1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Дуо одоблари

21:12 / 21.04.2017 7234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда ўзининг яхшиликларга эришишида ҳам, ёмонликлардан сақланишида ҳам доимо Роббисининг раҳматига муҳтож эканини изҳор қилиши барча  ибодатларнинг мағзи ҳисобланади. Ибодатларнинг мағзи бўлган дуо қилишнинг ҳам бир қанча одоблари бўлиб уларнинг асосийлари қуйидагилардир: 

Биринчи одоб: эзгу ният қилиш 

Дуо қилишда аввало Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишни адо этиш ният қилинади. Шу билан биргаликда барча ҳожатлари раво бўлиши Роббисининг иродасига боғлиқ эканини қалбан эътироф этиб дуо қилади. Мазкур сифатга эга бўлган дуо албатта манфаатли бўлади.  

Зеро дуо қилишнинг ўзи банда учун сўраган нарсаси ато этилишидан кўра яхшироқ бўлади. Чунки Аллоҳ ирода қилган бандагина дуо қила олади.   

Иккинчи одоб: кўп дуо қилиш

Дуо энг улуғ ибодатлардан бўлгани учун имкон қадар кўп дуо қилишга ҳаракат қилинади. Зеро бандаларни дуо қилишга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

 وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

Роббингиз: Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар", деди . 

Ушбу оятда дуо қилишга буюриш билан биргаликда уни Ўз фазлу марҳамати билан ижобат этишини ҳам баён қилган. Оятнинг давомида эса Аллоҳга дуо қилишдан кибрланганларга қаттиқ таҳдид қилинган. Шунинг учун бандалар ҳаётлари давомида доимо дунёларига тааллуқли ишларида ҳам, динларига тааллуқли ишларида ҳам Роббиларининг раҳматига муҳтож эканларини изҳор қилиб боришлари лозим бўлади.  

Каттоний роҳматуллоҳи алайҳ: Аллоҳ таоло мўминнинг тилини узр сўрашга йўналтирган бўлса, албатта унга мағфират эшигини очган бўлади, деганлар.     

Учинчи одоб: таҳоратли ҳолатда дуо қилиш

Дуо ижобати учун таҳоратли ҳолатда бўлиш шарт бўлмасада, таҳоратли ҳолатда дуо қилиш афзал ҳисобланади. 

Тўртинчи одоб:  кафтларнинг ички тарафи билан дуо қилиш

Дуо ибодат бўлганидан унда қилинадиган амалларда шариат кўрсатмаларига риоя қилиш лозим бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кўрсатма берганлар:

 عَنْ مَالِكِ بْنِ يَسَارٍ السَّكُونِىِّ ثُمَّ الْعَوْفِىِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ « إِذَا سَأَلْتُمُ اللَّهَ فَاسْأَلُوهُ بِبُطُونِ أَكُفِّكُمْ وَلاَ تَسْأَلُوهُ بِظُهُورِهَا » رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Молик ибн Ясор Сакуний Авфийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Агар Аллоҳдан сўрасаларинг кафтларингнинг ичлари билан сўранглар, Ундан кафтларингнинг орқалари билан сўраманглар. Абу Давуд ривояти. 

Ушбу ҳадисда кафтнинг ичи билан сўраш яъни кафтнинг ичини юқорига қилиб дуо қилиш таълим берилган. Бу ҳадиснинг шарҳида уламолар шундай деганлар: қўлнинг ичи билан дуо қилиш кишининг эҳтиёжмандлигига далолат қилувчироқ бўлади. Чунки бундай дуо қилиш гўёки қўлларини чўзиб унга ташланадиган нарсага интизор бўлиб сўраб турган  кўринишда бўлади.    

Бешинчи одоб: Қўлларини баланд кўтариб дуо қилиш

Дуо қилишда эътибор бериш лозим бўлган одоблардан яна бири қўлларни кўтариб дуо қилишдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَا مِنْ عَبْدٍ يَرْفَعُ يَدَيْهِ حَتَّى يَبْدُوَ إِبْطُهُ يَسْأَلُ اللَّهَ مَسْأَلَةً إِلاَّ آتَاهَا إِيَّاهُ مَا لَمْ يَعْجَلْ. قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ عَجَلَتُهُ قَالَ « يَقُولُ قَدْ سَأَلْتُ وَسَأَلْتُ وَلَمْ أُعْطَ شَيْئًا   رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: бирор бир банда то қўлтиғи кўринадиган даражада қўлларини кўтариб Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрар экан агар шошқалоқлик қилмаса албатта Аллоҳ унга ўша нарсани ато этади, дедилар. Шунда (саҳобалар): эй Аллоҳнинг Расули унинг шошқалоқлик қилиши қандоқ бўлади, дедилар. У зот: "сўрадим, сўрадим, менга бирор нарса ато қилинмади", дейди, дедилар. Термизий ривояти. 

Ушбу кўриниш ҳам юқорида баён қилинганидек эҳтиёжмандликка далолат қилувчироқ бўлади. 

Олтинчи одоб: Аллоҳга ҳамду сано билан бошлаш

 Барча ишларида Роббисини ёдга олиб Унга ҳамду санолар айтиб бошлаш мусулмон кишининг одобларидан ҳисобланади. Шу маънода ҳамду сано билан бошланган дуо ижобат қилинишга яқинроқ бўлади. 

Еттинчи одоб: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш

Дуодаги одоблардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдир. Бу ҳақида Али розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинган: 

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ : كُلُّ دُعَاءٍ مَحْجُوبٌ حَتَّى يُصَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَّ وَآلِ مُحَمَّدٍ أَخْرَجَ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: токи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг оилаларига салавот айтилмас экан барча дуо тўсилгандир. Тобароний "Авсат"да ривоят қилган. 

Ибн Ато роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “дуонинг арконлари, қанотлари, вақтлари ва сабаблари бўлади. Агар арконларига мос келса кучаяди, агар қанотларига мос келса самога кўтарилади, агар вақтларига мос келса зафар топади, агар сабабларига мос келса муваффақият қозонади. 

Арконлари қалбнинг ҳозир бўлиши, раҳимдил бўлиши, тобе бўлиши ва хушуълардир. Қанотлари сидқдир, вақтлари саҳар пайтларидир, сабаблари Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишдир”.   

Саккизинчи одоб: Азму қарор билан сўраш

Дуо қилишда тараддудланмасдан, "агар хоҳласанг" деб истисно қилмасдан азму қарор билан сўраш лозим. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم لاَ يَقُولَنَّ أَحَدُكُمُ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِى إِنْ شِئْتَ اللَّهُمَّ ارْحَمْنِى إِنْ شِئْتَ. لِيَعْزِمْ فِى الدُّعَاءِ فَإِنَّ اللَّهَ صَانِعٌ مَا شَاءَ لاَ مُكْرِهَ لَهُ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: сизлардан бирингиз ҳаргиз эй Аллоҳим агар хоҳласанг мени мағфират қилгин, хоҳласанг менга раҳм қилгин демасин. Дуода азму қарорли бўлсин. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини яратувчидир, уни мажбур қилувчи йўқдир. Муслим ривояти. 

Шунга кўра дуо қилувчи кечирамикин деб иккиланмасдан дуо қилиши лозим. 

Солиҳ Муррий роҳматуллоҳи алайҳ: (дуо ижобатига ишора қилиб) кимки иштиёқ билан эшикни тақиллатса, албатта унга очилади, деб кўп айтар экан. Бу гапни эшитган Робиъатул Адавия унга: бу эшик қачон ёпиқ бўлганки унинг очилиши сўралса, деб эътироз билдирибди. Шунда Солиҳ Муррий: шайх билмади, хотин билди, деган эканлар.

Тўққизинчи одоб: Қалби бошқа нарса билан банд бўлмасдан дуо қилиш

Дуо қилувчининг тилида талаффуз қилаётган сўзлари билан қалби бир хил бўлиши, қалби бошқа нарсалар билан "банд" бўлмаслиги ижобат қилинадиган дуонинг шартларидан ҳисобланади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  ادْعُوا اللَّهَ وَأَنْتُمْ مُوقِنُونَ بِالإِجَابَةِ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَجِيبُ دُعَاءً مِنْ قَلْبٍ غَافِلٍ لاَهٍ.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Аллоҳга ижобатига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар, билингларки ғофил (тили талаффуз қилаётган нарсадан бошқа нарса билан) банд бўлган қалбдан Аллоҳ дуо қабул қилмайди. Термизий ривояти. 

“Рисалутул Қушайрия” китобида қуйидаги ривоят келтирилган: Мусо алайҳиссалом тазарруъ билан ёлвориб дуо қилаётган кишининг ёнидан ўтдилар ва: эй Аллоҳим агар унинг ҳожатини раво қилиш менинг қўлимда бўлганида албатта раво қилар эдим, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга: Мен унга сендан кўра меҳрибонман. Лекин у менга дуо қилаяпдику, бироқ қалби қўйида турибди, Менга дуо қилаётган банданинг қалби Мендан ўзгада бўлса дуосини қабул қилмайман, деб ваҳий юборди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги кишига бу хабарни етказди. Шунда у бутун қалби билан Аллоҳ таолога астойдил дуо қилган эди Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилди. 

Шунинг учун дуо қилувчи сўровини қалбидан чиқариб дуо қилиши лозим. 

Ўнинчи одоб: ижобатига аниқ ишониб дуо қилиш

Дуонинг муҳим одобларидан бири қилаётган дуоси албатта ижобат бўлишига аниқ ишониб дуо қилишдир. Чунки ваъдасига хилоф қилмайдиган Зот ижобат қилишини ваъда берган:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ

Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда, ижобат қилурман . 

Шунга кўра мўмин доимо дуо қилишга ҳаракат қилиб бориши лозим. 

Ўн биринчи одоб: бирор гуноҳ ишни амалга ошириш учун ёки қариндошлик алоқаларини узиш учун дуо қилмаслик

Мусулмон киши бирор гуноҳни бажаришга эришиши учун ёки бирор қариндоши билан алоқани узишга муваффақ қилинишини сўраб дуо қилмаслиги керак. Зеро бундай дуо ижобат ҳам қилинмаслиги ҳадиси шарифда хабар берилган:

 عَنْ جَابِرٍ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « مَا مِنْ أَحَدٍ يَدْعُو بِدُعَاءٍ إِلاَّ آتَاهُ اللَّهُ مَا سَأَلَ أَوْ كَفَّ عَنْهُ مِنَ السُّوءِ مِثْلَهُ مَا لَمْ يَدْعُ بِإِثْمٍ أَوْ قَطِيعَةِ رَحِمٍ   رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитганман: кимда ким бирор дуо қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло албатта унга сўраганини беради ёки ўшанча ёмонликни ундан тўсади, мадомики у бирор гуноҳга ё қариндошлик алоқасини узишга дуо қилмаган бўлса. Термизий ривояти. 

Ушбу ҳадиси шарифда шариат ман қилган ишлардан сақланиб дуо қилиш албатта мазкур учта зарур нарсадан бирига сабаб бўлиши баён қилинган. Шунинг учун ориф зотлардан бири: дуо, гуноҳни тарк қилишдир, деган.  

Ўн иккинчи одоб: Ўзига ё фарзандига ё молига зарар етишини сўраб дуо қилмаслик

Одатда ақлу ҳуши жойида инсон ҳеч қачон ўзига ё фарзандига ё молига зарар етишини сўраб дуо қилмайди. Аммо “жаҳл келганда ақл кетади” деганларидек баъзи инсонлар бирор нарсадан қаттиқ ғазабланган пайтларида ўзларига нисбатан “ўлсам бўлмасмиди”, фарзандига нисбатан “бўйнинг узилгур”, молига нисбатан "қирилиб кетгур" каби сўзларни “жаҳл қилиб”                 айтиб юборадилар. Ушбу сўзларни айтаётган кимса зоҳиран шу нарсалар содир бўлиши учун дуо қилаётганга ўхшаб қолади. Зеро дуонинг асли сўровдир. Ҳадиси шарифларда  бундай "сўров"нинг ўта хатарли экани ҳақида огоҳлантирилган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لاَ تَدْعُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى أَوْلاَدِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى خَدَمِكُمْ وَلاَ تَدْعُوا عَلَى أَمْوَالِكُمْ لاَ تُوَافِقُوا مِنَ اللَّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى سَاعَةَ نَيْلٍ فِيهَا عَطَاءٌ فَيَسْتَجِيبَ لَكُمْ    رَوَاهُ اَبُو دَوُودَ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ўзларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, фарзандларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, хизматчиларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, молларингга зарар етишини сўраб дуо қилманглар (тағин) Аллоҳ табарока ва таоло (сўралган нарсани) ато қиладиган ижобат соатига мувофиқ келиб қолмангларки, сизларни (сўровларингни) ижобат қилиб қўяди. Абу Давуд ривояти.    

Ушбу ҳадисга риоя қилган мусулмонлар жаҳллари чиққан пайтда  "бўйнинг узилгур"нинг ўрнига "барака топкур", "уйинг буғдойга тўлгур" каби сўзлар билан “койиган”лар.   

Ўн учинчи одоб: бирор зарар ё мусибат егани сабабли ўлим сўраб дуо қилмаслик

Мусулмон кишининг бирор мусибатга учрагани туфайли ўзига ўлим тилаши беодоблик ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا تَدْعُوا بِالْمَوْتِ وَلَا تَتَمَنَّوْهُ فَمَنْ كَانَ دَاعِيًا لَا بُدَّ فَلْيَقُلْ اللَّهُمَّ أَحْيِنِي مَا كَانَتْ الْحَيَاةُ خَيْرًا لِي وَتَوَفَّنِي إِذَا كَانَتْ الْوَفَاةُ خَيْرًا لِي  رَوَاهُ النَّسَائِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ўлим сўраб дуо қилманглар, уни ҳаргиз тиламанглар, агар кимки дуо қилишга мажбур бўлиб қолса айтсинки: эй Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўладиган бўлса мени ҳаётда қолдиргин, агар вафот мен учун хайрли бўладиган бўлса мени вафот эттиргин. Насоий ривояти.  

 Шунинг учун мўмин киши доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яхшилик сўраб дуо қилиб бориши лозим.

Ўн тўртинчи одоб: дуо қилишда ҳаддан ошмаслик 

Банда дуо қилишда ҳаддан ошмаслиги, бандалардан сўрашдаги ҳолатлар сингари майдалаб гапириб эзмалик қилмаслик ҳам муҳим одоблардан ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай буйруқ келган:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, у ҳаддан ошувчиларни севмас . 

Бир куни Саъд розияллоҳу анҳу ўғилларидан бирининг дуо қилаётиб: " эй Аллоҳим Сендан жаннатни, унинг неъматларини, шодликларини ва фалон- фалон нарсаларни ато қилишингни сўрайман, Сендан дўзахдан паноҳ беришингни, унинг занжирлару кишанларидан ва фалон-фалон нарсалардан паноҳ беришингни тилайман", деб дуо қилаётганларини эшитиб қолибдилар. Шунда у зот: ҳой ўғилгинам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Келажакда дуода ҳаддан ошадиган бир қавм бўлади", деётганларини эшитганман, ўшалардан бўлиб қолмагин. Агар сенга жаннат ато қилинса унда нима бўлса ҳаммаси ато қилинган бўладику, агар сенга дўзахдан паноҳ берилган бўлса ундаги ҳамма ёмонликлардан ҳам паноҳ берилган бўладику, дедилар.

Шунинг учун дуо қилишда ҳаддан ошмаслик керак. 

Ўн бешинчи одоб: Дунёнинг ўзида тезроқ жазо берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш

Охиратда бериладиган жазонинг қаттиқлигидан қўрқиб дунёда берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш лозим. Чунки унинг мазкур сўрови ижобат қилинса уни кўтара олмай қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик билан У зотдан мағфират ва офият сўраб дуо қилиш керак. Бунга қуйидаги ривоят ёрқин далилдир: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бир беморни зиёрат қилдилар. Бемор жуда ночор ҳолатда жўжадек бўлиб қолган эди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: бирор нарса тўғрисида дуо қилдингми, ёки У зотдан бирор нарсани сўрадингми? дедилар. Ҳалиги бемор: ҳа,  мен: эй Аллоҳим менга охиратда берадиган жазоингни, тезроқ дунёда бергин, деб дуо қилган эдим, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: субҳаналлоҳ! Унга тоқатинг етмайдику (ёки бир ривоятда) уни кўтар олмайсанку, (унинг ўрнига): эй Аллоҳим, бизларга дунёда яхшиликни ато қилгин, охиратда ҳам яхшиликни ато қилгин, деб айтмадингми, дедилар. У Аллоҳ таолога (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуо билан) дуо қилган эди, Аллоҳ унга шифо берди. 

Ўн олтинчи одоб: Аллоҳ таолога доимо муҳтож эканини изҳор қилиб дуо қилиш

Мусулмон киши ўзига бирор манфаат ҳосил бўлишида ҳам, бирор зарардан сақланишда ҳам Аллоҳ таолонинг мададига муҳтож эканини доимо ёдида тутиши лозим. Банда дунёга тааллуқли ишда ҳам, охиратга тааллуқли ишда ҳам ўзича мустақил бирор нарсага қодир бўла олмайди. Шунинг учун у ўзининг ожизлигини, Роббисининг қодирлигини эътироф этиб эҳтиёжларини раво қилишни сўраб Роббисига дуо қилиши лозим. Ушбу одоб мусулмонликнинг асоси бўлган энг муҳим одоблардан ҳисобланади.

 Яҳё ибн Муоз роҳматуллоҳи алайҳ: эй Аллоҳим, Сенга осийлик қилиб туриб яна Сендан қандай дуо қилиб сўрайман? Эй Аллоҳим, Сен раҳмату икроми сўнгсиз Ал-Карийм зот бўлсанг қандай Сендан дуо қилиб сўрамайман? деб дуо қилган эканлар. 

Ўн еттинчи одоб: Сермазмун ва умумий дуо қилиш 

   Дунё ва охират яхшиликлари сўрови жамланган дуолар сермазмун ва умумий дуолар ҳисобланади. Бундай дуоларнинг афзаллари албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган дуолардир. У зот алайҳиссалом кўпроқ қуйидаги дуони ўқиганлар:

        رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин . 

  Ўн саккизинчи одоб: Кўпроқ офият сўраб дуо қилиш

Офият сўзи луғавий жиҳатдан "тўлиқ эсон-омонлик" маъносига тўғри келади. Шунга кўра кимки офият сўраб дуо қилган бўлса ва Аллоҳ таоло уни дунёю охиратда офиятда қилган бўлса, унга барча яхшиликлар берилган бўлади. Офият сўраб дуо қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор. У зот амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга шундай буюрганлар: 

أَكْثِرِ الدُّعَاءَ بِالْعَافِيَةِ

Офият сўраб дуо қилишни кўпайтиргин. 

  Шунинг учун дуо қилувчи кўпроқ офият сўраши керак.

Ўн тўққизинчи одоб: ижобат сабабларини адо этиб дуо қилиш

Дуо ижобат қилиниши сабаблари жуда кўп бўлиб улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилиб қўйилган. Масалан: Аллоҳ таоло Ўзининг исмларини айтиб дуо қилишга буюрган:

 وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا

Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг .

Басра аҳли Иброҳим Адҳамдан: бизга нима бўлганки, дуо қилсак ҳам ижобат этилмайди, деб сўрашибди. Шунда у зот қуйидагича жавоб берган эканлар: дуоларингиз қабул бўлмаслигининг сабаби, қалбларингиз ўнта нарсадан ўлгандир:

1.    Аллоҳни танийсизу бироқ Унинг ҳаққини адо этмайсиз;

2.    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман дейсизу аммо суннатларини тарк қиласиз;

3.    Қуръон ўқийсизу, лекин унга амал қилмайсиз;

4.    Аллоҳнинг неъматларини ейсизу уларнинг шукрини адо этмайсиз;

5.    Шайтонни душман дейсизу лекин у билан муроса қилиб келишиб кетасиз;

6.    Жаннатни ҳақ деб биласизу аммо унга кириш йўлида солиҳ амал қилмайсиз;

7.    Дўзахни ҳақ деб биласизу бироқ ундан қочмайсиз;

8.    Ўлимни ҳақ биласизу бироқ унга ҳозирлик кўрмайсиз;

9.    Одамларнинг айби билан машғул бўласизу ўзингизнинг айбларингизни унутасиз;

10.     Ўлганларни дафн этасизу лекин улардан ибрат олмайсиз. 

Йигирманчи одоб: кўпроқ "йа Зал жалали вал икром" деб дуо қилиш

Аллоҳ таолонинг исмларидан бири Зул жалали вал икром бўлиб луғатда “улуғлик ва фазлу карам эгаси” маъносини англатади. Дуо қилувчи кўпроқ Аллоҳ таолонинг ушбу исмини айтиб дуо қилиши афзал ҳисобланади. Чунки бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор:     

عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ « أَلِظُّوا بِيَا ذَا الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: йа Зал жалали вал икромни лозим тутинглар, дедилар. Термизий ривояти.

Матнда келган أَلِظُّوا калимаси “ уни лозим тутинглар”, “унда собит бўлинглар”, “уни кўп гапиринглар” ва “дуоларингда талаффуз қилинглар” каби маъноларни англатади.  

 Йигирма биринчи одоб: Ялиниб дуо қилиб юришда доимий равишда бардавом бўлиш 

Дуо қилиш одобларидан бири ихлос билан ялиниб сўрашда бардавом бўлишдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ عَائِشَةَ اَنَّ النّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا سَأَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيُكْثِرْ ، فَإِنَّمَا يَسْأَلُ رَبَّهُ  رَوَاهُ ابْنُ حِبَّان

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Қачон сизлардан бирингиз сўраса (сўровини) кўпайтирсин. Албатта у Роббисидан сўраяпди. Ибн Ҳиббон ривояти.  

Банданинг доимий равишда Роббисидан дуо қилиб сўрашни ўзига одат қилиб олиши У зотнинг марҳаматига ҳамиша муҳтож экани изҳори бўлади. Чунки бошқа бир ҳадиси шарифда “ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади”, дейилган. 

Ҳикматли шеърлардан бирида шундай дейилган:

لاَ تَسْأَلَنَّ بَنِى آدَمَ حَاجَةً            وَ سَلِ الَّذِى أَبْوَابُهُ لاَ تُحْجَبُ 

اَللهُ يَغْضَبُ إِنْ تَرَكْتَ سُؤَا لَهُ       وَ إِذَا سَأَلْتَ بَنِى آدَمَ يَغْضَبُ 

Одамлардан ҳеч қачон сўрамагил эҳтиёж,

Қўлларингни доимо чексиз даргоҳ сари оч.

Аллоҳ сендан ғазабланар агар сен сўранмасанг,

Ғазаб қилар одамлар гар улардан сўрасанг.  

Йигирма иккинчи одоб: Ижобат ваъда қилинган вақтларда ва фазилатли маконларда дуо қилишга ошиқиш

Дуолар ижобат қилиниши ваъда қилинган фазилатли вақтлар ва маконларда кўпроқ дуо қилишга ошиқиш лозим бўлади. Буларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидагилардир:  

-    Азон ва такбир орасида;

-    Фарз намозлар ортида;

-    Кундузнинг охирги вақтида;

-    Рўзадорнинг ифтор вақтида;

-    Кечанинг охирги қисмида;

-    Рамазон кунларининг барчасида;

-    Зул ҳижжанинг ўн кунида;

-    Арафа кунида;

-    Ҳажда;

-    Каъба ёнида ва ҳакозолар. 

Йигирма учинчи одоб: кенгчилик ҳолатларда дуо қилишни кўпайтириш

   Дуо қилишнинг муҳим одобларидан бири қийинчиликка учрамаган кенгчилик пайтларда ҳам доимо ихлос билан ёлвориб дуо қилиб юриш ҳисобланади. Зеро Аллоҳ таоло Ўзига тазарруъ қилмаган бандаларини доимо тазарруъ қилиб юришлари учун унинг сабабларини ҳам рўёбга чиқариб қўйишини баён қилган:  

   فَأَخَذْنَاهُمْ بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ

Сўнгра, шояд, тазарруъ қилсалар деб, уларни бало ва зиёнларга тутганмиз . 

Қолаверса кенгчилик пайтида тазарруъ билан дуо қилиб юриш қийинчилик пайтида дуоси тез ижобат бўлишига ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

  عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضى الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَسْتَجِيبَ اللَّهُ لَهُ عِنْدَ الشَّدَائِدِ وَالْكُرَبِ فَلْيُكْثِرِ الدُّعَاءَ فِى الرَّخَاءِ   رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: кимни қийинчиликлар ва машаққатлар чоғида Аллоҳ таоло (унинг дуосини) ижобат қилиши хурсанд қилса, кенгчилик пайтида дуони кўпайтирсин. Термизий ривояти.

Йигирма тўртинчи одоб:  Дуо ижобат қилинмаслигига сабаб бўладиган нарсалардан сақланиш

Дуо қилувчининг қилаётган дуолари қабул бўлмаслигига сабаб бўладиган бир қанча ишлар бўлиб улар қайси ишлар экани динимизда баён қилиб қўйилган. Жумладан: бирор гуноҳ ишни амалга ошириш учун дуо қилиш, қариндошлик алоқасини узиш учун дуо қилиш, зулм қилиш, ҳаром нарсани истеъмол қилиш ва ҳакозо ишларни қилувчиларнинг дуолари қабул этилмасли ҳадиси шарифларда баён этилган. 

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ اللَّهَ طَيِّبٌ لاَ يَقْبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا وَإِنَّ اللَّهَ أَمَرَ الْمُؤْمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ الْمُرْسَلِينَ فَقَالَ ( يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّى بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ) وَقَالَ (يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ) ». ثُمَّ ذَكَرَ الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّمَاءِ يَا رَبِّ يَا رَبِّ وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ وَغُذِىَ بِالْحَرَامِ فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لِذَلِكَ   رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: эй инсонлар, албатта Аллоҳ таоло покдир, пок (амал)дан ўзгасини қабул қилмас. Албатта Аллоҳ таоло пайғамбарларни нимага буюрган бўлса мўминларни ҳам шунга буюргандир. Бас (У зот): (Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман ) деган, ҳамда: (Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ) деган. Сўнгра (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) сочлари тўзғиб чанг-тўзонга беланиб узун сафар қиладиган ва қўлларини самога чўзиб: Эй Роббим, эй Роббим дея дуо қиладиган кишини (мисол тариқасида) зикр қилдилар. Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган, бас шундай экан қандай қилиб (дуоси) ижобат қилинсин, дедилар. Муслим ривояти.  

Ориф зотлардан бири: дуо эҳтиёжларни қондириш калитидир, фақат бу калитнинг тишлари ҳалол луқмалардир, деган эканлар.  

Йигирма бешинчи одоб: Етишиб бўлмайдиган беҳуда нарсаларни дуо қилиб сўрашдан сақланиш

Одатда бўлиши мумкин бўлмаган нарсаларни сўраш дуодаги беодоблик ҳисобланади. Масалан: эй Аллоҳим Ўзинг мадад бер мен фариштага айланиб қолай, ёки эй Аллоҳим менга тоғни кўтаришга етадиган куч бергин ва ҳакозолар. Албатта бундай беодобликлардан қатъий равишда сақланиши лозим бўлади.  

Ҳикматли сўзларнинг бирида: дунёдаги бахт орзу қилган нарсага етишишда эмас, балки эришган  нарсасининг қийматини англашдадир, дейилган. 

 Мазкур одоблар дуонинг энг зарур ва машҳур одоблари бўлиб, дуо қилувчи ушбу одоблар билан зийнатланган бўлса, иншааллоҳ бу одоблари самараларидан дунёда ҳам, охиратда ҳам баҳраманд бўладиган саодатманд бандага айланади. 

Йа Аллоҳ, бизларни дуо қилиш бахтига муваффақ қилгин, унда бардавом қилгин, ҳеч қачон бу бахтдан айирма... 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.   


Абдулқодир Абдур Раҳим


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кимса Расулуллоҳ с.а.в. олдиларига келиб, quotЭй, Расулуллоҳ Аллоҳга қасамки, Сиз менга менинг жонимдан ҳам севимлироқсиз, Сиз менга оиламдан ҳам, ҳатто боламдан давоми...

3267 14:12 / 27.03.2017
...Бу соҳада Расулуллоҳ с.а.в. энг яхши эргашилувчи намунадирлар. У зот бошларига учоқ чавақ ташлаб юборилди, оёқлари қонатилди, юзлари ёриб юборилди, дараларига давоми...

5263 09:11 / 17.03.2017
Кўп йил қозилик лавозимида ишлаган Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилади Шомда қози лавозимида ишлардим. Бир куни дўстларимдан бирининг уйида давоми...

2608 11:36 / 27.03.2017
Аллоҳ таъолога беадад ҳамду ndash саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Ҳозирги кунимизда давоми...

5294 19:50 / 22.04.2017