1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 178-оят

08:35 / 16.01.2018 4609 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бирор нарса афв қилинса, бас, маъруф ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу Роббларингиздан енгиллик ва раҳматдир. Мана шундан кейин ким тажовузкорлик қилса, унга аламли азоб бордир. Бақара 178. 

 Аллоҳ таоло мўмин бандаларига улар эшитсалар, суюнадиган сифатларини айтиб,

«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда. Мўмин ўзининг иймонлилик сифатини бевосита Аллоҳдан тинглаётгани унга бир жиҳатдан қанот бахш этса, иккинчи жиҳатдан, «Модомики, Аллоҳ иймонлиларга алоҳида мурожаат этяптими, демак, кетидан муҳим бир ҳукм тушиши мумкин», дея ихлос ва зийраклик ила сергак тортади. Бу оятда ўшандай ҳукмлардан бири келган:

«Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди...»

Араб тилида «қасос» сўзи бировнинг қилган ишига ўхшаш иш қилишга нисбатан ишлатилади. Хусусан, «биров юриб ўтган йўлдан изма-из юриш» маъносини англатади. Қасддан одам ўлдирганни ҳам, ўзи қандай қилиб ўлдирган бўлса, шундай қилиб ўлдирилади.

Қасос олиш Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бўлган, аммо уларда бу иш адолатсиз равишда, тарафкашлик руҳида бўлган. Мисол учун, «Улар биздан бир кишини ўлдирса, биз улардан ўнтасини ўлдириб, қасос оламиз», «Улар бизнинг қулимизни ўлдирибди, биз улардан ҳур кишини ўлдириб, қасос оламиз», «Улар биздан аёл кишини ўлдирибди, биз улардан эркак кишини ўлдириб, ўч оламиз» қабилида эди. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб:

«ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», – деб тушунтирмоқда.

Лекин, ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун албатта ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай, қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳаққини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳаққини яхшилик билан адо этиши зарур:

«Кимга ўз биродаридан бирор нарса афв қилинса, бас, маъруф ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».

Модомики, ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уруш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсинлар.

Ислом ҳар бир нарса яхшилик билан бўлишини қарор топтиради.

«Бу Роббларингиздан енгиллик ва раҳматдир».

Қасос ўрнига хун пули олишни жорий қилиш ҳам Парвардигори Олам томонидан берилган енгиллик ва раҳмлилик эканини унутмаслик керак.

«Мана шундан кейин ким тажовузкорлик қилса, унга аламли азоб бордир».

Шунинг учун душманлик қилмасдан, шариат чегарасида юриш лозим.

Эй иймон келтирганлар!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Булар ўтиб кетган умматдирлар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур, сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлур. Уларнинг қилган амалларидан сўралмассиз. Бақара 141. давоми...

2578 18:00 / 08.12.2017
Булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Ва албатта, сен расуллардансан. Бақара 252. .Булар, мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, давоми...

3104 17:35 / 04.04.2018
Ўзини билмаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгирур. Албатта, уни дунёда танлаб олдик ва албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай. Бақара 130.Миллатнинг маъноси давоми...

2722 17:10 / 27.11.2017
Жолут ва унинг лашкарларига рўбарў келганларида .Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин,, ndash давоми...

3090 09:30 / 02.04.2018