1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 213-оят

23:50 / 20.02.2018 2772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила китоб нозил қилди. У тўғрисида фақат у (китоб) берилганларгина очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг ўзаро зулму ҳасад қилиб, ихтилоф қилдилар. Бас, Аллоҳ Ўз изни ила улар ихтилоф қилган ҳаққа иймон келтирганларни ҳидоят қилди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир.  Бақара 213. 

Аслида инсон Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эдилар. Улар аста-секин кўпайиб бордилар. Кўпайишлари билан бирга, фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимнинг ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб, фикр баён қилади. Бу ҳар кимнинг фитратидаги хусусиятдир. Чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида, ер юзи обод бўлмас эди...

Демак, одамлар ўртасида хилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйиб берилса, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди. Ва ихтилоф яна ҳам кучаяди. Агар улардан бир гуруҳларини танлаб олиб, ўша танланганларга топширилса, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас-бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин, ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.

Демак, «Бундай ихтилофнинг қай бири тўғри? Қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, беками кўст, тамаъдан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бўлган бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади.

«Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила китоб нозил қилди».

Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришларни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб, уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар, адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса, ҳеч кимнинг ҳукми ҳақ бўла олмайди.

Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган.

Ҳақ китоб Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм қилиб турса ҳам, одамлар ўзларидаги айб туфайли йўлдан озиб, турли мусибатларга дучор бўлиб турадилар. Чунки ҳавойи нафслари уларга ғолиб келиб, бепарволик қилиб, турли иғволарга учраб, Аллоҳ нозил қилган ҳақ китобдан узоқлашиб, унинг таълимотларига амал қилишдан бош тортадилар. Ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавойи нафс уларни Аллоҳ нозил қилган ҳақ китоб ҳақида ҳам ихтилофга солади.

«У тўғрисида фақат у (китоб) берилганларгина очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан сўнг ўзаро зулму ҳасад қилиб, ихтилоф қилдилар».

Яъни ўша ҳақ китоб тўғрисида ҳамма ҳам ихтилоф қилгани йўқ, у кимга берилган бўлса, ўшаларгина бу китобнинг ҳақлигига, тўғрилигига очиқ-ойдин ҳужжатлар келгандан сўнг ҳаддиларидан ошиб, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавойи нафс туфайли ихтилоф қилдилар. Ихтилоф қилмаслик учун эса иймон керак, фақат иймонгина ҳақ китоб тўғрисида ихтилоф қилдирмайди, омон сақлайди.

«Бас, Аллоҳ Ўз изни ила улар ихтилоф қилган ҳаққа иймон келтирганларни ҳидоят қилди».

Аллоҳнинг ҳидоятига муяссар бўлган иймонли кишиларга ҳавойи нафс, ҳасад, тамаъ, ҳирс каби ёмон сифатлар ёт, улар ҳақ китоб ҳақида ихтилоф қилмайдилар ва уни ўзларининг дастури, адолатли ҳаками, йўлбошчиси қилиб олиб, тўғри йўлда юриб, бахт-саодат сари олға қадам ташлайдилар. Бундай тўғри йўл ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир».

Кимда истеъдод бўлса, хоҳиш ва уриниш бўлса, ўшани тўғри йўлга бошлайди.

Аллоҳ ирода қилган тўғри йўл Исломга тўлиғича кириш билан бўлади. Бу эса осон иш эмас. Буни амалга ошириш учун шайтоннинг изидан юрганлар, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавойи нафс туфайли ҳақ китоб тўғрисида ихтилофга тушганлар билан бўладиган тўқнашувларда ғолиб келиш керак. Улардан бўладиган зулм ва душманликларга чидаш керак. Яна кўпгина машаққат ва қийинчиликларга дош бериш лозим. Келаси оятда ана шулар ҳақида, мусулмонларга ибрат учун ўтган умматлар тажрибасидан сўз кетади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингизни давоми...

3453 12:25 / 07.11.2017
Бақара 83. Эсланг, ўшанда .Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, отаонага яхшилик қиласиз ва қариндошларга, етимларга, мискинларга ҳам одамларга яхши давоми...

2886 04:11 / 28.05.2017
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, уларга Робблари давоми...

3791 09:25 / 10.09.2017
Аҳду паймонингизни олганимизни ва .Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсаларни эсланг, шоядки, тақво қилсангиз,, ndash дея устингизга Турни давоми...

2614 09:25 / 11.09.2017