1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бало ҳар доим ҳам жазо бўлавермайди

12:11 / 18.06.2020 6993 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда мусулмон одам гирифтор бўлаётган ҳар қандай бало-офат, қийинчиликлар – улар умумий бўлсин, хос бўлсин – инсонларнинг зулми туфайли берилган илоҳий жазо деган тушунча пайдо бўлиб қолган. Кимдир бирор балога йўлиқса, у одам солиҳми, фосиқми, каттами, кичикми, балоғатга етганми, етмаганми, оқилми, мажнунми, масъулми, масъул эмасми, айбдорми, беайбми – фарқи йўқ, ҳаммаси қилган зулми ва гуноҳлари учун илоҳий жазо олибди, дейишади. Нимага бундай деяпсиз деб сўралса, Аллоҳ таолонинг «Сизга қайси бир мусибат етса, ўз қўлингиз қилган касбдандир», деган ояти билан жавоб беришади (Шууро сураси, 30-оят). 

Бошимизга тушган бало-мусибатларнинг сабаби ҳақиқатдан ҳам гуноҳларми? Бу оятнинг ягона тафсири шуми?

Муфассир Икрима ушбу оятнинг шарҳида «Банданинг қоқилиши ёки ундан қаттиқроқ нарсага учраши Аллоҳ унинг бирор гуноҳини мағфират қилиши ёки бирор даражага кўтариши учундир», деган (Тафсири Бағовий).

Бало-офат ва қийинчиликлар одамнинг ўз қўли билан касб қилган иши учун жазо ўлароқ берилади деган эътиқоддагилар юқоридаги тафсирдан бехабардир. Чунки бало бундан бошқа сабабларга кўра тушиши ҳам мумкин. Масалан, пайғамбарларга, солиҳларга тушадиган балолар ана шундай. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг оғир балога учрайдигани анбиёлардир, сўнг энг афзалларидир», деганлар (Баззор, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган). 

Икрима айтганидек, бу каби балолар банданинг зулми туфайли берилган жазо эмас, балки унинг даражасини кўтаришдир.

Ақли-ҳуши бор одам анбиёларга етган балоларни уларнинг ўзига ёки ўзгаларга қилган зулми учун жазо ва азоб сифатида тушган дейиши мумкинми?

Қуртубий айтади: «Аллоҳ уларнинг (анбиёларнинг) Ўз ҳузуридаги фазилатларини камолига етказиш, даражаларини кўтариш учун уларни синашни хоҳлади. Бу уларга нисбатан нуқсон ёки азоблаш эмас» (Тазкира, 161).

Бу борада шайх Ибн Ошур шундай дейди: «Солиҳларнинг бошига тушган бало-офатлар, мусибат ва аламлар уларнинг ажри зиёда бўлишига ва Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган бошқа нарсаларга сабаб бўлади. Аллоҳ баъзан ҳаддидан ошганларга яхшиликлар, неъматлар ҳам беради, бу эса азобини кечиктириш ва бундан бошқа, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган сабаблар учундир. У Зот махлуқотларининг барча сир-асрорларини, ниятларини, яхшилик ва ёмонликлардан иборат амалларининг миқдорини ҳамда нафслари ва ақлларининг турли яхшилик ва ёмонликларга бўлган истеъдодини билади».

 

Синовнинг сабабларидан бири муҳаббатдир

 

Баъзан Аллоҳ таоло Ўзига муқарраб бандаларга ҳам бало юбориши мумкин. Бунинг сабаби нимада? Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари изоҳлаб беради:

«Мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса, уни бало ила синаб кўради. Ким бунга рози бўлса, унга розилик бўлади. Ким норози бўлса, унга ғазаб бўлади» (Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган).

Муҳаббатнинг сабаби шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога махлуқотлари ичида Ўзига энг маҳбуби, севиклиси анбиёлардир. Юқоридаги ҳадисда айтилганидек, анбиёлар ўзларининг мартабаларига яраша бало-синовларга йўлиқадилар. Демак, мўмин одам бало-синовларга гирифтор бўлса, хурсанд бўлавериши керак, чунки бу Аллоҳнинг унга муҳаббатининг бир белгиси ҳисобланади. Агар банда бунга сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умид қилса, У Зотнинг розилигига эришади. Аммо буни ёқтирмай, норози бўлса, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ асрасин.

 

Мўминнинг бало-синовга йўлиқишидаги ҳикмат

 

Уламоларимиз бунинг ҳикмати ҳақида шундай деганлар: «Мўминнинг синовга учраши унинг учун дори кабидир. Бу дори ундаги дардларни чиқариб ташлайди. Агар ўша дардлар унда қолиб кетса, уни ҳалок қилган бўларди ёки савобини камайтириб, даражасини тушириб юборган бўларди. Ушбу синов-имтиҳонлар унинг дардларини чиқариб юборади, ажр-савобни тўлиқ қилиб олишга, даражотининг юксалишига тайёрлайди. Бундан маълум бўладики, мўмин учун бу хайрли ишнинг бўлмаганидан бўлгани яхшироқдир. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ мўмин учун бирор нарсани тақдир қилса, унга албатта яхшилик бўлади ва мўминлардан бошқаларда бундай бўлмайди: агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик бўлади; бирор зарар етса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун яхшилик бўлади», дедилар». 

 

Хулоса

 

Мусулмон киши мусибатга учраган биродарини бошингга тушган бало ва қийинчиликлар қилган гуноҳларинг туфайли деб, уни руҳини туширмаслиги керак. Эҳтимол, бу нарсалар Аллоҳнинг унга муҳаббатининг белгиси, унинг мартабасини кўтариш учун бир сабаб бўлиши мумкин.

Гарчи бало-офатлар Аллоҳнинг тарозусида муҳаббат ва юксакликка сабабчи бўлса ҳам, ҳақиқий саодатманд банда – Аллоҳ яхшиликларнинг калити, ёмонликларнинг қулфига, биродарларининг балога йўлиқишига сабабчи бўлмасликка муваффақ қилган кишидир. 

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж намоз, рўза, закот каби Исломнинг асосий ибодатларидандир. Аллоҳ таоло Қодир мусулмонларгагина фарз қилган. Аллоҳга шукр, ҳар йили дунёдаги миллионлаб давоми...

1491 18:08 / 27.07.2020
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади quotРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам quotАллоҳ азза ва жалла quotСолиҳ бандаларим учун уларга берган давоми...

2620 07:05 / 26.11.2018
Дам солиш дейилганда Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган давоми...

9891 09:20 / 16.10.2019
Савол Ҳаммамиз қиёматнинг ҳақлигига иймон келтирганмиз. Аммо қиёматдаги ва ундан кейинги нималарга иймон келтирилиши ҳақида кўп нарса билмаймиз. Қиёматнинг давоми...

4008 17:30 / 02.07.2020
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021