10 / 24.03.2017