Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
23. Шубҳали ерларда бўлиб, шубҳали ишларни қилиб, одамларнинг ғийбат ва ёмон гумон каби гуноҳ ишларни қилишларига сабаб бўлиб қолмаслик.
Бировнинг гуноҳ иш қилишига сабаб бўлиш ўша гуноҳга шерикликдир.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради:
«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар…» (Анъом сураси, 108-оят).
Мушрикларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти:
«Бас, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар».
Яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу таоло ҳақида нолойиқ гап айтишига сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабийраларнинг энг катталаридан бири киши ўз ота-онасини лаънатламоғидир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб киши ўз ота-онасини лаънатлайди?» дейилди.
«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам бунинг отасини ва онасини сўкади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у кишининг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг уйим томон турдим. У киши мени кузатиш учун мен билан турдилар. (У кишининг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икковингиз шошилманг, бу София бинти Ҳуяйдир», дедилар.
«Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарса ёки ёмонлик солишидан қўрқдим», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Ким ўзини шубҳали мақомга қўйса ва биров унинг ҳақида ёмон гумонга борса, ўзидан бошқадан хафа бўлмасин», деганлар.
24. Ҳожатманд кишиларга ишбошилар ҳузурида воситачи – шафоатчи бўлиб ишини битириб беришга ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).
Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бир ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтириш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса ёмон шафоат ҳисобланади.
Ояти каримада таъкидланишича, яхши шафоат қилган киши, яхшилик йўлида воситачилик қилган киши ўзи қилган шафоатчилигидан насибадор бўлар экан. Шунингдек, ёмон шафоатчилик қилган одам ёмонликдан насибасини олар экан.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин мўминга худди бинодек: баъзиси баъзисини тутиб туради», дедилар ва бармоқларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир одам ёки ҳожатманд киши сўров билан келди. Ул зот бизга юзландилар ва:
«Шафоатчилик қилинглар. Ажр оласизлар. Аллоҳ Ўз Набийси тилида нимани истаса, ҳукм қилсин», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳожатманд кишига воситачилик қилиб, ёрдам беришга ўргатмоқдалар. «Бу одам мендан ўз ҳожатини сўраб келди. Сизлар унинг ҳожатини чиқаришимни сўраш ила унга ёрдам беринглар», демоқдалар.
Ҳоким ва ишбошиларга мурожаат қилиб, бировларнинг ишини битириб бериш яхшидир. Фақатгина ҳаддга лойиқ иш ҳокимга етганда ва ношаръий ишларда воситачилик қилинмайди. Бошқа барча ҳолатларда шафоатчилик ажр билан тақдирланадиган ишдир.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шафоатчилик қилинглар, ажр оласизлар. Мен бир ишни қилмоқчи бўлсам ҳам, сиз шафоатчилик қилиб, ажр олишингиз учун уни ортга суриб тураман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шафоатчилик қилинглар, ажр оласизлар», деганлар», деди».
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар шафоатчилик қилиш бобида бошқаларга ўрнак эдилар. Уларнинг бирлари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қандай шафоатчилик қилганлари билан танишиб қўйишимиз ўзимиз учун фойдалидир.
Имом Ҳоким ва Табароний келтирган ривоятда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Биз ансорийлар жамоаси Умар ёки Усмондан (ровийлардан Абу Зинод шак қилган) бир нарсани талаб қилдик. Бас, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини ўзимиз билан бирга олиб бордик. Шунда Ибн Аббос ҳам гапирди, қолганлар ҳам гапирдилар. Улар ансорийларни, уларнинг фазлларини зикр қилдилар. Биз талаб қилган иш оғир эди. Волий узр айтди. У уларнинг ҳар гапига жавоб топиб бераверди. Охири улар унинг узрини қабул қилиб, ўринларидан туришди. Фақат Ибн Аббос турмади. У гапида давом этиб:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, бундай қилиш ансорийларга тўғри келмайди. Ахир улар нусрат берганлар, жой берганлар...» деб уларнинг фазлларини зикр қилаверди. У яна:
«Мана буниси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари, у зотни ҳимоя қилган», деди.
Ибн Аббос ўзининг жамловчи каломи ила барча узрларни тўсиб, мурожаат қилишда давом этаверди. Охири волийнинг бизнинг ҳожатимизни чиқаришдан бошқа иложи қолмади.
Бас, Аллоҳ унинг каломи ила бизнинг ҳожатимизни раво қилганидан кейин чиқдик. Мен Абдуллоҳнинг қўлидан ушлаб олиб, уни алқаб, ҳаққига дуо қилиб борар эдим. Бас, масжидда у билан бирга бўлиб, у қилган ишни қила олмаган жамоа олдидан ўтиб қолдим. Мен улар эшитадиган қилиб:
«Албатта, у ичингизда бизга энг яхшиси экан», дедим.
«Шундай!» дедилар.
Шунда мен Абдуллоҳга:
«Аллоҳга қасамки, бу нубувватнинг қолдиғидир. Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросидир. У ичингизда ўша нарсага ҳақлироғи экан!» дедим».
25. Ҳар бир учраган мусулмонга салом беради ва у билан қўл олишиб кўришади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир» (Нисо сураси, 86-оят).
Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда таниган-танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Қайси амал энг яхши амал?» деб сўралганда:
«Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг», деб жавоб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Сизни қачон қилсангиз, ўзаро муҳаббатингизга сабаб бўладиган амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг таратинг», дедилар».
Абу Довуд,Термизий ва Муслим ривоят қилишган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳмонга ибодат қилинглар! Таом беринглар! Саломни тарқатинглар! Жаннатга салом ила кирасизлар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аввал салом, кейин калом», дедилар».
Чунки салом омонлик ва тинчликдир. Аввал омонлик ва тинчликни эълон қилиб олиб, сўнг гап бошлаш лозим. Шунинг учун танигану танимаган ҳар бир кишига гапиришдан аввал салом бермоқ исломий маданиятнинг ажралмас қисмидир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Салом бермагунича бировни таомга таклиф қилманг», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Чунки салом мартабада таомдан устун туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Отлиқ пиёдага, пиёда ўтирганга ва оз кўпга салом беради», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда одоб бўйича ким кимга аввал салом бериши ҳақида сўз кетмоқда. Демак, маркабга миниб олган одам пиёда кетаётган одамга салом бериши керак экан. Тик юриб кетаётган одам ўтирган одамга, озчилик кўпчиликка салом бермоғи лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй болам! Қачон аҳлинг олдига кирсанг, салом бер. У сенга ҳам, аҳли байтингга ҳам барака бўлади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ўз уйига кираётган киши ўзининг аҳли байтига ёки ўзига салом бериши лозимлиги Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки, ақл юритсангиз» (Нур сураси, 61-оят).
Ояти каримадаги «ўзларингизга» сўзини «бир-бирингизга» ва «ўзингизга ўзингиз» деб тушуниш лозим. Чунки бунинг баёнида келган ривоятларда «Биров бир уйга кирганда ўша ердагиларга салом беради, агар у ерда ҳеч ким бўлмаса, «Ассалому алайна ва ала ибодиллоҳис солиҳийн», деб ўзига ва солиҳларга салом беради», дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг зиммасига ўз биродари учун беш нарса вожиб бўлади: саломга алик олиш, акса урганга соғлик тилаш, даъватга ижобат қилиш, беморни кўриш ва жанозага эргашиш», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалардан ҳозир биз учун кераги саломга алик олишдир. Қолганлари ўз ўрнида келган.
Бир мусулмон салом берса, унинг саломига алик олиш иккинчи мусулмонга вожиб бўлар экан. Саломга алик олмаган киши вожиб амални тарк қилган шахс сифатида гуноҳкор бўлади.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Анасга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларида қўл олиб кўришиш бормиди?» дедим.
«Ҳа», деди у».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки мусулмон учрашганларида қўл олиб сўрашсалар, улар бир-бирларидан ажралишларидан олдин албатта мағфират қилинадилар», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Сунний ривоят қилишган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аҳли Яман келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, ҳузурингизга аҳли Яман келди. Улар биринчи қўл олиб кўришганлардир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан бир киши ўз биродарини ёки дўстини учратса, унга эгилиб таъзим қиладими?» деди.
«Йўқ», дедилар.
«Уни қучоқлаб, ўпадими?» деди.
«Йўқ», дедилар.
«Қўлидан олиб, қўл бериб сўрашадими?» деди.
«Ҳа», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши йўлиқиб, қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини ўгирмагунча у зот юзларини ўгирмас эдилар. Ул зотнинг ўзлари билан ўтирган одам олдида тиззаларини чўзганлари кўрилмаган».
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўрашишнинг батамом бўлиши қўл олиш иладир», дедилар».
Учовини Термизий ривоят қилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Руҳий тарбия китобидан)