1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Кўзни тийиш (1-қисм)

19:30 / 26.09.2017 6299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир.

Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – эркакларнинг номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.

Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомли қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғатади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».

Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим.

Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», – деганлар.

Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғатади.

Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», – деганлар.

Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади.

Имом Тобарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у(назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон бирорта аёлнинг зийнатларига назари тушса-ю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», – деганлар.

Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаганлар, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.

Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

– Уни кўрдингми? – деб сўрадилар. Мен:

Йўқ, дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Сен уни кўргин, бу, албатта, ораларингизда яқинлик ҳосил қилади, дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишига: «Сен уни кўргин, ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», – деганлар.

Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солмоғида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланмоқ ниятида назар солади», – деганлар.

Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қараса бўлади.

Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараши жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда.

Ояти каримадаги «ва фаржларини сақласинлар» ибораси фақат фаржни зинодан сақлашни эмас, бошқа ҳаром нарсалардан ҳам, жумладан, бошқаларнинг назари тушишидан сақлашни ҳам ўз ичига олади. Аввало, бировнинг авратига қарашдан кўзни тийиш керак. Оятда фақат эркакларнинг хотинларнинг аврат жойларига қараши тақиқланаётгани йўқ, балки эркак эркак кишининг авратига, аёл аёл кишининг авратига қараши ҳам ман этилмоқда.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши эркак кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», – деганлар.

Имом Абу Довуд ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», – деганлар.

Шу ўринда ўз-ўзидан «Эркак кишининг қайси жойлари аврат ҳисобланади?» деган савол келиб чиқади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача эканини айтганлар. Мусулмон эркак киши авратини бошқаларга кўрсатмаслиги лозимдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда саҳобалардан Журҳад Асламий:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирган эдилар, сонимнинг очиқ турганини кўриб: «Сон аврат эканини билмайсанми?!» – дедилар», – деб айтганлар.

Шунингдек, киши ўзи ёлғиз қолганида ҳам яланғоч бўлиб юриши яхши эмас.

Имом Термизий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар сизлар билан доимо биргадирлар».

Яъни «Фаришталар доим сизлар билан бирга, улардан уялинг», – деганлар.

Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит, – дедилар. Бир сўровчи:

– Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи? – деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳ таборака ва таоло Ундан ҳаё қилмоққа ҳақлироқдир, – дедилар».

Бу эркакларга тегишли масалалар. Аёлларга тегишли масалалар эса қуйидаги оятда келади.

«Эй Муҳаммад!

Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар. Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар».

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва авратларини беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришни буюрмоқда.

«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар...»

Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.

Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган.

Аёлларнинг бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарашлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни хабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларидан туриб, томоша қилганлар. Ул зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.

Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришларига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўрадилар.

«...фаржларини сақласинлар...»

Бу ибора эркаклардаги каби, аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.

Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл ўз шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам зарур. Умуман, аёлларнинг либоси номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда опалари Асмо бинти Абу Бакр у зотнинг олдиларига юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», – деб, икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.

Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар:

«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгириб олдилар. Мен:

– Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз, – дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аёл киши балоғатга етганидан кейин, ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас, – деб, ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».

Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар.

«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...»

«Зийнат» деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.

Исломда аёл кишига зеб-зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Бунинг учун аёл киши ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.

«...зоҳир бўлгани мустасно».

Яъни беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб, кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.

«Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар».

Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.

Ушбу амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар улкан итоат билан кутиб олганлар. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунганлар. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксларини очиб юрар эдилар. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга кирдилар. Буни Оиша онамиз ҳам ўзларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда жуда яхши англатиб қўйганлар.

Имом Бухорий қилган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан, дарҳол жилбоб – тўнларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса Софийя бинти Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: «Биз Оишанинг олдида ўтириб, Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Сураи «Нур»даги «Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда, эрлари улар учун Аллоҳ нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилдилар. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан (намозда) худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) турар эдилар».

Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғовчи эмас, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди.

Шунингдек, аёлларга шаҳват билан қарамайдиган эркаклардан беркиниш шарт эмаслиги ҳам айтиб қўйилди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насиҳат. Фузайл ибн Иёзнинг1 ёнига бир киши келиб .Менга насиҳат қилинг,, деди. У киши шундай деди .Мендан беш нарсани ёдлаб ол1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг қазосидан давоми...

3519 15:07 / 23.03.2018
Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.ndash Ворид ndash қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний давоми...

3665 22:00 / 20.05.2017
Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.ndash Жоҳиллик илмнинг тескариси, давоми...

3595 17:49 / 25.03.2018
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, давоми...

6045 19:16 / 11.07.2017