1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Бор қилинганларга назар солиш (1-қисм)

18:02 / 15.04.2018 2812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот сенга бор қилинганлардаги нарсаларга назар солишингни мубоҳ қилди, лекин сенга бор қилинганларнинг зотлари устида тўхталишга изн бермади. «Осмонлардаги… нарсаларга назар солинглар», деб айт». Сенга фаҳмлар эшигини очди ва сени жисмларнинг мавжудлигига далолат қилмаслик учун «Осмонларга назар солинглар», демади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банда Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг шаклига эмас, улардаги Аллоҳ таолонинг биру борлигига ва У Зотнинг баркамол сифатларига далолат қилувчи ажойиботларга назар солиши кераклиги ҳақида сўз юритмоқда.

Аслида банда соф табиат билан туғилади. Мазкур соф табиати бузилмаган банда Аллоҳ таолони тўғридан-тўғри таниб, У Зотга иймон келтиради ва динига амал қилади. Лекин одамларнинг ичида асл соф табиати бузилганлари ҳам бўлади. Уларнинг соф табиатлари бузилиши оқибатида қалб кўзлари кўр ёки шабкўр бўлиб қолади. Айни шу сабаб туфайли улар Аллоҳ таолони қалб кўзлари билан тўғридан-тўғри кўра олмайдилар. Мазкур бандаларнинг Аллоҳ таолони таниш йўллари узаяди. Улар Аллоҳ таолони У Зот яратган нарсаларга ибрат назари солиш орқали танишлари зарурати туғилади. Худди шу – Аллоҳ таоло яратган нарсаларга назар солиш масаласида ҳам ўзига яраша нозик ҳолатлар пайдо бўлади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида ана шу нозик ҳолатлар ҳақида сўз бормоқда.

«У Зот сенга бор қилинганлардаги нарсаларга назар солишингни мубоҳ қилди, лекин сенга бор қилинганларнинг зотлари устида тўхталишга изн бермади. «Сен: «Осмонлардаги… нарсаларга назар солинглар», деб айт». 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳикмтлари шарҳчилари: «Ушбу жумладаги «мубоҳ қилди» дейилгани шариат қоидаси бўйича махлуқотларга назар солиб, Аллоҳ таолонинг биру борлигига далил излаш фарз эмаслигига ишорадир», дейишган. Яъни тўғридан-тўғри иймон келтириш яхшироқдир. Махлуқотлардаги нарсаларга назар солиб, Аллоҳ таолони таниш ушбу нарсаларга муҳтожларнинг ишидир. 

Аслида бандадан махлуқотларнинг ўзига эмас, улардаги Аллоҳ таолонинг биру борлигига ва У Зотнинг гўзал сифатларига далолат қилувчи нарсаларга назар солиш талаб этилади.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Сен: «Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят(мўъжиза)лар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт» (101-оят).

Албатта, осмонлару ердаги нарсаларга ибрат назарини солишнинг фойдаси жуда ҳам катта. Ҳар қандай инсон бундан ўзи учун катта манфаатлар олиши мумкин. Бу манфаатларнинг энг улкани Аллоҳ таолонинг борлигини ва чексиз қудратга эга эканини англаб етишдир.

Фақат махлуқотларнинг ўзига назар солиш, улардаги ажойиботларга ибрат назарини солмаслик махлуққа берилиб, Холиқни унутишга олиб боради. Чунки фикр ва зикрнинг махлуқларнинг ўзлари билангина банд бўлиб қолиши бандадан уларнинг Холиқи тўсилиб қолишига сабаб бўлади. 

Мусулмонлар эса шу ва шунга ўхшаш бошқа оятларга ибрат билан назар солган вақтларида мислсиз илмий кашфиётлар қилдилар ва бутун дунёни манфаатлантирдилар. Бу эса иймон-Ислом ишига, тинчлик-омонлик ишига катта хизмат қилди. 

Бир гуруҳ мусулмон фалакиёт илми мутахассислари ўз касбларига оид бир китобни музокара қилиб ўтиришганда диний уламолардан баъзилари ўтиб қолиб: «Нима қиляпсизлар?» деб сўрабди. Шунда фалакиётчилар: «Аллоҳ таолонинг «Улар назар солмасмилар туянинг қандай яратилганига… ва осмоннинг қандай кўтарилганига..?!» деган оятининг шарҳини ўрганмоқдамиз», дея жавоб берган эканлар. Фалак илми ҳақидаги китобларнинг аввалида бу илм осмондаги нарсаларни ўрганиш орқали Аллоҳнинг биру борлиги, қудрати чексизлигининг ақлий исботига олиб борувчи илм экани таъкидланади.

Ҳа, мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларига ибрат назари билан ҳақиқий назар солган даврларда уларнинг иймонлари ҳам, илмий тараққиёт йўлида эришган ютуқлари ҳам ҳаммадан устун бўлган. Аммо кишининг иймони бўлмаса, осмонлару ердаги нарсаларга назар солиб, оят-мўъжизаларни кўриши ҳам, қўрқитувчилар ҳам фойда бермайди. Буни оятнинг иккинчи жумласидан билиб олиш мумкин:

«Иймон келтирмайдиган қавмларга оят(мўъжиза)лар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт».

Иймон бўлмаганидан кейин, инсон ҳамма нарсани ёмонликка бураверар экан. Осмон жисмларини ўрганиб, улардаги оят-мўъжизалардан ибрат олмас, турли қўрқитувчиларнинг огоҳлантиришларидан ҳам қўрқмас экан. Шунинг учун ҳам

«Сенга фаҳмлар эшигини очди ва сени жисмларнинг мавжудлигига далолат қилмаслик учун «Осмонларга назар солинглар», демади».

Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматдаги теран маънони оддий мисол билан ажойиб тарзда тушунтирган:

«Почтачи эшигингизни тақиллатиб келди. Унинг қўлида сиз учун ўта аҳамиятли мактуб бор. Шунда сиз соғ-саломат, ақл-ҳушингиз жойида бўлатуриб, у келтирган, сизга йўлланган мактубга эътибор бермай, почтачининг қадди-қомати, кийим-кечагига аҳамият беришингиз ақлга тўғри келмайдиган иш бўлади. Ғафлат сизни оқил кишиларга муносиб бўлмаган эсипастликка етакламаслиги учун Қуръони Карим осмонлар ва ернинг ўзига эмас, улардаги ибратли нарсаларга назар солишга чақиради».

Қуръони Каримда барча мавжудотларнинг яратилишида маълум мақсад ва ҳикматлар борлиги баён қилинади. Буни англаш учун атроф-жавонибга, борлиққа, осмонлару ерга эътибор билан назар солишга даъват этилади.

Аллоҳ таоло Духон сурасида марҳамат қилади: 

«Осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб яратганимиз йўқ!» (38-оят).

Осмонларга назар солинг! Шунча нарсалар нима учун яратилди? Шунчаки ўйин билан, беҳудага яратилдими?! Ерга назар солинг! Шунча мавжудот нима учун яратилди? Ўйин учун, бекордан-бекорга яратилдими?! Ахир уларни яратишдан бирор мақсад, ҳикмат бордир?! Энди осмонлару ернинг орасидаги сон-саноқсиз мавжудотларга назар солинг! Улар нима учун яратилди?! Ўйин учун, ҳеч бир мақсадсиз, бекорга яратилдими?! Балки, уларни яратишдан бирор мақсад, ҳикмат бордир?! Инсоннинг ўзи-чи? У нима учун яратилди? Ўйин учунми? Бу дунёда ҳайвондан баттар ҳолда еб-ичиб, ўтиб кетиши учунми?! Агар шундай бўлса, инсонни яратишнинг нима кераги бор эди? Инсоннинг фойдаси учун борлиқни ва ундаги нарсаларни яратишнинг нима кераги бор эди?! Уларнинг барчасини инсон учун хизматкор қилиб қўйишнинг нима фойдаси бор эди?!

Йўқ! Бу ишларнинг ҳаммасида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни, жумладан, инсонни ўйнаб яратгани йўқ.

«Икковларини фақат ҳақ ила яратдик, лекин уларнинг кўплари билмаслар» (39-оят).

Шунинг учун куфр келтирадилар, қайта тирилишни инкор этадилар. Ҳолбуки, ўлгандан кейин қайта тирилиш мантиқ тақозосидир, ақл тақозосидир. Чунки бу дунё инсон ҳаётининг маълум бир босқичи, холос. Бу дунё охиратнинг экинзори, холос. Охират ҳаётига ҳар бир банда қанча ва қандай ҳосил билан боришини аниқлаб олиш бекати, холос. Жаннатга ким киради-ю, дўзахга ким кириши ажратиб олинадиган жой, холос. Бандаларга бу дунёдаги амалларининг мукофоти ёки жазоси берилмаса, яхши билан ёмоннинг фарқи қолмайди. Адолат бўлмайди. Илоҳий адолат юзага чиқиши учун, ҳар ким ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиши учун қайта тирилиш бўлмоғи зарур. Мушриклар ўзларича, ўлганимиздан кейин қайта тирилмаймиз, деб қаттиқ адашадилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саккизинчи зарар қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиш.Чунончи, бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис юқорида зикр этилди. давоми...

3137 20:42 / 21.04.2018
23. Шубҳали ерларда бўлиб, шубҳали ишларни қилиб, одамларнинг ғийбат ва ёмон гумон каби гуноҳ ишларни қилишларига сабаб бўлиб қолмаслик.Бировнинг гуноҳ иш қилишига давоми...

3895 17:18 / 09.07.2017
Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Уларнинг бу суриштиришларидан танқид давоми...

3688 16:00 / 09.03.2018
Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.Ушбу ояти давоми...

5734 19:30 / 26.09.2017