1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Аллоҳнинг беҳисоб неъматларининг шукри намоз ва инфоқдир

18:24 / 09.02.2018 6038 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар.

Яъни «Эй Пайғамбарим, мўмин бандаларимга айтгин. Кофирларга ўхшаб ношукр бўлмасинлар. Балки берган неъматларимга шукр қилсинлар. Шукрнинг энг гўзал кўринишларидан бири намоз ўқишдир».

«Иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўкис адо этсинлар».

Улар намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Охиратда ҳар бандага фойда берадиган амал айнан шу намоздир.

Эй Пайғамбар! Сен иймон келтирган бандаларимга айтгин,

«Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар».

Қиёмат куни олди-сотди билан иш битириб бўлмайди, ошна-оғайнигарчилик бир пулга арзимайди. Шу ҳолга етмай туриб, мен ризқ этиб берган нарсалардан хоҳ махфий, хоҳ ошкора хайр-эҳсон қилиб қолсинлар. Риё, фахрланиш ва бировга озор етишидан қўрқсалар, махфий равишда хайр-эҳсон қилсинлар. Бошқаларга ўрнак кўрсатиш, Аллоҳга итоатни сездириш сингари ибратли ишлар илинжида бўлса, ошкора хайр-эҳсон қилсинлар».

Энди келадиган оятларда Аллоҳнинг бандаларига берган беҳисоб неъматлари, ризқлари ҳақида сўз кетади:

 Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган ва анҳорларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган Зотдир.

Бу ояти каримадаги маънони бир оз чуқурроқ ўйлаб кўрсак, Аллоҳ дунёдаги барча нарсани бизларга неъмат қилиб берганини англаб етамиз.

«Аллоҳ осмонлару ерни яратган...»

Ким учун? Инсон учун, албатта. Осмондаги ҳамма нарса инсонга хизмат қилади. Ер ва ундаги жамики нарса инсон учун яратилган, унга хизмат этади. Аллоҳ яна:

«...осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган...»

Аллоҳ осмондан сувни қор ёки ёмғир шаклида инсон учун туширади. Ўша сув нафақат меваларга, балки инсон ва унга хизмат қиладиган барча жамодот – тоғ-тош, қум-тупроқ каби руҳсиз нарсалар, наботот ва ҳайвонотларга ҳам фойдалидир. Буларнинг барчасидан охир-оқибатда инсон манфаат топади.

Аллоҳ:

«...Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган...»

Кемаларнинг денгизда, сувнинг юзида сузиб юриши ҳам мўъжиза. Ҳар бири алоҳида-алоҳида сувга солинганда чўкиб ёки оқиб кетадиган нарсаларни кема ҳолига келтирилса, сузиб, инсонга хизмат қиладиган хусусиятга эга қилиб қўйган Аллоҳ буни ҳам инсон учун қилгандир. Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир.

«...ва анҳорларни сизга беминнат хизматкор қилиб қўйган Зотдир».

Анҳорлар, дарёлар ҳам инсон учун кўплаб неъматлар манбаидир.

 У қуёш ва ойни муттасил ҳаракатлантириб, сизга беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шунингдек, сизга кеча ила кундузни ҳам беминнат хизматкор қилиб қўйди.

Қуёш билан ой тинимсиз ҳаракатда бўлиб, доимий равишда инсонга хизмат қилади. Кеча билан кундуз ҳам доимо бир-бири билан алмашиб туради. Шу билан бирга, ҳар доим инсоннинг хизматида бўлади. Уларни Аллоҳ шундай яратиб қўйган.

Лекин булар билан Аллоҳнинг инсонларга ато қилган неъматлари тамом бўлиб қолмайди.

 Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир.

Аввалги оятларда тилга олинган умумий неъматлардан ташқари, Аллоҳ бандаларига улар сўраган мол-дунё, фарзанд, сиҳат-саломатлик, роҳат-фароғат каби кўплаб неъматлардан ҳам беради. Хулоса қилиб айтилганда:

«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар».

Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларини замон ҳам, макон ҳам, саноқ ҳам қамраб ола билмайди. Хўш, маълум замонда, маълум маконда яшайдиган, маълум илмга эга одамлар қандай қилиб уларни санай олади? Шундай бўлгач, барча инсонлар бу беҳисоб неъматлар учун ҳар доим ҳисобсиз шукрлар айтишлари керак эди. Афсуски, улар Аллоҳга ширк келтириб, кофир бўлиб юрибдилар.

«Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оталардан бири айтади .Бир куни қўшниларимиз билан фарзандларнинг намози ҳақида узун суҳбат бўлиб қолди. Баъзи қўшнилар .Ишим кўп, уйда кўп бўла олмайман, шунинг давоми...

1473 16:00 / 14.02.2023
Бир йигит айтади .Отам олти ёш бўлганимда вафод этдилар. Отам раҳматлини масжидга бўлган меҳрлари ўзгача эди. Масжидни қуришни, таъмирлашни ва у ерда намоз ўқишни давоми...

3197 16:00 / 17.10.2021
Қози бир йигитни масжидда зуҳд ҳақида гапираётганини эшитиб, шогирдларига quotҚани бу йигитни олдига бориб сўрайликчи Агар бизга жавоб бера олса у билан бирга давоми...

4056 05:00 / 09.01.2017
Бир ота айтади .Бир кун менинг фарзандим кўчада ўйнаб юрган экан. Шомга азон айтилди ва ўғлим уйга чарчаб келиб .Ота, мен чарчадим намозни уйда ўқийман,, деди. давоми...

2050 11:00 / 07.10.2021